Шанба, 30 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоянинг рўёби / Ватан равнақи

КЕЛАСИ ЗАМОННИНГ ҲОЗИРГИ ЗАМОНГА АЙЛАНИШИ

Категория: Миллий ғоянинг рўёби – Ватан равнақи;
Муаллиф: Муҳаммаджон Қуронов

КЕЛАСИ ЗАМОННИНГ ҲОЗИРГИ ЗАМОНГА АЙЛАНИШИ

Миллий ғоямизнинг асосий мазмунини ифода этадиган йўналишлар ҳақида гапирганда, ҳеч шубҳасиз, биз Ватан равнақи ва тараққиётини ўзимизга тасаввур қиламиз

Ислом Каримов.

Нега Ватан – Она дерлар?

ВАТАН - инсон энг кўп ўйлайдиган, сўйлайдиган, куйлайдиган мавзу. Энг юксак жасоратлар сабаби – Ватан. Жаҳон урушлари ўртага Ватан масаласи қўйилганда бошланган. Ватан деб жондан кечадилар. Улар маънавий жасорат соҳиблари, азизларимиз. Ўзбекистонда улар абадий хотирланади, қадрланади.

Нега Ватан сўзининг олдига Она сўзини қўшамиз? Она кўзи юмуқ муштдек жоннинг 9 ойлик роҳатбахш, сокин ватани. Инсон туғилгач, ўзга ўлкаларда эмас, фақат киндик қони томган ўз Ватанида ана шу ҳаловатни ҳис қила олади. Ватан сўзига Она сўзининг қўшилиши балки шундандир?!

Мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов Ватан меҳри билан безалган жўшқин шиорларни ўртага ташладилар. Улар Ватанга чексиз муҳаббат садоқат бонги бўлиб янграмоқда:

Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!

Ватан саждагоҳ каби муқаддас.

Ўзбекистон – улкан имкониятлар мамлакати!

Ватан туйғуси ҳар нарсадан устун!

Ватаним менга нима берди, деб эмас, мен Ватанимга нима бера олдим, деб яшаш керак!

Элни Ватан манфаати бирлаштиради.

Ободлик кўнгилдан бошланади.

Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон!

Шу азиз Ватан барчамизники!

Биздан озод ва обод Ватан қолсин!

Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан!

Аён бўлдики, Муҳтарам Президентимиз Янги Ўзбекистонни яратиш учун, бизда янгича Ватан туйғусини уйғотиб, бизларни Буюк келажакни қуришга тайёрлаган эканлар. Президент даъватлари касбимиз, миллатимиз, динимиз, ёшимиз, жинсимиз, лавозимимиздан қатъий назар Ватан равнақи масаласида бир жону бир тан қилди. Бирлаштирмоқда.

Бу даъватлар илк китоблари давлат маблағи ҳисобидан чоп этилаётган иқтидорли ёшларнинг, жами ёш авлоднинг дилида, тилида, ишида, ижодида акс садо бермоқда. Ана шундай ёшлардан бири - ёш шоира, Фарғона давлат университети талабаси Гўзалхон Эргашева:

Юрагим тубида муқаддас жой бор,

Унга Ватан дея ёзиб қўйганман.

Юртга хизмат қилиб, яшайман ҳар дам,

Чунки тупроғини босиб қўйганман.

Она Ўзбекистон ҳар биримиздан мана шундай садоқатли меҳрни кутишга ҳақли. Шундай эмасми?!

Ғоявий тарбияда “Ғояларга образ беринг!”, дейилади. Мусаввир Леонардо да Винчи ҳам “Кўриб бўлмайдиган нарсани қаттиқ севиб бўлмайди”, деган. Бу қоидалар ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда ҳам муҳим. Шунинг учун барча халқларнинг Ватан сиймосини ифодалайдиган ўз образлари, рамзлари бор.

Биз Ватан деганимизда беихтиёр кўз олдимизда Мустақиллик майдони, Бахтиёр онанинг мунис сиймоси гавдаланади. Юракларимизни аллалайди. У зурёдининг дийдорига тўймай тикилаётир. Орзулари бир олам. Унинг мамнун чеҳрасидан Мустақиллик майдонимиз мунаввар. Бугун Бахтиёр Онамиз ҳаммамизни Буюк, Муқаддас, Мустақил Ватан билан қутлаётир. Онамизга қўшилиб Олам қутлаётир.

Ватан равнақи тасаввурда

Ватан равнақи ғояси ҳар бир юртдошимизнинг ташаббускор, ишбилармон, тадбиркор бўлиб, шу юрт, шу халқ манфаатлари билан уйғун яшашига боғлиқ.

Бугун тараққиётнинг “Ўзбек модели” ўзини тўла оқлади. Жамиятимизда тадбиркорлик, эркин иқтисодий фаолият кенг ривожланиб, давлатимизнинг иқтисодий қудрати тобора ортаётир. Халқимизнинг маънавияти бойиб, илм-зиё салоҳияти юксалаётгани Ватан равнақининг асоси бўлмоқда. 2011 йилнинг “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб номлангани ҳам Ватан равнақи тантанасини тасдиқлаб турибди.

1992 йил. 2 июль. XII чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг X сессиясида Президентимиз: “Мулкчиликнинг барча шаклларига эрк берилади, шахсий ташаббус ва ишбилармонликка кенг йўл очилади... [1](таъкид бизники. М.Қ.).

Сиз ҳозир мустақиллигимизнинг ўн биринчи ойида кўтарилган ғояларни ўқидингиз. Ғоялар одатда келаси замон майлида кўтарилади. “Эрк берилади”, “йўл очилади” ва ҳ.к. Келаси замон феълларидан “а” ҳарфини ўчириб қўйсангиз, келаси замон ҳозирги замонга айланади. “Эрк берилди”, “йўл очилди” бўлиб, келаси замон ҳозирги замонга айланади. Меҳнат ва изтиробларга тўла йигирма йилда кўплаб ғояларимиз ўз меваларини берди.

Мустақилликни биз билан бир вақтда қўлга киритган кўплаб республикаларда натижа бошқача бўлди. “А” ҳарфи ўчмади. Аксинча у “ма”га айланди: “эрк берилмади”, “йўл очилмади”.

Бунинг оқибатида совет турмушининг хароб манзаралари асл ҳолича, “оригинал”да сақланиб қолмоқда. «Аргументы и факты» ҳафталигининг ёзишича, айрим собиқ совет республикаларининг шаҳар, район, қишлоқларида “мустақилликнинг 20 йилида битта ҳам(!) ижтимоий объект қурилмади. Баъзи мактаб, касалхона, кинотеатрлар сирти косметик бўялган, холос. Кўчаларни тўлдириб “Москвич-412”лар юрибди. Майдонларда Ленин “Тўғри йўлдан бораяпсиз, ўртоқлар!” деб турибди”( АиФ. №11 2011).

Ободлик - озодликдан.

Ватан равнақ топиши, обод бўлиши учун аввало у озод бўлиши шарт экан. Ёшларимиз Ватан тарихини яхши биладилар. Юртимиз юз йилдан ортиқ вақт “пахта экиладиган ҳудуд” мақомида келди. Шўро даврида ҳам Ўзбекистон бор эди. Бироқ, обод эмас эди. Бу масалани ўзга жойларда “кўриб чиқишарди”. Масалан, “Советобод районидаги бошланғич мактабнинг девори шўрлаб, шиферлари синган. 10 йилдан буён томидан чакка ўтиб ётибди. Бу - бешинчи аризамиз. Илтимос, ёрдам беринг”, деб ёзиларди. Москвага. Бир йилдан сўнг “Советобод район Карл Маркс номидаги мактабга 10та кичик шифер ажратиш келаси беш йиллик дастурига киритиш масаласи кўриб чиқилади”, деган жавоб келиши мумкин эди. Чунки қарорни биз эмас, ўзгалар қабул қилар эди.

Мустақиллик маънавиятидан кўнгиллар обод бўлди. Обод кўнгиллар уй, кўча, йўл, қишлоқ, маҳалла, ям-яшил хиёбон, майдон, гулзорлар, иншоотлар билан Ватанни ОБОД қилди. Қайси томонга қараманг, кўзларингиз гувоҳлик бераётир: Биздан озод ва обод Ватан қолаётир.

Ўзбекистон қачон шунчалар машҳур, шунчалар обод бўлган? Бундан 20 йил олдин олам аҳли Самарқандни, Бухорони, Хивани яхши биларди. Бироқ, Ўзбекистонни билмас эди. Самарқанду Бухоро, Хивани аждодлар, Ўзбекистонни – 1991 йил ўз тақдирини ўз қўлларига олган озод авлод машҳури жаҳон қилдилар.

Тошкент, Нукус, Қўқон, Бухоро, Андижон, Самарқанд, Қаршини, ҳар туманларимизда ярқираган намунавий тураржойларни кўринг. Ўзбекистоннинг ҳар бир шаҳру қишлоғи шундай гўзал, обод бўлаётир.

Миллатнинг тўйи арафасида одамнинг ёқимли, ширин сўзларни кўп-кўп айтгиси келади. Лекин бугунги бахтиёр кунлар осмондан тушмаганини, ўзи келмаганини ҳам айтмаса, бўлмас.

Ўйлаб қарасак...

Ўтган 20 йил давомида бир қўлимиз бунёдкор меҳнатда, бири мустақиллик ҳимоясида бўлибди. Агар ёвуз кучлар бизни яратувчилик меҳнатидан чалғитмаганида, эришган марраларимиз бундан-да юксак бўлар эди. Ана шундай қийин шароитда ҳам кўзларимиз гувоҳ - бунёдкор Ўзбекистон халқи ўз Юртбошиси билан бир жону бир тан бўлиб, ўзининг нималарга қодир эканлигини дунёга кўрсатди.

Мафкуравий хуружлар ёшларимизнинг Ватан туйғусини сўндиришга чиранди. Бунинг учун ҳеч нарсани аямади. Янги янги ҳийла-найранг, замонавий воситалар, катта маблағини сотқин ёллашга сарфлади. Сотқинлик эртакларда ёки тарихда қолиб кетмаган экан. У ҳозир ҳам, эртага ҳам кутилмаган жойдан чиқиб, юракларни эзиши мумкин экан.

Ўз халқининг душманларига дўст бўлиб, Она Ватанига қарши қурол кўтарган, маҳалла, қишлоқ, ота-она, ёр-биродарларидан воз кечиб, адашган, икки дунёсини бой бериб қўйганларни ҳам кўрдик.

Яқинда “Ўзбекистон”телеканалида ўз ватанига, халқига қарши қурол кўтарган акромийлар ҳақида ҳужжатли фильм берилди. Унда оддий андижонликлар акромийларни:

“халқимиз жонига зулм қилганлар”,

“уруғ аймоғини пулга сотганлар”,

“маразлар”,

“ота қаддини букканлар”,

“менинг болаларимни чиритганлар”,

“падар лаънатилар”,

“ўлигинг ҳам келмасин”

деб, ер муштлаб қарғади.

Ўзбекдек содда, самимий, мулойим халқ шундай фарёд қилиши учун унинг ичи нафратдан тўлиб, ёниб кетиши керак. Шундай бўлди. Акромийларнинг Ватанга хиёнатини халқимиз, оддий андижонликлар шундай қарғади [2]. “Ватанни севмоқ – иймондандир!” деган муборак ҳадиснинг устидан босиб ўтган гумроҳларни аҳли ислом шундай қарғар экан.

Ҳа. Дунёда ким кўп, бузғунчи кўп. Демак, улар билан мафкуравий курашимиз давом этаверади. Сохта, ёлғон ахборот тарқатиш, ахлоқсизликни “мода”га айлантириш, ўз “демократия”ларини зўрлаб, ё алдаб жорий этишга уринаверишади. Ёшларимизнинг ватанга садоқат, дахлдорлик, гражданлик туйғуларини сўндиришга интилишади.

Уларни биздаги Ватанга садоқат, дахлдорлик, жўш ураётган шижоат, ишонч қўрқитаётир. Шунинг учун улар бизнинг қисқа вақтда эришган асрларга татигулик ютуқларимизни қадрсизлантиришга чиранмоқда. Уларнинг иддаолари барча соҳалардаги муфаққиятларимизга урилиб, чилпарчин бўлаётир.

Ўзбекистон – муваффақиятлар майдони

Ўз киндик қони тўкилган, ота-боболари хоки ётган она юртни дунёда тенгсиз, муқаддас Ватан деб биладиган одамнинг мақсад-муддаолари аниқ, ғурур ва ифтихори юксак бўлади. Шундай бўлди ҳам. Келинг, бу ҳақда инсонлар сўзласин:

Фермер (2009 йил): “Фермерлик” деган сўзни муҳтарам Президентимиздан эшитдим. Илгари тасаввур ҳам қилолмасдим. Мана мен бугун фермерман, мулкдорман. 300 гектар ерим, 700 бош қорамолим, сут ва гўштни қайта ишлаш цехим бор.

Чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаяпман. Кредит олиб 100 оила асалари сотиб олдим, 15 сотих ерга парник қурдим. Биогаз олиш қурилмасини яратдим. Газ ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим.

Коллеж битирувчиларидан 30тасини танлов асосида ишга олдим. Фермер хўжалигимиз ишчилари 73 кишидан 103 кишига етди. Илгари ўртача иш ҳақи 130 минг сўм бўлган бўлса, ҳозир 300 мингдан ошди.

Банкдан кредит олиб, қишлоқ аҳолисини табиий метан гази билан таъминламоқчиман. Техникаларимни газлаштираман. Бу билан ёқилғига харажатларимни тежайман”.

Меҳнат фахрийси: “Юртимизда янгилик, ўзгариш шунча кўпки, қиёсига вақт етмайди. Ўзимдан мисол. Мен бошланғич синфни совет мактабида ертўлада ўқиганман. Бугун биргина Ангор туманида замонавий 43 та мактаб, 6 та коллеж ишлаб турибди.

Транспорт муаммоси йўққа чиқди. Олдинлари Ангордан Термизга келиш учун бир кун кетарди. Ҳозир ярим соат кифоя. Чунки йўллар равон. Пенсиямизни олиб келиб, эшигимизда рухсат сўраб туради. Қаерда бор бундай шароит?

Олим. Яқинда Жанубий Кореяда бир халқаро илмий конференцияда қатнашдим. Корейс олимларининг Ўзбекистондаги ислоҳотлардан яхши хабардорлигига қойилман. Улардан бири «Корея 50 йилда эришган натижага Ўзбекистон 10 йилда эришди», деди. Ғурурланиб кетдим.

Маҳалла фаоли. Илгари кўча-кўй, жамоат жойларида қоп-қора кийиниб, ранги мурдадек бўлиб, кўрганларнинг кўнглини оғритиб юрган адашганлар бўларди. Мана бугун кўча, бозорларни кўринг. Ҳамма кўзларимизни қувнатиб, миллий, замонавий кийинган. Чеҳралари хандон. Кўча, бозорларимизни қора рангдан, залолатдан нима поклади? Менимча, ҳаммамизнинг фикрга қарши – фикр, ғояга қарши – ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашганимиз поклади.

Ёш тадбиркор. Масъулияти чекланган жамиятимизда теварак атрофдаги қишлоқлардан 800 дан ортиқ киши ишламоқда. 2007 йилда Австриядан кайта ишлаш линиясини олиб келиб ўрнатдик. Шарбатларни замонавий Пьюр-Пак пакетларига қадоқлаяпмиз. Янги иш ўринларини яратаяпмиз. Бу тобора кўпроқ оилаларни фаровон қилаётир. Режам - туманимизда етиштирилаётган мевалардан табиий концентратлар ва помидор томат пастасининг 80 фоизини экспорт килиш.

Ватан равнақи йулидаги хар кандай мехнат Президентимиз эътиборида экан. Мана, чекка бир кишлокда ишлаётган мендек бир оддий тадбиркор «Шуҳрат» медали билан такдирланди.

Мен Президентимизнинг: «Киши тоза қалб билан, чин кўнгилдан бир ният қилиб, интилса, унга албатта эришади”, деган сўзларини шиор қилиб яшаб, шу натижаларга эришмоқдаман. Орзуим – Ўзбекистонимизни юксак ривожланган давлатлар қаторида кўриш. Бунда менинг ҳам ҳиссам борлигини ҳис килиш”.

Спортчи. Спортда эришган мислсиз натижаларимиз Ватанимизни тез машҳур қилди. Осиёнинг энг яхши арбитри Равшан Эрматов ёшларга маслаҳат беради: “Аввало ҳар бир йигит ўз касби, ишида зўр натижаларга эришиши керак. Бу унинг ҳаётини фаровон қилади. Оилали, фарзандли, яхши дўстлари бўлиши керак. Нимага қўл урса, уни ўта сифатли бажариши керак. Ўз олдига катта мақсадлар қўйишдан чўчимаслиги керак. Биз енгиб ўтолмайдиган тўсиқ йўқ. Оптимист бўлинг, ҳеч қачон тушкунликка тушманг ва доим олдингизга аниқ мақсад қўйиб, унга интилинг. Мени Осиё, Европанинг кўп мамлакатларида танишади. Ёнимга келиб, суратга тушишади, автограф олишади. Бироқ, Ўзбекистондек юртни, бу ердаги меҳр муҳаббатни бошқа ҳеч қаерда кўрмадим” [3] . Равшаннинг Ватан равнақи ғоясига садоқати уни ва Ўзбекистонни оламга машҳур қилди.

Газеталар Ватан равнақи ғоямизнинг рўёби – фактларни ёзаётир:

• Илгари Ўзбекистон жаҳон пахта бозорига киришга интилган ёш мамлакат эди. Бугун эса... пахта бозори Ўзбекистонга келди. “Пойтахтимизда 2010 йилнинг 13 октябрь куни VI Халқаро ўзбекистон пахта ярмаркаси бошланди”.(Тошкент оқшоми, 2010.14.10).

• Жаҳон давлатлари жаҳон молиявий инқирозидан инграётган “2010 йилнинг тўққиз ойи мобайнида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8,3 фоизни ташкил этди”(“Халқ сўзи”. 2010. 20.10).

• 2010 йилнинг олти ойида мамлакатимизда экспорт ҳажмининг ўсиши 14,3 фоизни ташкил этди(“Халқ сўзи”. 2010.05.08).

• Ватанимиз равнақи юксак ривожланган давлатларнинг Ўзбекистонга бўлган эътирофида, эҳтиромида яққол кўринмоқда. Ўзбекистон Президентининг расмий ташрифлари натижалари чет элларнинг сиёсий, эксперт таҳлил ва ишбилармон доиралари томонидан катта қизиқиш ва диққат билан кузатиб борилмоқда. Келинг, ана шундай ташрифлардан бири ҳақида холис хорижий экспертлар сўзласин:

“Ислом Каримовнинг Ҳиндистонга ташрифи Осиё тарихидаги муҳим воқеадир”(Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми раиси, профессор С.Саксена(Буюк Британия).

“Президент Ислом Каримовнинг Япония, Хитой ва ниҳоят, Ҳиндистонга қилган ташрифлари халқаро ҳамкорликни самарали ривожлантиришнинг яққол мисолидир”(Capgemini consulting консалтинг компаниясининг янги бозорлар бўйича эксперти Б.Нисканена(Франция). (Uzbekistan Today, 2011.26.05.)

• Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси ва раҳнамолигида ташкил этилган мамлакатимиз автосаноати иқтисодиётимиз салоҳияти рамзларидан бирига айланди. “Ўзэкспомарказ”да янги Chevrolet Spark автомобили кенг жамоатчиликка намойиш қилинди”.(“Тошкент оқшоми” 2010.26.08).

• Ўзбек автомобиллари жаҳон бозорларини эгалламоқда. Сотувлар “Nexia” энг севимли автомобиллардан бири эканлигини кўрсатаётир. Ўзбек автомобиллари бугун жаҳоннинг 10 дан ортиқ мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Россиянинг “Автостат” аналитик марказидан расмий хабар: “Nexia” Россияда сотиладиган хорижий автомашиналар орасида биринчи ўринга чиқиб олди. Россияда 2010 йилнинг сентябрида биргина “Nexia”нинг сотилиши 2009 йилнинг шу даврига нисбатан 126 фоизга ошган. Ўзбек “Nexia”си “Renault Logan”, “Ford Focus” автомобилларидан ўзиб кетди... (“ХIХ аср”, 2010.16.09).

• 2010 йил 24-август. “Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон” темир йўлининг ишга туширилганига уч йил тўлди. Бу қурилиш халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин намунасидир. Ҳисор тоғ тизмаси узра 1800 метр баландликдан ўтган, умумий узунлиги 223 километрни ташкил этувчи бу темир йўл Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятидаги шу пайтгача пўлат излар етиб бормаган ҳудудларни пойтахтимиз, шунингдек, юртимизниг бошқа шаҳарлари ва қўшни мамлакатлар билан боғлаш имконини беради.(“Халқ сўзи”, 2010.24.08).

• Кичик ютуқлар катта ютуқларни пайдо қилади. Ўзбекистон равнақи унинг туман, шаҳар, қишлоқ, маҳаллалари равнақининг йиғиндиси. Шаҳарларни қўйинг, тоғдаги қишлоқларимиз – экспортерларга айланмоқда: “Янгиқўрғон тумани. “Ян текстиль” МЧЖда янги маҳсулот – ватинли сочиқ матосини ишлаб чиқаради. Жамоа хорижга 89 минг долларлик маҳсулот экспорт қилган. Бу кўрсаткич 2010 йил охиригача 300 минг АҚШ долларига етказилган. 55 кишилик жамоа 2010 йилнинг 9 ойида ички бозорга 1 млрд сўмликка яқин маҳсулот чиқарган. Бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 30 фоиз кўп.(“Халқ сўзи”. 2010.21.09.).

• “2010 йилнинг биринчи ярмида республикамиз тўқимачилик саноати корхоналарида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 148,2 фоизни ташкил этди. Маҳсулот рақобатдошлигини таъминлаш мақсадида иқтисодиётни таркибий туб ўзгартиришни чуқурлаштириш сиёсати туфайли соҳада шундай юқори кўрсаткичга эришилди”.(“Халқ сўзи”. 2010 йил 12 август).

• Ўзбек санъати, либос дизайни бутун жаҳонга ўз сўзини айтаётир. Пойтахтимизда бешинчи бор “Art Week Style.uz - 2010” санъат ва мода ҳафталиги бўлиб ўтди. “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ташаббуси билан ўтказилган мазкур нуфузли тадбирда юртимиз маданияти ва миллий анъаналаримиз жаҳон миқёсида яна бир бор кенг намойиш этилди.(“Халқ сўзи”. 2010.15.10).

Пойтахтимизда “Theatre UZ-2010” биринчи халқаро театр фестивали бўлиб ўтди.(“Ватанпарвар”. 2010.15.10).

• Ўзбекистонликлар энди ТУ 154 самолётларида эмас, дунёнинг энг зўр самолетларида учмоқдалар. Мисол учун, Тошкентдан учган зиёратчиларни бағрига олган А320 самолети 40(!) дақиқада Бухорои шарифга қўнаётир.

• Собиқ иттифоқ ҳудудида мароқ билан кўрилаётган ҳозирги телевидение энди бизни қониқтирмайди. Ўзбекистон 2015 йилга келиб жаҳоннинг энг ривожланган давлатларидаги - рақамли ва кенг форматли телевидениега тўлиқ ўтади.

Сиз булардан ҳам кўп, яхшироқ мисолларни биласиз. Шундай эмасми?

Эй болам, сенинг Ватанинг битта...

Ватан равнақи – Президентимиз асарлари, нутқлари, суҳбатларидаги фикрлардан униб чиққан, қувват олган бунёдкор ғоя. У ёшларимизни юртимиз равнақига дахлдорликка чорламокда.

Табиат жамоа бўлиб яшашга содиқ. У баъзида дахлдорликдан инсонларга ибрат беради: Асалари уясига яқин бориб турган одамнинг холи нима бўлишини яхши биламиз. 100 000 асалари ўз уясининг дахлсизлиги учун ҳимояга отилади. Ўйлаб ўтирмасдан, ўзини фидо қилиб, унга ёпишади. Талайди.

Фараз қилинг, бегоналар асалари уясини бузиб, асалдан ҳоҳлаганича олаверса-ю, асаларилар лоқайд, четдан қараб турса нима бўлади? Табиатда асалари зоти ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетарди. Мафкуравий ғанимларимиз бизнинг лоқайд асалариларга ўхшашимизни истайди. Демак, Ватан мустақил бўлса ҳам, фарзандлари лоқайд бўлса, бундай миллатнинг келажаги бўлмас экан.

Шундай экан, муҳтарам Президентимизнинг ҳаётга катта умидлар билан кириб келаётган ёшларга қарата айтган ушбу дахлдорликка даъватларини ҳар бир таълим муассасаларида, энг гавжум жамоат жойларига зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйиш лозим:

Эй болам, сенинг Ватанинг битта – барчамизга азиз, бетакрор мана шу Ўзбекистон. Ота-боболарингнинг хоки шу ерда ётибди. Шу муқаддас замин сени дунёга келтирган, сен уни обод этишинг, ҳимоя қилишинг шарт. Нафақат сенинг ўз ҳаётинг, балки сенга умид кўзини тикиб турган ота-онанг, опа-сингилларинг, ёш гўдаклар, нуроний қарияларимизнинг ҳаёти ҳам ана шу бурчингни нечоғлиқ адо этишингга боғлиқ”.



[1] Каримов И.А. Истиқлол йўли: муаммо ва режалар. XII чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг X сессиясида 1992 йил 2 ва 3 июлда сўзланган нутқ. –Тошкент, “Ўзбекистон”, 1992. -32 б. 20-б.

[2] 2011 йил 28 май соат 18 30да “Ўзбекистон” телеканалида намойиш қилинган “Андижон: изтироб ва шукрона” ҳужжатли фильмида.

[3] Лучший футбольный арбитр Азии Равшан Ирматов о футболе, оптимизме, трудолюбии и будушем человечества./Uzbekistan Airways. №1/2011. с. 61.

Киритилди: 2020-05-27 18:08:30; Ўқилди: 2253 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!