Шанба, 30 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоянинг рўёби / Ижтимоий ҳамкорлик

ТЎРТ МУҚАДДАС СЎЗ ҲИКМАТИ

Категория: Миллий ғоянинг рўёби – Ижтимоий ҳамкорлик;
Муаллиф: педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммад Қуронов

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда ўтган давр мобайнида қўлга киритган ютуқ ва натижаларимизни, мамлакатимизнинг салоҳияти ва қудрати, унинг халқаро майдонда нуфузи тобора юксалиб бораётгани, туб ислоҳотларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолининг кенг қатламларига етказиш учун тегишли ташкилий-амалий, маданий-маърифий тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш эътибор марказида бўлиши зарур.

Ислом Каримов.

• Қарор матнидаги олмос сўзлар.

• Буюк боболаримиз бугунги Ватанни кўрсалар, нима деган бўлардилар!?

• Маданий маърифий тадбирлар чамани.

• “Олтин олмаларни кумуш ликопларда кўрсатинг”.

• Тарғибот тадбирига талаблар.

• Бир мисолдан уч самара.

• Образли сўз кўз ўрнини босадими?

• Фикрни бир марта айтиб, икки марта эшиттириш мумкин.

• Тарғиботнинг “келаси”, “ҳозирги” ва “ўтган” замони.

• Қандай нотиқни ҳурмат қиладилар?

• Тадбир самарасини нима оширади?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Републикаси давлат мустақиллигининг йигирма йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори халқимиз интиқиб кутган хушхабар бўлди. Қарорда баён қилинган ғоялар халқимизнинг руҳи ва кайфиятини кўтариб, янги марралар сари илҳомлантирди. Асрлар давом этган мустамлакалик тарихини, машаққатли, лекин жўшқин йигирма йиллик бунёдкор кунларни эслади. Шаҳар қишлоқларимиздаги файзу шавқ одамларимиз чеҳраларига кўчгандек гўё. Бир ажиб хушнудлик, тароват кўзлардан кўзларга, сўзлардан сўзларга ўтаётир. Ўзбекистонимизда.

Қарорда маданий маърифий тарғибот масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу мақсадда Республика Маънавият ва маърифат кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида мустақилликнинг йигирма йиллик байрамига бағишланган тарғибот ишлари бошлаб юборилади. Бўлажак маърифий учрашувлар, жонли мулоқот, самимий суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар завқидан сархушмиз. Таниқли олимлар, адиб ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари сафарга шайланишмоқда. Уларнинг оташин, самимий суҳбатларидан пойтахтликлар ҳам, энг чекка қишлоқ ва овулларда яшаб, меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳам бирдай баҳраманд бўладилар.

Тиниқ сўз жилвалари

Ўзбекистон фарзандлари мазлум Ватанни озод этдилар. Бугун уни “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан!” дея юксак мартабага кўтардилар. Тўрт тарафда бунинг моддий ва маънавий тасдиқлари. Қувонмай бўладими?!

Байрамнинг тўрт сўздан иборат қисқа, самимий “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан!” шиорида ҳикмат кўп. Бу шиор – содиқ фарзандларнинг она Ватанга мурожаати. Ватанга муҳаббат изҳори. “Буюк” сўзи – йигирма йилда юксалган Ватан маҳобатини, “Муқаддас” сўзи – саждагоҳдек мақомини, “Мустақил” сўзи – кечаги кишанлардан озод, бахтиёр ҳолатини англатди. Шунинг учун ҳам бу шиор Президент қарор матнида олмосдек порламоқда.

Бу шиор ҳар бир ўзбекистонликнинг кўзларидан, сўзларидан сизиб чиққан. У энди ҳар куни, ёниқ кўзларимизда, тиниқ сўзларимизда жилваланади.

Юз йилдан кўпроқ вақт ўтгандан кейин яна озод бўлган, ўз тақдирини ўз қўлига олган халқ тўйи бу. Уйғонган миллат тўйи бу. Машаққатли, лекин шонли йигирма йилнинг ҳар тонгини Ватан деб бошлаган миллат тўйи бу. Буюк келажакка йўлнинг энг қийин довонларидан ўтган миллат тўйи бу.

Мўъжиза рўй берсаю, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Мир Алишер Навоий, Жалолиддин Мангуберди, Ал Фарғоний, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, термизийлар, шошийлар, насафийлар лоақал бир соат тирилиб, жам бўлсалар. Бугунги Ватанни, ўзларига кўрсатилган олий эҳтиромни кўриб нима деган бўлардилар!?

Соҳибқироннинг харобага айланган қабри бошида тиз чўкиб, миллатнинг аҳволи зоридан, мустамлакаликнинг ситамларидан йиғлаб қақшаган Фитратчи?! Бугун Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида, суворий Соҳибқироннинг маҳобатли ҳайкали қошида туриб нималар деган бўларди? Энди унинг кўзларидан шодлик ёшлари шашқатор бўлмасмиди!? Ҳа. Бугун уларнинг шод руҳларидан Ўзбекистон бошига дуолар ёғаётган бўлса, не ажаб?! Шундай эмасми?

Қарор билан тасдиқланган ташкилий амалий, маданий маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот ташвиқот ишлари дастурининг қамрови кўнгилларни кўтарди. Унга кўра мисли кўрилмаган даражада ташкилий ишлар амалга оширилади. Чора тадбирлар эришган марраларимиз каби кўп. Кўлами кенг. Миллионлаб юртдошларимизнинг ҳаётида ўчмас из қолдиради.

Маънавият ва маърифат Ўзбекистонда энг оммавий етти ёшдан етмиш ёшгача юртдошларимизга хизмат қиладиган соҳа. Ҳамма кўрадиган, ўқийдиган, эшитадиган, иштирок этаётган қадрдон соҳага айланди. Дастурдаги маданий маърифий тадбирлар чамани дилни яйратади. Бу тадбирлар ҳар бир ўзбекистонликнинг қалбида туганмас шодиёнани бошлаб бермоқда.

“Олтин олмаларни кумуш ликопларда кўрсатинг”, дейдилар. Бу бежиз эмас. Шундай улуғ кунларда шаҳру қишлоқ, маҳаллаларни шодиёна безаш, жиҳозлаш муҳим. Ҳар бир юртдошимизнинг қалби ва онгига кириб бориш ундан муҳим. Уларнинг руҳи ва кайфиятини кўтариш, янги марралар сари илҳомлантириш эса ундан да муҳимдир. Чунки “Тарихан қисқа бир даврда аввало эл-юртимизнинг ҳоҳиш-иродаси, куч-қудрати, машаққатли ва бунёдкорона меҳнати эвазига жаҳон харитасида янги, ўз кучи ва салоҳиятига таянган, бугун тараққиёт йўлидан барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган мустақил, суверен Ўзбекистон давлатининг пайдо бўлиши, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг тарихий ғалабасидир[1]”. Хуллас, маънавий маърифий тарғибот шонли йигирма йилда эришган ютуқ ва натижаларимизга мос бўлиши талаб этилмоқда.

Тарғибот тамойиллари

Маънавият ва маърифат соҳасининг қуроли ҳам, воситаси ҳам, усули ҳам – тарғибот(одамларни бир мақсадга рағбатлантириш), ташвиқот(шавқлантириш). Бу сўзлар бизга араб тилидан кириб келди. Демак бугун тарғибот - одамларни “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан!” шиори остида маънавий рағбатлантириши, ташвиқот “озод ва обод, эркин ва фаровон ҳаёт” шавқини акс эттириши керак.

Президентимиз Қарорида тарғибот-ташвиқот олдига аниқ-тиниқ талаблар белгилаб берилган. Яъни тадбирларни ўтказишда:

- янги ижодий кучларни, истеъдодли ёшларни, кенг жамоатчиликни жалб этиш;

- барча юртдошларимизнинг қалби ва онгига етиб бориш;

- уларнинг руҳи ва кайфиятини кўтарадиган;

- янги марралар сари илҳомлантирадиган;

- таъсирчан;

- расмиятчилик ва баландпарвозлик кўринишларидан холи

тарзда ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси юклатилган. Бу эса мутасаддилар, тарғиботчи ва ташкилотчиларга катта масъулият юклайди. Уларга ёрдам бўлар, деган ниятда маънавий-маърифий тадбирларни самарали ташкил қилиш бўйича айрим тавсиялар таклиф этилади.

Пухта тайёргарлик. Тадбирга тайёргарлик кўришда нотиқ уларга тақдим этиладиган қўлланмадан, илмий адабиётлардан, интернет тармоғидан фойдаланиши, мутахассислар билан суҳбатлашиши, маълумотлар тўплаши керак. Республикамизнинг марказий оммавий ахборот воситалари, телерадиоканаллари маълумотларидан унумли фойдаланиш зарур.

Ташкилотчилар қатнашчиларни тадбирдан камида бир ҳафта олдин хабардор этадилар. Керакли аудио, визуал, кўргазмали воситаларни тайёрлаб; фаол иштирокчиларни рағбатлантириш чораларини кўриб қўйсалар, яхши иш бўлади. Тадбир ҳали бошланмасдан туриб, ўзининг эълони билан кишиларни қизиқтирсин, ўзига чорласин. Уни эшитган, ўқиган киши тадбирда кўтариладиган масалалар унга дахлдорлигини тушунсин.

Ишонтириш. Мустақиллигимизнинг бебаҳо неъматлигига тингловчиларни ишонтиришга, уларда ифтихор, Ўзбекистоннинг Буюк келажагига ишончнинг янада мустаҳкамланишига эришиш демак. Токи тадбирдан чиқаётган юртдошимизнинг ишончи кираётганидагидан кучайиб, мамнун чиқсин.

Ёт ғояларга қарши тарғибот. Мустақиллигимизни кўра олмаётган гуруҳларни, уларнинг бузғунчи тарғибот олиб бораётганини зинҳор унутмаслик керак. Уларнинг қора фикр тўла каллаларига мустақиллик йилларида эришган, ҳар куни кўриб юрган ютуқларимиздан мисоллар билан зарба бериш даркор. Бу уч карра самарали. Биринчидан, бу тингловчиларнинг огоҳлигини оширса, иккинчидан, юртдошларимизга эришган ютуқларимиз ҳақида янги маълумотлар бериб, ифтихор уйғотади. Учинчидан, уларнинг қадрига етишга, шукронага чорлайди.

Тушунарлилик. Тарғибот назариясида “Нутқида 10та тушунарсиз сўз ишлатган нотиқ банкротга учрайди”, деган нақл бор. Бу бежиз эмас. Тарғиботчи кўпроқ кундалик ҳаётимизда ишлатиладиган сўзлардан фойдаланса, нутқи тушунарли бўлади. Расмиятчилик одамни бездиради.

Тадбирга мавзу танланганда, албатта, қатнашчиларнинг ёши, касби, маълумоти ва манфаатлари эътиборга олинади. Тарғибот материалининг мазмуни, келтирилаётган далиллар, баён услуби тингловчиларнинг ўртача даражасига мос бўлиши керак. Ана шунда тарғибот яхши самара беради.

“Тасвирли” сўз. Мактаб дастурларидан биламиз ки, сўз – иккинчи сигналлар системаси. У биринчи сигналлар системасининг ўзбекона акси. Қайноқ, ўз ўрнида айтилган публицистик сўз унда тасвирланаётган воқеа, манзаранинг ўрнини босиши мумкин. Бу физиологлар томонидан тасдиқланган. Масалан, Янгиқўрғонлик коллеж талабаси Шерзод Сурхондарёдаги янги темир йўлни ҳали бориб кўрмаган. Кеча тадбирда атоқли нотиқ Бахтиёр Исҳоқов бу қурилишни шундай тасвирладики, Шерзод Қумқўрғонга бориб келгандек бўлди. Чунки ҳароратли, образли баёндан таъсирланди. Қурилиш кўламидан ҳайратга тушди. Демак, образли сўз кўз ўрнини босиши мумкин экан. Чунки Шерзод аср қурилиши, деб номланаётган темир йўлни кўзи билан эмас, нотиқнинг сўзи билан “кўрди”. Нотиқ унда темир йўлни кўрганларда содир бўлган ҳайрат, завқни пайдо қилди да.

Тарғибот, у ёки бу ижтимоий сиёсий, мафкуравий ҳодисанинг содир бўлган вақтидан келиб чиқиб, уч замонга бўлинади. Булар – воқеа ҳақида олдиндан маълумот берувчи, воқеа билан бирга бошланувчи ва воқеадан кейинги тарғиботдир. Учаласи ҳам муҳим. Акс ҳолда айрим кишиларда ахборот етишмаслиги туфайли буюк ишлар моҳиятини тўла тушунмай қолиши мумкин.

Тингловчиларнинг руҳи ва кайфиятини кўтариш, янги марралар сари илҳомлантириш. Одамларнинг онгига тез ва соз кириб боришга хизмат қилади. Бадиий нутқ, қиёс, жўшқин руҳ тингловчилар қалби ва онгига йўл очади. Қарашларига тез таъсир қилиб, орзуларга қанот беради. Бунинг учун ёритиладиган воқеа, мисолларни танлашда уларнинг аҳолининг кўпчилик қисми учун муҳимлигидан келиб чиқилса, яхши бўлади. Одатда қатнашчиларнинг диққатини дастлабки олти дақиқа давомидагина жамлаб туриш мумкин. Шунинг учун аввало тингловчилар билан фаол мулоқот ўрнатиб олиш керак. Мисоллар келтиришни сўраб аудиторияга мурожаат қилиш ҳам қатнашчиларнинг диққатини жамлашга ҳисса қўшади. Бу бир неча марта такрорланса яхши бўлади. Бунда нотиқ билан тингловчиларнинг якдиллиги намоён бўлади. Бундан тингловчилар руҳланишади.

Ҳудудий ёндашув. Тарғибот мазмунини белгилашда 3 ҳудудий даража: 1 Республика, 2 ҳудуд, 3 тарғибот кечаётган туман, шаҳардаги корхона, муассаса, идора мисолларидан фойдаланиш тавсия этилади. Яъни бирор соҳа бўйича республика, ҳудудий, маҳаллий ва хусусий мисолларни бир бирига боғлаш тавсия этилади. Бу тингловчилар наздида у ёки бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида объектив, яхлит, тизимли манзарани ҳосил қилади.

Тингловчилар билан ишлаш. Шунингдек, иштирокчиларни қаторларга, гуруҳларга бўлиб, уларга саволлар ёки қизиқарли топшириқлар бериш. Тадбир охирида фаол ва ҳозиржавоб 3 кишини рағбатлантириб, уларга ҳам қисқача сўз берилса, яхши бўлади. Улар ўз сўзларида беихтиёр нотиқ айтган асосий факт, фикрларни қайта эслатсин. Ана шунда нотиқ бир марта айтган фикр иккинчи марта бошқа одам томонидан, айнан эмас, қизиқарли, бойитиб эшиттирилади. Ҳар бир такрор эса, тарғибот назариётчиларидан бирининг тили билан айтганда, “деворга мих қоқаётган болғанинг навбатдаги зарбасига ўхшайди”.

Аҳолини тўла қамраб олиш. Тасаввур қилинг, парранда гриппидан огоҳлантирувчи тарғибот самарадорлигини қандай баҳоласа бўлади? Туман аҳолисининг 100 фоизи: парранда гриппи нималигини тушунтириб бера олса; ўзини ва атрофдагиларни парранда гриппидан қандай ҳимоя қилишини кўрсатиб бера олса. Бу туманда ҳеч ким грипп бўлмайди. Чунки қамров 100 фоизга, кафолатли таъминланган.

Тўлиқ қамров нафақат огоҳлантириш мақсадларида, балки бунёдкор ютуқларимиз тарғиботида ҳам зарур. Қалбларга қувонч ҳар бир оилага, энг чет тумандаги энг чет уй, овулларига кириб бориши керак. Ана шунда миллат ўз шижоати, қудратини, нималарга қодирлигини 100 фоиз англайди. Қанотланади. Бунинг учун ҳар бир тадбирнинг қамров кўламини пухта ҳисоб китоб қилиб олинса, унда кўпроқ одам баҳраманд бўлади.

Самимият. Самимият бегонани – танишга, танишни дўстга айлантиради. Тарғиботда ҳам. Айниқса, мустақиллик мавзусида сўз кетганда. Шунинг учун Президентимиз Қарори расмиятчилик, баландпарвозлик каби хатолардан бизни огоҳлантиради. Самимийлик сўзловчи ва тингловчиларни бир маънавий организмга айлантиради. Юраклар бир хил ура бошлайди. Бунга эришмоқ учун нотиқдан эътиборлилик, зийраклик, чуқур билим, самимият талаб қилинади. Агар расмиятчиликка берилиб кетилса, иштирокчиларда ҳатто энг муқаддас мавзуларга ҳам бефарқлик пайдо бўлиши мумкин.

Кўргазмали воситалар. Кўргазмали воситалар кам вақт ичида кўп маълумотни чиройли қилиб кўрсатади. Нотиқнинг кўргазмали воситалардан яхшилаб фойдаланиши унинг жиддий тайёргарлигини кўрсатиб, тингловчиларда унга ҳурмат уйғотади. Шунинг учун тадбирларда Ўзбекистоннинг йигирма йил давомида эришган ютуқларига бағишланган ҳужжатли фильмлардан, мультимедиалардан, слайдлардан фаол фойдаланиш тавсия этилади.

Эришилган натижани мустаҳкамлаш. Маърузачи нутқининг сўнгида иштирокчилар билан мавзу юзасидан савол-жавоб учун вақт ажратади. Тингловчиларда саволлар туғилиши табиий. Агар муносабат суст бўлса, бу мавзунинг тўлиқ тушунилмаганидан далолат беради. Бунда мавзу юзасидан қўшимча саволлар билан тингловчиларни фаоллаштириб, тадбир самарадорлигини янада ошириш мумкин.



[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 6 апрель ПҚ-1516 сон Қарори. “Ўзбекистон Републикаси давлат мустақиллигининг йигирма йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”.

Киритилди: 2020-05-30 04:57:41; Ўқилди: 1527 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!