Душанба, 25 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоя ва демократия / Фуқаролик жамияти

ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ – МАЪРИФАТЛИ ИНСОНЛАР ҲАМЖИҲАТЛИГИ

Категория: Миллий ғоя ва демократия – Фуқаролик жамияти;
Муаллиф: педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммад Қуронов

«...чинакам инсоний фазилатларга эга бўлган ёки эга бўлишга интилган одам демократия неъматларининг оддий истеъмолчиси эмас, балки уларнинг фаол яратувчиси ва ҳимоячисига айланади. Ва демократия, фуқаролик жамияти асосларини амалда барпо этиш, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш мумкин бўлади. Шундагина инсон ўз мамлакатининг том маънодаги муносиб фуқароси бўла олади

Ислом Каримов

• Президент концепциясида Маърифатли жамиятнинг янги поғоналари.

• Қонун ва маърифат бирлиги

• Фуқаролик жамияти: тушуниш ва тушунтириш

• Ҳуқуқий маданиятнинг амали

• Кечаги манзаралар

• Гапиргандан кўрсатган яхши

• Ҳуқуқий маданиятнинг “сиртга чиқиши”.

• Билим бўлсаю, уни қўллаш уқуви бўлмаса...

• Тарбия масаласи

• “Минг кўзли девор”

• Ўзбекистон – юксак ҳуқуқий маданият ҳудудига айланади.

Ифтихор

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” деб номланган маърузасида одамларнинг ён атрофда бўлаётган барча воқеа ҳодисаларга дахлдорлик туйғуси – одамларнинг ўзгараётганлиги, уларнинг сиёсий ва фуқаролик фаоллигини, онгу тафаккурини ва эртанги кунга ишончини ошириб боришнинг шарти эканлиги айтилди . [1]

Миллат Буюк ислоҳот кўламини, салмоғини кўрди. 1991 2010 йилларда турмушимиз, мамлакатимиз қандай ўзгариб боргани, қандай натижаларга эришганимизни, очиқ демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида қандай суръатлар билан ривожланаётганимизни билди. Жаҳонда Ўзбекистон деган давлатнинг тобора ошаётган ҳурматига ўзининг «Бу – менинг Ватаним», деган дахлдорлигини ҳис қилди. Фуқаролик жамияти қадриятларига қизиқиши, иштиёқи ошди.

Фуқаролик жамияти. У қандай жамият? Унинг маънавий қиёфаси, одамлари қандай бўлади? Фуқаролик жамиятининг намунавий аъзоси бўлиш учун бизда қандай фазилатлар мужассам бўлиши керак?

Инсониятнинг буюк фарзандлари фуқаролик жамияти хусусида нодир фикрлар битишган. Ҳозир уларни бир эслаш фойдали бўлар: Пифагорнинг шогирди Ксенофилдан бир киши «Нима қилсам ўғлимни яхши тарбиялаган бўламан? - деб сўраганида у: «Болангни қонун устувор мамлакатда дунёга келтир» [2], - деган экан. “Қонун чекинган жойда амалдор кўпаяди, деган эди донишманд Соломон; “… Ахлоқни ислоҳ қилишни қонунларни ислоҳ қилишдан бошлаш керак (Гельвеций). Бу фикрни Гегель ўзининг «Ҳуқуқ фалсафаси» асарида ривожлантирган. «Ахлоқли бўлмоқ бу – қонун устувор давлатнинг фуқароси бўлмоқдир» [3] деган файласуф. Уларнинг орзулари Ўзбекистонда рўёбга чиқди. Президент концепцияси бизни ана шундай маърифатли жамиятнинг янги поғоналарига кўтаради.

Одамлар янада ўзгаради. Юксак маънавиятлилик – ахлоқий қонунга айланади. Муносабатларда тўғрилик, самимият, ўзаро ҳурмат устувор бўлади. Демократия яхшилик, бунёдкорликнинг қудратли қуролига айланади. Мамлакат м а ъ р и ф а т л и о д а м л а р ж а м и я т и б ў л а д и .

Мамлакатимизда Президент Концепцияси мазмун моҳиятини тушунтириш кенг кўламда давом этмоқда. Айниқса демократик ислоҳотлар, фуқаролик жамиятининг сиёсий, ҳуқуқий томонлари фаол тарғиб қилинмоқда. Шу боис биз фуқаролик жамияти моҳиятини маърифат, маънавият нигоҳи билан талқин қилишга жазм қилдик.

Қонун ва маърифат бирлиги

Маънавият ҳам, ҳуқуқ ҳам одамларни бирлаштиради. Миллий ўзликни англаш, ватан равнақи туйғуси одамларни маънан бирлаштирса, бир давлат фуқаролиги бу бирликни қонунлар билан қувватлаб туради. Шунинг учун ҳуқуқий маданият орамизда қанча тез урф бўлса, миллат шунча тез юксалади.

Фуқаролик жамияти - маънавият, маърифат, тарбия натижаси. “Инсон омили” эришган мукаммаллик даражаси. У аввало одамларнинг бошларида “қурилади”. Бунда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг икки соҳа иштирок этади. Бири – қонунчилик, қонун ижодкорлиги бўлса, иккинчиси – ана шу ҳуқуқий мазмун-моҳиятни одамларнинг фикрларига, ниятларига, хулқ-атворига кўчирувчи соҳа – ҳуқуқий тарбия, маърифат.

Аҳиллик бўлмаган жойда демократия ғаразли гуруҳлар нафсларининг қуролига айлантирилади. Бундан Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китоби бизни огоҳлантирди: “Айниқса, бугунги кунда халқаро майдонда турли сиёсий кучлар ўзининг миллий ва стратегик режаларига эришиш учун «Эркинлик ва демократияни олға силжитиш» ниқоби остида амалга ошираётган, узоқни кўзлаган сиёсатнинг асл моҳияти ва мақсадларини ўз вақтида сезиш, англаш катта аҳамият касб этади”. Демак, фуқаролик жамиятини ривожлантириш масаласини ўзимиз ҳал қилиб, ўзимиз ҳаётга жорий қилишимиз зарур. Чунки ҳозирги глобаллашган, мафкуравий мураккаб шароитда “ислом динини ўргатамиз”, “замонавий маданиятни ўргатамиз”, “хорижда зўр ишга жойлаб қўямиз”, “тез бойишни ўргатамиз”, “эркакларни мафтун қилишни ўргатамиз”, деган одам овловчи тўдалар орасида “демократияни ўргатамиз”, дейдиган қаллоблар ҳам бор.

Ҳуқуқий маданиятнинг ҳар бир киши томонидан ҳамма жойда, ҳар соатда амал қилишига қандай эришса бўлади? Асосий шартлардан бири одамларни фуқаролик жамияти қадриятлари руҳида тарбиялаш. Бурчларига ҳеч шубҳасиз, муҳокамасиз, ихтиёрий риоя қилишга ўргатиш. Бу эса бирданига бўладиган иш эмас. Аллома О. Ницше айтганидек: “Ахлоқийлик аввал қатъий талаб шаклида қўйилади. Унга риоя қилиш шартлиги учун бўйсуна бошлайдилар. Бироз ўтгач бу ихтиёрий одатга айланади ва охири у табиий, одамга ҳузур берувчи, ёқимли фазилатга айланади”.

Аҳил, мақсади, дили, тили, иши бир миллатда фуқаролик жамияти қадриятлари тез урф бўлади. Бир маҳалладошиникига келган ҳашарчиларнинг мақсад, нияти бир умумий ишни тезлатиш, сифатини ошириш. Шу сабаб бир бирини қўллаб-қувватлайди, якдил бўлишади.

Кечаги манзаралар

Нима яхшилигини билиш учун нима ёмонлигини, нима қилиш кераклигини билиш учун нима қилмаслик кераклигини билиш керак(Л.Н.Толстой), дейишади алломалар. Келинг, энди ана шу фикр кўзойнаги орқасидан (фуқаролик жамияти мавзуси билан боғлиқ) ҳаётимизда учраган айрим манзараларни кузатайлик.

1-манзара: Ёшларимизга ҳаётда катта мақсадлар қўйиб, ўз кучи, билими, ҳаракати билан эришишга ўргатиш керак. Афсуски, бунинг ўрнига баъзиларимиз: “Тоғанг фалон жойда ишлайди, айтган жойингга жойлаб қўяди”,- деб ўғлимизнинг бурчини тоғасига илардик. Тоға эса опасининг юзидан ўта олмай, ўрнатилган тартиб, қоидаларга кўз юмиб бўлса да, чуқур билимли мутахассис ишлаши керак бўлган вазифага ўртамиёна жиянини жойлаб қўярди.

2-манзара: Ҳанифа опа дўкондан киви, торт, помидор олди. Нархини сўраб, хушмуомала сотувчи йигитга 31000 сўм тўлади. Раҳмат айтиб чиқиб кетди. Чекини сўрашга ийманди. Оқибат: тўлаган пули кассага кирим бўлмади. Солиқ тўланмади. Мустақил давлатимиз бюджетига зарар етди.

3-манзара: Шокиржон ҳовлисидаги дарахтлардан тўкилган барг-хазонни кўчага чиқарди. Ёқмоқчи. Қўшниси Илҳомжон томоша қилиб турибди. Хазонга ўт қўйилди. Тутай бошлади. Лекин Илҳомжон: “Қўшни, келинг, шу ишни қилманг. Ҳавомиз бузилади. Шу ҳаводан ўзимиз, болаларимиз нафас оламиз. Келинг, ёрдамлашвораман. Бир халтага солиб қўйсак, машина келиб, олиб кетади”, демади.

4-манзара: Инспектор йўл ҳаракатланиш қоидасини бузган оқ Lasettiни тўхтатди. Ҳайдовчи Жавлонбек хатосини тан олиш, ёки ҳақлигини тушунтириш ўрнига четга ўтиб, ёрдам сўраб, кимгадир(ҳойнаҳой, тоғасига) телефон қила бошлади.

5 манзара: Ёш аспирант Комилжон илмий анжуманда бир олимнинг: “Кит бу – балиқсимонларнинг энг улкан туридир” – деган хулосасини эшитиб турибди. Комилжон илмий журналларни, интернетдаги зоологик янгиликларни кузатиб боради. “Узр. Рухсат берсангиз. Мен яқинда шу масала бўйича олимларнинг янги хулосасини ўқиган эдим. Унга кўра китлар сут эмизувчилар туркумига киришини исботлаганлар”, - демайди. Агар шундай деса, анжуман аҳли тўғри илмий хулоса билан тарқалар, бу эса фанга фойда келтирар эди.

6-манзара(телекўрсатувдан: «Чорраҳалардаги йўл транспорт ҳалокатларига ҳайдовчиларнинг бир-бирига йўл бермаслиги сабаб бўлаётир».(«Автопатрул» 2003.07.07.).

Фуқаролик жамиятида одамлар ўз бурчларига содиқ бўладилар: ота она фарзандига: “Ўз устингда ишла. Ўз билиминг, кучинг, ҳаракатингга ишон. Албатта бахтли бўласан”, дейди; сотувчи харидор сўрамаса ҳам чекни товарга қўшиб беради. Чунки иккаласи ҳам тўланган пул кассага кирим бўлишини, солиқ тўланишини давлатимиз бюджети бойишини истайди; хазонга ўт қўяётганларни қўшнилари тўхтатишади Ўзбекистон экологияси тоза бўлади; ҳайдовчи йигит тоғасига ишониб қоидани бузмайди; илмда холислик, ҳалоллик тантана қилади – бундан фан Ватан тараққиётига кўпроқ фойда келтиради; ҳайдовчи-ҳайдовчи, ҳайдовчи-пиёда муносабатларида самимий ҳурмат одатга айланади “авария” бўлмайди ва ҳ.к. Ҳар бир фуқаро олдидаги бурчларини билиб, амал қилса, бас. Ҳар соатда, ҳамма жойда Ватан, халқ, давлат, шахс, истеъмолчи, табиат, миллий маънавият жамоатчилик ҳимоясида бўлади.

Гапиргандан кўрсатган яхши

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясидан янги тарбиявий вазифалар келиб чиқади. Чунки фуқаролик жамиятининг ривожи ёш авлодларни фуқаролик жамиятида яшашга қандай тайёрлашга боғлиқ.

Президент Концепцияси таълим-тарбия, ижтимоий гуманитар фанлар мазмунига янги талабларни жорий қилишни тақозо қилади. Фуқаролик жамиятини барпо этишда ижтимоий-гуманитар фанлар нима қила олиши мумкин? “Фуқаролик жамияти” тушунчаси барча ижтимоий-гуманитар фанлар томонидан ўз объект ва предметларидан келиб чиқиб интерпретация қилиниши керак. Фанлараро интеграция ривожланиб, комплекс тадқиқот объектига айланса мақсадга мувофиқ бўлади. Фикримизча, фалсафа – демократик жамият фуқаросининг тафаккури, маданиятшунослик – фуқаронинг демократик маданияти, тарих – фуқаролик жамиятлари тарихини, педагогика – фуқаро ва ёшларда демократизм фазилатини тарбиялаш, психология – фуқаролик жамиятининг ижтимоий психологиясини, этнология – халқимизнинг фуқаролик жамиятига оид қадриятлари, маҳалла демократиясини, ахлоқшунослик – фуқаролик жамияти ахлоқи ва ҳ.кларни ўз объектига айлантиришса, самара ошади.

Токи ҳар бир йигит-қиз ўзининг ҳуқуқ ва бурчларини, уларни қандай қўллашни аниқ билсин. Одам телефон номерининг ҳатто биттагина рақамини нотўғри терса ҳам дўсти, ҳамкасби билан гаплаша олмайди. Мақсадга ета олмайди. Худди шунингдек, ўз ҳақ-ҳуқуқларидан лоақал биттасини қўллашни билмаса ҳам уни юксак ҳуқуқий маданият соҳиби дейиш қийин.

Ҳуқуқий маданият одамнинг кундалик ҳаётдаги турли ҳуқуқий вазиятларда билдирган фикрларида, хулқида, тутган позициясида миядан “ташқарига чиқади”. Демак, Шахснинг ҳуқуқий маданиятини билимлар асосида баҳолаб келинмоқда. Назаримизда якуний баҳо билимларга эмас, шахснинг ҳуқуқий билимларни қўллаш кўникмалари, малакаларига қараб чиқарилса, мақсадга мувофиқ бўлади. (Мажоз: Ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳаваскорнинг йўл ҳаракати қоидаларини тўлиқ билгани учун эмас, тўлиқ билимларини амалиётда қўллаб кўрсатгани учун берилганидек).

Бунинг учун ҳуқуқий тарбия олдига ана шундай вазифа қўйилиши керак. Акс ҳолда атоқли ҳуқуқшунос олим, профессор Акмал Саидов айтганларидек, “Ҳозирги босқичда фуқаролик жамиятининг демократик негизларини шакллантириш фақат Конституция ва Ўзбекистон қонунчилигининг асосий қоидаларини билишнигина эмас, балки ўзининг амалий фаолиятида Конституция кўрсатмаларига амал қилишни ҳам тақозо этадиган юксак конституциявий маданият қарор топиши вазифалари билан бевосита боғлиқдир. Муайян билимларга эга бўлиш мумкин, бироқ, уларни амалиётда қўллаш уқуви бўлмаслиги мумкин [4]”.

Келинг, муаммони янада соддалаштирамиз: Дўкондан янги чангютгич, ёки аптекадан дори олдингиз. Чангютгичга, дорига қўшиб улардан фойдаланиш йўриқномасини ҳам беришди. Йўриқномада харид моллари нима деб аталиши, қай меъёрда, қайси ҳолларда қандай ишлатиш, қандай ҳолларда ишлатмаслик огоҳлантирилган, уқтирилган бўлади. Тушунарли бўлиши учун расм, чизмаларни ҳам илова қилишади. Буларнинг бариси харидорни - чангютгичдан, беморни – доридан фойдаланишга ўзига хос ўқитиш, ўргатиш десак, бўлар!?

Одамнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиши улардан қаерда, қанча, қандай фойдаланишга ўргатиш керакми? Ҳа. Нега? Чунки ҳуқуқ – ҳар соатда, турли вазиятларда қўлланиладиган, одамни умрбод(ҳатто вафот этганидан кейин ҳам) ҳимоя қиладиган, ниҳоятда нозик восита. Ундан фойдаланмаслик ҳам, нотўғри фойдаланиш ҳам одамга зиён келтиради. Шундай экан, ҳар бир кишига ўз ҳуқуқ ва бурчларини худди чангютгичдан, доридан қандай фойдаланишни уқтирган каби уқтириш, тушунтириш керак экан. Акс ҳолда жамият светофори бузилган чорраҳага ўхшаб кетади. Бундан ҳамма қийналади. Светофор унга амал қилганларга ёрдам беради. Қонун ҳам шундай.

Ўз ҳуқуқини англаш одамга бошқа одамнинг ҳам худди шундай ҳуқуқлари борлигини билдириб, бурчларини англатади. Зеро “Қонун унга бўйсунувчиларга ёрдам беради(Демокрит). Чунки бир фуқаронинг ҳуқуқлари иккинчи фуқаронинг ҳуқуқлари бошланган нуқтада тугайди. Шу тариқа ҳар бир кишининг ҳаёти, шаъни, бойлиги, интеллектуал мулки, соғлиғи, фарзандлари, келажаги, яхши номи мустаҳкам ҳимояда бўлади.

Ўзбекнинг “Юз марта эшитгандан бир марта кўрган яхши” деган мақоли(интерфаол метод)ига дунёнинг ривожланган мамлакатларида амал қилмоқда. Барча жабҳаларда. XXI асрда ҳам. Масалан, самолет учишидан олдин хавфсизлик камаридан фойдаланиш тартиби радиода эшиттирилади. Стюардесса қиз эса ўқилаётган гапни ҳаракатларга айлантириб, кўрсатиб боради. Натижада эшитгандагидан юз марта кўп ва тез самарага эришилади.

Бу мақолдан ҳуқуқий маданият тарбиясида фойдаланиш ўзимизда ҳам яхши натижалар бера бошлади. Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитасининг ижтимоий телероликларида. Хизмат кўрсатувчиларга – бурчларини, истеъмолчиларга – ҳуқуқларини кўрсатиб моқда. Боболар сўзи бизга фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ёрдам бераётир. Демак, “фаол гражданлик позицияси”, “Фуқаронинг ҳуқуқий маданияти” масалаларини тушунтиришда халқимизнинг ана шу минг йиллик “интерфаол методи”дан кўпроқ фойдаланишимиз зарур.

Президентимиз маърузасида “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш ташаббуси кўтарилди. Бу – бизнинг “кучли жамият”га айланиб, жаҳоннинг юксак ривожланган давлатлари қаторига кўтарилишимизнинг муҳим қадами бўлади. Ана шундан давлатлардан бири – Япония. Японлар ўз жамиятини ҳазил аралаш “минг кўзли девор” деб аташар экан. Яъни ҳар бир япон, ҳар доим, ҳамма жойда қонунни, қонун ости ҳужжатларини, меъёр, талабларини билади. Ана шу талаблар кўзи билан уларнинг ижросини кузатиб боради. Бирор жойда бузилаётганини кўрса, шу заҳоти бевосита ёки билвосита муносабат билдириб боришаркан. Бундан қонунлар ижроси сифати, бундан эса давлат, мамлакат, ҳар бир фуқаро ютаркан.

Тарбия масаласи

Президентимиз асослаган Концепция юксак ҳуқуқий маданиятли ёшларни тарбиялашнинг аҳамиятини кескин кўтарди. Бу бежиз эмас, зеро фуқаролик жамияти даражасини кўп жиҳатдан ҳар бир йигит-қизимиздаги ҳуқуқий маданият даражаси белгилайди.

3-4 ёшли гўдакларни, уларнинг гапларини кузатганмисиз? Хар бир бола ростгўй, эркин, мустақил фикрлайди. Лекин яқин ўтмишимизда нимгадир ёш оша боргани сари одамлар орасида бу сифатга эга одамлар камайиб борарди. Сабаб – катталарда, тарбияда эди.

Собиқ совет тоталитар жамияти тоталитар ана шундай тарбияга таянар эди. Ёш авлодларни тоталитар жамиятда яшашга тайёрлашнинг методларини ўйлаб топар эди. Буни яхши эслайсиз: Кимга ўхшаш керак? Кимдан ибрат олиш керак эди? Қандай одамлар керак эди? Мулкдорларга, тадбиркорларга, халқига, ота-боболари урф-одатларига, динига эҳтиром қилган люмпенларга нафрат билан қаровчилар керак эди. Бундай асоссиз нафрат алангасида ўзини ҳам ёқишга тайёр кишилар зарур эди.

Фуқаролик жамияти қандай тарбияга таянади? Илғор педагог технологияларга таянган ҳуқуқий маданият тарбиясига. Бу – ҳар бир ўғил-қизга ҳаётнинг барча жабҳаларидаги бурч ва ҳуқуқларини билиш ва эмин-эркин ифодалаш учун керакли билим, кўникма ва малакаларни ўргатиш демакдир.

Қиёс қилсак, ҳозирги юксак ривожланган давлатлар муҳим ижтимоий ислоҳотлар даврида турли ҳуқуқий-маърифий социал технологиялардан фойдаланганлигини кўрамиз. Жумладан, бихевиористик ёндашувга. Бихевиористик концепция орқали жамиятга фуқаролик жамияти хулқ-атворининг янги, амалий моделлари ишлаб чиқилди. Ҳар бир фуқарога, жамият учун, давлат учун энг фойдали бўлган маданий хулқ-атвор намуналарини таклиф қилишди. Мактаб, ўқув юртларида эса бу тарбияни демократлаштириш йўналишларида ривожлантирилди.

ХХ асрда Европа, АҚШда “реформатик педагогика”, “Янги тарбия”, “Эркин тарбия”(Vom Kinde aus), “Экспериментал педагогика”, “Хатти-ҳаракат мактаби”, “Функционал педагогика”, “Мактаб маҳалласи”, “Меҳнат мактаби”, “Характерни тарбияловчи мактаб”(Ф.Паркер), “Демократик тарбия”(С.Френэ), “Ёш фуқаролар”, «Гражданлик тарбияси»(Г.Кершенштейнер), “Эркин ақлий меҳнат мактаби”, “Намунавий лицей”, “Деворсиз мактаб” каби тушунчалар фаол ишлатилди.

Уларда бозор иқтисодиёти, кучли рақобатлар шароитида ўз кучига, ўз ақлига, ўз имкониятларига таяниб яшаш учун ўз ақли, кучи ва имкониятларини ривожлантириш йўллари ўргатилди. Бошқа кишиларга (қариндош-уруғ, таниш-билиш, ҳатто ота-онага ҳам) таяниш, суяниб яшаш, мансабга эришиш каби иллатлар тафаккурдан ҳайдаб чиқарилди.

Бу нима берди? Бу – ҳар бир йигит-қизни рақобатларга тўла ҳаётнинг курашлар майдонига тайёрлади. Ёшликдан ўз келажагини ўз қўллари билан яратишдан бошқа тўғри, ҳалол йўл йўқ эканлиги билан юзма-юз қилиб қўйди. Натижада ёшлар “Ўқи!” демаса ҳам ўқиди. “Интил!” демаса ҳам интилди. Чунки улар бозор иқтисодиёти, кучли рақобатлар шароитида фақат ўз кучига, фақат ўз ақлига, фақат ўз имкониятларига таяниб яшаш учун ўз ақли, кучи ва имкониятларини ривожлантиришга ўргатилган эди. Бошқача қилиб айтсак, инглиз, немис, япон, корейс ёшлари ўзбек шоирининг:

Тақдирин қўл билан яратар инсон,

Ғойибдан келажак бахт – бир афсона!

деган ўгитларига амал қилиб, ватанларини юксак ривожланган давлатларга айлантирдилар. Бугун бу ташаббус бизнинг қўлларда. Бизга бу руҳни мустақиллик берди. Таълимни демократлаштириш «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»миз тамойилларидан бири сифатида амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ўзининг ёшлари билан жаҳоннинг илм фан, санъат, спорт ва бошқа жабҳаларини забт этишмоқда.

Бу тамойил барча соҳалар қатори фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ҳам асос бўлади. Чунки одам ўзи билмаган, кўрмаган, тушунмаган нарсаси ҳақида муносабат, фикр билдира олмайди. Шундай экан, ёшларнинг энг аввало ушбу Концепция мазмун моҳияти, аҳамиятини англашига эришиш – демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг асосий м а ъ н а в и й шарти эканлиги маълум бўлади.

Яъни, «...чинакам инсоний фазилатларга эга бўлган ёки эга бўлишга интилган одам демократия неъматларининг оддий истеъмолчиси эмас, балки уларнинг фаол яратувчиси ва ҳимоячисига айланади. Ва демократия, фуқаролик жамияти асосларини амалда барпо этиш, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш мумкин бўлади. Шундагина инсон ўз мамлакатининг том маънодаги муносиб фуқароси бўла олади». [5]

Бугун биз нафақат яшаяпмиз, балки келажагимизни ҳам қураётибмиз. Фуқаролик жамияти - юксак ривожланган давлат белгиларидан бири. Буюк Ўзбекистон бизга фуқаролик жамияти қиёфасида кўринади. Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини албатта ўзимиз учун, ўзимиз, бирга қурамиз ва бахтиёр яшаймиз! Ўзбекистон – юксак ҳуқуқий маданиятнинг гулшан ҳудудига айланади. Албатта.



[1] “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”.Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаси.//Халқ сўзи, 2010 йил 13 ноябрь.

[2] Лаэртский Диоген. О жизни, учениях и изречениях знаменитых философов. УШ. 16./ Разум сердца. М.: Политиздат. 1989. С. 547.

[3] Гегель. Сочинения. Т.: 1-Х1У. М.-Л., 1934. Т. УП. С.188. – 449.

[4] Акмал Саидов. Конституция – мамлакатнинг демократик ривожланиш ва уни модернизация қилиш гарови./Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари. №4(52) 2010. 8 бет.

[5] Президент Ислом Каримовнинг иккинчи чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлисининг тўққизинчи сессиясидаги «Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишлари»га бағишланган маърузасини таълим муассасаларида ўрганиш бўйича тавсиялар ва дастур./Илмий муҳаррир: академик Т. Рисқиев. Т.:»Маърифат-мададкор», 2002. -64 б.

Киритилди: 2020-05-24 03:06:41; Ўқилди: 2812 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!