Шанба, 30 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоянинг рўёби / Ҳалқ фаровонлиги

БАХТИ УЙҒОНГАН ХАЛҚ

Категория: Миллий ғоянинг рўёби – Ҳалқ фаровонлиги;
Муаллиф: педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммад Қуронов

“...Халқ фаровонлиги деган эзгу тушунчани ҳам миллий ғоямизнинг негизини ташкил этадиган тамойиллар қаторига қўйишимиз табиийдир.

Нега деганда, бу дунёда ҳар бир одам тўқ ва бадавлат ҳаёт кечириш, эл-юрт учун муносиб фарзанд тарбиялаш, уларга билим бериш, уйли-жойли қилиш, уларнинг бахту камолини кўриш орзуси билан яшайди.

Ислом Каримов.

Ушбу халқчил фикрлар ҳар бир авлодга ота-оналарнинг қўл кўтариб, “омин” дейишдан олдин қилган азалий дуоларига бориб боғланади. Бу орзулар аждодлардан авлодларга ўтиб, армонга айланиб келаверарди. Фақат мустақиллик келиб, орзулар фазодан “ерга тушди”. Реал, моддий воқеликка айланмоқда. Не бахтки, биз халқимизнинг “бахти ётган” йиллари тугаб, бугунги - “бахти уйғонган” даврида яшаяпмиз.

Фаровонлик ҳар бир одамнинг, халқнинг ўз олдига қўйган қатъий азму қароридан бошланади. Биров берган нарса бировни фаровон қилмаган. Шунинг учун Ўзбекистон халқини фаровон қилишни аввало энг муҳим нуқтада – одамларнинг ният, ғояларида уйғотиш, уларни бирлаштириш, сафарбар қилиш керак эди. Шундай бўлди. Халқ фаровонлиги миллий мафкурамизнинг асосий ғояларидан бирига айланди. Ўтган 20 йил муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида халқимиз фаровонлигини ошириш учун машаққатли кураш йиллари бўлди.

Асрлар давомида фалакда сузган орзулар ерга қўнди. Фаровонлик, ўзини ўзи тўқ ва бадавлат қилиш нималигини, тарбияли, билимли фарзандлар бахти қандай бўлишини кўраяпмиз, эшитаяпмиз. Фарзандларимизнинг ютуқлари билан бир-бирларимизни қутлаяпмиз.

Йигирма йил олдин биз мулксизлар жамиятида яшар эдик. Мулкдорлар фақат чет элларда бўларди. Бугун ўзимиз ёки қўшниларимиз мулкдор. Фаровон оилалар, маҳаллар сони кундан кунга оша бораётир. Шукронаси бор одамлар тўй-томошаларда, маънавий-маърифий тадбирларда бунинг ўнлаб тасдиқларини айтиб юрибдилар. Бу кунларга етишмоқ осон бўлмаганини ҳам.

Очарчилик остонасидан қайтарилган миллат.

Этнолог олимларнинг фикрича, деҳқончилик дастлаб Ер шарининг тахминан 20-45 параллеллари оралиғида пайдо бўлган ва узоқ давр давомида ўзлаштирилиб, такомиллашиб келган. Ўзбекистон - дунёга деҳқончилик маданиятини берган ҳудудлардан бири бўлган. Макка жаҳонга Америкадан, буғдой - Марказий Осиёдан тарқалган. Бизнинг буғдойимиз ўзининг ҳосилдорлиги, таркибида протеиннинг кўплиги билан юқори турган. Шўролар халқларнинг ғаллачилик маданияти, тажрибасини ҳам қатағон қилди. Энг катта империя – СССР ношудлигидан ўзини ўзи ғалла билан таъминлай олмасди.

«… Собиқ СССР Канада ва Америкадан ҳар йили 40 50 миллион тонна ғалла сотиб оларди. Шунинг ҳисобидан Ўзбекистонга ҳам улуш берарди. Иттифоқ парчаланиб кетганидан кейин биз йиллик эҳтиёжимизга етарли 6 миллион тонна ғаллани қаёқдан олиб келишни, қаёқдан валюта топишни ўйлаб роса сарсон саргардон бўлдик.

Бугун очиқ айтаверсак ҳам бўлади: 1991 йилнинг охири ва 1992 йилнинг бошида кўп нарсаларда узилиш бўлиб, жуда оғир аҳволга тушиб, нақ очарчилик остонасида турар эдик . » [1]

Тадбирли, азми шижоатли кишилари кўп миллатлар ҳар томонлама бой, қудратли бўлиб келган. Шўролар эса бунинг тескарисини қилишди. Тадбиркор, ташаббускор ва шу боис мулкдорларнинг мулкини талаб, ўзларини сургун, қатл қилди. Камбағалликда ҳаммани тенг қилди.

Совет кинолари, китоб, спектаклларидаги салбий образлар – мулкдорлар эди. Мулкдор боболаримизнинг ўз ҳисобларидан мадрасалар, кўприклар қурдиргани, ариқлар қаздириб сув келтирганлари, камбағалларнинг тўйларини қилиб берганликларини гапириш, ёзиш, ҳатто эшитиш ҳам жазоланди. Турғунлик ва иқтисодий танглик янада ошди. Оммавий камбағалликнинг асосий сабабларини совет ҳокимияти олиб келди.

Ўзбекистон халқи иккинчи даражали одамлар тоифасига киритилган эди. Шу сабабли бошқа республикалардан ҳам камбағал, яъни қашшоқ эди. “... Ўзбекистонда аҳолининг турмуш даражаси энг паст бўлиб қолди. Маълумотларга қараганда, 1990 йилда республика аҳолисининг 70 фоизга яқинининг жами даромади тирикчилик ўтказиш учун зарур бўлган энг қуйи даражадан ҳам паст эди. Айни маҳалда Россия ва Украинада аҳолининг 30 фоизга яқинигина шундай аҳволда кун кечирганди...(Ислом Каримов. 1993 йил. Август.)” [2]

Халқ фарвонлиги учун кураш энг муҳим, бирламчи масала – нондан бошланди, деса бўлар. Чунки совет давридаги нон учун саҳарлаб, узундан узоқ навбатда туриш, нонни карточка билан олиш, чекловлардан халқимиз дил зада бўлиб қолган эди. Шу сабабли фарвонликнинг биринчи шартларидан бири сифатида ғалла мустақиллигига эришиш керак эди. Бу эса тез, самарали ва қатъий чоралар кўришни талаб қиларди.

Бу ҳақда Президентимиз 1995 йилда шундай дедилар: “... Авваламбор, "пахта, пахта" деявериб, ғалла етиштиришдан бутунлай чиқиб кетдик. Унинг технологиясини ҳам унутиб қўйдик. ... Қисқа қилиб айтганда, ғаллачилик бизда ўгай соҳа бўлиб қолган.

Яна такрорлаб айтаман, республика бўйича ўртача 40 центнердан Ғалла олиш, бу - қўлимиздан келадиган вазифа. Ахир, қачонгача олтинимиз, пахтамиз эвазига четдан ғалла олиб келамиз. Токи, ғалла мустақиллигига эришмас эканмиз, иқтисодий мустақиллик ҳақида гапириш ортиқча”.

Аниқ ҳисоб-китоблар, тинимсиз саъйи ҳаракатлар ўз самарасини берди. Мустақил, ёш Ўзбекистон давлати ўз халқини очарчиликдан асраб қолди. Бир неча кунлик ғалласи қолган давлат тезда ўзини ўнглаб олди. Ғалла мустақиллигига эришди. Бугун у ғаллани - экспорт қилмоқда. Бу ҳам халқимиз фаровонлигидаги ўзгаришлар шиддатини кўрсатмайдими? Ким эдигу, ким бўлдик, деган саволга юзлаб муносиб, ғурурли жавобларимиз рўйхатига шу маррани ҳам киритса бўлар?

Фаровонлик марралари

2010 йил 20 сентябрь. Нью Йорк. Жаҳон аҳли Президент Ислом Каримовнинг БМТ Бош ассамблеясининг мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган олий даражадаги ялпи мажлисидаги нутқини тинглади. Инсоният орзу қилаётган фаровонлик марраларига Ўзбекистон қанчалик яқинлигини билди.

БМТ тавсияларига кўра фаровонлик бу - “Инсоннинг тараққиёт индекси”. Унга меҳнат шароитлари, билим олиш имкониятлари, саводхонлик, саломатлик, жон бошига даромад, умр узоқлиги ҳам киради. Ижтимоий ҳимоя, ичимлик сув, табиий газ таъминоти ҳам муҳим. Келинг, ўзимизга ана шу умуминсоний, қайсар индекслар орқали қарайлик:

- Фаровонлик чўнтакка - иш ҳақига боғлиқ: ўзбекистонликларнинг иш ҳақи 19 йилда ўртача 14 баравар ошди.

- Фаровонлик халқнинг ижтимоий ҳимоясига боғлиқ: Ўзбекистон ҳар йили давлат бюджетининг 50 фоизини ижтимоий соҳага йўналтирмоқда.

- Фаровонлик ҳар биримиз ичаётган тоза ичимлик суви таъминотига боғлиқ. Дунёнинг кўп давлатлари бу борада биз эришган марраларни орзу қилаётир. Чунки Ўзбекистонликларнинг 82,5 фоизида бу муаммо йўқ.

- Дунёда аҳолисининг табиий газ билан таъминланган қисми 50 фоизга ҳам етмайдиган давлатлар кўп. Ўзбекистон халқининг 83,5 фоизи бу неъматдан баҳраманд.

- Фаровонлик оналар ва болалар саломатлиги, ҳаёти ҳимоя қилинган жойда бўлади. Ўзбекистонда оналар ўлими 2 баравардан кўпроққа, болалар ўлими эса 3 бараварга камайди.

- Бир киши умрингизни 6 йилга узайтирса, уни нима деб дуо қилардингиз? Ўтган 20 йилда ўзбекистонликларнинг ўртача умри 67 ёшдан 73 ёшга узайди. Аёллар – мунис оналаримизнинг умри 75 ёшдан ошди. Оналари ҳаёт юртдошларимизга ҳавасимиз келади.

- Хотин-қизлар эркаклар билан тенг, эмин-эркин меҳнат қилса, оилалар фаровонлиги икки ҳисса ошади. Ўзбекистонда иш билан банд аҳолининг 48 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади.

- Қаерда фаровонлик бўлса, одамлар илгари ўзлари қилган ишларни бировларга пул бериб қилдиради. Бу эса хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиради. Ўзбекистонда сўнгги ўн йилда аҳолига кўрсатилган пуллик хизматлар ҳажми киши бошига қарийиб 20 баробар ошди [3] Беихтиёр бир афоризмни сал ўзгартириб, “Фаровонлик бор бўлса, у - намоён бўлади. Фаровонлик намоён бўлса, у - бор”, дегингиз келади.

Ҳайрат

Мусулмон оламининг арбоблари биз учун оддий ҳолатга – ҳар бир ўғил-қизимизнинг таълими олиш имкониятига эгалигидан ҳайратда. “Мусулмонлар лигаси” партияси бош котиби Саид Мушаҳид Ҳусайн жаноблари шундай фикрда. “Ўзбекистонда”, дейди Саид Ҳусайн “...100 фоиз ёшлар таълим соҳасида яратилган имкониятлардан тўла баҳраманд бўлаётганига ишонч ҳосил қилдим. Бундай юксак ютуққа минтақанинг ва умуман, дунёнинг ҳар қандай мамлакати ҳавас қилса арзийди”.

Аҳолиси кўп мамлакатда фаровонликка эришиш қийин кечади. Буни синчков хитойликлардан яхшироқ биладиган бўлмаса керак. Хитой Халқаро муаммоларни тадқиқ этиш жамғармаси Алмашинув ва ҳамкорлик маркази директори Шао Чан Чун: “Марказий Осиёда аҳолиси энг кўп мамлакат бўлган Ўзбекистон Президент Ислом Каримовнинг саъйи ҳаракатлари, адолатли бошқаруви туфайли моддий фаровонлик ва маънавий юксакликка эришмоқда” ,- деган жиддий хулосасини эълон қилди.

Бизнинг 20 йил олдинги ва ҳозирги турмушимизни қиёслаган диёнатли рус олимлари ҳам холис фикрларини айтишмоқда. Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза академияси ректори Евгений Кожокин: “Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти биртомонлама ривожланган, хомашё етиштиришга йўналтирилган, ҳалокатли пахта яккаҳокимлиги авжига чиққан, қолоқ ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмаси, жон бошига истеъмол даражаси паст бўлган республикадан янги ва улкан марраларни қўлга киритаётган, ҳар томонлама обод бўлиб бораётган мамлакатга айланди, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади” [4]

Ҳа. Советлар 74 йилда биз сўнгги 4 йилда ижтимоий соҳада қилган ишларни қила олмаган. Масалан, шаҳар билан қишлоқ тафовутини ҳал қила олишмади. (Аслида буни исташармиди?) Собиқ СССР республикаларида бу муаммо ҳали кун тартибига қўйилган эмас. Газеталарининг “Пойтахтда - ХХI аср, 100 км юрсанг - XVIII аср”, деб ёзаётгани одамнинг раҳмини келтиради.

Мустақиллик туфайли Ўзбекистон тобора шаҳарлашиб бораётир. Кўзларингизга ишонсангиз, қаранг: барча туманларимиздаги коллежлар, гузарлар, ҚВП, янги лойиҳадаги турар жойларни, оқилона инфраструктура, асфальт, темир йўлларни, яратилаётган қулайликларни кўрасиз.

Чекка қишлоқларда замонавий “маркет”лар, Интернет хоналари кўпаймоқда. Қишлоқларда тадбиркорлар савдо ва ҳордиқ масканлари қурмоқдалар. Кечқурунлари катта экранларда миллий эстрада қўшиқларини, спорт мусобақаларини кўриб, болалари билан музқаймоқ еб, салқинлаб, яйраб дам олаётган ҳамқишлоқларни кўрасиз. Бу янгилик-яхшиликларни кўриб, ҳам ҳайрон қоласиз, ҳам қувонасиз.

Жаҳон молиявий инқирози ҳали тугамаган, йўғон – ингичка бўлиб, ингичка – узилаётган, энг ривожланган давлатлар ҳам инқироздан инграган пайтларда бу фаровонликнинг қадр-қимматини халқимиз юракдан ҳис қилмоқда. Чунки халқимиз: Буюк Британиянинг “Lloyds Banking Group” банки мавжуд иш ўринлари сонини 4500 тага қисқартиришини маълум қилганидан.(“Халқ сўзи” газетаси, 2010.15.10); Францияда мамлакат касаба уюшмалари томонидан уюштирилган норозилик акцияларида 3 миллионгача киши иштирок этганидан; АҚШда сўнгги тўрт йилда 300дан кўпроқ молия ташкилотлари банкротга учраганидан(“Samarqand” газетаси. 2011.07.01); Мобил алоқа воситалари ишлаб чиқарувчи “Nokia” компанияси 1800 нафар ходимини ишдан озод қилишга жазм қилганидан(Халқ сўзи, 2010.23.10.) хабардор.

Фаровонлик: куч – билим ва тафаккурда.

Бухоролик темирчи усталарнинг бир мақоли бор: “Болға урувчига - бир танга, “мана бу ерга ур”, дегувчига - икки танга”, - деган. Демак, фаровонлик азалдан мушакларга эмас, билим ва тафаккурга боғлиқ экан-да? Бу мақол ХХ1 аср - интеллектуал асрда том маънода долзарблик касб этмоқда.

Маҳалла фахрийларидан Омон ака: “Қишлоғимизда телевизор, радио, компьютер тузатадиган устахона бор. Ишламай ётарди. Бултур қишлоғимиздаги коллежни битирган Жасуржон келиб, ишлатиб юборди. Эшигида: “Уйингизга бориб, тузатиб берамиз”, деб қўл телефонини ҳам ёзиб қўйибди. Неварамнинг компьютери бузилган эди. Чақиртирдим, келди. Компьютерни бир-икки айлантириб, бир жойига тегинди. Ишлаб, кетди, жонивор.

- Болам, барака топ. Бу ёғи қандай бўлади энди. Айт”,- дедим.

- У: Амаки, ўн бир минг сўм бўлади, дейди.

- Келганингга ўн минут бўлди. Бир бурашинг ўн бир мингми, - дедим.

- У кулиб, “Амаки, бир бураганимга - минг сўм. Қаерини бурашни билганимга - ўн минг берасиз”,- деса бўладими.

- У пулни олиб: “Омон ота. Компьютерни анча арзонга тузатдингиз. Туман марказига олиб борсангиз йўлга - вақтингиз, йўлкирага - пулингиз кетарди. Тўғрими? Кўп демадим. Рози бўлинг”, дейди.

Индамай қолдим. Гаплари тўғри. 20 мингим ёнимда қолаётганини ўйламаган эканман. Раҳмат болам. Барака топ, розиман, дебман шошиб. Чойга ҳам қарамай шошиб кетди. “Буюртмаларим кўп, хайр, деб”, - деди.

Ҳа. Бугун турмушини фаровон қиламан деган одамга ният, куч-ғайратнинг ўзи камлик қилади. Касбининг янгиликларини, илғор тажрибани, чет тилларини, компьютер технологиялари, Интернет, зарур ахборотни инглиз тилида қидиришни яхши билиши керак. Бугун мобил телефонни ишлатиш учун ҳам, хорижнинг янги технологик линиясини, фермер хўжалигини, Nestle идишини қадоқлаш, МЧЖни бошқариш учун ҳам билим керак. Ана шундагина киши ўз бизнесини оқилона ва самарали юрита олади. Ўзини ҳам, халқини ҳам фаровон қилади. Демак, фаровонлик ҳам билим ва тафаккурда. Тадбиркорликда ҳам Юксак маънавият – енгилмас куч.

Одамлар орасида

Одамлар қилган ишлар - ғояларининг энг яхши таржимонларидир.

Ж.Локк – инглиз педагоги.

Танидингизми?

• Қўқон. Бахтли одам сўзласа, уни тинглаётганлар ҳам ўзларини бахтли ҳис қилади, дейишади улуғлар. Айниқса, беғараз, пок, самимий ёшлар сўзласа, лабларингиздаги табассумни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Маҳлиё Норматова - коллеж талабаси: “Амир Темур бобом, “Бизнинг кимлигимизни билмоқчи бўлсанг, биз қурган иморатларга боқ” деб бежиз айтмаган эканлар. Янгидан-янги коллежлар, равон йўллар, театрлар, банклар, болалар ижодиёти уйлари, мусиқа мактаблари эҳ-ҳе-е. Қўқонимизда бундай биноларни санаб-саноғига етолмаймиз. Ҳамма-ҳаммасини айтиб, дунёга жар солгим келади”.

• Бухоро. Гилам корхонаси раҳбари Муҳаббат Тешаева: “Сўнгги ўн йилда Ўзбекистон – жаҳоннинг энг зўр гилам бозорларидан бирига айланди. Ахир гилам бу – тўй, янги уй, янги ҳовли, офис, юбилей, совға дегани-да! Халқимиз ортиқча пулига гилам олиб қўяди. Буларга сабаб – биздаги фаровонлик.

Германияда бир халқаро ярмарка бўлди. Жаҳоннинг машҳур гилам ишлаб чиқарувчи корхоналаридан бирининг раҳбари: “Биз ишни ота-боболаримиздан мерос дастгоҳлар, бозор иқтисодиёти тажрибаси билан 20 йилда эришган натижага ўзбек гиламчилари 5 йилда эришди. Ёш Ўзбекистон ўз тадбиркорларини қаттиқ қўллаб-қувватлаётир. Бу кетишда яқин беш йилда қўшни давлатлар гилам бозорларини ўзбеклар тўла эгаллаб олишади”, деди.

Хорижлик тадбиркор билиб айтган экан. Иқтисодий инқироз даврида жаҳоннинг мана ман деган гилам корхоналари ҳам касодга учради. Тўхтади. Ўзбекистонда эса бирорта гилам корхонаси инқирозга учрамади. Аксинча, ривожланди. Масалан, бизнинг корхонамиз: 2010-2011 йилларда айланма маблағимиз 14 млрд сўмни ташкил этди. 4 млрд 300 минг сўм соф фойда олдик. Ишчиларимиз ойига 350 000 сўмдан 1 000 000 сўмгача маош олишаётир”.

• Наманган. Даврон Холмирзаев – баланд бўйли, юзларини офтоб ялаган, катта-катта кўзлари кулиб турадиган забардаст фермер йигит. 2010 йили қилган даромадидан 20 миллионини қишлоғида насос қуришга ажратди. Ҳамқишлоқларимнинг фаровонлигига деб. У давраларда: “Дунё ўзбекларнинг, Ўзбекистон имкониятларининг ҳали ярмини ҳам кўргани йўқ”, деб ғурурланиб юради.

“2010 йил “Ўзэкспомарказ”да ярмарка бўлди, дейди у. Менга керакли технология Бао Фен деган хитойлик бизнесменда бор экан. Русча гаплаша бошладик. Жаноб Бао Феннинг русчаси шундай ёмон эдики, Пушкин узоқдан эшитса, ғазабидан тирилар, яқиндан эшитса ... қайта ўларди. Бўлмади. Охири...: “Do you speak English?” дедим. Бао қувониб, “Yes!” деди. Инглиз тилида ҳамма ишларимизни келишиб, шартнома туздик. Шу шу иккаламиз ўртоқмиз. Интернетда “кўришиб”, гаплашиб турамиз. Яқинда бориб ҳам келдим. Замонавий фермер бир-икки чет тилини билиши керак экан. Бу унга ҳам моддий, ҳам маънавий фойда келтирар экан. Ўзим кўрдим, фойдасини”, - деди у Нанайда қилган суҳбатимизда.

Оқдарё. Қўтирбулоқ қишлоғи. Оддий деҳқон, 75 ёшли забардаст Давир аканинг сердарахт ҳовлисидамиз. Атрофда ғоз, ўрдак, курка, ва учта товус хиром қилиб юришибди. Товусларни кўриб ҳайрон қоласиз. “Нуротанинг Оқчопидаги божамдан олиб келдим”, дейди Давир ака. “Нима учун?”, десангиз у киши: “Бундай фаровон замонда одам ҳаётини чиройли қилиб яшаши керак-да, ука”-, дейди.

Худойберди деган тадбиркор укамиз иккита товусга бир миллион берай, сотинг, деб келди. Сотмадим. Пулни нима қиламан? Жўжа очсин, бераман, деб қўйдим”. Ҳовлида 20 туп арча барқ уриб ўсаётир. “Ҳаво тоза бўлади, кўзга дам беради”, - дейди у.

Тошкент. Андрей Шеин – тадбиркор: Ўзбекистонимизнинг қаерига қараманг, қурилиш. Қаерда янги уй, иморатлар кўп қурилади? Жавобини биласиз: қаерда фаровонлик бўлса. Буни биздаги фаровонликни кўролмайдиган айрим сохта телесюжет ясовчилар ва уларнинг буюртмачилари билиб қўйса, яхши бўларди.

Биз том ёпишда ишлатиладиган маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Жаҳон молиявий инқирози туфайли хорижлик ҳамкасбларимиз маҳсулот миқдорини кескин камайтиришга мажбур бўлишди. Биз эса тўхтамадик, аксинча, кучайдик. Мана рақамлар: 2009 йилда – 300 минг кв.м. маҳсулот чиқарган бўлсак, 2010 йилда – 500 минг кв.м. маҳсулот чиқардик. 2011 йилда 700 минг м.кв. бўлади. Бу аниқ.

Маҳсулот сифатини тинмай ошириб, чет эл маҳсулотларини ҳалол рақобат билан маҳаллий бозоримиздан сиқиб чиқардик.

Илгари одамларимизда “импортний – зўр, ўзимизники – ёмон”, деган қараш бўларди. Ҳозир бунинг тескариси бўлаётир. Халқимизда “истеъмолчи ватанпарварлиги” кучаймоқда”.

Қашқадарё. Ўзбекистонимизда халқ фаровонлигининг “глобаллашаётгани” одамни хурсанд қилади. Келинг, “Муборак” қоракўлчилик-наслчилик ширкат хўжалиги раиси Олим Оқмаматовнинг хурсандчилигига сиз ҳам шерик бўлинг:: “... Кейинги уч йилда чўпонларимиздан 15 нафари пишиқ ғиштдан замонавий уйлар қуришди. 51 нафари янги машина сотиб олди. Чўпонларимизнинг 32 нафар фарзанди институт, университетларда ўқимоқда. Шартнома пулларини тўлаб бераяпмиз”.

Ҳа. Қишлоқ, яйловларимизда хизмат кўрсатиш кенгаймоқда. АҚШнинг оқ лимузинлари чўпонларимизга хизмат қилай, деб, Нуробод тумани қирларида ўрмалаб юрибди. Пойтахтлик санъаткорларнинг кўпчилигини қишлоқ тўйларида кўришга ўрганиб бораётирмиз. Уларнинг репертуарлари ҳам буни тасдиқлайди. Булар қишлоқларимиздаги фаровонликнинг биз кўникиб қолаётган манзаралари. Ё шундай эмасми?!

• Сирдарё. Врач: “Ўтган йили ривожланган давлатлардан бирига тажриба алмашишга борган эдик. Қарасам, қўл-оёғи бинт билан ўралган бир бемор касалхонага кираверишда, скамейкада йиғлаб ётибди. Раҳмим келиб, ёнимдаги врачдан: “Беморга ёрдам бермайсизми?”, деб сўрадим. Врач: “Унинг пули тугаган. Келтирса, қайтиб киради”, дейди. Ишонасизми, ҳайрон бўлиб, қотиб қолдим. Муҳтож, ночор беморларга биздаги инсонпарварликни, ғамхўрликни эслаб, кўзларимга ёш келди”.

Халқ фаровонлиги ғоясининг рўёби мана бу шукроналик дуоларида ҳам акс этмоқда: Тошкентлик 105 ёшли Ғайнижамол Султонова: “Кўрмаганимни кўрдим. Худога шукур”(2009.02.09. “Ахборот”).

Тошкент шаҳри тантаналарига келган Каримжон ота Йўлдошев: “Тошкент шаҳрини кўриб, мақташга сўзим қолмади”(2009. 02.09. “Ахборот”).

ХХХ

“Аслида, ҳар қандай ислоҳотнинг энг муҳим самараси аввало халқнинг маънавий-руҳий қарашларидаги янгиланиш жараёнлари, унинг онгу тафаккурининг юксалиши, мамлакатда юз бераётган ўзгаришлар унинг ҳаётига, тақдирига дахлдор бўлганини чуқур ҳис қилиши ва шундан хулоса чиқариши билан белгиланади”,- дейилган “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида.

Юқоридаги севинчли сўзлар турли касб, миллат, ёшдаги юртдошларимиз онгидаги ўзгаришларнинг, дахлдорликнинг, шукроналикнинг, хулосаларнинг акс садоси эмасми? Шундай бўлса, фаровонлигимизни кўролмайдиган, ютуқларимизни қоралашга уринаётган кимсаларга баралла, халқчил қилиб айтамиз: “Бизнинг бахтимиз уйғонди!!! Овора бўлманг. Энди бизни тўхтата олмайсиз!”



[1] Ислом Каримов. Истиқлол йўли: муаммолар ва режалар./Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура. Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б. 3 бет.

[2] Ислом Каримов. Ўзбекистон – бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос йўли. /Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура. Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б. 284 бет.

[3] И.Каримов. Барча режа ва дастурларимиз ватанимиз тараққиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади. 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маъруза. 2011 йил 21 январь. Т.: “Ўзбекистон”, 2011. – 46 б. 13-бет.

[4] Мингйиллик режалари 88-бет.

Каримов, Ислом Абдуғаниевич. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Мингйиллик ривожланиш мажлисидаги нутқи./2010 йил 20 сентябрь/; Хорижий ижтимоий-сиёсий доиралар вакилларининг муносабатлари ва шарҳлари. И.А.Каримов. –Т.: “Ўзбекистон”, 2010. -184 б.

Киритилди: 2020-05-30 13:12:52; Ўқилди: 1750 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!