Жума, 22 ноябрь 2019 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Янгиликлар
Депутатлар Омбудсман ҳисоботини эшитдилар

Кеча, 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда бир қатор вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судлар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирок этдилар. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.


Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан сўнг депутатлар Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар.

Мажлисда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили С.Рашидова маъруза қилди.

Таъкидландики, ҳисобот даврида Омбудсман фаолиятининг асосий йўналишлари инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилишига кўмаклашиш, унга риоя этилишини мониторинг қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли ва мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий онгини ҳамда хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилишдан иборат бўлди.

Фаолият Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўмиталари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширилди. Шунингдек, Омбудсман парламентнинг назорат-таҳлил тадбирларида иштирок этди. Ошкоралик ва шаффофликни таъминлашда, амнистия ҳужжатини қўллашда қоидабузарликларнинг олдини олишда иштирок этиш Омбудсман ва унинг минтақавий вакилларининг фаолиятида алоҳида ўрин эгаллади.

Омбудсманнинг фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича фаолияти “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунларнинг нормаларига қатъий мувофиқ ҳолда олиб борилди. Фуқаролар Омбудсманга умумий ва электрон почта, шунингдек “ишонч телефони” орқали, шахсий қабул ва жойларда ўтказилган учрашувлар чоғида мурожаат қилдилар.

Аҳолининг ҳуқуқий онгини ва мансабдор шахсларнинг хабардорлигини ошириш мақсадида Омбудсман ҳисобот даврида бир қатор ахборот-маърифий тадбирлар – семинарлар, тренинглар, давра суҳбатлари, конференциялар ўтказди, оммавий ахборот воситаларида чиқишларни ташкил қилиб, ноширлик фаолиятида иштирок этди.

Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш Омбудсман томонидан икки томонлама асосда ҳам, кўп томонлама асосда ҳам чет эллик ҳамкасблар билан алоқаларни кенгайтириш орқали амалга оширилди.

Савол-жавоблардан сўнг Омбудсман ҳисоботи батафсил муҳокама этилди. Муҳокама чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси вакиллари Омбудсманга хусусий мулкни, тадбиркорлар ва фермерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига кўпроқ эътибор қаратишни таклиф қилдилар. Уларнинг фикрича, бу масала аҳолининг турмуш даражасини янада ошириш, янги иш ўринларини ташкил этиш учун долзарб эканлигини ҳисобга олган ҳолда, фермерлар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилишини кўпроқ ўрганиш ва мониторинг қилиш зарур.

Фракция аъзолари парламент қўмиталари билан ҳамкорлик қилиш шакллари ва усулларини такомиллаштириш, мунтазам равишда тегишли ахборот алмашишни йўлга қўйиш юзасидан таклифлар киритдилар. Ҳуқуқий таълимни, жамиятда ҳуқуқий билимларни, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва фуқаролик жамияти тузилмалари ходимлари орасида тарғиб қилишни яхшилаш муҳимдир. Депутатлар Омбудсман минтақавий вакилларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясидан сўзга чиққанларсайловолди платформасининг мақсадларидан ва партия электоратининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, Омбудсман қонун ижодкорлиги жараёнини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида депутатларнинг назорат-таҳлил фаолиятида фаолроқ иштирок этиши лозимлигини таъкидладилар. Бунда фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва қонунларида кафолатланган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини қўллаб-қувватлаш, таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Фракция аъзолари миллий ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик, мамлакатимиздаги ишлаб чиқарувчилар, оналик ва болалик соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Омбудсман минтақавий вакиллари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш юзасидан Омбудсман фаолиятини янада кучайтириш тарафдори эканликларини ҳам билдирдилар. Ушбу вазифаларни бажаришда Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари давлат ва жамият томонидан аҳолининг аниқ йўналтирилган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож қатламлари, шу жумладан, пенсионерлар ва ногиронлар, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимояси билан шуғулланувчи бюджет ташкилотлари ходимлари, ижтимоий соҳа вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилишда фаол иштирок этишни ўзларининг энг муҳим вазифаси деб ҳисоблашларини билдирдилар. Шу муносабат билан фуқароларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилувчи демократик институт ҳисобланган Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг фаолияти жуда муҳимдир.

Ижтимоий шерикликнинг ролини, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатини фаол тарзда рўёбга чиқариш мақсадида давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Фракция аъзоларининг фикрича, ҳозирги вақтда кўрилаётган чора-тадбирлар Омбудсманни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини самарали рўёбга чиқаришга, давлат ва фуқаролик институтлари фаолиятининг барча соҳаларини ислоҳ қилишга кўмаклашишга, фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга йўналтиради.

Шунингдек, ЎзХДП фракцияси аъзолари фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашга доир янги қонунлар қабул қилингани муносабати билан Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари номига фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратдилар. Депутатлар, сиёсий партиялар фракциялари, маҳаллий Кенгашлар партия гуруҳларининг бўлғуси қонунчилик ва назорат-таҳлил фаолиятида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланиши устидан самарали назорат амалга оширилишига, уларга риоя этилмаслиги сабабларини ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда белгилашга кўмаклашадиган ўзаро узвий алоқалар ўрнатиши ва ҳамкорликни мустаҳкамлаши муҳимдир.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси вакиллари ўз сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда, давлат фуқароларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатига айланиши лозимлигини, хусусан, ижтимоий адолатни янада такомиллаштиришга қаратилган ишларни кучайтириш, ҳар бир инсоннинг меҳнатга, ишни эркин танлашга, малакали тиббий хизматлардан фойдаланишга ва таълим олишга, қулай турмуш шарт-шароитларини яратишга доир ҳуқуқларини рўёбга чиқариш зарурлигини таъкидладилар.

Сўзга чиққанларнинг фикрича, Омбудсманнинг ҳисоботида барча мурожаатлардан фақат икки фоизи Интернет тармоғи орқали келиб тушган. Ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган, аҳоли билан ишончли ўзаро алоқа учун қулай шарт-шароитлар яратишнинг янги даражасига ўтилаётган даврда ушбу кўрсаткич жуда пастдир. Шу муносабат билан Омбудсманнинг расмий веб-сайтини такомиллаштириш таклиф этилди.

Бундан ташқари, фракция вакиллари томонидан ҳисобот даврида келиб тушган такрорий мурожаатлар сонига ҳам эътибор қаратилди. Шу муносабат билан Омбудсманга давлат органлари ва бошқа идоралар билан икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш орқали такрорий мурожаатларнинг миқдорини қисқартиришга эришиш таклиф этилди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи аъзолари Омбудсманнинг диққат-эътиборини фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига қаратишни кучайтириш лозимлигини билдирдилар. Жумладан, улар Ўзбекистоннинг экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларида фуқароларнинг соғлиғини ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган қонун ҳужжатларининг ижро этилишини тез-тез мониторинг қилишни, Ўзбекистон Экологик ҳаракати томонидан ўтказиладиган табиатни муҳофаза қилишга доир турли тадбирларда иштирок этишни тавсия қилдилар.

Ҳар томонлама муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, депутатлар Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар ва тегишли қарор қабул қилдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Муаллиф: Usmanov A.

Манба: darakchi.uz

Киритилди: 17 февраль 2015, 10:10; Ўқилди: 1113 марта



Бошқа янгиликлар


2017 йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» бўлади

ПИЁДАЛАРГА ЙЎЛДА ТЕЛЕФОН ВА ПЛАНШЕТЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ МАН ЭТИЛДИ

Ўзбекистонда биометрик паспорт олиш муддати 2018 йилгача узайтирилади

"3" баҳо олганлар “контракт”га ўтказиладими?

СамДУ янги ректори тайинланди

Ёшларнинг сиёсий фаоллигини оширишда сайловнинг аҳамияти

Аждодлар мероси – бебаҳо хазина

Миллий боғда байрам тадбири

1 августда метронинг Юнусобод йўналиши соат 5:00да очилади

Биринчи синфга кўпроқ болалар қабул қилинади

Йиллар садоси

Энг кўп ўқилган мақолалар

Тэглар булути

©: 2012 – 2019. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!