Якшанба, 9 август 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоянинг рўёби / Ватан равнақи

ЎЗБЕКИСТОНДА УЙҒОНИШ БАХТИ

Категория: Миллий ғоянинг рўёби – Ватан равнақи;
Муаллиф: педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммад Қуронов

ЭЗГУ ҒОЯЛАРИМИЗ РЎЁБИ ҲАҚИДА

Ғояларда акс этган натижалар

Рўёб – сувнинг сатҳи, юзаси, дегани. “Рўёбга чиқди” ибораси сув остида ётган бирор жисмнинг босимни енгиб, сув юзасига, сатҳига чиқишини билдиради. Бу ибора кўпинча орзу, ният, ғояларнинг ушалишига айтилади. Бугун ислоҳотларнинг кўзларимизни яшнатаётган, тилларимизни сайратаётган сон саноқсиз ютуқлари уларнинг заминидаги теран илмий асослардан, бунёдкор ғоялардан сўзламоқда.

Мақсади ноаниқ миллат шамол эсишига қараб сузаётган кемага, ўқлангану, бироқ қаёққа қараб отишни билмайдиган замбаракка ўхшайди. Президент Ислом Каримов халқимизга “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” деган буюк орзу ва ишончни берди. Мутеликка ўргатилган махсум ва маҳзун миллатнинг бошини кўтарди. Нуқул пастга, ўз оёқлари атрофини кўришга ўрганиб қолган миллат олдинга қаради. Ўзидаги чексиз имконият, салоҳиятни, бунёдкорлик майдонини кўрди. Ўзига ишонди. Ишга тушиб кетди. Бунинг натижаларини ҳар қадамда, ҳар куни кўраётган яхшилар шукроналар айтмоқда. Кўзи очиғу, “кўролмаётганлар”… қийналишмоқда.

Ҳарбий полигонларда ҳужум қанчалик зарур бўлса, ҳимоя ҳам шунча зарур. Демак, мафкуравий полигонларда ҳам. Миллий ғоямиз халқимизни ҳам ғоявий ҳимоя қилиши, ҳам ёвуз ғояларга қарши туришида Президентимизнинг огоҳликка даъват қилувчи асарлари, нутқлари, ташаббуслари, айниқса “Юксак маънавият – енгилмас куч” китоблари метологик асос бўлиб хизмат қилмоқда. Халқимиз, айниқса ёшларимиз қалби ва онгига илондек сирғалиб келаётган маккор ғоялардан огоҳлантиришда, уларга қарши курашиш учун маънавий қурол ва ҳимоя учун маънавий қалқон бўлди.

Миллий ғоямиз ўзида халқимизни бирлаштирадиган олий мақсадлар, асрлардан асрларга юраклардан юракларга олиб келган орзу-армонлардан яралди. Унинг рўёби учун мустақил фикрловчи инсонлар керак эди. Шу сабабли миллий ғоя тарғиботи олдига фуқаролар дунёқарашини бошқаришни эмас, балки одамлар тафаккурини бойитишни, янги маъно ва мазмун билан тўлдириш вазифалари қўйилди. Зеро “Миллий ғояда мужассам бўлган буюк мақсадларни рўёбга чиқариш авваламбор жамиятимиз ва шу жамият аъзоси бўлмиш ҳар қайси инсоннинг маънавий олами ва дунёқарашидаги ижобий ўзгаришлар билан бевосита боғлиқ эканини унутмаслигимиз зарур”лиги Президентимиз томонидан уқтирилди. Бу аввало жамият тафаккуридаги эски, унинг ўзи, халқи ва ватани учун зарарли қараш, қолиплардан даволашни талаб қиларди. Шу маънода миллий ғоямизга ўзига хос маънавий даволаш вазифаси юкланди.

Миллий мафкурамизнинг Бош ғояси Озод ва обод, эркин ва фаровон жамият қуриш этиб белгиланди. Бу – биз қуришни жазм этган “Келажаги буюк Ўзбекистон”нинг шаклу шамойили эди. Ана шундай Ватанда яшаш ҳар бир ўзбекистонликнинг орзусига, ғоясига айлантира борилди.

Ўтган машаққатли, лекин миллий ғоямиздан кучланган йигирма йил миллатни бугунги шарафли марраларга кўтарди. Ҳамма жойда, барча соҳаларидаги ўсиш, суръат, факт ва рақамлар, кўзларимиз кўриб, қулоқларимиз эшитиб турган ҳаёт динамикаси буни исботлаб бормоқда. Уларнинг кўплигидан ҳар бири ҳақида ёзиш ва шарҳлашнинг имкони йўқ. Мамлакатимиздаги газеталарни варақлаб, “Ахборот”, “Давр”ни кўринг. Ҳар бир куни бир китоб бўладиган бунёдкорликни кўрасиз.

2010 йилнинг 12 ноябри. Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” деб номланган маърузасида маънавий маърифий соҳа учун жуда қимматли фикр: одамларимизнинг ўзгаргани, уларнинг сиёсий ва фуқаролик фаоллиги ошаётгани, онгу тафаккури юксалиб, ён атрофда бўлаётган барча воқеа ҳодисаларга дахлдорлик туйғуси, эртанги кунга ишончи ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Эътибор беринг одамларнинг:

Ўзгаргани,

фаоллиги ошгани,

тафаккури юксалгани,

дахлдорлик туйғуси ортгани,

ишончи ортгани

таъкидланмоқда. Халқимиз онги тафаккуридаги бу ўзгаришлар диалектик равишда унинг тутуми, ҳаракатидаги ўзгаришларга олиб келди. Сафарбар қилди. Ва ниҳоят: “Юртдошларимизнинг, бутун халқимизнинг ҳаётидаги ана шундай ўзгариш ва янгиланишлар ўз моҳият эътиборига кўра, бугунги кунда мамлакатимизнинг тараққиёт ва фаровонлик йўлидан дадил ривожланиб боришини таъминлаётган ҳал қилувчи кучга айланмоқда”. [1] Бу юксак эътироф республикамизнинг барча ҳудудларида, давлат ва жамоат ташкилотлари, корхона ва идоралар, таълим муассасаларида хизмат қилаётган маънавият ва маърифат ходимларига юксак рағбат, мадад ва илҳом бермоқда.

Одам “Мен бу ишни қила оламан”, деганда (ўзига ишонгани учун) ҳақ бўларкан. “Мен бу ишни қила олмайман”, деганида ҳам(ўзига ишонмагани учун) ҳақ бўларкан. Демак, масала ишончга бориб тақалмоқда. Ишончни пайдо қилиш, кучайтириш шунчалар қийин ва муҳим экан да.

Эсланг. “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” шиори улкан ирода ва илмий асосга қурилган ишонч билан ўртага ташланди. Бу буюк орзу биринчи марта айтилганида, тўғриси, кўпчилик тушунмади. Тушунмаганларни ҳам тушунса бўларди. Чунки:

“Ўзбекистон БМТга аъзо бўлади”;

“Ўзбекистон халқининг ўртача умри 67 ёшдан 73 ёшга узаяди”;

“Тошкент – ислом маданияти пойтахтига айланади”;

“Фермерлик ривожланиб кетади”;

“Спорт Ўзбекистонни оламга тез машҳур қилади”;

“Ўзбекистон Германия, АҚШ, Япония, Франция, Хитой, Жанубий Кореяни ўзига тенг ҳамкор деб ҳисоблайди”,

“Ўзбек йигити олимпия ўйинларига судьялик қилади”,

“Ўзбекистон енгил ва юк автомобилларини ишлаб чиқаради, экспорт қилади”;

“Навоий шаҳри халқаро интермодаль логистика марказига - жаҳоннинг осмон йўлларини туташтирган жойга айланади”,

“Ўзбекистонда оналар ўлими 2 баробардан зиёд, болалар ўлими 3 баробар камаяди”

деган гаплар очиғи, ўша пайтдаги тасаввурга, ақлга сиғмас эди да. Шунинг учун “Бундай бўлиши мумкин эмас. Чунки бундай бўлмаган”, деганлар ҳам; “Ҳм м. Шошилманг. Кўрайлик қани, нима бўларкан”, дегувчилар ҳам кўп эди.

Ўзбекистоннинг, яъни ўз ватанининг ўз кучи, ақлига суяниб зўр давлат бўлишига ишонувчилар кам эди. Чунки бунинг аянчли сабаблари бор эди. 90 йиллар одамлари буюклик ўз юртида эмас, шимолда деб ишонтирилган эди. Ҳатто қўшиқлар ҳам шу ғояга хизмат қиларди. Бунга Ватан ҳақида ўзбек тилида куйланган қўшиқдан бир парча:

Бепоён юртимнинг бир гулбоғи,

Москвадан нур эмган бахт маёғи.

Бахтлисан, қардошлик оиласида.

(Ўша пайтлари бу қўшиқни жўшиб айтган ёшлар ҳозир унинг замиридаги маънони холис тушундилар. Энди билсак, бу қўшиқнинг маъноси: “Ўзбекистон! Электр қувватини Москва уласа ёнувчи, узса ўчувчи маёқсан. Нақадар бахтлисан”, экан.). Қўшиққа қўшилган ана шундай ғоялар қулоғимизда бўлган шундай бир вазиятда “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” шиори ўртага ташланди. Бу улкан жасоратни, халқни бунга ишонтириш эса ундан ҳам катта шижоатни талаб қилар эди.

Ўрта аср грек педагогикасида “Ignoti nulla cupido” “Мавҳум нарса одамларни қизиқтирмайди”, деган тамойил бўлган. Бу тамойил кейинчалик тарихда одамларни бир бутун, яхлит мақсад, ғоя атрофига бирлаштириш, уларни қизиқтириш, сафарбар қилишда иш берган.

Мавҳумлик билимдан чекинади. Ҳар бир инсон – ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, ғоявий, эстетик, маънавий, тарихий билимларнинг ўзига хос мажмуи. Ана шу билимлар уни бошқаради. Яхши (ёки ёмон) ишларга йўллайди. Бу билимлар мажмуи ва таркиби нисбий. Врачнинг кундалик билимлари фермерникидан, продюссернинг кундалик билимлари – журналистникидан фарқ қилади. Кундалик ҳаёт одамларнинг “ҳозир ва шу ерда”ги хатти ҳаракатларидан ташкил топади. Бу – ишлаётган реал онг дегани эмасми? Одам хулқини бевосита(ҳозир ва шу ердаги воқелик ҳақидаги) ва билвосита(бошқа вақт ва бошқа макондаги воқелик ҳақидаги) билимлари бошқаради. Бу одамнинг “ҳозир ва шу ерда”ги хатти ҳаракатлари унинг ўзи яшаётган жойдаги воқелик ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги ислоҳотлар ҳақидаги билимлари одамга қарор, хулоса беради, деганидир. Ана шу билимларни миллий ғоя, маънавият ва маърифат бермоқда.

Мақсад, ғоя ажойиб бўлсаю, унинг тасвири бўлмаса, халқ қалби ва онгига кириши, жой олиши, севилиши қийин бўлади. Шу боис ғоянинг тарғиботи, ташвиқи, тасвири улкан аҳамият касб этди. Миллий ғоямиз “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” деган буюк мақсаднинг Президентимиз асарларида акс этган шакл шамойилини халқимизга кўрсатди, тушунтирди. Янгича ишлашга, яшашга иштиёқ, завқ бериб, қизиқтирди, илҳомлантирди. Маърифат тафти мутелик, ишончсизлик музтоғларини эрита бошлади. Мустақил Ўзбекистон орзулари буюк одамлар юртига айлана борди.

Ўтган йигирма йил – Буюк орзуларни рўёбга чиқариш учун зарур вақт, инсон омили, маблағ, иш, тинчлик, сиёсат билан таъминлади. Халқимизни мустақилликни мустаҳкамлаб, янада ёруғ ва эркин ҳаёт сари умуммиллий сафарбарликка чорлади. Сиёсий партияларнинг мафкуравий платформаларига, жамоатчилик, нодавлат ташкилотларининг фаолият дастурларига сингди. Дастурлардан одамларнинг дунёқарашларига, улардан амалиётга ўтиб, юзага – рўёбга чиқмоқда. Бугун ана шу йигирма йиллик меҳнатнинг ширин мевалари дастурхонларимизда. Озод ва обод, эркин ва фаровон ҳаётимизнинг тотли, юз минглаб мисоллари бунга гувоҳлик бермоқда.

Натижаларда акс этган ғоялар:

Юрт тинчлиги:

Ота-бобо, она-момоларимизнинг чеҳраларини бир эслайлик. Улар Яратгандан бизлар учун тинч-осойишталик сўраб, дуо қилаётган сиймода гавдаланадилар. Демак, эртага биз ҳам авлодларга шундай гавдаланамиз. Демак, бу – азалий ва абадий ўзбекона қадриятимиз. Жаҳон миқёсида инсоннинг энг муқаддас ҳуқуқларидан бири - тинч яшаш ҳуқуқи эканлиги эътироф этилади. Ана шу миллий ва умумбашарий қадрият - тинчликни таъминлаш миллий мафкурамизнинг асосий ғояларимиздан бири этиб белгилаб олинди.

Миллий ғоямиз тинчлик сўзи билан бошланади. Бу ҳақда “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида қайд қилинганидек, “Табиийки, миллий ғоямиз шу юртда яшаётган барча одамларнинг олижаноб ниятларини, ҳаётий манфаатларини мужассам этадиган Юрт тинчлиги, Ватан равнақи, Халқ фаровонлиги деган юксак тушунчаларни ўз ичига олади”.

Тинчлик жозибали сўз. Унинг қадрини тинчлигини йўқотганлар яхшироқ билади. Тинчлик орзунинг эмас, балки мустаҳкам ҳимоянинг натижаси. Тинчлик бу – ҳар куни 24 соат давом этадиган аниқ, оғир иш. У ҳар бир вилоят, туман, маҳалла, оила, қолаверса, ҳар бир инсоннинг қалбидаги тинчлик, ҳаловат, хотиржамликка боғлиқ. Аслида тинчликни бузадиган катта сабаблар у ёки бу инсон қалбидаги нотинчликдан бошланса не ажаб.

Президентимиз шу сабабли бу масала аҳамиятини янада юқори кўтариб “Тинчлик учун курашмоқ керак!” деган талабни қўйдилар. Бу “Ўз уйингни ўзинг асра!” тарзида ҳар бир инсоннинг виждон иши даражасига кўтарилди. Токи ҳар бир фуқаро ҳар куни ўзининг оиласи, маҳалласи, Ватанининг тинчлигига дахлдорлигини эслаб қўйсин. Огоҳ бўлсин. Шу тариқа ушбу шиор ҳар бир ўзбекистонликнинг миллий бурчига айланди. Дунёнинг турли минтақаларида нотинчликлар фонида Ўзбекистон тинчлик, осойишталик диёри бўлиб турибди. Демак, Юрт тинчлиги учун кураш давом этмоқда. Давом этади.

Бугун халқимиз Юрт тинчлиги ғояси рўёбидан дарак берувчи минглаб ишлар натижаларидан хабардор. Бу ғоянинг тантанасидан баҳраманд. Хотиржам. Буни тасдиқловчи мисоллар океанидан олинган айрим томчиларга мурожаат қилайлик:

Тошкент. “Ҳаёт завқи”, “ҳаёт лаззати” деган ибораларни кўп эшитганмиз. “Ҳа, энди бу китобларда шоирлар ёзадиган гаплари да”, деб ҳам қўямиз. Йўқ. Ҳар бир киши реал ҳаётда, замонавий тилда – “on layn”да бахтини ҳис қилса бўлар экан. Ҳаёт лаззатини эртага туймоқчимисиз? Бунинг учун тонгда уйғонинг. Ўзбекистонда...

2011 йилнинг 10 марти. Соат 6:20. Кун тундан ажралаяпти... Уйга меҳмон келадиган. Сабзи пиёз деганларидек, Юнусобод бозорига борадиган бўлдим. Радио мурватини бурадим. Эфирда Сi FM. Ҳавога ўзбек шашмақомининг чолғу куйи янгради. Шундай самимий куй таралди ки, жондек самимий. Прайм-тайм соатларида эшиттириладиган, кўрсатиладиган “Нега мени севмайсан?” тоифасидаги “оммавий маданий” саёз сўз, соз, ортиқча ноз, ёлғон фироқ, ишва, фальш йўқ. Кетидан “Кўрсатмагай” қўшиғи.

“Оқила қиз ҳуснда ўртача бўлса ҳам,

Эл аро баъзи бир маҳлиқони енгади..

Эл ризосин қудрати балким қазони енгади.

Битта раҳмат оқибат минг балони енгади”, деган маърифий қўшиқлар таралди. Қўшиқ – икки нарсанинг қўшилгани. Ўзбек қўшиқлари – ҳикматнинг куйга, яхшиликнинг гўзалликка қўшилиши, дейсиз.

Ҳа. Ўзбекистон тонги ана шундай тароватли, ҳикматли бошланади. Лоқайд одам бунинг нашъасини суролмас экан. Бунинг учун Ўзбекистонда, тонгда уйғониш керак экан.

Социолог Дюркгейм ҳаётни ўрганишда: “ижтимоий фактга бир буюм, предметдек (моддий нарсадек, демоқчи.М.Қ.) қаранг”, деган эди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2010 йил 7 октябрь куни Оқсаройда БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош котиби Толиб Рифаини қабул қилди(“Адолат”. 2010 йил 8 октябрь.) Бир қараганда кичик бир хабар. Лекин фикрловчи одамлар шуни яхши биладиларки, қаерда тинчлик, хотиржамлик кафолатли ҳимояда бўлса, сайёҳ ўша жойга боради. Нотинчлик, беқарорликдан, ғурбатдан қочади.

Жаноб Толиб Рифаи БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти номидан Ўзбекистонга келиши Ўзбекистонимизнинг доруломон, тинчлик-барқарорликнинг ижтимоий фактини, моддий, реал майдони эканлигини англатмайдими?

Афсуски, айнан шу кунларда дунёнинг бошқа координаталарида бунинг акси: “Тошкент оқшоми” газетасининг ёзишича, Доғистонда жангарилар билан отишма чоғида уч нафар милиция ходими ҳаётдан кўз юмиб, биттаси яраланган. Ақлу ҳуши, маблағи жойида сайёҳ қаерни танлайди?



[1] Ислом Каримов. “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маъруза. Халқ сўзи, 2010 йил 13 ноябрь.

Киритилди: 2020-08-08 15:19:17; Ўқилди: 1876 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!