Якшанба, 9 август 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Тарих зарварақлари
САМАРҚАНД ҲАҚИДА СЎЗ

Самарқанд. Бу номни тилга олганимизда кўз олдимизга қадимги Туроннинг пойтахти Шарқнинг энг гўзал шаҳри, ўз бағрида халқимизнинг бир неча минг йиллик ўтмишини, аждод-ларимиздан мерос қадим обидаларни авайлаб асраётган оқсоқол ва донишманд шаҳар келади. Қадимги Шарқнинг бу кўҳна шаҳрининг кечмиши шу даражада улкан, шу даражада узоқ бўлганлигидан унинг тупроғи қатлам-қатлам бўлиб кетгандир. Бу қатламларнинг ҳар бирида олам-олам ўтмиш, тарих, дард-фиғон, қувонч-шодликлар мавжуддир. Узундан-узоқ ўтмишида бу шаҳар не-не воқеа-ҳодисаларни кўрмади, дейсиз. У бир неча бор вайрон бўлди ва яна қаддини ростлади. Агарда Самарқанднинг узоқ ўтмишига назар соладиган бўлсак, бу улуғ шаҳар бир неча улуғ ҳукмдорлар яратган салтанатларга пойтахт бўлганлигининг гувоҳи бўламиз.


Ровийларнинг ҳикоя қилишларича, Самарқанд дастлаб Турон подшоси Алп Эр Тўнга - Афросиёб барпо қилган қудратли давлатнинг пойтахти бўлган эди. Юнон босқинчи-ларига қарши курашган сўғд қоплони, жасур Спитамен ҳам бу шаҳарнинг тупроғида улғайган, эрксевар йўлбошчи бу шаҳарда ўз лашкарларини тўплаб юнонларга қаҳшатқич зарбалар берганди.

Самарқанд илк ўрта асрларда сўғд подшолари Тархун ва Fурекларга ҳам пойтахт бўлган. Улар бу шаҳарда улкан саройлар, ибодатхоналар, бозорлар ва маҳаллалар барпо қилган эдилар.

XI асрга келиб Самарқанд қорахоний ҳукмдор Иброҳим Тамғоч Буғрохон давлатининг пойтахтига айланди. Иброҳим Тамғоч бу шаҳарда мадрасалар, масжидлар, шифохоналар, карвонсаройлар барпо қилди, шаҳарни ўғри-қароқчилардан тозалади, осойишталик ўрнатди.

ХIII асрнинг бошларида Самарқанд Муҳаммад Хоразмшоҳ давлатининг пойтахтига айланган эди. Унинг ўғли жасур Жалолиддин Мангуберди шаҳарга янги саройлар, бинолар қурди, мудофаа истеҳкомларини мустаҳкамлади.

XIV асрнинг 70-йилларида соҳибқирон Амир Темур вайрон бўлган Самарқандни қайта тиклаб, ўз салтанатининг пойтахтига айлантирди. Соҳибқирон бор иқтидорини бу шаҳарнинг ободлиги, фаровонлигига сарфлади. Бунинг оқибатида Самарқанд - Шарқ шаҳарларининг келинчаги, дунёнинг илм ва маданият марказига, ер юзининг сайқалига айланди. Соҳибқирондан сўнг бу гўзал шаҳар унинг мунажжим набираси, улуғ олим Мирзо Улуғбек давлатининг пойтахти бўлди. Мирзо Улуғбек бу ерда биринчи марта улкан расадхона қурди ва узоқ коинот қаъридаги минглаб ноъмалум юлдузлар ҳаракатини кузатди.


XVII асрда Самарқанд ҳукмдори Ялангтушбий Баҳодир бу шаҳарда мадрасалар, масжидлар барпо қилди, унинг хиралашиб қолаёзган шону-шуҳратини қайта равшан қилди.

Самарқанднинг бойлиги, кўрки ва шону-шуҳрати қадим-қадимдан бошлаб не-не фотиҳларни, жаҳонгирларни ҳою-ҳавасини қўзғотганлиги учун бу шаҳарнинг тупроғида уларнинг излари муҳрланиб қолгандир. Дунёнинг катта қисмини забт этган Искандар Зулқарнайн бу шаҳарни истило қилиш учун ўн минглаб лашкарларидан жудо бўлган, истило қилганидан сўнг ҳам ором топмаган эди.

Чингизхон бу шаҳарни ўғиллари истило қилишларига кўзи етмай, унинг ўзи Самарқандга лашкар тортиб келган, истило пайтида минг-минглаб лашкарларидан айрилгач, аламига чидай олмай шаҳар масжидини ҳам аяб ўтирмай уни ёқиб юборган, шаҳарнинг барча деворларини текислаб ташлаган эди... Бу қирғинлар, жангларнинг барча-барчаси дард, алам бўлиб Самарқанд тупроғига сингиб кетди... Уни вайрон қилган фотиҳлар бу дунёдан ўтиб кетдилар, аммо Самарқанд ҳамон тирик, у кексайган сайин куч-қувватга тўлиб бормоқда.

Тарихчи олимлар Қўзибой Мамараҳимов ва Амриддин Бердимуродовлар хайрли ишга қўл урганлар. Улар Сизни Самарқанднинг узоқ, ранг-баранг ўтмишини акс эттирувчи сафарга чорлайдилар.


Қадим Самарқандга ташриф буюрган азиз меҳмонлар, узоқлардан йўл босиб келган сайёҳлар, Сиз Самарқанд ўтмиши томон сафар сўқмоғига қадам қўяр экансиз унинг қадим қўшиқларига қулоқ тутинг, унинг сирли-сеҳрли оқшомларидан баҳраманд бўлинг.

Ушбу тарихий маълумотнома, қадимги Шарқнинг энг кўҳна шаҳарларидан, бири Буюк Туроннинг пойтахти, қарийиб уч минг ёшга кираёган оқсоқол ва донишманд Самарқанднинг бой, ранг-баранг утмиши, санъати ва маданияти ҳақида кенг қамровли тасаввур беради. Муаллифлар қадимги Самарқанд ҳақида ҳикоя қилар эканлар, гапни авваламбор унинг энг қадимги тарихи, ибтидоий давридан бошлайдилар. Шунингдек маълумотномада, Самарқанднинг шаҳар сифатида пайдо бўлиши, ривожланиши ва кенгайиб дунё аҳамиятига молик шаҳарга айланиши ҳақида қизиқарли равишда ҳикоя қилинган.

Бу азим шаҳарда, Александр Македонский, Қутайба ибн Муслим, Чингизхон, Нодиршоҳ, Кауфман каби фотиҳларнинг уларнинг аскарларининг излари сақлангандир. Маълумотномада юқоридаги фотиҳларнинг бу шаҳар билан боғлиқ, фаолиятлари ҳақида ҳам қизиқарли ҳикоялар баён қилинган.

Соҳибқирон Амир Темур ва унинг мунажжим набираси Мирзо Улуғбек даврида Самарқанд "жаҳон маркази, ер юзининг сайқали»га айланди.

Бу азим шаҳарда Кўксарой, Бўстонсарой каби саройлар, Улуғбек, Бибихоним, Муҳаммад Султон мадрасалари, Жомеъ масжиди, Шоҳизинда, Руҳобод, Гўри Амир, Бибихоним каби мақбаралар, Шарқ меъморчилигининг нодир дурдоналари барпо қилинди. Бу улуғвор тарихий обидаларининг кўпчилиги бугун ҳам кўкка бўй чўзиб узоқ-яқиндан келган сайёҳларни ўзига ром қилмоқда. Самарқанднинг оқшомлари ҳам худди "Минг бир кеча" эртакларидек сирли, ва сеҳрлидир. Оқшомлари унинг кўчаларини кезсангиз бу қадимий шаҳарнинг тунлари сизга ўзининг сеҳрли сирларини оҳиста ҳикоя қилади, ўтмишнинг узоқ-ўзоқларига етаклаб кетади. Бу қадимий шаҳарнинг ҳар бир ғишти, ҳар сиқим тупроғи ўз бағрида олам-олам тарихни, афсона ва ривоятларни асраб келмоқда. Фақат уни тинглашни, англашни билсангиз бас. Сизга бу борада қўлингиздаги тарихий ма›лумотнома яқиндан ёрдам беради деб умид қиламиз.


Бизнинг бу қиссамиз Самарқанд ҳақида, унинг теран, ранг-баранг, тарихий воқеаларга бой ўтмиши ҳақида. Унинг шод ва бахтиёр, ҳамда ёвларнинг дастидан қон ва тупроққа қоришиб, ноласи кўкка ўрлаган қора кунлари ҳақида. Унинг уруш, босқинчилик ва қўзғолонлардан кўра минг марта бинолар, саройлар ва кўприклар қуриб, ариқлар қазиб, газламалар тўқиб, санъат асарлари яратиб яшашни маъқул кўрган эрксевар, тинчликсевар, санъатсевар халқи ҳақида...

Унинг Спитамен, Равшанак, Абу Лайс, Мавлонозода, Амир Темур, Бибихоним, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Ялангтўшбий Баҳодир каби фарзандларининг эрк, адолат, илму-урфон йўлида олиб борган курашлари, чеккан машаққатлари ҳақида...

Самарқанд сўзи билан Самандар сўзи ўртасидаги жарангдор ҳамоҳанглик бежиз эмасдир. Уч минг йилга яқин ўтмишида бу шаҳар не-не фожеаларни кўрмади. Самарқанднинг бойлиги, жозибаси, ҳосилдор тупроғи дастлаб Эрон шоҳларининг очкўзлигини қўзғатди, улар бу шаҳарни истило қилиб таладилар, вайрон қилдилар. Эрон шоҳлари ўзларининг дабдабали саройларини Самарқанднинг олтин-у, кумушлари билан безадилар. Жасур сўғдликлар Эрон подшоларининг ёвларига қарши курашдилар, уларнинг жасадлари бегона юртларда қолиб кетди...

Лекин Самарқанд ўлмади...

Сўнгра бу юртга юнон фотиҳи Искандар қилич ва найза кўтариб келди, қонлар дарё бўлиб оқди. Жасур Спитамен ёвга қарши қўзғолди. Искандар ва унинг қўшинлари бир неча бор қаттиқ талофатларга учрадилар. Минг- минглаб жасур сўғдликлар эрк учун қурбон бўлдилар, шаҳар ва қалъалар вайрон бўлди.

Лекин Самарқанд ўлмади...

VIII асрнинг бошларида бу юртга араб лашкарбошиси Қутайба ибн Муслим от сурди. Қутайба обод Самарқандни ишғол қилди. Оташпарастлар ибодатхонасини талади, бут ва санамларни ёқиб юборди. Олимларни қиличдан утказди, кўҳна китобларни гулханларда ёқди, самарқандликлардан Олов, Ер, Сув ва Ҳавога эмас ягона Аллоҳга ибодат қилишни талаб қилди. Обод саройлар, қалъа ва қасрлар вайрон бўлди, эрк жангига қўзғолганлар ҳалок бўлдилар.

Лекин Самарқанд ўлмади...

Ҳали Самарқанднинг араблар қиличидан орттирган яралари битмай туриб бу муаззам шаҳарга Чингизхон бошчилигида мўғуллар бостириб келдилар. Бу ёв аввалги ёвлардан кўра юз карра қаҳрлироқ эди. Мўғуллар сарой ва масжидларга ўт қўйдилар, муқаддас китобларни отлари туёқлари остида топтадилар. Шаҳарни бутунлай ёндириб вайрон қилдилар. Минг-минглаб одамларни қиличдан утказдилар, қолганларини қул қилиб узоқ-узоқларга олиб кетдилар.


Лекин Самарқанд ўлмади...

1740 йили Эрон шоҳи Нодиршоҳ ўз қўшинлари билан Мовароуннаҳрга бостириб кирди. Обод ва бой шаҳарларни талади, қарши чиққанларни қиличдан ўтказди.

Нодиршоҳ Амир Темур қурдирган Жомеъ масжиднинг улуғвор дарвозасини ва Амир Темур мақбарасидаги нефрит тошни юртига олиб кетди, сўнгра Аллоҳнинг қаҳридан қурқиб ўз жойига қайтарди. Шаҳар бу хунрезликлардан ҳувиллаб қолди...

Лекин Самарқанд ўлмади...

XIX асрнинг иккинчи ярмида бу қадим юртга энг сўнгги ёв - Россия империясининг аскарлари бостириб келдилар. Уларга ҳам бойлик, ва яна бойлик керак эди. Қадимий Самарқандни истило қилган рус генерали фон Кауфман, шаҳарни ёндиришга ва талашга фармон берди. Минг-минглаб эрксеварлар ёв қўлида қурбон бўлдилар, обидалар вайрон қилинди.

Лекин Самарқанд ўлмади...

У Самандар мисоли ўтда ёнсаям, қонга ғарқ бўлсаям ўлмади. Қайтадан тирилаверди, яшайверди, яшнайверди ...

Ёндирилган саройлар, қасрлар, маҳаллаларнинг кули устида янгилари тикланаверди, кўмилган ариқлар қайтадан қазилаверди. Шунинг учун Самарқанднинг тупроғи қатма-қат бўлиб кетган. Ҳар бир қатлам тупроқ ўз бағрида олам-олам сирларни, жумбоқларни, афсона-ривоятларни, қўшиқлар ва қарғишларни сақлаб келмоқда. Шунингдек, бу тупроқнинг бағрида жасур аждодларимизнинг эрк учун олиб борган қаҳрамонона курашлари қиссалари, момоларимизнинг куй-ялла ва аллаларининг акс садолари ҳам сақланиб қолгандир. Бу тупроқнинг бағрида аждодларимизнинг даҳолиги билан яратилган меъморчилик обидалари, деворий суратлар, ҳунарманд боболаримиз ясаган сопол буюмлар, заргарлик маҳсулотлари, ҳайкалчалар, тангалар ҳам кўмилиб ётибди.

Бизнинг қиссамиз шуларнинг ҳамма-ҳаммаси ҳақидадир.

Муаллиф: ТЕМУР ШИРИНОВ

Киритилди: 20 апрель 2013, 17:10; Ўқилди: 6 марта

Йиллар садоси

Тэглар булути

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!