Якшанба, 20 октябрь 2019 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоя ва мафкура / Ғоя ва мафкура

Мафкура

Категория: Миллий ғоя ва мафкура – Ғоя ва мафкура;
Муаллиф: Доц. Реджепов Р.

«Мафкура» тушунчаси арабчадаги «муфаккир», «муфаккиратув» сўзларидан олинган бўлиб, чуқур маъноли, теран мазмунли фикр демакдир.

Муфкура тушунчасига фалсафий адабиётлар ва луғатда берилган таърифлар шакл ва мазмун жиҳатдан ҳар хил:

«Мафкура – жамиятдаги ижтимоий гуруҳлар, миллатлар ва элатлар, сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, жамоат ташкилотлари, давлат ҳокимиятининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, ахлоқий, диний, эстетик, фалсафий қарашларининг тизимлаштирилган билимлар йиғиндисидан ташкил топади»[1].

«Мафкура муайян ижтимоий гуруҳ, ижтимоий қатлам, миллат, давлат, халқ ва жамиятнинг эҳтиёжлари, мақсад – муддаоларини, манфаатлари, орзу-интилишлари ҳамда уларни амалга ошириш тамойилларини ўзида мужассам этадиган ғоялар тизимидир»[2].

«Мафкура – муайян ижтимоий гуруҳ, ё қатламнинг, миллат ёки давлатнинг эҳтиёжларини, мақсад ва интилишларини, ижтимоий-маънавий тамойилларини ифода этадиган ғоялар, уларни амалга ошириш усул ва воситалари тизимидир»[3].

«Мафкура (араб – фикрлар мажмуи) – муайян ижтимоий гуруҳ, қатлам, миллат, жамият, давлат манфаатлари, орзу-истак ва мақсад – муддаолари ифодаланган ғоявий-назарий қарашлар ва уларни амалга ошириш тизими».[4]

Уларнинг барчасида мафкура жамиятдаги муайян сиёсий, фалсафий, ҳуқуқий, ахлоқий, диний, бадиий, илмий қарашлар, фикрлар, ғоялар мажмуи сифатида асослаб берилади.

Унда манфаатлари ифодаланган ижтимоий кучлар ва қатламларнинг ўтмиши, бугунги куни ва истиқболи ўз ифодасини топади.

Маълумки, фикр асосида ғоя, ғоя асосида эса мафкура шаклланади. Яъни, инсон муайян мақсадни мўлжаллаб, уни амалга оширишга қатъий аҳд қилса, бу ғоя ҳисобланади. Ғоя конкрет инсон, гуруҳ, миллат ёки жамиятнинг ҳаётий эҳтиёжларидан келиб чиқиб, манфаатларини ифодалаб, уларнинг ишонч-эътиқоди ва фаолиятига асос бўлса, мафкурага айланади. Мафкура – турли гуруҳ, тоифа ва қатламлардаги кишиларнинг манфаатларини ифодалаб, ижтимоий ҳаёти ва фаолиятини тартибга солиб, ҳаракатга келтиради, ғояларнинг рўёбга чиқишига хизмат қилади. Шунинг учун ғоя – мақсад бўлса, мафкура уни амалга ошириш усули – воситасидир. Бошқача айтганда, инсон ёки миллатнинг асосий мақсадлари ғояларда намоён бўлса, уни рўёбга чиқаришга қаратилган шуларнинг мазмун – моҳияти мафкурани ташкил қилади.

Ҳар қандай мафкура жамият, унинг тузилиши, ривожланиш йўллари ҳақидаги муайян билимлар, уларнинг асосида шаклланадиган баҳолар ва мақсадлар тизими сифатида чиқади. Бундай билимлар, баҳолар ва мақсадлар тизими бўлмаса, кишиларда ижтимоий жараёнларнинг моҳиятини англаш имконияти бўлмайди, давлат, жамият ўз тараққиёт йўлини йўқотиб қўяди.

Ўз олдига қўйган мақсади, қандай жамият қурмоқчи экани, бунга қандай йўллар ва воситалар билан эришмоқчи бўлаётгани ҳақидаги ғоялар тизими ҳар бир миллат, халқ ва жамият мафкурасининг асосини ташкил этади.

Президент Ислом Каримов мафкурага шундай таъриф берган: «Одамларнинг минг йиллар давомида шаклланган дунёқараш ва минталитетига асосланган, айни вақтда шу халқ, шу миллатнинг келажагини кўзлаган ва унинг дунёдаги ўрнини аниқ-равшан белгилаб беришга хизмат қиладиган, кечаги ва эртанги куни ўртасида ўзига хос кўприк бўлишга қодир ғояни мен жамият мафкураси деб беламан»[5]

Мафкура сермазмун ва кўп қиррали тушунча бўлиб, у кенг ва тор маъноларда ишлатилади. Кенг маънода мафкура муайян бир жамиятдаги мавжуд бўлган ҳар бир ижтимоий гуруҳ, миллат ва элат, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари манфаатини ифодаловчи ва уларга хос бўлган ғоялар тизимини ташкил этади ва ўзининг ранг – баранглиги билан ифодаланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 12-моддасида ёзилишича, «Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади.

Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас».

Тор маънода мафкура мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг умумий муддаоларини ифодаловчи ва уларнинг бошини бириктириб, жипслаштириб, битта асосий мақсадга, яъни давлатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга ундайдиган миллий истиқлол ҳақидаги ғоялар, белимлар йиғиндисини ташкил этади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакка ғоя нисбатан турғун, қатъий, мафкура эса динамик характерга эга. Чунки, мафкура инсон ва жамият ҳаётидаги объектив ва субъектив шарт – шароитларга мос ҳолда, кишиларнинг талаб, эҳтиёж, ишонч – эътиқод, манфаат ва мақсадларига мувофиқ тарзда, ўзгариб, ривожланиб боради. Президент Ислом Каримов айтганидек: «Халқ, миллат ўз миллий мафкурасини бутун умри давомида такомиллаштириб, бойитиб боради. Чунки, мафкура қотиб қолган ақидалар йиғиндиси эмас. Бу – узлуксиз жараён бўлиб, ҳаёт давом этар экан, унинг шиддатли суръат туфайли мафкуранинг олдига қўйиладиган янги – янги талаблар ҳам пайдо бўлади»[6].

Шуни алоҳида қайд қилиш керакки, мафкура, ундаги ғояларнинг манфаатлашиш хусусияти билан, яъни ғоядаги шу ғоя эгаси ёки унга эргашган конкрет шахс, гуруҳ, миллатнинг туб эҳтиёж – манфаатлари ва ишонч – эътиқодлари ифодаланган тугал мазмун билан характерланади. Демак, мафкура – ғоянинг манфаатлашган мазмуни, шакли, қисми, томони, кўриниши, қиёфаси ва характеридир. Айни пайтда, мафкуранинг амал қилишида одамларнинг ундаги ғояларга бўлган ишонч – эътиқоди муҳим ўрин тутади. Бу ҳолда мафкурани тавсифловчи асосий омиллар: а) кишиларнинг талаб, эҳтиёж – манфаатлари ва уларни қондириш усул – восита, механизмлари; б) ғояларга бўлган ишонч – эътиқоднинг намоён бўлишидир[7].



[1] Туленов Ж, ,Супов К, Ғафуров З. Истиқлол ва тараққиёт мафкураси: мақсад ва йўналишлари. Тошкент. «Ўзбекистон», 1993, 12-бет.

[2] Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар. Тошкент, «Ўзбекистон» - 2001, 9-бет.

[3] Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар (Олий таълим муаммолари учун қўлланма). Тошкент «Янги аср авлоди», 2001, 31-бет.

[4] Фалсафа Қомусий луғат. Тошкент. «Шарқ» нашриёт – матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2004, 244-бет.

[5] Каримов И.А. Жамиятимиз мафкураси халқни-халқ, миллатни-миллат қилишга хизмат этсин. Тошкент «Ўзбекистон», 1998, 11-бет.

[6] Каримов И.А. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. 8-жилд. – Тошкент «Ўзбекистон», 2000, 500-501 бетлар.

[7] Мамашокиров С., Тоғаев Ш. Эркин ва фаровон ҳаёт қурилишининг ғоявий-мафкуравий масалалари. Тошкент, «Маънавият», 2007, 10-бет.

Киритилди: 2019-10-19 16:07:35; Ўқилди: 7612 марта;

 

©: 2012 – 2019. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!