Шанба, 30 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоянинг рўёби / Комил инсон

ҲАЛ ҚИЛУВЧИ КУЧНИНГ КАМОЛИ

Категория: Миллий ғоянинг рўёби – Комил инсон;
Муаллиф: педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммад Қуронов

Эндиликда олдимизда турган энг муҳим вазифа ...миллий ғоямизнинг узвий таркибий қисмларини ташкил қиладиган комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик каби тамойилларнинг маъно-моҳиятини бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий, таълим-тарбия ишларининг марказига қўйиш, уларни янги босқичга кўтариш, ёш авлодимизни ҳар томонлама мустақил фикрлайдиган етук дунёқараш эгалари қилиб тарбиялашдан иборат.

Ислом Каримов. (Юксак маънавият – енгилмас куч).

Комиллик. Камолот. Камолат. Баркамол. Мукаммал одам. Комил инсон. Пири комил... Бу сўз, ибораларни кўп эшитамиз, айтамиз, ўқиймиз. Луғатларда Комил сўзи – тўлиқ, етук, мукаммал маъноларини, “баркамол” эса етукликка эришган, мукаммал, камол топган, бекаму-кўст маъноларини бериши айтилади. Бекам – бирор жиҳатида ками йўқ; бекўст – бирор эгри, кемтиги ёки ортиқча жойи йўқ, бенуқсон дегани экан.

ХХХ

Комил инсон ғояси асрлар давомида халқлар, динларнинг эртак, достонларида, миллий қадриятларида, ривояту ҳикоятларида, китобларида, урф-одатларида келаётир. Ал Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Алишер Навоий каби алломаларимиз асарларида, миллий тарбиямизда бош ғоя бўлиб келди. Жаҳон сайёҳларини мафтун қилаётган меъморий обидалар, мадрасалар пештоқларидаги ёзувларда, ҳайкал, деворий суратларда ҳам боболаримизнинг (бугунги тилда айтсак) ғ о я л а р и б и т и л г а н . Уларда “Комил инсон” ғоясининг ҳам турли шакл ва тасвирлари бисёр. Шунинг учун ҳақли равишда Ўзбекистон - оламга комил инсон ғоясини берган маънавий цивилизация марказларидан бири, дея оламиз.

Бу ҳақиқат миллий тарбиямизнинг туб негизларидан келаётир. Бунга ер устидаги обидалар ҳам, ер остидаги археологик далиллар ҳам гувоҳлик бермоқда. Уларда боболаримизнинг бармоқ излари – муҳрлари қолган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” компаниясининг “Uzbekistan airways” (2009, №6)журналида Г.Юдина “Далварзинтепа – хазиналар ўлкаси” деган мақоласини эълон қилди. Унда ҳозирги Шўрчи туманида қадимий Кушон империясининг пойтахти бўлганлиги ёзилган. Журналист Далварзинтепада 1972 йил 25 сентябрь куни археологлар салкам 36 кило олтин жавоҳир тўлдирилган кўза топилганини ва Москвага олиб кетилганини ёзган.

Эътиборимизни олтиндан қимматроқ бир тасвирий ҳужжат ўзига тортди. Бу - ибодатхона деворига бундан 2000 йил олдин чизилган сурат эди. Унда 3 ёшли гўдак, 12 ёшли ўсмир ва уларнинг ўртасида турган мураббий тасвирланган. Мураббий гўдакни қўлтиғидан кўтариб, елкасига ўтқазган(қандай ўзбекона манзара!). Гўдак оқ кийимда. Унинг тирсаклари учишга чоғланган бургут қанотларини эслатади. Мураббийнинг кўзлари ишонч, қатъиятга тўла. Олдинга, юқорига тикилган. Мураббийнинг ўнг томонида гулдор дўппи(!) кийган ўсмир бола. Гўдакнинг ҳам, ўсмирнинг ҳам нигоҳи устоз тикилган нуқтада. Олдинда, юқорида. Сурат I аср арафасида чизилган. Кушон империяси эрамизнинг I III асрларида (демак, сурат чизилган даврдан кейин) гуллаб яшнаган.

Ўзингизга маълум, ибодатхона, сарой, мадрасалар деворларига тўғри келган сурат чизилавермайди. Чизилганларида эса давлатни, халқни бирлаштирувчи, сафарбар қилувчи устувор ғоялар тасвирланади. Демак, сурат ўша даврнинг бир устувор ғоясини ифодалаётир. Уч авлодни унинг атрофида бирлаштираётир. Устоз ёш авлодга: “Сизлар биз эришган кўра юқорироқ маррага тезроқ чиқишингиз керак”, деяётгандек. ёшлар эса “Албатта чиқамиз” деяпти гўё.

Орадан 1000 йил ўтди. Шарқда Ренессанс. Буюк аллома бобомиз Абу Райҳон Беруний дафтарига “.. биз етишолмаган нарсаларга уларни(ёш авлодни) етиштирсак, деган умиддамиз”, деб ёзди.

Орадан яна 1000 йил ўтди. Биз бугун яна ўз давлатимизга эгамиз. Шўролар “улғайиб, винтик бўласан”, деб ерга туширган зурриёдларимизни яна бошимиз узра кўтардик... Улар биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!

Ривожланган мамлакатлар ёшлари фазилатлари

“Комил инсон ким? У қандай бўлиши керак?”. Педагогика тарихи жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари юксалиш арафасида бу саволга тез-тез мурожаат қилганини кўрсатади. Жавоб топиб, ёшларини эртанги куннинг юксак талабларига пухта тайёрлаб кириб боришган. Чунки бу рақобатли дунёда эртанинг талаблари янгича, мураккаб, қийинроқ бўлган.

Ўзбекистон билан дўстлигидан фахрланадиган давлатлар сони йилдан йилга орта бораётир. Шулардан бири – Кореяда юксалиш арафасида “табиий ресурслар чекланган, ижодга эса чегара йўқ” деган шиор кўтарилган экан. Бу – юксак интеллект инсон фазилатларининг гултожига айлантиришни англатар эди. Шунга амал қилиб, кам бўлишмади.

Комил инсон ғоясига амалий, прагматик ёндашган давлатлар тезда назарий қоидалардан бугунги ва эртанги кун учун “фойда” чиқариб олди. Экспериментал педагогика ривожланди. Тарбиянинг назарий тушунчаларини кўринадиган нарсаларга – образларга, бихевиор технологияларга айлантиришди. Ҳал қилувчи кучни ошириб олиб, бошқалардан ўтиб кетишди. Ўша синалган фазилатлар янгилари билан бойитилиб, шакллантирилмоқда.

АҚШнинг «Америка - 2000:таълимни ривожлантириш стратегияси (1991)» дастурида етук шахсга хос фазилатлар сифатида ростгўйлик, мақсадда собитқадамлик, тўғрилик(рўй-ростлик), пухталик ва шахсий масъулиятга устуворлик берилди. Шунингдек, ёш америкаликларда жасурлик, фидойилик, барқарорлик, қатъийлик,тиришқоқлик, ҳамдардлик, бағрикенглик сингари 60 та асосий фазилат шакллантирилмоқда.

Буюк Британиянинг таълим бўйича Миллий комиссияси (1993) мактабга: ёшларда ҳақиқатпарварлик, бошқаларга ҳурмат, жамият олдида бурчга содиқлик, одамларга ғамхўрлик, маданий меросга ҳурматни шакллантириш, демократик эркин жамият фуқаролари бўлиш, бағрикенглик фазилатларини сингдириш, ахлоқан ва маънан кучли шахслар қилиб етиштириш вазифаларини юклади.

Франция таълим вазирлиги кўрсатмаларида (1985) масъулиятли, ғурурли, ўзгаларни ҳурмат қилувчи, бошқалар билан ҳамкорликка тайёр, ирқчиликка қарши турувчи, мультикультурализмни қабул қилувчи, ўзининг Францияга муҳаббатини Озодлик, Тенглик, Қардошлик ғоялари билан уйғун ривожлантирган демократик жамият кишиси фазилатларига эга шахсни тарбиялаш кўзда тутилган.

Япониянинг “Таълим тўғрисида”ги Қонунида мактабга тинчлик ва инсонийлик идеалларига амал қилувчи миллатни шакллантириш миссияси юклатилган. Яъни: шахс сифатларини тўлиқ ривожлантириш; тинчликпарвар давлат ва жамият қурувчиларини тарбиялаш, ҳақиқатпарварлик ва адолатлилик; шахсий эркинлик; меҳнатсеварлик; масъулиятлилик; мустақил фикрлилик; ўзгалар билан ҳамкорлик, мустақил фикрга эгалик; анъанавийлик билан замонавийликни англаш; халқаро ҳамкорликка тайёрлик; кундалик турмуш малакаларига эгалик; руҳан ва жисмонан кучлилик; ўзини бахтли ва бошқалар билан уйғун қила олиш фазилатлари шакллантирилмоқда.

Таълим муассасалари учун чиқарилган “Идеал японнинг фазилатлари” деб номланган ҳужжатга кўра япон ёшларида 16 та фазилат шакллантирилади. 16 фазилат 4 гуруҳга бўлинади. Булар: 1) шахсий сифатлар: эркинлик, ўзига хосликни ривожлантириш, мустақил бўлиш, ўз ҳоҳишларини идора қила олиш, пиетет(эҳтиром) туйғусига эгалик; 2) оила бошлиғига хос сифатлар: ўз уйини меҳр-муҳаббат, ҳаловат ва тарбия масканига айлантира олиш; 3) ижтимоий сифатлар: ўз ишига садоқат, жамият фаровонлигига ҳисса қўшиш, ижодкорлик, миллий(ижтимоий) қадриятларни ҳурмат қилиш; 4) фуқаролик сифатлари: ватанга содиқ бўлиш, давлат рамзларини қадрлаш, ижтимоий фаоллик, энг яхши миллий фазилатлар соҳиби бўлишни ўргатади.

Рим клуби бугунги авлодлар тарбиясида инсониятни безовта қилаётган: экологик инқироз, бедаво касалликлар, диний-этник конфликтлар, урушлар, фавқулодда вазиятларнинг олдини олишни тавсия этмоқда.

Юксак технологиялар глобал ривожланаётган XXI асрда Президент Ислом Каримов таъкидлаган интеллектуал бойлик етакчилик қилади. Шунинг учун бугуннинг комил инсонларига Ўзбекистон қўяётган талаблар бир томондан юксак ривожланган давлатлар билан ҳамоҳанг эканлиги, иккинчи томондан, маънавият, интеллект устуворлиги билан ажралиб туради. Яъни фарзандларимизда интеллектуал ривожланганлик, замон талабларига мос тайёрлик, юксак маънавият, ахлоқий соғломлик, жисмоний чиниққанлик, мустақиллик идеалларига чексиз садоқат, Ватани ва халқига содиқ, миллий ўзлигимизга ёт ғоя, қарашларга муросасизликни мужассам этиш тақозо этилмоқда.

Мана шу фазилатларнинг бирортаси суст бўлса-чи? Бунда уйғунлик бузилади. Масалан, ахлоқи пок, жисмонан кучли бўлсаю, интеллектуал ривожланмаган бўлса; ёки интеллектуал, жисмонан кучли бўлсаю, мустақиллик идеалларига содиқ бўлмаса, бундай шахсни Комил инсон деб бўладими? Асло. Шунинг учун ҳам “Фарзандларимизни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, онгли яшайдиган комил инсонлар этиб вояга етказиш — таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим”. (Юксак маънавият – енгилмас куч).

Шарқона фазилатлар гулдастаси – ХХI

Бугун баркамоллик биз учун фазодаги, тарихдаги ёки келажакдаги орзу эмас. “Юксак маънавият – енгилмас куч” китоби “комил инсон” устидаги мавҳумлик пардасини олиб ташлади. Аниқ фазилатларни “ҳозир ва шу ерда”, маънавий тарбиявий ишларни илмий асосга қуриб етиштириш қудратига ва тизимига эгамиз. Бунинг учун шахсни камолатга элтувчи:

• фазилатлар маъносини англаш;

• уларга эга бўлиш;

• уларга амал қилиб яшаш

деган уч методологик мезони асослаб берилди. Зеро: “... мухтасар қилиб айтганда, Оллоҳнинг ўзи бизга буюрган комил инсон бўлиш, ҳалоллик ва адолат билан ҳаёт кечириш каби олийжаноб фазилатларнинг маъно-мазмунини нафақат чуқур англаш, балки ана шундай хусусиятларга эга бўлиш, уларга амал қилиб яшаш(таъкид бизники.(М.Қ.) — одамзотнинг маънавий бойлигини белгилаб берадиган асосий мезон, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди”.

Мустақиллик маънавияти фарзандларимизни баркамол этувчи гўзал фазилатлар гулдастасини саралаб берди. Бу гулдаста аждодларимиз ўгитларидан, Президент Ислом Каримовнинг замон талаблари, иқтисод, сиёсат, тараққиёт, миллий тарбия ҳақидаги фикрларидан терилган. Айниқса, “Юксак маънавият – енгилмас куч”дан: “... бизнинг улуғ аждодларимиз ўз даврида комил инсон ҳақида бутун бир ахлоқий мезонлар мажмуини, замонавий тилда айтганда, шарқона ахлоқ кодексини ишлаб чиққанликларини эслаш ўринли, деб биламан. ...Ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё, ибо ва иффат каби юксак ахлоқий туйғу ва тушунчалар бу кодекснинг асосий маъно-мазмунини ташкил этади, десак, ўйлайманки, хато қилмаган бўламиз...”

Юртбошимиз асарларида бугунги замоннинг комил инсонларига хос бўлган 200 дан ортиқ фазилатлар баён қилинган. Биз уларни ХХI асрнинг “Шарқона фазилатлар гулдастаси” деб атадик. Мана улар:

- юксак салоҳиятли, маънавий уйғоқ, ор-номусли, уят ва андишали, шарму ҳаёли, иболи ва иффатли, собитқадам, шижоатли, диний қадриятларни билувчи, савоб ишларни кўп қиладиган, тарихимиз, маданиятимиз, буюк аждодларимиз меросини чуқур билувчи, ватанга содиқ, миллий ғурурли, юксак маънавиятли, янгича фикрловчи, Амир Темур бобомизнинг шижоат, азму қарор ва ўктамлигига эга, фидойи, юксак ҳуқуқий маданиятли, жаҳон тарихи ва маданияти ютуқларини чуқур ўрганган, мард, ташаббускор, эл-юрт ташвишини зиммасига оладиган, дахлдор, иймонли-эътиқодли, ўз ҳақ-ҳуқуқини билиб, ҳимоя қила олувчи, мустақиллигимизни кўз қорачиғидай ҳимояловчи, сахий, ўз мустақил фикрига эга, меҳр-оқибатли, ғоявий ва мафкуравий таъсирларга қарши тура оладиган, ўтганларни хотирлаб, тирикларни қадрловчи, 20 йилда эришган ютуқларимизни давом эттиришга қодир, билимли ва истеъдодли, меҳнатсевар, тадбиркор ва янгиликни тез илғайдиган, ғайрат-шижоатли, иродали, қатъиятли, сабот-матонатли, жасур, фаол, замонавий, юксак технологияларни ўзлаштирган, соғлом турмуш тарзига интилувчи, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топган, огоҳ, ҳушёр, муносиб даромад топувчи, юқори малакали, масъулиятли, етук мутахассис.

“Шу фазилатлар бугунги ёшларимизга хосми”? деган саволни мардона ўртага ташлайлик. Ҳа, деймиз. Чунки шундай ёшларимизнинг таниш чеҳралари кўз олдимиздан ўта бошлайди. Мисол учун, Сиз ҳам уларнинг бир нечтасини биласиз. Шундай эмасми?! Демак биз боболаримиз кўз тиккан олдиндаги юқори нуқтадамиз. Биз ҳам олдинга, юқорига тикилганмиз. Шу сабабли фарзандларимиз биздан ҳам кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишаётир.

Ўзбекистон - комил инсонларни етиштирувчи мамлакат

“Юксак маънавият – енгилмас куч” китоби Президент Ислом Каримовнинг “Ватанимизнинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори авваламбор фарзандларимизнинг униб-ўсиб, улғайиб, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқдир. Биз бундай ўткир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак”, деган сўзлари билан очилади.

Ҳа. Баркамол авлодни кўриш Соҳибқирон Амир Темур тузукларидан, Алпомиш, Гўрўғли достонларидан, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Алишер Навоий девонларидан, Президентимиз Ислом Каримов асарларидан униб “чиқиб”, тарбиявий иш дастурларимизга айланди.

Бунга эришиш ўз-ўзидан кечмади. Аввало қонунлар шу буюк мақсадга йўналтирилди. “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури” ишлаб чиқилиб, жорий этилди. Бюджет маблағларининг энг катта қисми энг яхши инвестиция - Комил инсонларни етиштиришга ажратилмоқда.

Бир неча йилларимиз номи ёшларимизнинг маънавий ва жисмоний саломатлигига бағишланди. Бу йиллар ўзларидан улкан натижалар қолдириб ўтди. 2008 йил “Ёшлар йили”, 2010 йил “Баркамол авлод йили”... Янги қурилган мактаблар, лицей, коллеж, мусиқа мактаблари, таълим инфраструктурасини тубдан ислоҳ қилиш, ўқитувчилар малакасини ошириш, ўқув-методик таъминот деган оддий одамларга сезилмайдиган, лекин самараси бебаҳо юзлаб тадбирлар амалга оширилди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати барпо этилди.

Дунёнинг 6та энг зўр институт, университетлари Ўзбекистонга келди. 20 йил илгари биз Вестминстер, Турин, Сингапур сервис институтларининг борлигини ҳам билмасдик. Комил инсонларни етиштириш тизимини ишга тушириш осон бўлмади.

Олдимиздан муаммолар тоғлари чиқди. Давлатимиз уларни (сурхондарёдаги темир йўли қурилишидаги каби) кесиб, (Тошкент-Водий йўлидаги тоннеллар каби) тешиб, ошиб ўтди.

Юзлаб танлов, кўрик, соврин, имтиёзлар тизими, кредит линиялари, имкониятлар, моддий ва маънавий рағбат шакллари, олимпиадалар, кўкрак нишонлари, барча-барчаси ёшларимиздаги иқтидорни кучайтириш, ривожлантириш, уларни комил инсонларга айлантиришга қаратилди.

Ўнлаб давлат ва жамоатчилик ташкилотлари бу ишга камарбаста. Кўчаларимиздаги шиорларимиз ҳам “Ўғил-қизнинг комили – тараққиёт омили” деб даъват қилаётир. Истеъдодли ёшларни рағбатлантириш тизимини айтмайсизми. “Келажак овози” кўрик танловининг архитектура ва дизайн, ландшафт дизайн, либослар дизайни, ахборот технологиялари, рационализатор таклифлар ва техник ишланмалар, Веб ишланмалар, менежментни яхшилаш, дастурий таъминот, рационализаторлик таклифлари, миллий ва амалий санъат, тасвирий санъат, рақс йўналишлари; “Навқирон Ўзбекистон - 2010” республика анъанавий ва замонавий санъат фестивали ғолибларинининг инсталляция, архитектура лойиҳалари, “Ab OVO” лойиҳалари, видеоарт жанридаги тасвирлари, дизайн, кулолчилик, каштачилик бўйича ижодий ишлари болаларимиздаги баркамоллик натижалари эмасми?

Бугун Ўзбекистон нафақат рақобатбардош автомобилларни, саноат маҳсулотларини, илм-фан ютуқларини, балки ҳеч кимдан кам бўлмаган, баркамол инсонларни етиштирувчи мамлакатга айланди. Яна ҳам соддароқ айтганда, юксак сифатли ғалла, автомобиль, пахта етиштириш учун қандай тизим, шарт-шароит яратилган бўлса, Комил инсонни тарбиялаш учун ҳам шундай тизим, моддий-техник, технологик шарт-шароит муҳайё.

Ҳазрат Навоийнинг “Барчасидин ғараз инсон эди”, деган пурҳикмат сатри бор. Ўзбекистон эришган бу ютуқ дунёнинг барча миллат ва динларининг мақсудини ифодалайди. Чунки бу - инсонни комил қилиш, азизлаш йўлидаги ютуқ бўлди. Шунинг учун миннатдор авлодлар бу ишларни 50, 100, 1000 йилдан кейин ҳам чуқур миннатдорлик, ҳурмат билан эслайдилар. Бизлар эслаётганимиз каби.

Бу муқаддас Ватанда инсон азиз бўлди. Азизланганлар эса азизлаганларни азизлайдилар.

Жаҳон бўйлаб болаларимиз эришаётган юксак марралар юксак маънавиятнинг енгилмас куч эканлигини тасдиқламоқда. Шу билан бирга “... Баъзи бир сиёсатчи ва назариётчиларнинг, олдин моддий ҳаётни, кейин маънавий масалаларни ўйлаш керак, деган мазмундаги фикрлари мутлақо хато бўлиб, янги жамият, янги ҳаёт қуриш жараёнида фақат зарар етказиши мумкинлигини бугун ҳаётнинг ўзи ҳар қадамда тасдиқлаб бермоқда”(“Юксак маънавият – енгилмас куч”).

“Олдин моддий ҳаёт, кейин маънавият” йўлини тутганларнинг бу хатоси туфайли дунёда “бой берилган авлод” – “Lost generation” иборасини пайдо бўлди. Моддий бойликни қувиб кетганлар, уйидаги фарзандлари тарбиясини бегоналарга бериб қўйдилар. Вақтларини тежадилар. Ортиқча 10 сўм топдилар ҳам. Бугун эса жонсарак бўлиб, болаларини қайта тарбиялашга 1000 сўм сарфлашмоқда. Лекин самара 10 сўмлик бўлаётир. Чунки вақт бой берилган. Мана сизга “олдин моддий ҳаёт, кейин маънавият”нинг аянчли моддий, маънавий оқибати.

Тарбияда бой берилган имкониятлар бегона сиёсий-молиявий гуруҳларнинг иштаҳасини очиб юборди. Улар ҳам ҳар куни, узлуксиз ишлаб, ёшлар қалбининг “параболик антенналари”ни ўзга юртларга қаратиб олишди. Уларга қўшилиб Интернетнинг “Одноклассники”, “Фейсбук”, Wi-Fi, “В контакте” ижтимоий тармоқлари ёшларга идеал “улашмоқда”. Энди улар ўз ватанига эмас, хориж ҳаётига кўпроқ дахлдор бўлиб қолишаётир. Бой берилган авлодни “ушлаб туриш”, ўз Ватанига, миллатига, ота онасига “қайтариш” энди жуда кўп маблағ, вақтни талаб қилмоқда. Чунки қайта тарбиялаш тарбиялашдан қиммат туради.

Аброр Мақсталиев: “Команда Ватан учун, деб ўйинга кирди...”

Спорт, ёшларимиз мамлакатимизни тез машҳур қилишаётир. 20 йил олдин “Ўзбекистон” сўзи хорижликларда таажжуб уйғотар эди. Бугун ҳурмат уйғотаётир. Бу ишда ҳам ёшларимиз биздан ўтишаётир. Ўзбекистонни “Оламни маҳлиё айлаган диёр”га айлантиришаяпти.

“Таҳлилнома”нинг 2011 йил 18 июль сонини кўрдингизми? Ўша кеч юртдошларимиз муҳтарам Президентимизнинг “Ишонаман: ... фарзандларимиз, "Қувончим, ифтихорим, ғурурим - Ўзбекистон!" дея курашга тушади ва шу замин номини оқлайди, мардлик ва шижоат кўрсатади”, деган орзуларининг яна бир рўёбини кўрдилар. Футбол бўйича жаҳон чемпионатида “Биз Ватан учун деб ўйинга кирдик. Жамоавий ўйин қилганимиз бизнинг энг катта устунлигимиз бўлди”, - деди ўсмирлар миллий терма жамоамиз сардори Аброр Мақсталиев. Уларни фақат спорт техникаси эмас, Ватанга садоқат, фарзандлик бурчи, жамоавийлик руҳи қўшқанот бўлиб, ғолиб қилди. Булар юқорида санаб ўтганимиз - “Шарқона фазилатлар гулдастаси”даги фазилатлар. Демак, ўсмирларимиз Ватанга садоқат ва жамоавийлик фазилатларининг маъносини англаб, уларга эга бўлиб, уларга амал қилиб яшашаётир. Бу фазилатлар уларни қолиб қилаётир.

Ҳа. 1991 йилнинг ўсмирлари Мексикани харитадан зўрға топарди. 2011 йилнинг ўсмирлари Мексикани ҳайратга солиб қайтишди.

Мексикаликларнинг “Ким билан ўйнашни истардингиз? деган саволига болаларимиз жилмайиб: “Бизга бунинг аҳамияти йўқ”, деб жавоб беришибди. Камтарлик билан нақшланган бундай метин ишончни, бирликни кўрган мағрур мексикаликлар ўзбек болакайларини севиб қолишди. Буни билдириш учун байроғимизнинг кўк-яшил рангларини юзларига чизиб, стадионга киришди. Жаҳон футбол шарҳловчиларини Ўзбекистонни шарафлашга мажбур қилишди. 15 ёшида “Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги” кўкрак нишонига, енгил автомобил совғага муносиб иш қилдилар.

Команда аъзоси, сирдарёлик 15 ёшли Бобир Давлатовга ҳам “Спарк” совға қилишди. У ғалати бола экан. Калитни олгач, “ва-у-у-у”, деб кучаниб, жазавага тушмади. Ўзини кўз-кўз ҳам қилмади. Ўзбекона бир одоб билан: “Мен Президентимизнинг оддий, қишлоқ болаларига яратиб берган шароит ва ғамхўрликлари туфайли шу кунга етдим. Жуда бахтлиман. Бугун отам Баҳодир Давлатовнинг туғилган кунлари. Машинамни у кишига совға қиламан”,- деди.

Бу гапларни ким гапирди? Бобурми? Ёки “ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол авлод”нинг ёнимиздаги бир вакилими? Бизнингча, Комил инсон ғояси 15 ёшли Бобурнинг тилидан сўзлади.

Уларга миллионлаб ўсмирларимиз ҳавас билан тикилишди. Ўзларига “Мен-чи?”, деб савол беришди. Бу ҳавас эртага 17 эмас, 170, 1700 ғолибни жаҳон шоҳсупаларига кўтаради. Бунга ишонамиз.

Эртага қуёш чиқишига ишонгандек.

Дилдан тилга кўчган сўзлар

Нилуфар Расулова – иқтисодчи талаба: “Муҳтарам юртбошимизнинг биз ёшларга яратиб берган имкониятларидан унумли фойдаланишга интиляпман. “Ўзбекистон Республикасида уй хўжаликлари иқтисодиётининг ҳозирги ҳолати ва уни такомиллаштириш йўналишлари” мавзусида илмий изланаяпман. Мақсадим - оилалар бюджетини янада такомиллаштиришда томорқадан ва қўшимча меҳнатдан самарали фойдаланиш йўлларини илмий жиҳатдан асослаш. Бундан халқимиз фаровонлиги янада ортади”.

Саиджалол Ҳасанов – лицей ўқувчиси: “Юртимиздаги компьютерларнинг барчаси чет элларда яратилган дастурлар асосида ишламоқда. Мен “Нега шу дастурлар ўзимизда тузилмайди?”, деб ўйлаб қоламан. Мен ўзбек дастурчилик мактабини яратаман. Ўзбекистонимизни энг зўр компьютер дастурлари яратиладиган давлатга айланишига ўз ҳиссамни қўшаман”.

Зиёвуддин Юсупов - биолог талаба: “Ғўза генетикаси соҳасида илмий изланаяпман. Мақсадим - пахтамизнинг толасини 3,5-5 ммга узайтириш. Бундан унинг сифати, баҳоси ошади. Ватан равнақига озгина бўлса-да ҳиссам қўшилса, дейман”.

Меҳриноз Аббосова - “Янги авлод – 2008” Республика болалар ижодиёти фестивали ғолибаси:

2010 йилда “Исътедод мактаби” 1-република ёш ижодкорлар кўрик-танловида муваффақият қозондим. Биринчи китобим давлат ҳисобидан бепул чоп этилмоқда. Юртбошимизнинг биз ёш ижодкорларга алоҳида эътиборларидан беҳад мамнунман:

Дунё қадамимдан гул бўлиб кетгай,

Ёмонлик минори кул бўлиб кетгай.

Юрагимдан қуёш чиқиб келяпти,

Тирноқларимгача нур бўлиб кетгай.

Катталар-чи? Улар нима дейишаяпти? Мустақиллигимизнинг йигирма йиллигига бағишланган тарғибот сафарларида турли ҳудудларда юртдошларимиз билан суҳбатлар қурдик. Гап орасида “Бугунги ёшлар қанақа?” деган саволни ташлаб бордик. Жавобларни сиз билан баҳам кўрмоқчимиз. Мана улар.

Бахтиёр(ҳарбий, 52 ёш): “Бугунги ёшлар – биздан соғлом. Чунки бўйи бизларникидан баланд. Кўкрак қафаси кенг”.

Ғуломжон(ўқитувчи, 47 ёш): “Бугунги ёшлар – биздан билимли. Бугун набираси билган нарсаларни бобоси билмайди”.

Маҳфуза(ҳамшира, 39 ёш): “Бугунги ёшлар – биздан кўп тил билади. Бир неча тилларда иш битираётир”.

Жумабой(шофер, 45 ёш): “Бугунги ёшлар – қўшни давлатлар болаларининг ҳавасини келтиришаётир. 5-6 йил бурун қўшни давлатнинг ўқувчи болалари автобусларда келиб кетишаётганини кўрганман. Ўқитувчилари уларга: “Келажакда биз бахтли бўламиз. Ўшанда бизнинг йўллар, коллежлар, шифохоналар Ўзбекистондагидек бўлади”, деб тадбир ўтказди. Бизнинг лицей, коллежларни томоша қилишди. Буни улар “Келажакка саёҳат” деб аташар экан. Нимадандир юрагим ҳапқириб, ... қувониб кетдим. Ғурур деганлари шу бўлса керак-да”.

Мансур(бухгалтер, 58 ёш): “Бугунги ёшлар – биздан уқувли, фаол. Ахборот технологиялари билан қуролланган. Гаплари – уяли телефонда гаплашаётгандек қисқа, аниқ. Муомаласи – ишчан”.

Жамшид(менеджер, 44 ёш): “Бугунги ёшлар - биздан дадил, ғурурли. Улар “номукаммаллик комплекси” нималигини билмайди. Чет эллик тенгдошлари билан худди ҳамқишлоғидек тиллашади. Ерга эмас, кўзига, тўғри қарайди”.

Ферузахон(ахборот-ресурс маркази ходимаси, 48 ёш): “Бугунги ёшлар - биздан доно. Чунки биз ўз тарихимизни ўзгалар ёзган китоблардан ўқидик. Уларда ўзгалар учун фойдали хулосалар ёзилган эди. Болаларимиз шонли тарихимизни ўзимиз ёзган китоблардан ўқиб билишди”.

Улуғбек(қурувчи, 51 ёш): “Бугунги ёшлар – бахти кафолатланган авлод. Давлат бизларни мустақил ҳаётга тайёрламас эди. Мактабни 100тамиз битирсак, 10тамиз ўқишга кирардик. Қолган 90тамиз ҳунарсиз ҳеч кимга кераксиз, бекорчига айланардик. “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури”миз бунга чек қўйди. Ҳозир ҳар сентябрь ойида битирувчиларнинг 10 фоизи – биринчи стипендиясини, 90 фоизи – биринчи маошини ола бошлайди”.

Илҳомжон(журналист, 41 ёш): “Бугунги ёшлар - муносиб ворислар. Чунки улар хароб ва муте Ўзбекистонни 20 йилда кимлар, қандай қилиб оёққа турғизганини. Ҳимоя қилганини. Буюк, муқаддас, мустақил Ватанга айлантирганини ўз кўзлари билан кўриб ўсишаётир. Ибрат олишаётир”.

Мардон(маҳалла фаоли, 51 ёш): “Бугунги ёшлар - ақлли. Ҳисоб-китобли. Аниқ фикрлайди. Қисқаси, истиқлол ниҳоллари бугун истиқбол дарахтларига айланди, деса бўлади”.

Дилором (ўқитувчи, 49 ёш): Бугунги ёшлар – биздан кўра кучли. Мана Учқўрғоннинг Яшиқ қишлоғидан чиққан оғир, ибо-ҳаёли, камгап, 18 ёшли полвон қиз Гулнора. Мен яқинда унга ўғил болалар тегажоқлик қилганида “Иккалангни ҳам кўтариб отаман”, деганини кўрдим. Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон чемпиони. Октябрь ойида Тайландга кетаётир. Жаҳон чемпионатига. Бунақаси бўлмаган-ку!”.

Жаҳонгир(талаба, 20 ёш): Бугунги ёшлар – бахтли йигит-қизлар. Менимча давлатимиз ёшларни ота-оналаридан ҳам яхши кўради. Интилиб, ўқиб, тиришиб, маънавиятини юксалтириб бахтли бўлаётган ёшларга ҳавас қиламан. Интилаяпман ва мен албатта бахтли бўламан. Чунки мен ҳеч кимдан кам эмасман”.

Сиз ҳам ичингизда бу фикрларга қўшилаётгандирсиз. Чунки ҳаммамиз боламизда, ё унинг дўст-дугоналарида, маҳаллада ана шундай ёшларни кўраяпмиз-да. Булар – ўз ёшига мос комил инсонлар эмасми? Бундай ўғил-қизларни кўриш аждодларимизга армон эди. Бизга эса ана шундай йигит-қизларни ўз кўзларимиз билан кўриб, гапларини эшитиб, қўлларидан ушлаб, бағримизга босиб, пешаналаридан ўпиш бахти муяссар бўлди.

Баркамоллик гулшанига айланган Ватан ҳаммамизга муборак бўлсин.



Киритилди: 2020-05-30 14:29:15; Ўқилди: 2377 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!