Шанба, 30 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоянинг рўёби / Юрт тинчлиги

БУЮК ТИКЛАНИШ ЙЎЛИ (давоми)

Категория: Миллий ғоянинг рўёби – Юрт тинчлиги;
Муаллиф: Муҳаммад Қуронов

Ахлоқи билимидан паст одам – орқага кетаётган одамдир.

Аристотель.

Барча соҳалар юксалиши – маънавиятдан

Ахлоқи билимидан паст одам – орқага кетаётган одамдир.

Аристотель.

Ислоҳотлар аввалида мамлакатимизда нафақат моддий фаровонликка, айни пайтда маънавий юксалишга эришиш шарт деб белгиланиши жамият ҳаётида сув билан ҳаводек зарур бўлган барқарорликни таъминламоқда. Чунки “бозор иқтисодиётининг ўзи ҳамма нарсани жой жойига қўяди” деб, нуқул моддий бойлик ортидан қувиш халқимизнинг характерига ҳам, инсонпарварлик билан йўғрилган миллий ғоямизга ҳам тўғри келмас эди. Шу боис ислоҳотларни амалга оширишда маънавият ва иқтисодиёт бир-бирини инкор этмайди, аксинча, бир-бирини қувватлаб, ўзаро таъсирланиб, ривожланиб боради, деган қатъий қоида дастуруламалга айланди. Яратилаётган “Ўзбек мўъжизаси”га куч, миллий жозиба бахш этди.

Дунёнинг энг халқпарвар кишилари миллийлик, маънавиятни асраш ҳақида қайғуриб келишган. Шу ўринда атоқли инглиз олими Жон Леббокнинг «Миллатнинг ҳақиқий шарафи ҳудудининг бепоёнлигида ҳам, ерининг унумдорлигида ҳам, табиатнинг гўзаллигида ҳам эмас, балки халқнинг ғоявий ва ахлоқий баркамоллигига боғлиқ» деган сўзлари ёдга тушади. Ана шундай маърифатпарварлардан бири В.Белинский: "Миллийликсиз инсоният мантиқий мавҳумликка, мазмуни йўқ сўзга, маъноси йўқ товушга айланиб қолади", деган эди.

Кези келганда инсоният маънавиятига дахлдор бир воқеани эслаш ўринли бўлар. 1989 йили БМТ томонидан “Инсоният ўз инсонийлигини сақлаб қола оладими?” (Winning the Human Race? Report of the Independent Comission on international Humanitarian lssues/ London and New Jersey. 1989. –272p.) номли ташвишли илмий-тадқиқот натижаси чоп этилди. Бу китоб устида жаҳоннинг 34 мамлакатидан энг машҳур олимлар ишлашди. Бироқ, ўтган 19 йилда гуманитар муаммолар камаймади, кўпайиб келаверди. Ниҳоят, 2008 йили Ўзбекистон раҳбари ушбу муаммо ечимларини оқибатдан эмас, сабабдан – инсоннинг ўзидан, унинг маънавиятидан излаш кераклигини асослаб берди. Президентимиз давлат раҳбарлари орасида биринчилардан бўлиб, "маънавият" тушунчасини илмий, сиёсий истеъмолга киритди. Шу сабабли “Юксак маънавият – енгилмас куч” китоби жаҳоннинг ўнлаб тилларига таржима қилинди, қилинаётир. Бу – одамдаги инсонийликни, она сути, ота ўгити билан сингган миллийликни сақлаш, бойитиш ташаббусининг дунёдаги эътирофини тасдиқламоқда.

Президентимиз томонидан ислоҳотлар комплексида маънавий ислоҳотнинг етакчи роли методологик асослаб берилди. Миллатни юксак маънавиятли қилиш - давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Зеро: "Моддий ислоҳотлар, иқтисодий ислоҳотлар — ўз йўлига. Уларни ҳал қилиш мумкин. Халқнинг таъминотини ҳам амаллаб туриш мумкин, аммо маънавий ислоҳотлар — қуллик, мутелик исканжасидан озод бўлиш, қаддини баланд тутиш, ота-боболаримизнинг удумларини тиклаб, уларга ворис бўлиш — бундан оғирроқ ва бундан шарафлироқ вазифа йўқ, бу дунёда". Зеро оламнинг яралишидан мақсад ҳам инсон. Демак, инсон омили кучайтирилиши керак.

Инсон омили

Автомобилсозлик ҳам, ғаллачилик ҳам, қурилиш, санъату сагноат, соғлиқни сақлаш, банк иши - ҳаммаси инсон омилидан бошланади. Инсонда тугайди. Яъни тадбиркор, қурувчи, фермер, банкир, ишчининг “Мен нима учун ишлашим керак? Қандай ишлашим керак?” деган саволларга жавоби ва амали ё таназзулни ё тараққийни белгилайди. Ишлаётган одамнинг “пул топиш”дан бир баҳя юқорида турувчи мотиви, яъни маънавий мотиви бўлса, иқтисод ҳам, сиёсат ҳам, қишлоқ хўжалиги, саноат, мудофаа, қурилиш ҳам шунча тез ривожланади. Чунки: "Барчамиз яхши англаб олишимиз керакки, ҳаётимизнинг бошқа соҳаларидаги аҳвол, амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг самарадорлиги, аввало халқ маънавиятининг тикланиши, тарихий меросимизнинг кенг ўрганилиши, анъаналаримизнинг сақланиши, маданият ва санъат, фан ва таълим ривожи билан узвий боғлиқдир". Бундан маънавият – маънавият учун эмас, инсон фаровонлигига қаратилган ислоҳотлар самарадорлиги учун, деган ҳақиқат ошкор эмасми?

Маънавий қашшоқ миллат ҳеч қачон иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий тараққиётга эриша олмаган. Маънавият қанча юксак бўлса, миллий тикланишнинг Инсон омили кучаяди. Унинг иш самарадорлиги, баракаси шунча юксак бўлади. Юксак маънавиятли киши ёмон ишлаши, ёмон фуқаро бўлиши, бировга ёмонлик исташи мумкин эмас. Чунки у ўзини бошқаларга, мамлакат ҳаётига, тақдирига дахлдор деб билади. Ўз меҳнати билан нафақат даромад олаётганини, балки миллий тикланишимизга ҳисса қўшаётганини билади. Бундан мамнун, бардам юради. Шу маънода юксак маънавият Ўзбекистоннинг енгилмас кучига айланаётир. Миллий тикланишимизга суръат ва қувват бераётир. Бундан эса Президентимиз томонидан маънавиятни ислоҳ қилиш нега биринчи даражали вазифа сифатида кун тартибига қўйилганининг ҳикмати тобора равшан бўла бормоқда.

Миллий тикланиш – тўхтамай, узлуксиз кўтарилиш, ривожланиш демак. Бунда бир эмас, бир неча авлодлар иштирок этади. Тикланишнинг бардавомлиги учун бизлардан озод ва обод Ватанни қабул қилиб оладиган авлодлар қандай бўлишлари керак? Бу саволга Президентимизнинг халқимизда машҳур бўлиб кетган “Фарзандларимиз биздан кўра, кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!” деган шиорлари жавоб. Марра жуда, жуда баланд қўйилди. Натижалари ҳар биримизни қувонтирмоқда. Ушбу талаб а б а д и й миллий шиоримиз бўлиб қолиши керак. Бунинг учун ҳар бир ота-она “Фарзандим мендан кўра, кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиши шарт!” деб ният қилсин. Ўз фарзандини ана шу юксак маррага етказиш учун ҳар кунлик амалий тарбияга киришсин. Ана шунда ҳар бир оилани, ҳар бир Ўзбекистон фарзандини ушбу буюк маррада кўрамиз.

Миллий тикланишимизда ёшларимизнинг ҳозирги замон фани, техника ва технологияси ютуқларини чуқур ўзлаштиришлари ҳал қилувчи омил. Юксак ривожланган мамлакатлар тажрибалари қайси мамлакат ёшлари замонавий фан, техника ва технология ютуқларини қанчалик мукаммал эгалласа, мамлакат тараққиётига қўшадиган ҳиссалари шунчалик кўп бўлишини тасдиқлаб турибди.

Кўпмиллатлиликни, мультикультурализмни айрим давлатларда муаммо, хавф деб аюҳаннос солишмоқда. Бизда эса миллатлараро тотувлик миллий мафкурамизнинг асосий ғояларидан бири. “Миллий ғоя – бизнинг ғоя” деган ибора республикамизда тинч фаровон яшаётган барча халқ ва элатларнинг тилида, дилида, аҳиллигида намоён. Республиканинг миллий-маданий ранг-баранглиги маънавий қайта тикланиш, янгиланиш омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Миллий тикланишимиз мухолифлари

• Кўплаб бузғунчи ғояларнинг асосий таъсир объекти ёш мустақил мамлакатлар бўлиб қолмоқда. Мақсадлари аён ўз мавқеини ўзга минтақаларда мустаҳкамлаб, минтақаларни ўз таъсири остига олиш, ёш, суверен давлатларни ўз манфаати доирасига киритиш, уларнинг мустақиллигини заифлаштириш. Шу туфайли “Минтақада шаклланган ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий алоқаларни издан чиқариш дўст ва биродар давлат, халқ ва миллатлар ўртасига низо солиш, кескинлик ўчоқларни келтириб чиқариш учун турли ғоявий, диний ва мафкуравий воситалар ишга солинмоқда”[1].

• Диний экстремизм “демократия миллий қадриятларга ва маънавиятга зид, халқ ҳокимиятчилиги маънавий қадриятларнинг йўқолишига олиб келади, деб, демократик ислоҳотлар йўлига тўсиқ қўйишга уринмоқда.

• Коммунистик мафкура ва ахлоқ нормаларидан воз кечилганидан сўнг жамиятда пайдо бўлган ғоявий бўшлиқдан фойдаланиб, четдан биз учун мутлақо ёт бўлган, маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган “оммавий маданият” ёпирилиб кириб келишга ҳаракат қилаётир.

• Ёт мафкуралар, уларга ёлланган “қалам акулалари” аҳоли, ёшларимизни меҳнат, ўқишдан чалғитиб, ўйинларга, кўнгил очишга, истеъмолчиликка йўналтириб, ўзларига ўхшашга чорлаётир. Бебаҳо миллий қадриятларимиз ўрнига ўйлаб топган қадриятларини киритиш, мустақиллик ғояларини қоралаш, миллийликка секин аста путур етказиш, авлодларни аждодларга гиж гижлашга интилмоқда.

• “Қийналиб, стресслар билан топиладиган кўп даромаддан кўра кам зўриқиб эришиладиган ҳаловат яхши. Кел бизнинг сафларимизга, деб чорламоқда ёшларимизни замонавий “таркидунёчилар” - дауншифтерлар жамиятлари.

• Айрим секталар ёшларимизга: ҳарбий хизматга борма, бурчларингдан қутул, қўй, кел бизнинг сафларга, биз билан бирга бўл” деб имлаётир.

• Киберлудомания(гемблинг) болалар ва ўсмирлар орасида ўйинбозликка жалб қилиб, уларни ҳаётдан, меҳнатдан, ўқиш, спортдан ажратиб олиб, қалбларига “бир лаҳзалик омад” васвасасини солаётир. Бу муаммо интернет on-line тизимида ҳам авж олаётир.

• “Ватан”, “миллат”, “миллий давлатчилик” тушунчалари эскирди. Дунёда бир тилли битта давлат, битта ҳукумат тузамиз, Ватанингни қўй, дунё фуқароси бўл”, деб аврамоқда космополитизм.

• Эгоцентризм мафкураси “Замонавий бўлсанг – ўзингни ўйла”, деб ёшларимизда биз шакллантираётган мафкуравий иммунитетни - тўсиқни олиб ташлашга ҳаракат қилишмоқда.

• “Ҳаёт бу – роҳат, фароғат. Қўй, ўзингни қийнамагин. Лаззатлан. Ҳамма, ҳамма нарсалар сенинг ҳузур ҳаловатингга хизмат қилиши керак”, демоқда ёшларимизга гедонизм.

• Эскапизм “Одамлар орасида яшаш – ғурбатнинг ўзи. Ватаним деб бошингни оғритма. Ўз хаёлларинг билан яша”, деб биз сингдираётган дахлдорликни ювиб юборишга интилаётир.

• Айрим “нодавлат ташкилотлар” ўзларича дунё харитасини турли рангларга бўяб, бичиб, “демократия тақчил” мамлакатлар рўйхатларини тузиб олишган.

Энг ёмони бу бузғунчи ғоялар тўдаси чиройли, ёқимли сўзлардан фойдаланади. Чиройли кулиб, маҳлиё қилишади. Уларнинг ҳар бир чиройли сўз, ғамзалари ёшлар қулоғи, кўзларига ташланаётган қармоқ. Халқимиз, ёшларимиз чиройли сўзловчи ҳеч бир “авлиё”га маҳлиё бўлмайдилар. Ўзларини, Ватанини, халқи, маҳалласи, ота-онаси, ука-синглисини улардан асрай оладилар.

Хуллас, ўйлаб қарасак, ўтган 20 йил бир қўлимиз бунёдкор меҳнатда, иккинчиси мустақиллик ҳимоясида бўлибди. Агар ёвуз кучлар бизни яратувчилик меҳнатидан чалғитмаганида, ютуқларимиз бундан-да юксак бўлар эди.

Бизни тиклаган шиорлар

Жамият тан олган ҳақиқатлари билан яшайди.

О. Бальзак

Телевидениеда, автобус, таксида, газетаю интернетда бир фикрни кўп эшитавериб, қулоғимиз “пишиб” қолди. Бу – “Ўзбекистон, унинг пойтахти, шаҳру қишлоқлари таниб бўлмайдиган даражада тез ўзгариб бораётир”, деган фикр. Бундан баъзан “Шундай. Тўғри. Яна қандай бўлиши мумкин?”, дегандай ажабланиб ҳам қўямиз. Нега бундай тикланиш, ўзгариш кўп ва тез?

Одамни – фикр, оламни – иш ўзгартиради. Демак, Ўзбекистонни – иш, халқимизни – Бош миллий ғоямиз: озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон жамият қуриш нияти ўзгартирди. Бу ният, азму шижоатни Президентимиз Ислом Каримов кўтарган ғоя, фикрлар берди. Улар миллатимизнинг шўролар музлатган фахр, ифтихор туйғуларини иситиб, уйғотди. Бизларни бирлаштирди. Миллий ғоямизга, ундан амалий ишларимизга кўчиб, улуғ ғоявий вазифаларни бажармоқда. Миллатимизнинг кечаси, бугуни, эртасини кўрсатиб:

• ватанга чексиз муҳаббат садоқат бонги бўлиб янграмоқда: Ўзбекистон – келажаги буюк давлат! Шу азиз ватан барчамизники! Биздан озод ва обод ватан қолсин! Ватан саждагоҳ каби муқаддас. Ўзбекистон – улкан имкониятлар мамлакати! Ватан туйғуси ҳар нарсадан устун! Ватаним менга нима берди, деб эмас, мен ватанимга нима бера олдим, деб яшаш керак! Элни Ватан манфаати бирлаштиради. Халқ фаровонлиги - фаолиятимиз мезони. Биз ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз ҳам! Ватан ободлиги кўнгил ободлигидан бошланади. Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон! Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди!

• Бизни дахлдорликка, ҳаракатга чорламоқда: Мустақиллик – улкан масъулият! Янгича фикрлаш ва ишлаш – давр талаби! Озод бўлсанг - озод бўл, эркин бўлсанг - эркин бўл, мустақил бўлсанг – ҳақиқий мустақил бўл! Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг. Савоб ишни ҳар ким қилиши керак, Савоб ишни ҳар куни қилиши керак! Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз! Биз қуриш, яратиш йўлидан бораверамиз! Келажакни жасоратли одамлар қуради! Мардлар қўриқлайди Ватанни! Юксак малакали мутахассислар – тараққиёт омили!

• Улардан юксак маънавият уфуриб туради: Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда. Миллат қудрати - ҳамжиҳатликда. Огоҳлик – давр талаби. Жамиятимиз мафкураси халқни - халқ, миллатни - миллат қилишга хизмат этсин. Халқимиз бор экан, Амир Темур номи барҳаётдир. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Юксак маънавият - келажак пойдевори. Юксак маънавиятсиз келажак йўқ. Юксак маънавият – енгилмас куч. Ўзбекистон халқи ўз йўлидан қайтмайди.

• Барча соҳаларда ислоҳотларга йўл очиб бораётир: Ислоҳот —ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун! Демократия - бош йўлимиз. Юксак малакали мутахассислар - тараққиёт омили. Ислоҳотлар мезони - одамлар ҳаётидаги ўзгаришдир. Деҳқончилик тараққиёти - фаровонлик манбаи. Тадбиркорлик - иқтисодиёт келажаги. Оила фаровонлиги - миллат фаровонлиги. Фан Ватан равнақига хизмат қилсин. Адолат ҳар ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин. Ҳеч бир нарса мамлакатни спорт каби тезда дунёга машҳур қила олмайди. Адабиётга эътибор – маънавиятга эътибор! Тинчлик учун курашмоқ керак. Давлат хусусий мулкдор ҳуқуқларининг ҳимоячисидир.

Бу ғоялар миллий тикланишимизнинг энг қийин йиллари синовидан ўтди. Халқимизни асради, унга куч, мадад берди. Демак, уларга садоқат бундан кейин ҳам миллатимизни асрлардан асрларга беталофат, соғ-омон ва фаровон элтаверади.

Кўзларга савол

1991 йилдаги Ўзбекистон билан 2011 йилдаги Ўзбекистонни қандай қиёсласа бўлади? Нималарга ўхшатса бўлади?

• Гувала уйлар билан – кўзларимизни қувонтираётган янги уй жойларга.

• Қадди эгик, ўтирган одам билан – тик, мағрур юриб кетаётган одамга.

• Бемор билан – соғлом одамга.

• 14 киши танийдиган одам билан – жаҳонга машҳур одамга.

Агар йигирма йиллик миллий тикланишимизни тасвирлаш учун атига 5 10та мисол бўлганида, уларни шарҳлаш, тушунтириш осон бўларди. Яхшиликлар, янгиликлар, бунёдкорлик беҳисоб бўлса, бу мушкул бўлар экан. Сиз эришган натижаларимиз тарғиботида бундан ҳам яхши қиёслар топасиз. Шундай эмасми?



[1] Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар. Ўқув қўлланмаси. – Т., 2000, 26-б.

Киритилди: 2020-05-28 16:54:14; Ўқилди: 2372 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!