Якшанба, 20 октябрь 2019 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоя ва мафкура / Ғоя турлари

Ижтимоий-сиёсий ғоя

Категория: Миллий ғоя ва мафкура – Ғоя турлари;
Муаллиф: асс. Тоғаев Н ва асс. Рўзимуродов С.

Инсоният тарихи шундан далолат берадики, қадим-қадимлардан бери одамзод доимо озодлик ва тенгликка, фаровон ва эркин ҳаёт кечиришга интилиб келган.

Умуман олганда, одамлар бахтли бўлиши учун, улар албатта озод ва обод Ватанда яшаши, эркин ва фаровон ҳаёт кечириши зарур. Бундай Ватанни барпо этиш ва бундай жамиятда яшаш учун, авваламбор, жамият, давлат ва инсон тўғрисида илмий-назарий билимлар яратилиши ва шу билимлар амалга оширилиши талаб қилинади.

Бу билимларни асосан ижтимоий-сиёсий маъно-мазмунга эга бўлган, жамиятни бошқариш, унда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, демократик тамойилларни ҳаётга жорий этиш, мулкий муносабатларни бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда ўрнатиш, одамларнинг сиёсий ва ҳуқуқий эркинликларини таъминлаш, маданият ва маънавиятни юксалтириш, комил инсонларни тарбиялаш ва бошқа муаммолар тўғрисидаги ғоялар ташкил қилади.

Озодлик тўғрисидаги ижтимоий-сиёсий ғоялар, қарамликда яшаган ва унинг азоб-уқубатларини бошдан ўтказган одамларнинг онгида шаклланиб боради. Ўз халқининг эрки ва Ватанининг озодлиги учун Широқни ўлимни писанд қилмасликка олиб келган ва Мангубердини, ҳатто муғул босқинчиларини ҳам ҳайратга солган, қаҳрамонликлар қилишга ундаган ғоялар ҳам ижтимоий-сиёсий ғоялар бўлган. Соҳибқирон Амир Темур барпо этган давлатнинг «Куч - адолатда» деган шиорининг том маъносини ҳам ижтимоий-сиёсий мазмунга эга бўлган ғоя ташкил қилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов бу ғояга қўшимча қилиб, бугунги кунда жамиятимиз учун ўта зарур бўлган, янги ижтимоий-сиёсий ғоя сифатида - «Куч - билим ва тафаккурда» деган ғояни олдинга сурди.

Ижтимоий-сиёсий ғоялар ҳар бир халқ ва умуман, башариятнинг орзу-умидларини, мақсад-муддаоларини ифодалайди, эркин ҳаёт ва адолатли тузумни тараннум этади. Озодлик ва мустақиллик, адолат ва ҳақиқат, тинчликсеварлик ва инсонпарварлик ғоялари шулар жумласидандир. Асрлар мобайнида бундай буюк, ўлмас ғоялар халқларга куч-қувват ва илҳом бағишлаб, уларни ўз эрки учун курашга сафарбар этиб келган.

Озодлик ғояси – мазлумларни ўз эрки учун курашга чорлайдиган, қуллик ва қарамликнинг ҳар қандай кўринишини инкор этадиган ғоядир.

Мустақиллик ғояси - энг улуғ ва эзгу ғоя. Ҳар бир халқ истиқлол туфайли ўзига ёт ва бегона тузумдан, ижтимоий тазйиқлардан халос бўлади, ўзи истаган ва ўзи танлаган йўлдан бориш имкониятини қўлга киритади.

Адолат ва ҳақиқат ғоялари – инсоннинг табиатини ва ижтимоий тузумнинг моҳиятини белгилайдиган, қудратли кучга эга бўлган ғоялардир. Одамлар асрлар мобайнида одил жамиятни орзу қилиб, ҳақиқат тантанаси учун курашиб келган. Адолат бузилган ерда умидсизлик ва тушкунлик ҳукм суради. Адолат тантана қилган ерда жамият юксакликка кўтарилади.

Жамият, халқ ва давлатларнинг таназзулига сабаб бўлувчи, ғайриинсоний мақсадларга хизмат қилувчи вайронкор ғоялар сифатида эса – мустабидлик ва босқинчилик, террорчилик ва ақидапарастлик, жаҳолатпарастлик ва ирқчилик, миллатчилик ва маҳаллийчилик, ватансизлик ва ёвузлик ғоялари санаб ўтилади. Шунингдек, мафкуралар ҳам ижобий натижа берувчи бунёдкор мафкураларга ва салбий натижа берувчи вайронкор мафкураларга туркумлаштирилган. Прогрессив, либерал, тадрижий ва реал (амалий) мафкуралар ижобий натижа берувчи бунёдкор мафкуралар сифатида, регрессив, мустабид, инқилобий ва утопик (ҳаёлий) мафкуралар эса – салбий натижа берувчи вайронкор мафкуралар сифатида таснифланади. [1]



[1] Қаранг: Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар. Изоҳли кўргазмали воситалар тўплами. -Т.: Янги аср авлоди, 2001,. –Б. 12-17.

Киритилди: 2019-10-12 02:59:26; Ўқилди: 994 марта;

 

©: 2012 – 2019. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!