Шанба, 30 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоя ва мафкура / Ғоя ва мафкура

Ғоя

Категория: Миллий ғоя ва мафкура – Ғоя ва мафкура;
Муаллиф: Доц. Реджепов Р.

Инсоният тарихидан маълумки, ер юзида дастлабки одамзот пайдо бўлиб, унинг уруғ, қабила, жамоа ёки халқ сифатида шаклланиши рўй берган дастлабки даврлардаёқ уларни бирлаштириб турадиган умумий ғояга эҳтиёж туғилган.

Инсон ўйлайдиган, фикр қиладиган, воқеа-ҳодисалар асосида хулосалар чиқарадиган онгли мавжудотдир. У ақли билан олам сирларини кашф қилади, қалби воситасида унинг гўзаллигини ҳис этади, воқеликдан ҳайратланиб, ҳаёт қонунларига мослашиб яшашга интилади.

Дунё сезгилар орқали инсоннинг қалби ва онгида ўзига хос тимсоли ва тасаввурлар уйғотади, унда орзу-интилиш, мақсад-муддаоларни вужудга келтиради. Ана шу интилиш ва мақсадлар инсоннинг фаолияти орқали амалга ошади, яъни, ҳаётга, воқеликка қайтади, унга таъсир қилади ва уни ўзгартиради.

Одам зотини ҳаётни, ўзини ўраб турган ташқи муҳитни ўзгартиришга мажбур қиладиган маънавий омиллар орасида фикр, ғоя, мақсад ниҳоятда катта аҳамият касб этади. Ғоя инсоннинг борлиққа, ўз ҳаётига бўлган муносабати, олдига мақсадлари асосида шаклланади ва ўзига хос тарзда намоён бўлади.

Инсон тафаккури воқеликни идрок этиш мобайнида турли фикрлар, қарашлар, ғоялар ва таълимотлар яратади. Демак, ғоялар ҳам инсон тафаккурининг маҳсулидир. Лекин, тафаккур яратган ҳар қандай фикр ёки қараш, мулоҳаза ёки нуқтаи назар ҳам ғоя бўлаолмайди, фақат энг кучли, таъсирчан, золворли фикрларгина ғоя бўлаолиши мумкин.

Ғояни фалсафа, яъни гносеология ва онтология нуқтаи назаридан тушуниш уни политология (сиёсатшунослик), конфликтология (зиддиятшунослик) ёки аксиология (қадриятшунослик) нуқтаи назаридан тушунишдан фарқ қилади. Бу фанларнинг ҳар бирида муайян ғоялар у ёки бу таълимот, қараш ёки назариянинг асоси сифатида ўрганилади. «Миллий истиқлол ғояси» фанида эса масаласининг барча жиҳатлари қамраб олинади ва уларнинг нафақат назарий, балки амалий томонларига ҳам эътибор қаратилади. Ғояни гносеология (лотинча «гнозис» - билиш) нуқтаи назаридан тушуниш ниҳоятда муҳим. Бунда ушбу тушунчани дунёни билишнинг муайян босқичи, нарса ва ҳодисалар моҳиятини англатадиган фалсафий категория экани эътироф этилади. Бу ўз навбатида, уни илмий тушунча сифатида талқин қилиш имконини беради ва ғояни сиёсийлаштириш ёки мафкуралаштиришнинг мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатади.

Ғояни онтология нуқтаи назаридан тушуниш эса унинг объектив реаллик билан узвий алоқада эканлигини исботлаш учун асос бўлади. Бундай ёндашув ҳақиқий ғоя нафақат субъектив ҳодиса, яъни бирон-бир киши томонидан хаёлан ўйлаб топилмайдиган, балки ташқи олам ва ҳаёт ҳодисалари асосида шаклланадиган, ўз объекти ва субъектига эга бўлган тушунча эканини исботлаш имконини беради.

Ғоянинг объекти ва субъекти нима? Бунда, аввало, шуни таъкидлаш керакки, ғояни шакллантирадиган, унинг вужудга келишига туртки берадиган объектив реаллик-ташқи олам, дунё ва унинг ҳодисалари, инсоният, жамият ҳаётига тегишли воқеалар мавжуд. Сўнгра эса ана шу ҳодиса, воқеа ва жараёнларни англаб оладиган, ўз ҳаётини уларнинг қонуний оқимига мослайдиган ва ўзи ҳам уларга акс таъсир кўрсатадиган одамзот ҳам мавжуд. Ғоя ана шу икки томон, яъни ташқи реаллик ва одомзод орасидаги муносабат (таъсир ва акс таъсир) натижасида шаклланадиган субъектив ҳодиса, объектив реалликнинг субъектив натижаси, инсон онгида ташқи олам, дунё ва ҳаёт ҳодисаларининг акс этиш шаклларидан биридир. Ғоя гносеология нуқтаи назаридан шу тарзда тушунилар экан, қуйидаги маъноларни англатади:

- инсон онгининг таркибий қисми;

- ташқи оламнинг образли инъикоси ва акси;

- инсоннинг воқеа ва ҳодисаларни англаш шакли;

- инсон онгининг ташқи олам ва ҳаёт ҳодисаларига нисбатан акс таъсирнинг намоён бўлиш шаклларидан бири[1].

Илмий-фалсафий адабиётларда «ғоя», «мафкура», «идея» ва «идеология» тушунчалари ишлатилмоқда. Идея ва идеология кўпроқ Ғарб давлатларида ҳамда рус тилидаги манбаларда учратди. «Идея» ибораси юнон тилидаги «idia» сўзидан олинган, «идеология» сўзи учун ўзак бўлиб ҳисобланади ва тушунча ёхуд фикр маъносини англатади. Идеология (idia - ғоя. Тушунча, logos - таълимот) атамаси эса ғоялар тўғрисидаги таълимотни англатади ва икки хил маънода ишлатилади:

- ғояларнинг мазмуни, шаклланиши, аҳамияти тўғрисидаги билимларни ифодалайди ва илмий соҳа ҳисобланади;

- муайян ғояни амалга ошириш, мақсадга етиш усуллари, воситалари, омиллари тизимини англатади.

Ғоя моҳиятан ижтимоий характерга эга. Муайян ғоя одатда алоҳида олинган шахс онгида шаклланади, кейинчалик эса жамиятнинг турли қатламларига тарқалади, дунёнинг турли миллат ва элатлари орасида ёйилади. Масалан, поляк олими Николай Коперникнинг ернинг қуёш атрофида айланиши тўғрисидаги ғояни ҳануз ўз аҳамиятини йўқотган эмас.

Мустақил ҳаётга қадам қўяётган янги авлод жамиятда мавжуд ғоялар таъсирида тарбияланади, муайян қарашлар ва ғояларни ўз эътиқодига сингдиради, ўз навбатида янги ғояларни яратади ва тарғиб этади.

Инсон ва жамият ҳаётида муҳим ўзгаришларнинг амалга оширилишида муайян ғоялар алоҳида ўрин тутади. Жамият тараққиётининг маълум даврларда тезлашуви, ёки секинлашуви, жамият ҳаётида ижобий ёки салбий ҳолатларнинг рўй бериши жамиятда қандай ғоялар ҳукмронлик қилиши, улар қандай кучларни харакатга келтириши, кимларнинг, яъни қайси бир ижтимоий қатламнинг манфаатларига хизмат қилишига кўра кўп жиҳатдан боғлиқдир.

Ҳар бир нарсанинг ўз ибтидоси ва интиҳоси, яъни бошланиши ва охири бўлади. Ғоялар ҳам ўз «умри»га эга. Улар ҳам маълум маконда ва замонда пайдо бўлиши, жамият ривожига муайян ҳисса қўшиши, кишиларнинг онги ва қалбидан жой олиши, ўз умрини яшаб, жозиба кучи ва қувватини йўқотмагач, тарихий хотирага айланиши ҳам мумкин. Ғояга таъриф бериш учун унинг моҳиятини намоён этадиган асосий хусусиятларни санаб ўтиш лозим бўлади. Ғоянинг энг муҳим хусусияти – инсонни ва жамиятни мақсад сари етаклайдиган, уларни ҳаракатга келтирадиган, сафарбар этадиган куч эканидадир.

Хулоса қилиб айтганда «Ғоя – инсон тафаккурида вужудга келадиган, ижтимоий характерга эга бўлган, руҳиятга таъсир ўтказиб, жамият ва одамларни ҳаракатга чорлайдиган, мақсад – муддао сари етаклайдиган кучли, теран фикр»[2].



[1]Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар (Олий таълим муассасалари учун қўлланма). Тошкент. «Янги аср авлоди». 2001 йил, 25-бет.

[2] Фалсафа Қомусий луғат. «Шарқ» нашриёти – матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти. Тошкент – 2004, 484-бет.

Киритилди: 2020-05-30 12:05:55; Ўқилди: 1899 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!