Шанба, 30 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоянинг рўёби / Ватан равнақи

ЁШ АВЛОДГА МАНГУ САБОҚ

Категория: Миллий ғоянинг рўёби – Ватан равнақи;
Муаллиф: педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммад Қуронов

Юз йилдан кўпроқ вақт ўтгандан кейин, халқимиз яна озод бўлиб, ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш, маданиятини бойитиш, маънавий қайта уйғонишини таъминлаш имкониятига эга бўлди.

Ислом Каримов.

1993 йил 28 сентябрь. Нью-Йорк. БМТ Бош ассамблеясининг 48-сессиясидаги маърузадан.

Инсон бахт учун туғилади

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” деб номланган маърузасида одамларнинг ён атрофда бўлаётган барча воқеа ҳодисаларга дахлдорлик туйғуси – одамларнинг ўзгараётганлиги, уларнинг сиёсий ва фуқаролик фаоллигини, онгу тафаккурини ва эртанги кунга ишончини ошириб боришнинг шарти эканлиги уқтирилди[1].

Миллат Буюк ислоҳот кўламини, салмоғини кўрди. 1991 2010 йилларда турмушимиз, мамлакатимиз қандай ўзгариб боргани, қандай натижаларга эришганимиз, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган очиқ демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида қандай суръатлар билан ривожланаётганимизни билди. Жаҳонда Ўзбекистон деган давлатнинг тобора ошаётган ҳурматига ўзининг дахлдорлигини ҳис қилди. Ҳар бир ўзини ҳурмат қиладиган дахлдор одам мамнуният, бахт ё ифтихор туйғуларидан бирини туйди.

Бу бежиз эмас. Инсон бахт учун туғилади. Бу дунёда бахт жуда қиммат. Тарозининг бир палласига бир палласига – бахт, иккинчисига - кунлаб, ойлаб, йиллаб қилинган қаттиқ ақлий ва жисмоний меҳнат натижаси қўйилади. Меҳнат миллат билан унинг бахти орасидаги масофани қисқартиради. Бунинг учун ҳар бир фуқаронинг “Мен нима қилдим Ватаним учун?”, деган саволга дадил жавоби бўлиши керак. Лоақал “Битта ғишт қўя олдим”, - қабилида. Шу маънода бахт бир буюк қасрга ўхшайди. Яратилади, қурилади. Худди пойтахтимиз кўксини безаб турган олмос қаср - “Ўзбекистон” Халқаро анжуманлар саройи каби.

Миллат юз йилдан кўпроқ вақт давомида қадди букик, энкайиб юришга мажбур қилинган одам каби эди. Унинг эгик(дол) қадди тик(алиф) бўлди. Унинг илгари букилган, энди тўғриланган артерияларидан қон жўшиб оқа бошлади. Бундан у ўзлигини эслаб, таниб, қудратланди. Янги тарихимизнинг йигирма йилидаёқ жаҳон бизнинг неларга қодирлигимизни кўрди. Бундан: халқимизнинг ифтихори ошаётир. Баъзиларнинг ақллари… шошаётир.

Луғатдан

Президентимиз томонидан асослаб берилган миллий тикланиш ғоясининг халқимиз ва давлатимиз ҳаётида тутган ўрни партиямиз аъзолари томонидан халқчил, самимий тарғиб қилинмоқда. Зеро бу – халқимиз, айниқса ёшларимизнинг мамлакатда кечаётган тарихий ислоҳотларга дахлдорлигини янада кучайтиришнинг асосий шартларидан биридир.

“Тикланиш” нима дегани? Луғатларда бу сўз – “бирор нарсани вертикал ҳолга келтирмоқ; тикка қилмоқ; тикка қилиб қўймоқ. 2. Қурмоқ; бино қилмоқ; бунёд этмоқ. 3. Бузилган, ишдан чиққан, хароб бўлган нарсаларни асл ҳолига келтирмоқ, тузатмоқ. 4. Унутилган, йўқ бўлиб кетган нарсаларни юзага келтирмоқ. 5. Бекор қилинган, рад этилган нарсаларни қайта жорий қилмоқ, қайтариб бермоқ” маъноларини беради. Ана шу маънолардан келиб чиқиб, миллий тикланишни – бир вақтлар барқ уриб, юксалган бироқ, кейинчалик маълум сабаблар боис бегона кучлар томонидан бўйсундирилган, хароб қилинган, қадриятлари йўқ қилинган халқ қадди, қадри ва қудратининг тикланиши, қайтадан, асл ҳолига қайтарилиши, деса бўлар экан. (Кўзларга мисол – тикланаётган юзлаб меъморий ёдгорликларимиз. Собиқ шўро мамлакати ҳудудида атайлаб ёки қаровсизликдан ҳар йили 11 000 меъморий ёдгорлик йўқ бўлиб кетаётган эди).

Миллий тикланиш - илгари бой берилган иқтисодий салоҳиятни тиклаб, ўрнига қўйиб, уни янги замонда, янгича тараққий эттириш; горизонтал эмас – вертикал, эволюцион ўсиш жараёни. У миллатнинг комплекс такомиллашуви ва кўтарилишида юзага чиқади. (Тафаккурга мисол – барча соҳалар бўйича тобора кўтарилиб бораётган тараққиёт кўрсаткичларимиз).

Физикадан биламиз: бирор жисмни муаллақ тутиб туриш учун ернинг тортиш кучига тенг куч кифоя. Юқорига кўтариш учун эса ундан кўпроқ куч керак. Кўтарувчи куч қанча кўп бўлса, юксалиш шунча барқарор, шиддатли бўлади. Бировнинг кучи, ёрдами билан тикланиш, кўтарилиш – омонат. Энг яхши йўл – миллатнинг ўз қудратини ўзини тиклашига сафарбар қилиш эди. Ана шу кучни бизга мустақиллик аввалида аниқ тиниқ белгилаб олинган тўғри йўл берди.

Ўтмишнинг аччиқ сабоғи

Тарихимизнинг холис талқини боболаримизнинг буюк давлатларни барпо қилганларини, юксак маънавият, маданият, тараққиёт саҳифаларини очиб берди. Ички низо ва адоватлар, фақат ўз қобиғига, умрини ўтаб бўлган ақидаларга ўралашиб яшаб, оғир аҳволга тушиб қолган даврларимизни ҳам. Натижада бизнинг кейинги олти аждодимиз озодлик армонларида ўтди. Не бахтки, бу кунга етиш бизларга насиб қилди. “Айниқса, темурийлар ҳукмронлигидан сўнг — яъни XVII асрдан XX асрнинг бошларигача бўлган даврда Туркистон замини сиёсий парокандалик, жаҳолат ва қолоқликка юз тутди. Уч хонликка бўлиниб кетган минтақа узоқ муддат ўзаро зиддият ва қарама-қиршиликлар, уруш-жанжаллар гирдобида қолиб кетгани нафақат иқтисодий, молиявий ва ҳарбий салоҳият нуқтаи назаридан, балки ижтимоий-маънавий фикр ривожида ҳам кўп салбий оқибатларни келтириб чиқаргани барчамизга яхши маълум”.

Ҳа. Ўша даврларда юртимизнинг айрим ҳукмдорлари ва амадорлари ўз манфаатларини уларга ишонган халқ манфаатларидан устун қўйиб, жаҳолат ва ғафлатга ботиб қолдилар. Эл-улус бирлигини сақлаб, ягона Ватан ҳимояси йўлида қаттиқ тура олмадилар. Ғафлат минтақамизни умумбашарий тараққиёт жараёнларидан узиб, орқада олиб қолди.

ХIX асрдаги чоризм истилосининг сабаблари нималар эди? Авваламбор сиёсий бошбошдоқлик, узоқни кўролмаслик, маънавий заифлик. Оқибат: минтақамиз озодлигидан жудо бўлди. Буни “Юксак маънавият – енгилмас” куч китоби тарихий мисоллар билан исботлаб берди. Китобда айтилганидек, “Бу аччиқ ҳақиқат барчамизга, айниқса, бугун ҳаётга катта умид ва ишонч билан кириб келаётган ёшларимизга доимо сабоқ бўлиши лозим”. Бу ўгитни ёшларимиз юракларига ёзиб ёзиб олмоқдалар.

Ундан кейинги, қизил қон ёмғири остида ўтган 74 йил. Халқимиз коммунистик террор, қатағонлар, камбағалликда ҳаммани тенглаштириш, динсизлик, тилсизлик комплекс ҳақсизлик салтанатида яшади. Бу зинҳор муболаға эмас. Бугун биз ўша кунларни эсламасак, шукронамиз қабул бўлмас.

Кўзда ёш билан тингланган саволлар

1994 йили 22 сентябрь. Муҳтарам Президентимизнинг парламент минбаридан берган саволлари шўролар халқимиз устига ёпган “Бахтлисан қардошлик оиласида!” деган мафкуравий пардани олиб ташлади. “Тақдиримиз жар ёқасида турган машъум кунлар, миллатимизнинг қадр-қиммати, шаъни ва номуси поймол қилингани, кўҳна тарихимиз ва муқаддас қадриятларимиз топталгани” ҳақида изтиробли фикр ва саволлар ўртага ташланди. Бу фикр ва саволлар миллат олдига гўё бир улкан тошойна қўйиб, ўзимизни ўзимизга кўрсатди. Унда биз аслида қандай буюк мамлакат ва аждодларнинг болалари эканлигимизни кўрдик. Ўзлигимизни англадик, ориятимиз уйғонди, кўзларимизда ёш қалқди:

«Ўзингиз ўйлаб кўринглар, азиз дўстлар, мустабид тузум, мустамлакачилик даврида биз ким эдик?

– Тақдиримиз, эркимиз кимларнинг қўлида эди?

– Каъба деб қаерга сиғинар эдик? Ҳар тонг «Ассалом!» деган мадҳия оҳанглари остида кимларга қуллуқ қилиб уйғонардик?

– Тилимиз, динимиз қай аҳволда эди? Имом Бухорий, Имом Термизий, Хожа Баҳоуддин Нақшбандларнинг муқаддас хокларига эътибор бормиди? Амир Темур, Бобур Мирзо ва бошқа улуғ бобокалонларимизнинг буюк номлари қайси тупроқларда қоришиб ётган эди?

– Миллий ғуруримиз, инсонлик шаънимиз, урф-одатларимиз қандай тушунчаларга алмаштирилган эди?

— Хўш, ўзимиз-чи? Ўзимиз ўзлигимизни билармидик? Қандай мўътабар замин, улуғ аждодларимизнинг ўлмас мерослари билан озикланган элнинг фарзандлари эканимизни англармидик?

–Айтинглар, ўша кезлари Ўзбекистонни дунёда биров билармиди? Биров биз билан ҳисоблашармиди?

–Юртимиз қандай ва қанча беқиёс бойликлар хазинаси эканидан қай биримиз хабардор эдик?

–Гўё миллий ифтихор бўлмиш пахта, ҳақиқатда миллий ғурур ўрнига бўйинтуруқ бўлиб, халқимизни ялангоёқ қилишдан, бошимизга азоб-уқубат, таъна-маломатдан бошқа нима келтирарди?

Дарҳақиқат, яқин тарихда халқимиз ўз бошидан кечирган бундай азоб-уқубатларни, тақдиримиз жар ёқасида турган машъум кунларни унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ”.

Ҳа. Миллатнинг ўша машъум йилларда чалинган дардлари кўп эди. Уларга дармон керак эди. Дармондан ҳам олдин “шамолга қараб” иш қилмайдиган, ўзимиздаги эски тузум тарафдорларининг қаршилигини енгишга қодир, “миллат дарди – менинг дардим”, деб майдонга чиқадиган жасоратли раҳнамо керак эди. Чунки бугун биз юқорида афсус билан айтилганидек, миллатнинг бу дардларига сабаб – айрим ҳукмдор ва амалдорларнинг ҳал қилувчи пайтларда раҳнамо бўла олмаганида, озодлик учун жасоратли қадам қўя олмаганида эканлигини билдик. Бугун муқаддас мустақиллигимизнинг 20 йиллигида озодлик қандай қилиб, нималар эвазига қўлга киритилганини ёд этмасак, шукр қилмасак, оқибатдан бўлмаса керак.

Озодлик сари жасорат қадами

Жасорат – ғалабанинг боши.

Плутарх.

1991 йилгача халқимиз ана шундай ноумид, ўзига ишончи сўндирилган, беқарор келди. СССР дегани бу улкан қурбонлик майдони, қўрқув салтанати эди. 80-йиллар охири. Республикаларда мустақиллик умидлари энди чечак ота бошлаган. Лекин катта майдонда ҳамма жим эди. Бундай вазиятда биринчилардан бўлиб “Биз мустақил бўламиз!” деб олдинга чиқиш у ёқда турсин, ҳатто шама қилиш нима билан тугашини ўша даврда яшаганлардан сўраб кўринг. Яхшиси, Тошкентнинг Юнусободига бориб, “Қатағон қурбонлари” мажмуасини зиёрат қилинг. Мажмуанинг иккинчи залида “Қора қарға” автомобили турибди. Унинг ғилдираклари қизил. Бу ғилдираклар “Биз ҳам халқмиз. Мустақил бўлишга ҳақлимиз ку” деб ўйлаган ота-боболаримиз қонидан қизил. “Қора қарға” халқимизнинг асл фарзандларини излаб, пойлаб, ярим тунда келарди. У олиб кетган одам қайтмаган...

Ана шундай кунлар сабоғи амалда бўлган вазиятда Ўзбекистон, унинг Президент Ислом Каримов Кремлнинг “ўрнатилган тартиб”ларига қарши жасоратли қадамни қўйди. Кейинчалик бу ҳақда Президентимиз “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” деган асарида камтарлик билан шундай ёзди: “Ўзбекистон чинакам мустақилликка эришиш мақсадини биринчилар қатори билдирганлигини жонажон ўлкамиз учун фахр-ифтихор туйғуси билан қайд этиб ўтиш керак. Собиқ Иттифоқдаги республикалардан биринчи бўлиб президентлик бошқарувини амалда жорий этган ҳам, кенг миқёсдаги ислоҳотларни амалга ошириш, жамиятни тубдан ўзгартириш ва янгилаш йўлига ўтиб олган ҳам бизнинг республика бўлди”.

Ўзингиз ўйланг. Бешинчи, тўққизинчи, ўн бешинчи бўлиб ўз мустақиллигини эълон қилиш нақадар, тинч, қулай. Хавфсиз бўларди. Лекин бу йўл бизга тўғри келмас эди. Халқининг ҳаққини биринчи талаб қилувчилар гаровга номни, нонни эмас, жонни қўядилар. Ва шундай бўлди. Халқимизнинг ҳаққи СССР давлатидан тортиб олинди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ҳақ берилмас - олинур” деб тўғри айтган эканлар. Шундай бўлди. Ўзбекистон халқи ўз ватанининг ҳақиқий эгаси бўлди. Ўз чегараларимиз ўз давлатимиз ҳимоясига ўтди. Энди Ўзбекистон Республикасининг чегарасидан ҳеч ким Ўзбекистоннинг рухсатисиз кира олмайди. 1991 йилнинг 31 сентябрида миллий таҳқирланиш тарихи тугади. Хумо қуши жафокаш халқимиз бошига қайта қўнди. Орзуларимиздан чиқиб, давлатимиз рамзларига абадий кирди. Энди мустақилликни асраш, яна қўлдан бериб қўймаслик, унинг эгилган қаддини тиклаш миллий тикланиш тарихи бошланди.

Бугун - 20 йиллик масофадан қарасак, бир ҳақиқат аён бўлади: Бу қадам нафақат Ўзбекистон учун, балки қолган республикаларнинг мазлум халқлари учун ҳам тарихий роль ўйнади. Фараз қилинг, Ўзбекистон биринчилардан бўлиб, мард ва дадил туриб, ўз мустақиллигини, Президент бошқарувини жорий қилмаганида нима бўларди? Қолган республикалар раҳбарлари бундай азму шижоатдан куч олиб, қимтиниб бўлса-да, ўз мустақилликларига интилмаганида нима бўларди? Балки СССР деган империя ҳали ҳам (ўзгарган таркибда) яшайверармиди. Демак, дунёнинг, Ўзбекистоннинг сўнгги 20 йиллик тарихи балки бутунлай бошқача кечган бўларди.

Тўғри танланган йўл

Топталган кўҳна ва гўзал қадриятлар, бузилган тарихий адолат, хўрланган халқи билан озод бўлган мамлакатда барча соҳаларда, бирваракайига, туб ислоҳотлар қилиш машаққатли, лекин ҳаёт-мамот масаласига айланди. Бунинг масъулиятини Президентимиз мана шундай тушунтирди: “Ҳозир бизнинг жамиятимиз тарихий чорраҳада турибди. Республикани миллий давлат, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий камол топтирувчи ўз тараққиёт йўлини ишлаб чиқишимиз зарур. Бу мураккаб ва масъулиятли палладир. Ҳозир яшаб турганларнинг тақдиригина эмас, балки уларнинг фарзандлари, невараларининг ҳам тақдири, келажак авлодларнинг тақдири ҳам шунга боғлиқ бўлади... Биз ҳозир узоқ йўлнинг бошида турибмиз”.

Тўғри танланган йўл – ютуқнинг ярми. Ана шундай кескин бир шароитда узоқни кўзлаган, чуқур асосланган, кўп йўллар ичидан энг тўғрисини танлаб, амалга ошириш осон эмас эди.

Эсланг: Собиқ иттифоқнинг айрим республикаларида "шок терапияси"ни қўлласак бўлди, “хоп” деб бир сакраб, бозор иқтисодиётига ўтиб оламиз”; “Биз давлатимизни "демократия оролчаси" қиламиз, келиб кўрасизлар” деган ширали ғоялар кўтарилган эди. Бироқ, вақт дегани одил ҳакам экан. Ўтган йигирма йил кимнинг кимлигини кўрсатди. Кўрсатаётир. Популист сиёсатчиларнинг оҳанграбо, лекин кўпик ғояларига ишонган халқлари алданди, таланди, қийналди. Қийналаётир. Йиллар, имкониятлар, маблағлар ва энг муҳими – халқларининг ишончи елга совурилди. Айримлари “рангли инқилоб” шоуларида мустақилликларини яна бой беришгача бориб етдилар. Бу шоуларда ўша мамлакатларнинг билимли, лекин миллий руҳда тарбияланмаган, Ватан туйғусидан бегона, совуқ кўзли, бегоналар томонидан қўғирчоққа айлантирилган ёшлари иштирок этишди. Энг ёмони, олдинда – қоронғулик. Мустақилликларининг йигирманчи йилида ҳам. Оёқлари - лойда, қўллари – бошида.

Миллат, халқ – назарий сўзлар эмас. Улар – минглаб йиллар олдин яшаган, 2011 йилда яшаётган, 2111 йилда яшайдиган инсонлар, ватандошларимиз. Миллий тикланиш халқимизнинг ҳар бир вакили қаддининг тикланишига, иқтисодининг яхшиланишига боғлиқ эди. Шу боис, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказига инсон ва унинг манфаатлари қўйилди. Зеро ислоҳотлар аввало инсон учун, унинг фаровонлигига хизмат қилиши керак. Бунинг самарасини истаган қишлоқ, шаҳарни бир соат айлансангиз ўнлаб мисолларини кўрасиз. Ҳозир бизнинг кўзлар ўзга маррага – дунёнинг энг ривожланган давлатлари етган марраларга тикилган.

Ҳа. Бугун бизларга одатий ҳол бўлиб қолган марралар 20 йил олдин биз танлаган йўлнинг ҳақлигини тасдиқлади. Агар мана шундай шитоб билан юксалишни истасак, бу йўлдан ҳеч оғишмай, қатъият билан боришимиз зарурлигига даъват қилмоқда. Булар миллий мафкурамизнинг бош мақсади – Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон турмуш барпо этишдек бош ғоямизнинг амалий рўёбини кўрсатмоқда.



[1] “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”.Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаси.//Халқ сўзи, 2010 йил 13 ноябрь.

Киритилди: 2020-05-24 07:00:28; Ўқилди: 1402 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!