Якшанба, 20 октябрь 2019 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоя ва мафкура / Миллий ғоя

Миллий ғоя – тараққиёт омили.

Категория: Миллий ғоя ва мафкура – Миллий ғоя;
Муаллиф: асс. Негматова Ш.Ш.

Миллий ғоя нафақат ўзликни англаш омили, балки ижтимоий-сиёсий тараққиёт уcун ҳам муҳим омил ҳисобланади. Тараққиёт ўзи нима?

Тараққиёт – ривожланишнинг оддийдан мураккабга, қуйидан юқорига йўналган шакли, унинг юксалиши. Тараққиёт борлиқнинг энг умумий хоссаларидан бири бўлиб, у предметнинг янги сифат ҳолатига ўтишида, таркиби ва структурасининг хоссалари, алоқалари ва муносабатларининг ўзгариши ва шу кабиларда ўз ифодасини топади. Вақт тараққиётнинг муҳим хусусиятлари қаторига киради. Ҳар қандай тараққиёт реал вақтда содир бўлади ва бу унинг орқага қайтмас йўналишга эга ўзгариш эканлигини намоён қилади. (Фалсафа энциклопэдик луғат. – Т.: ЎМЭДИН, 2010. 254-б.)

Миллий ғоянинг асосий ғоялари ва тамойилларининг тараққиёт учун аҳамиятини кўриб чиқадиган бўлсак фикримизни исботлаган бўламиз. Юрт тинчлиги - миллий мафкуранинг асосий ғояларидан бири, мамлакат барқарор тараққиётининг асо¬сий шарти. Тинчлик — инсоннинг ҳаётий эҳтиёжи, эмин-эркин яшаши ва камол топишининг энг зарур омилидир. Ҳар бир инсон учун юрт тинчлиги бебаҳо неъмат, улуғ саодатдир. Башарият ўз тараққиётининг барча босқичларида, аввало, тинчлик-тотувликка интилиб келган. Тинчликни сақлаш ва мустаҳкамлаш масаласи умумбашарий муаммодир. Инсоният тараққиётининг барча босқичларида жамиятнинг асосий масалалари, биринчи навбатда, тинчлик-тотувлик ҳолатидагина самарали ҳал этилган. Шу боисдан ҳам юрт тинчлиги — барқарор тараққиёт гаровидир. Тинчликни сақлаш муаммосини кишиларнинг шунчаки хоҳиш-истаги, орзу-умидлари билан ҳал қилиб бўлмайди. Инсоният учун муқаддас бу қадриятга доимо изчил ва қатъий ҳаракатлар туфайлигина эришилган. Ўзбекистон халқи тинчликни юксак қадрлайди ҳамда уни ўз орзу-умидлари, олий мақсадлари рўёбга чиқишининг кафолати, деб билади. Шу боисдан ҳам бобо-момолар дуога қўл очганида, даставвал, Яратгандан тинчлик-омонлик тилайди. Халқимиз орасида ҳам «тинчлик бўлса, ҳар қандай мақсадга эришиш мумкин», деган тушунча кенг тарқалган. Лекин тарих сабоқлари шундан далолат бермоқдаки, орзу-ниятнинг ўзи билангина узоққа бориш қийин. Юрт тинчлиги дунё ва минтақалар тинчлиги билан чамбарчас боғлиқ. Давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муносабатлари тобора чуқурлашиб бориши ҳозирги шароитда тинчликнинг ниҳоятда муҳим омили сифатида катта аҳамият ва чуқур маъно касб этмоқда. Халқаро майдонда рўй бераётган туб сиёсий ўзгаришлар ҳам тинчлик учун курашнинг аҳамиятини янада ошириб юборди. Кўпгина мамлакатлар халқларининг миллий истиқлол, демократик эркинликларни асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ўз юрти ва минтақаларидаги тинчлик ва барқарорликка боғлиқ экани равшан. «Қўшнинг тинч — сен тинч» мақолининг туб маъносини дунё ҳам, биз ҳам янада теранроқ англамоқдамиз. Кўқна тарихга назар ташласак, айнан юрт тинч, эл омонликда яшаган даврлардагина халқимиз моддий ва маънавий ютуқларга эришганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, Соҳибқирон Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек Мовароуннахрга ҳукмронлик қилган 40 йил мобайнида мамлакатда тинчлик-барқарорлик устувор бўлгани сабабли илм-фан, маданият тараққий этган, бунёдкорлик ишлари ривожланган, кўҳна заминимиз гуллаб-яшнаган. Ўзбекистон халқи тинчликни ўз орзу-интилишлари, мақсад-муддаолари рўёбга чиқишининг шарти деб билади. Шунинг учун ҳам доимо Яратгандан тинчлик ва омонлик тилайди. Шарқ мамлакатларининг қаерига борманг, одамлар бир-бири билан учрашганда, авваламбор, "Ассалому алай-кум" дсйишади. Ушбу калом арабчадан олинган бўлиб, "Сизга тинчлик ёр бўлсин" деган маънони англатади. "Салом", яъни "тинчлик" сўзи Қуръони каримда 40 марта учрайди. Бу муқаддас китобнинг оятларидан бирида шундай дейилади: "Меҳрибон Парвардигор томонидан одамларга олқиш маъносида "тинчлик" сўзи айтилур". Бироқ, инсоният тарихида, кейинги беш минг йилда тахминан 15 мингдан ортиқроқ катта-кичик урушлар бўлган экан. Ҳолбуки, башарият фақат тинчлик ва осойишталик барқарор бўлган тақдирдагина ўз олий мақсадларига эришади, моддий ва маънавий жиҳатдан юксалади. Юрт тинчлиги энг азиз неъмат эканига бутун жаҳон амин бўлмокда. Дунёнинг кўп мамлакатларида рўй бераётган террорчилик ҳаракати бу борада ҳали кўплаб муаммолар борлигини кўрсатмокда. Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ юрт тинчлигини сақлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Ўзбекистон дунёда биринчи бўлиб Марказий Осиёни ядро қуролидан холи майдонга айлантириш, халқаро террорчиликка қарши кураш марказини тузиш ва бошқа тинчликсевар таклифлар билан чикди. Чунки ислоҳотларнинг натижалари айнан шу ғояни амалга оширишга бевосита боғлиқ эди. Шунинг учун ҳам мил¬лий мафкурада юрт тинчлигини таъминлайдиган шарт-шароитларни яратиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Юрт тинчлиги — Ватан озодлиги ва мустақиллиги билан чамбарчас боғлиқ. Бировга қарам бўлган халқ қеч қачон эркин ва фаровон яшай олмайди. Шунинг учун ҳам мустақиллик ва тинчликни асрашимиз, мамлакатимизни тажовузкор кучлардан ҳимоя қилишга дои¬мо тайёр туришимиз лозим. Юксак маънавият, маданият, миллатнинг ғоявий ва мафкуравий етуклиги юрт тинчлигини сақлашнинг муҳим шартидир. Халқимиз учун азал-азалдан муқаддас бўлган бу ғоя жамиятдаги турлича фикр ва қарашга эга бўлган барча куч ва ҳаракатларни бирлаштиришга, шу орқали миллий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. И.А.Каримов "Бизнинг кейинги йилларда эришган энг катта ютуғимиз бу умумий хонадонимизда қарор топган тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликдир. Одамларимиз тафаккурида бу қадриятнинг беқиёс аҳамиятини англаб етиш туйғуси тобора юксалиб бормоқда" деб бежиз таъкидламаган. Ўзбекистондаги ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик Юрт тинчлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса мамлакатимизда ички барқарорликни таъминлаш, хорижий давлатлар билан тенг ҳуқуқли ҳамкорликни ривожлантириш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини эркинлаштириш ва демократиялаштириш, сиёсий партиялар фаоллигини ошириш, белгиланган режа ва мақсадларга эришиш, бир сўз билан айтганда, бунёдкорлик фаолиятига хизмат қилмоқда.

Манба: www.wikipedia.org

Назаров Қ. “Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғати”. –Т.:

2009й. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи

2.3. Ватан равнақи - миллий мафкурамизнинг асосий ғояларидан бири. Бу ғоя – ҳар бир кишининг манфаатларини юрт манфаатлари билан уйғунлаштирадиган, уни халқ бахт-саодати йўлида хизмат қилишга даъват этадиган бунёдкор ғоядир. У миллий истиқлолнинг олий мақсадларидан бири бўлмиш барчамиз учун муқаддас саналган Ватанимизнинг равнақини таъминлаш, унинг жаҳон майдонида муносиб ўрин эгаллашига эришишини назарда тутади. "Ватан равнақи аввало унинг фарзандларига, уларнинг маънавий ва жисмоний камолотига бевосита боғлиқ. Бу ўз навбатида ҳар бир юртдошимизни зиммасидаги юксак фуқаролик масъулиятини ҳис этишга, ўз манфаатларини шу юрт, шу халқ манфа¬атлари билан уйғунлаштириб яшашга даъ¬ват этади" ("Юксак маънавият - енгил-мас куч", 73-б.). Ватан равнақи ғоясини амалга оши¬риш бевосита жамиятнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маънавий-маданий ривожланишига боғлиқ. Бунда биринчидан, ҳозирги ижтимоий барқарорлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, жамиятни бошқаришда оммавий ташкилотларнинг (хусусан, маҳалланинг) мавқеини ошириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари ниҳоятда муҳим. Иккинчидан, ҳаётда демократик тамойилларнинг устуворлиги, муқобил партиялар, жамиятнинг барча жабҳаларини эркинлаштириш, давлатнинг ислоҳотчилик функцияси, аҳоли сиёсий онги ва маданиятини оширишда катта аҳамиятга эга. Учинчидан, бозор муносабатларига хос мулкчиликнинг шаклланиши, иқтисодиётнинг таркибий тизимидаги ўзгаришлар, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш, иқтисодиётни эркин-лаштириш, ташқи иқтисодий алоқаларни кучайтириш бунда муҳим омил бўлиб хиз¬мат қилади. Тўртинчидан, тарихий меросимизнинг тикланиши, аҳоли интел-лектуал салоҳиятини ошириш, фан ва илмий муассасалар, санъат ва адабиётни ривожлантириш, комил инсонни тарбиялаш бўйича миллий таълим дастурининг изчил амалга оширилиши, халқаро маданий алоқаларни кучайтириш ҳам Ватан равнақига хиз¬мат қилади. Бешинчидан, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида қонун устуворлигига эришиш, ҳуқуқий-демократик жамият қуриш соҳасидаги тажрибалар, давлатимизнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилиши — Ватан равнақини таъминлайдиган шарт-шароитлардир.

Манба: www.wikipedia.org

Назаров Қ. “Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғати”. –

Т.: -2009й. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи

2.4. Халқ фаровонлиги - халққа муносиб турмуш шароити яратишни ифодаловчи тушунча Ўзбекистонда барпо этилаётган жамиятнинг иқтисодий асоси ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётидир. Бугунги кунда дунёдаги барча мамлакатлар айнан шу йўлдан тараққий этиб, ўз халқининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга эришмоқда. Ўзбекистон ҳам шундай йўлни танлаган. Ҳозирда амалга оширилаётган ислоҳотлар шунчаки ислоҳот учун эмас, айнан инсон учун, унинг ҳақ-ҳуқуқи ва эркинликлари ҳамда фаровон ҳаётини таъминлаш учун хизмат қилади. Собиқ шўро тузуми одамлар онгига барча фалокатларнинг сабаби хусусий мулкда, деган ғояни сингдириб, сохта тенгликни қарор топтирмоқчи эди. Оқибатда ишламаган одам ишлаган одамдан яхшироқ яшай бошлаган эди. Ҳатто совет кишисининг ўзи ҳам давлат машинасининг мурватига айлантирилган эди. Меҳнатга ҳақ тўлашдаги адолатсизлик боқимандалик кайфиятини, ишлаб чиқаришдаги исрофгарчиликни, ташмачиликни кучайтирди. Одатда, мустабид тузумлар халқ фаровонлигидан, унинг бойиб кетишидан манфаатдор бўлмайди. Ўзбекистон истиқлолга эришган дастлабки кунларданоқ якка дав¬лат мулки ҳукмронлигига барҳам берилиб, мулк шаклларининг хилма-хиллигига, жумладан, хусусий мулкка кенг йўл очди. Бугунги кунда мамлакатда мулкдорлар синфи шаклланмокда. Бозор иқтисодиёти жамиятни маълум маънодаги табақаланишга олиб келиши табиий. Халқ фаровонлигини кўзлаган давлат халқнинг кескин табақаланишига — ошиб-тошиб кетган бойлару камбағал-қашшоқларга бўлиниб кетишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўриб, бу борада ўзига хос кучли ижтимоий сиёсат юритади. Аҳолининг энг кам ҳимояланган ва муҳтож табақаларини ўз вақтида қўллаб-қувватлаш халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар муваффақияти кафолатидир. Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя чоралари аҳолининг асосан ҳақиқий муҳтож ва эҳтиёжманд қатламларига йўналтирилмоқда. Бу борада давлат манбалари билан бир қаторда меҳнат жамоалари, жамоат ва хайрия ташкилотлари ҳамда жамғармаларнинг маблағлари ҳам ишга солинмоқда. Бугунги кунда фаровон турмуш асоси эркинлик, тадбиркорлик, ташаббускорликдир. Тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги учун конституциявий, ҳуқуқий ва иқтисодий шарт-шароит ҳамда кафолатлар яратилиши зарур. Ташаббускорлик ва тадбиркорликни рағбатлантириш, одамларда мулкка эгалик ҳиссини тарбиялаш, кичик ва ўрта корхоналарни изчил ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги ва даромадларининг ортишида, ишсизлик муаммосини ечишда муҳим аҳамият касб этади. Табиий бойликлар, ер - ресурслари, мамлакатлари иқтисодий салоҳияти ҳар бир фуқаронинг эҳтиёжларини қондириш, ўзлигини намоён этиш ва бунёдкорлик қобилиятини рўёбга чиқаришнинг асосий омилларидир. Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва бунёдкор¬лик ишлари халқ фаровонлигини оширишга қаратилган.

2.5. Комил инсон - миллий ғоянинг асосий тамойилларидан бири. Комил инсон ғояси ва уни амалга оширишга бўлган интилиш инсоният цивилизациясининг маъно-мазмунини ташкил қилади. Комил инсон ҳақидаги таълимот инсоннинг маънавий, ахлоқий, интеллектуал ва жисмоний нуқтаи назаридан етуклик даражасига кўтарилишини кўзда тутади. Юртимизда комил инсонни вояга етказиш масаласига азалдан катта эътибор билан қаралган. Шунинг натижаси ўлароқ тарихимизда ўзининг маънавий фазилатлари, жисмоний имкониятлари билан жаҳон аҳлини ҳайратга солган буюк баркамол инсонлар кўплаб етишиб чиққан. Улар қолдирган бой илмий ижтимоий-фалсафий, маънавий мерос халқимизнинг бебаҳо мулкига айланган. Масалан, Абу Али ибн Сино буюк қомусий олим сифатида тиббиёт, математика, астрономия, физика, кимё, биология, доришунослик, руҳшунослик (психология), физиология, филология, фалсафа, ахлоқ, эстетика ва жисмоний тарбия каби кўплаб фанларнинг етук билимдони бўлган. Унинг асарлари нафақат Ўрта Осиёда, балки бутун Шарқ ҳамда Ғарб мамлакатларида ҳам ҳурмат билан тилга олинган ва мутолаа қилинган. Кўплаб тарихий асарларда қайд этилишича, Ибн Сино 20-25 ёшидаёқ қомусий олим си¬фатида шуҳрат қозонган. Шу жиҳатдан ёндашиб, бу улуғ аждодларимиз том маънода Комил инсон бўлган дейиш мумкин. Яна бир буюк аждодимиз Алишер Навоий бир қитъасида “Камол эт касбким” дея даъват қилганида комил инсон учун зарур бўлган кўп хусусиятларни эгаллашни назарда тутган. Аллома боболаримиз қайд этганларидек, инсон ўзини ҳирс, таъма, нафс, ғафлат, нодонлик, ёвузлик каби иллатлардан покламаса, у ҳеч қачон комил инсон бўла олмайди. Алишер Навоий комил инсонни аҳли маъни кишилар деб билган. Аҳли маъни – фикрли

одамлар, деган маънони англатади. Фикрсиз халойиқнинг онгида маъни чуқурлиги бўлмайди. Фикрлаш ҳақиқатни англашга интилишни ифодалайди. Алишер Навоий комил инсон ғоясига ўз асарларида қайта-қайта мурожаат қилган. Унинг "Ҳайратул-аброр" достонида етук шахснинг маънавиятидаги эзгулик, саховат, софлик, ҳаё, мурувват, андиша, адаб, камтарлик, садоқат, қаноат, ростгўйлик, инсоф, адолат, бағрикенглик сингари фа¬зилатлар таърифланиб, руҳий камолот йўллари таҳлил этилган. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ҳар қандай жамиятда комилликнинг энг асосий белгиси ин¬соннинг эзгуликка, ижтимоий бахт-саодатга, инсонпарварлик ғояларига муносабатида ҳамда уларга асосланган амалий фаолиятида намоён бўлади, яъни жамиятнинг умумий ривожига, инсоният цивилизациясига ижобий таъсир кўрсатадиган комиллик мезони шахснинг баркамоллиги орқали жамиятни фаровон қилишдан иборат бўлган. Инсондаги комиллик, энг ав¬вало унинг фикр, тафаккур ва амалий фаолият эркинлигини англашидадир. Шу маънода, буюк юнон файласуфи Суқротнинг "Ўз-ўзингни англа", деган даъвати ҳам инсоннинг насл-насабини, ҳаёт мазмунини, кишининг келажак авлодлар олдидаги масъулият ва мажбуриятини англашга қаратилган чақириқдир. Комил инсоннинг моҳияти, аввало, жамиятни баркамол қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларда намоён бўлади. Комил инсон ва жамият муносабатларида ўзаро боғлиқ бўлган икки жараённи кўриш мумкин. Биринчиси, комил инсоннинг жамият тараққиётига ижобий таъсир қилиши. Комил инсон ғоясининг мавжудлиги ва у билан борлиқ амалиёт жамият ривожланиш даражасини белгилайдиган мезон сифатида намоён бўлади. Чунки, биз ҳар қандай жамиятни унда яшаётган кишиларнинг хатти-ҳаракатига қараб баҳолаймиз. Иккинчиси, жамиятнинг характери, унинг комил инсонни тарбиялаш борасидаги имкониятларида, унга бўлган муносабатида намоён бўлади. Яъни, эркинлик, мустақиллик комил инсон ғоясини амалга ошириш учун тегишли шарт-шароит яратади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда комил инсонни тарбиялаш учун ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маънавий, ташкилий вазифалар давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши этиб белгиланган. Президентимиз Ислом Каримов комил инсонни тарбиялашга юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлигининг энг муҳим омилларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратмоқда.

Манба: Назаров Қ. “Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғати”. –

Т.: -2009й. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи

2.6. Ижтимоий ҳамкорлик - турли миллат, ирқ ва динга мансуб кишилар ҳамда гуруҳларнинг умумий мақсад йўлида биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб фаолият олиб бориши, уларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини ифода этадиган атама. Ижтимоий ҳамкорлик жамиятда тинчлик ва барқарорлик, юксак тараққиётни таъминлашнинг муҳим омилидир. Ижтимоий ҳамкорлик бўлмаган жамиятда бошбошдоқлик, турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ишончсизлик ортиб, қарама-қаршилик ва зиддиятлар кучайиши, бу эса охир-оқибатда оғир инқирозга олиб келиши мумкин. Ижтимоий ҳамкорлик ғоясини амалга ошириш йўлида ғов бўладиган энг хатарли тўсиклар ақидапарастлик, терро-ризм, экстремизм, айирмачилик, маҳаллийчилик, тажовузкор миллатчилик ва шовинизмдир. Бундай зарарли ғоялар таъсирига тушиб қолган жамият табиий равишда ҳалокатга юз тутади. Бунга узоқ ва яқин тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Мафкуравий курашлар кучайиб бораётган бугунги кунда фуқароларимиз ўртасида ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш долзарб аҳамият касб этади. Ижтимоий ҳамкорлик масаласи биз учун янги тушунча бўлмай, ўзининг тари¬хий илдизларига эга. Маълумки, Ўзбекистон диёрида қадимдан турли цивилизация вакиллари, маданий қатламлар, хилма-хил эътиқод ва дунёқарашлар ёнма-ён яшаб, Ижтимоий ҳамкорлик асосида ривожланиб келган. Юртбошимиз таъкидлаганидек: "Бу замин Шарқ ва Ғарбнинг, Шимол ва Жанубнинг, қадим ўтмиш ва буюк келажакнинг туташган жойи, Марказий Осиёнинг юраги, инсоният тафаккури, фан ва маданиятининг энг кўҳна ўчоқларидан биридир". Бу тупроқда жаҳонни ҳайратга солган цивилизациянинг илдизлари вужудга келган, инсоният тарихининг энг кадимги даврларига мансуб диний ва фалсафий анъаналар шаклланган. Қадимги юнон файласуфи Гераклит бу юртни «фалсафий тафаккур бешиги», деб бежиз таърифламаган. Шуни таъкидлаш жоизки, бизнинг цивилизациямиз ўзига «хос толерант тафаккурга таянган. Она заминимизда узоқ вақт оташпарастлик, буддавийлик, яҳудийлик, христианлик, ислом динлари биргаликда фаолият кўрсатиб, ривожланиб келгани, табиийки, ижтимоий ҳамкорлик мевасидир. Бугунги кунда мамлакатимизда турли миллат ва дин вакиллари манфаатларини уйғунлаштириш, улар орасида тотувликни таъминлаш асосида ижтимоий ҳамкорликка эришиш тараққиётнинг ҳал қилувчи омилларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Конституциясининг 8-моддасида «Ўзбекистон халқи, миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади» деб аниқ белгилаб қўйилган. «Ўзбекистон халқи» тушунчаси мамлакатимизда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатлик асосида жамиятда ижтимоий ҳамкорликнинг таъминланиши учун ҳуқуқий-маънавий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири ҳам ижтимоий ҳамкорликдир. Бугунги кунда ана шу тамойил асосида юртимизда турли миллат, гуруҳ ва қатламлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайти¬риш миллий тараққиётимизда тобора устувор аҳамият касб этиб бормокда.

Президентимиз асарлари асосида ғоявий зиддият ва курашлар тарихини ўрганиш шундан далолат берадики, неча минг йиллар давомида эзгу ва тараққийпарвар ғояларга қарши қурол, куч, макр-ҳийла ишлатиб келинган. Қарам халқларга қуллик психологияси сингдирилган, босқинчиларнинг қадриятлари зўрлаб ўтказилган. Ҳозирги кунда экстремизм, террорчилик, миллатчилик, шовинизм, маънавий қашшоқлик, ахлоқсизликни тарғиб қилиш жиддий мафкуравий хавф сифатида намоён бўлмоқда. Сўнгги йилларда бу борада интеллектуал ва оммавий ахборот воситаларидан ҳам фойдаланилмоқда. Муайян мафкуравий полигонларнинг муттасил тарқатаётган ахборотларидаги ёвуз ва зарарли ғоялар оқими, жангари фильмлар, болаларга мўлжалланган бузғунчи ғоялар асосида ишланган ўйинлар, компьютер тармоқлари дастурларини ишдан чиқарадиган “вируслар”ни тарқатиш бунга мисол бўла олади. Шунингдек ҳозирги глобаллашув шароитида ғоявий қарамликка солишнинг хилма-хил усуллари қўлланилмоқда, турли “овоз”лар, оммавий ахборот воситалари, информацион технологиялар ёрдамида мафкуравий тажовузлар уюштирилмоқда.

Мустақилликка эришган мамлакатлар, жумладан Ўзбекистон учун ҳам бундай хавфларни бартараф этиш масаласи жиддий ғоявий муаммолар доирасига киради. Мафкуравий кураш тобора мураккаблашиб бораётган, унинг янги ва янги усуллар ўйлаб топилаётган ҳозирги кунда ушбу таҳдид ва таъсирларга фақат кучли ғоя, ўзликни англаш, соғлом мафкурагина қарши тура олиши мумкин. Шунинг учун ҳам Ислом Каримов томонидан юксак мафкуравий маданиятни мужассам этган “Ғояга қарши фақат ғоя, фикрга қарши фақат фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан курашиш . . .” ҳақидаги тамойил назарий жиҳатдан асослаб берилди ва у мамлакатимизда муваффақиятли амалга оширилмоқда.

2.7. Миллатлараро тотувлик – миллатлараро аҳиллик, халқаро дўстлик; миллий мафкуранинг асосий ғояларидан бири; муайян ҳудуд, давлатда турли миллат вакилларининг баҳамжиҳат яшаши, ҳамкорликда фаолият юритишини ифодаловчи тушунча. Ер юзидаги 1600 дан ортиқ миллатдан бор-йўғи 200га яқини ўз давлатчилигига эга, холос. Бундай шароитда бутун дунёда миллатлараро тотувликни таъминлаш учун уларнинг манфаатлари, руҳияти, интилишларини мунтазам ўрганиб бориш, сиёсий-ижтимоий ҳаётда буни доимо эътиборга олиш зарур. Жаҳон тажрибаси миллатлараро тотувликни таъминлашга бирёқлама, юзаки ёндашув жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатади. Хусусан, давлатга ўз номини берган миллат билан уша жойда яшайдиган бошқа мил¬лат ва элат вакиллари ўртасидаги муносабатлар жиддий эътиборни талаб қилади. Акс ҳолда, жамият ҳаётидаги тинчлик ва барқарорлик издан чиқиши мумкин. Бу масала бизнинг мамлакатимиз учун ҳам жуда муҳим. Ўзбекистон ҳудудида қадимдан кўплаб миллат ва элат вакиллари баҳамжиҳат истиқомат қилиб келган. Улар ўртасида асрлар давомида миллий низолар бўлмагани халқимизнинг азалдан бағрикенглигини кўрсатади. Миллатлараро муносабатларда уйғунлик вужудга келган мамлакатларда кўп миллатлилик жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига самарали таъсир этади. Миллатлараро тотувлик ғояси умумбашарий қадрият бўлиб, турли халқлар биргаликда истиқомат қиладиган минтақа ва давлатлар миллий тараққиётини белгилайди, шу жойдаги тинчлик ҳамда барқарорликнинг кафолати бўлиб хизмат қилади. Бугунги кунда Ер юзида 6 млрд.дан зиёд аҳоли мавжуд. Ўзбекистон ҳудудида эса 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшамоқда. Ҳар бир миллат Яратганнинг мўъжизаси бўлиб, ўз тили, дини, маслаги, қадриятлари, анъаналарига эга. Шу боис мазкур маънавий омилларнинг амал қилиши миллатлараро тотувликнинг муҳим шартларидан саналади. Давлатлар бу борада кўп миллатли (полиэтник) ва бир миллатли (моноэтник) таркибга эга бўлиб, ҳар бири ўзига хослиги билан бир-биридан фарқ қилади. Ҳар бир мамлакатда турли миллат вакилларининг мавжудлиги азал-азалдан унга ўзига хос табиий ранг-баранглик бахш этиб келган. Ҳар бир миллатнинг умумий манфаатлари билан бирга ўзига хос қадриятлари ҳам бор. Умумий қадрият ва хусусий манфаатлар бир-бирига зид келиб қолиши ёки уйғун бўлиши мумкин. Бунда муайян мамлакатдаги миллий сиёсат муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон каби по¬лиэтник мамлакатда турли миллатлар манфаатларини уйғунлаштириш, улар орасида тотувликни таъминлаш тараққиётнинг ҳал қилувчи омилларидан бири ҳисобланади. Зеро, миллатнинг истиқболи бошқа халқлар ва мамлакатларнинг тараққиёти, бутун жаҳондаги вазият ва имкониятлар билан ҳам боғликдир. Бутун дунёда, биринчи навбатда, қўшни мамлакатларда ёнма-ён яшаётган этнослар ўртасида тинчлик, осойишталик, барқарорлик, ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, тенг ҳуқуқли муносабат бўлмаса, улардан ҳеч бири ўзининг порлоқ истиқболини таъминлай олмайди. Шу билан бирга, бир мамлакат доирасида миллий манфаатларни тенг қондириш, улар ривожини таъмин¬лаш жуда мураккаб масала эканини ҳам англамоғимиз даркор. Миллатлараро тотувлик ғояси ана шу масалани тўғри ҳал қилишга ёрдам беради. Бу ғоя – бир жамиятда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўртаси¬даги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг маънавий асосидир. Бу ғоя - ҳар бир миллат вакилининг истеъдоди ва салоҳиятини тўла руёбга чиқариш учун шароит яратади ва уни Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги каби эзгу мақсадлар сари сафарбар этади. Мамлакатимизда ушбу ғояни амалга оширишга катта эътибор берилмокда. Президент И.А.Каримов Ўзбекистоннинг бу борадаги ўзига хос сиёсатини баён этиб, таъкидлаганидек: «Республика аҳолиси ўртасида кўпчиликни ташкил қиладиган ўзбек миллатининг муқаддас бурчи она тилини, ўз мил¬лий маданияти ва тарихини тиклашдангина иборат эмас, балки биргаликда ҳаёт кечирувчи кам сонли халқларнинг тақднри учун, уларнинг ўзига хос маданий-маънавий хусусиятларини сақлаб қолиш учун, камол топиши ва ўзлигини намоён этиши учун уларга тенг шароит ва имкониятлар яратиб бериш борасида масъул бўлишдан ҳам иборатдир». Бундай муҳит миллатлараро муносабатларда турли муаммолар туғилишига асло йўл қўймайди ва Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровон¬лиги каби умуммиллий ғояларни ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Неча минг йиллик тарихимиз шундан гувоҳлик бермоқдаки, олижаноблик ва инсонпарварлик, миллатлараро тотувликка интилиш халқимизнинг энг юксак фазилатларидан ҳисобланади. Бу борадаги анъаналар авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-моддасида «Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади», деб аниқ, белгилаб қуйилган. «Ўзбекистон халқи» тушунчаси мамлакатимизда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик учун маънавий асос бўлиб хизмат кида¬ли. Юртимизда бугунги кунда 130 дан ортиқ миллий-маданий марказлар ишлаб турибди. Уларнинг турли йўналишлардаги фаолияти, биринчидан, ўз вакилларини миллий тарих, урф-одатлар ва анъаналардан хабардор қилишга, иккинчидан, халқнинг ўз-ўзини англашига таъсир этиб, миллатлараро тотувликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Манба: www.wikipedia.org

Назаров Қ. “Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғати”. –Т.:

2009й. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи

2.8. Динлараро бағрикенглик – турли диний эътиқоддаги кишиларнинг олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, кишилик жамияти равнақи йўлида хизмат қилишини англатадиган тушунча. Ҳозирги вақтда бу эзгу ғоя нафақат диндорлар, балки жамиятнинг барча аъзолари ўртасидаги ҳамкорлик ва баҳамжиҳатликни назарда тутади. Динлараро бағрикенглик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод Ватан қуришнинг муҳим шартидир. Қадимдан диёримизда буддавийлик, зардуштийлик, насронийлик, яҳудийлик, ислом динлари ёнма-ён яшаб келган, маданият марказлари ҳисобланган шаҳарларимизда масжид, черков, синагогалар фаолият кўрсатган. Уларда турли миллат, элат ва динга мансуб бўлган халқлар, қавмлар ўз диний амалларини эмин-эркин адо этган. Ватанимиз тарихининг энг мураккаб, зиддиятли, оғир даврларида ҳам юртимиздаги мавжуд дин вакиллари ўртасида диний асосда можаролар бўлган эмас. Бу – юртимиз халқларининг динлараро бағрикенглик борасида катта тажрибага эга бўлганидан далолат беради. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар фаолият юритмокда. Уларга ўз диний маросимларини ўтказиш ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этиш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган. Бу борадаги ҳуқуқий асослар Ўзбекистон Конституциясида, "Виждон эркинлиги ва диний ташкилот¬лар тўғрисида"ги Қонунда мустаҳкамлаб қуйилган. Маълумки, дунёдаги динлар асл моҳиятига кўра эзгулик ғоясига асосланади, кишиларни ҳалоллик, поклик, меҳр-шафқат, биродарлик ва бағрикенгликка даъват этади. Инсон ҳаётининг асл мақсади инсон ва табиатга нисбатан одилона, оқилона муносабатда бўлиш, ҳамиша яхши, савобли ишларни амалга оширишдан иборатдир. Шундай экан, ҳақиқий диний қарашлар ортида динлараро бағрикенглик ётади. ЮНЕС¬КО динлараро бағрикенглик муаммосига алоҳида эътибор бериб, 1995 йилни БМТнинг бағрикенглик йили деб эълон қилди. Ўша йили 16 ноябрда 185 давлат иштирокида Парижда Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси қабул қилинди. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ҳам бу соҳада улкан ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда республикамизда икки мингдан зиёд диний ташкилот, шу жумладан, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Қорақалпоғистон Мусулмонлари қозияти, Тошкент Ислом институти, 10 та Мадраса ва 2003 та масжид, Рус православ черкови, Тошкент ва Ўрта Осиё Епархияси, Православ семинарияси, Рим-католик черкови, Евангел христиан баптистлар черковлари иттифоқи, тўлиқ Инжил христианлар маркази, Христиан се¬минарияси, Ўзбекистон Библия жамияти, 162 та христиан черкови, 8 та яхудий ва 8 та бахрий жамоаси, 1 та Кришнани англаш жамияти, 1 та буддист ибодатхонаси давлат рўйхатидан ўтган.

Дин асосида юзага келган турли таълимотларга эътиқод қилувчи айрим кишилар, кичик ёки катта гуруҳлар ўртасидаги хилма-хил алоқалар. Бу ижтимоий муносабатларнинг алоҳида тури бўлиб, унда динларнинг ўзига хос жиҳатлари: таълимоти, эътиқоди, ташкилотлари ва бошқалар намоён бўлади. Турли динларга хос хусусиятлар, чунончи, ҳудудийлик (синтоизм) — асосан Япо¬ния ҳудудида тарқалган, индуизм — Ҳиндистонда, ислом, буддавийлик, христианлик барча қитъаларда; шаклланиш даври (иудаизм 3000 йилдан кўпроқ, христианлик 2000 йилга яқин, ислом ўн беш асрдан буён мавжуд) билан боғлиқ жиҳатлар ҳам динлараро муносабатга таъсир кўрсатган. Шахслараро диний муносабатлар кундалик ҳаётий фаолиятда намоён бўлади. Гуруҳий диний муносабатлар турли конфессия вакиллари ўртасидаги музокаралар, диний низолар ва ихтилофларда юзага келади; тинчлик вақтида ҳам муайян мамлакат ҳудудида истиқомат қилаётган халқлар орасида турли эътиқоддаги кишиларнинг, диний раҳбарларнинг тинч-тотув яшаш, ҳар қандай масалани муроса асосида ҳал қилиш борасида ўзаро мулоқот юритиши мумкин. Диний фаолиятнинг турли кўринишлари ўзига хос динлараро муносабатни юзага келтиради. Macалан, ўз диний таълимотини ҳимоя қилиш ва бошқаларини танқид қилиш, бошқа эътиқоддагиларни ўзига оғдириш учун даъват қилиш жараёнида ҳам динлараро муносабат намоён бўлади.

Манба: Назаров Қ. “Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғати”. –

Т.: -2009й. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи



Киритилди: 2019-10-19 16:36:16; Ўқилди: 2992 марта;

 

©: 2012 – 2019. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!