Шанба, 30 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоянинг илдизлари / Дунёвий

Milliy g’oyaning dunyoviy ildizlari ilm-fan, ma’rifat.

Категория: Миллий ғоянинг илдизлари – Дунёвий;
Муаллиф:

Мафкуранинг дунёвий илдизлари маърифий дунёга хос сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий муносабатлар мажмуидан иборатдир. Инсоният асрлар мобайнида босқичма-босқич дунёвийлик сари интилиб келди. Умумэътироф этилган тамойиллар ва конун устуворлиги, сиёсий плюрализм, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик каби хусусиятлар дунёвий жамиятнинг асосини ташкил этади. Бундай жамиятда инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликлари, жумладан, виждон эркинлиги хам қонун йўли билан кафолатланади. ана шундай жамият мафкураси «Дунёвийлик - даҳрийлик эмас» деган тамойил асосида ривожланади, яъни диннинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва ахамиятини асло инкор этмайди.

Ижтимоий тафаккурнинг мумтоз намуналари бўлган дунёвий, илмий дурдоналари миллий ғоямизнинг фалсафий негизларини белгилайди. Юнон файласуфи Гераклит ўзининг Шаркда ўтган ғоявий устозларини, «Авесто»дек муқаддас китобда битилган фалсафий фикрларни назарда тутиб, юртимизга «фалсафий тафаккур бешиги» деб таъриф берган эди.

Мустақилликдан сўнг олиб борилган илмий тадқиқот ва изланишлар натижаси қадимий маданият илдизлари қадимги юнон цивилизацияси билан тенглаша олишини кўрсатди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Фалес билан бир мақомда турадиган, Салон билан баҳслашган мутафаккир файласуф Анаҳарсис Марказий Осиёдан етишиб чиққан.

Ҳаттоки Собиқ Иттифоқ давридаги адабиётларда ҳам қуйидаги мулоҳазаларни тан олишга мажбур бўлишган. “Қадимги Грециянинг машҳур мутафаккири Суқрот яқин вақтгача “ахлоқ фалсафасининг отаси” ҳисобланиб келинган эди. Шарқ маданияти билан чуқур танишиш натижасида XX-аср олимлари бу фикрдан қайтишга мажбур бўлиб, этика тўғрисидаги фикр ва мулоҳазалар анча бурун, яъни, бундан 26 аср олдин Шарқ мамлакатларида пайдо бўлган, деган фикрга келдилар[1].

Тадқиқотчилар Ўзбекистон заминини ҳамда унинг буюк файласуфлари, уларнинг асарлари (“Авесто”), хусусан, Анаҳарсис назарда тутилган бўлиши керак дейди. Қадимги Юнонистонда “Етти донишманд” деган тушунча мавжуд бўлиб, бунда ўз даврининг етук файласуф олимлари, нотиқ ва қонуншунослар бу еттиликдан ўрин олган. Бу етти донишманд орасида Фалес, Солон, Суқрот, Пифагор, Анаксагор, ва албатта Анаҳарсис ҳам назарда тутилган. Анаҳарсисни етти донишманддан бири сифатида Аристотел, Диоген, Лаэртский, Платон, Плутархлар ўз асарларида қайд этишган. Демак Анаҳарсисни турли даврбларда яшаган бир неча муаллифлар етти донишманднинг бири сифатида санаб ўтишган. Ҳаттоки Анаҳарсис шарафига Афинада ёдгорлик ўрнатилган. Муаллифнинг ёзишича Анаҳарсис, борлиқ, билиш назарияси масалалари ва ҳақиқат мезонлари тўғрисида, инсон билимининг чексизлиги, нарса ва ҳодисалар моҳияти тўғрисида, ҳар қандай фикрга, ғояга нисбий ҳақиқат тарзида шубҳа билан қараш ҳақида асарлар ёзган. У биринчи бўлиб кема лангарини, кулолчилик чархини кашф қилган, деб эътироф этишади[2].

Ҳақиқатдан ҳам Юнонистонда етти донишманддан бири сифатида эътироф этилиши, бу Анаҳарсиснинг энциклопедик билим соҳиби бўлганлигини билдиради.

Анаҳарсис скиф миллатига мансуб бўлиб, Марказий Осиё ҳудудида, хусусан, Амударё ва Сирдарё оралиғида яшаган саклар ёки скифлар авлодига тегишлидир. Анаҳарсисни скиф миллатига тегишли эканлигини Лаэртлик Диоген ўзининг “Машҳур файласуфларнинг ҳаёти, таълимоти ва ҳикматли сўзлари ҳақида” деган асарида кўрсатиб ўтади. Скифлар ва улар билан боғлиқ воқеалар ҳақида Ғарбда асарлар битилган. Масалан, Француз файласуф олим Вольтер “Скифлар” трагедиясирни ёзган XVI-асрда лотин тилида “Cкифлар шоҳи Темурланг” китоби нашр эттиралади. Мазкур манбалар бўйича скифлар ёки саклар Мавроуннаҳр ҳудудида қадимдан мавжуд бўлган, уларнинг бой моддий ва маънавий маданияти ҳамда уларнинг юксак билим ва фалсафаси бошқа ғарб мамлакатларининг фани, жумладан фалсафа фани шакллланишига ижобий таъсир қилган. Марказий Осиёдан етишиб чиққан машҳур файласуф Анаҳарсис Юнонистонда бўлган ва маҳаллий аристократия вакилларини доимо лол қолдирган. Унинг Салон билан савол-жавобларини юнон файласуфи Гермипп қайд қилиб ўтган. Тадқиқотчилар мазкур асос ва далиллардан келиб чиқиб Анаҳарсисни дастлабки файласуфлардан бири деб, фалсафа фанини ўзбекистонлик Анаҳарсисдан бошланган деган фикрни илгари суради. Бундай фикрга келиш учун Ш.Хаитов асосан ғарбнинг қадимги давр мутафаккирлари ёзиб қолдирган манбаларга таянади. Масалан, Клавдий Элианнинг “Древные автори о Средней Азии”, Лаэртлик Диогеннинг “Машҳур файласуфларнинг ҳаёти, таълимоти ва ҳикматли сўзлари ҳақида, Аристотелнинг “Никомах этикаси”, шунингдек Гермипп, Дамон Кренскийнинг ёзиб қолдирган асарлари шулар жумласидандир.

Анаҳарсисдек файласуфни Ўзбекистон заминидан етишиб чиккан бу тасодифий бир ҳодиса эмас , балки бу замин сарҳадида Абу Наср Фаробий, Абу Райхон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Алишер Навоий каби буюк сиймолардан ташқари 100лаб Бухорийлар, 20дан ортик Пайкандийлар, 100га яқин Хоразмийлар, 20га яқин Термизийлар, 80га яқин Самарқандийлар, 20дан зиёд Фарғонийлар, 11та Марғинонийлар, 10лаб Тошкандийлар, 10лаб Зоминийлар, Ғиждивонийлар, Нашхибийлар, Насафийлар, Навоийлар, Накшбандийлар, Наршахонийлар каби олим ва файласуфлар самарали ижод этганлар.

ІХ-ХII асрлар давомида Мовароуннаҳр бутун мусулмон оламида илмий

- маданий жиҳатдан энг ривож топган ўлка сифатида машҳур бўлиб, бу ерда қадимий анъаналар билан араб, форс, қисман ҳинд ҳамда қадимги юнон илмий-маданий анъаналари қоришуви асосида исломий, фалсафий ва табиий илмлар – астрономия, математика, тиббиёт, кимё, доришунослик, жуғрофия кабилар ривож топди. Бу давр маънавиятининг муҳим томонларидан бири шундаки, олим, донишманд, шоирларнинг кўпчилиги қомусий билимларга эга бўлиб, илмлар бир-биридан ажралмасдан, узвий боғлиқ ҳолда мавжудлиги характерли эди. Шунинг учун ҳам ал-Форобий, ибн Сино, ал-Беруний, аз-Замахшарий, Исмоил Журжонийлар жуда кўп соҳаларда ижод этиб, ўчмас из қолдирдилар. Шу билан бирга математика, астрономия, тиббиёт, мантиқ, тилшунослик, тарих каби илмлар, маданият, маънавиятнинг ривожида ниҳоятда муҳим аҳамият касб этгани, ислом динининг назарий масалалари билан бирга ахлоқий томонлари ҳам кенг ривож топганини кўрамиз.

Бу даврда айрим муаллифлар келтирган илмлар таснифида дунёвий(анъанавий) илмлар билан бирга араб(ислом) илмлари ҳам қайд этилади. Биринчисига, юнонлардан ўтган фалсафа, математика, физика ва бошқа қатор илмлар киритилган бўлса, ислом илмлари сифатида калом, ҳадис, фиқҳ каби илмлар санаб ўтилади. Мовароуннаҳр бу даврда дунёвий илмларнигина эмас, балки ислом илмларининг ҳам ривожланиш марказига айланган. Исмоил ал-Бухорий, ат-Термизий, Мотурудий, Марғиноний, Косоний каби алломалар бу соҳада машҳур бўлдилар.

Диний ва дунёвий илмлар узвий боғлиқ ҳолда ривож топди. ІХ аср бошлари ва биринчи ярмида араб халифалиги пойтахти Бағдоддаги “Байт ул-Ҳикма” илмий марказининг довруғини кўтаришда Ўрта Осиёдан борган Хоразмий, Фарғоний, Жавҳарий, Абу Мансур. Ат-Туркий, Марвазий каби ёш олимларнинг аниқ ва табиий фанлар соҳасидаги фаол хизматлари улкан аҳамиятга эга бўлди.

Инсоният цивилизациясида, илм-фан тараққиётида улкан ҳисса қўшган олим ал-Хоразимийдир. У кишининг тўлиқ исми Абу Жаъфар (Абу Абдуллоҳ) Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий (783, Хива — 850, Бағдод) — Марказий Осиёлик буюк математик, астроном, географ, фан тарихидаги илк қомусий олимлардан. 819 й.да Бағдодни эгаллаган ал-Маъмун туркистонлик олимлардан Хоразимий, Аҳмад ал-Фарғоний, Ҳабаш ал-Ҳосиб Марвазий, Абул Аббос Жавҳарий ва бошқаларни ўзи билан олиб кетиб, ўзига хос илмий жамоа ташкил этган. Бу жамоа фан тарихидаги дастлабки росмана академия деб қараладиган илмий му-ассаса — «Байт ул-ҳикмат» («Донишмандлик уйи») нинг ўзагини ташкил этган. Бу академияда Хоразимий етакчи олим ва илмий раҳбар бўлган.

Хоразимийнинг бизгача ўнтача асари тўлиқ, қисман ёки айрим парчалар тарзида етиб келган. Шу асарларнинг ўзиёқ кўрсатадики, Хоразмий инсоният цивилизациясига буюк ҳисса қўшган олимдир. Америкалик фан тарихчиси Жорж Сартон Хоразимийни «Ўз замонасининг энг буюк математиги, агар барча ҳолатлар эътиборга олинса, барча замонларнинг энг буюк математикларидан бири», деб баҳолаган. Бундай баҳо Хоразимийнинг математика тарихида тутган бекиёс ўрни туфайлидир.

Фан тарихчиси Адам Мец ибораси билан «Мусулмон ренессанси» деб аталган фан тарихидаги бу ҳодиса биринчи навбатда Хоразимий номи ва илмий жасорати билан боғлиқ.

Хоразимий алгебра фанига асос солгани, бу фан атамаси унинг «Китоб мухтасар мин ҳисоб ал-жабр вал-муқобала» («Ал-жабр вал-муқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб») асари номидан келиб чиққани яхши маълум. Xоразимийнинг бу асари 12-асрнинг бошларида Севилиялик Роберт Честер томонидан лотинчага таржима қилинган, номи қисқариб «алжебра» (француз, инглиз тилларида), «алгебра» (немис, рус тилларида) деб атала бошлаган ва фан номига айланиб кетган. Бир неча асрлар Европа илм даргоҳларида асосий дарслик ҳисобланиб келинган. Ўнлик позицион ҳисоблаш системаси Европага тарқалишига сабаб бўлди. Унинг номи фанда "ал-Хоразмий " – алгоритм шаклида фанда абадий ўрнашиб қолди.

Хоразмийнинг фан тараққиётида чуқур из қолдирган яна бир асари «Зиж»дир. У назарий астрономия ва астрономик жадваллардан иборат бўлиб, арабча қўлёзмалари сакланмаган, Масла-ма ал-Мажритий (10-а.) томонидан қайта ишланган вариантнинг лотинчага ва яҳудийчага таржималари етиб келган. Xоразмий «Зиж»и ҳам астрономия ва тригонометриянинг кейинги тараққиётида намуна вазифасини ўтаган.

Xоразмий юнон олими Птолемейдан кейин яшаган буюк географларидан биринчиси саналади. Унинг «Сурат ал-Арз» асари (бошқа номи «Ал-Хоразм географияси», тўлиқ номи Птолемей таклиф этган «География» китобидан Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий таскин этган Ер сурати — шаҳарлар, тоғлар, денгизлар, ороллар ва дарёлар китоби») фан тарихидаги муҳим манбалардан биридир. Xоразимий. география тарихида биринчи марта Тинч океанини тилга олади. У ўзи яшаган жойлардан жуда узоқдаги бошка объектлар: Атлантика ва Ҳинд океанларидаги ороллар, жумладан, Буюк Британия, Ирландия, Сарандиб (Шри Ланка) жойлашувини тўғри тасвирлайди. Китобда тасвирланган хариталар харитаграфия тарихида муҳим ўрин тутади. Бу китоб 12-асрдаёк, лотин тилига таржима қилинган ва география фани ривожланишига катта ҳисса қўшган.

Xоразмийнинг «Китоб ат-тарих» (Xоразмий «Тарих»и) асарида Муҳаммад (ас) ҳаёти билан боғлиқ саналар, ислом тарихидаги муҳорабалар, Қуёш тутилишлари, 713 йил 10 мартда Антиохия шаҳрида юз берган даҳшатли зилзила, халифаликдаги сиёсий ҳодисалар қайд этилган. Афсуски, бу асар бизгача етиб келмаган. Лекин ундан олинган кўчирмалар жуда кўп тарихнавис олимлар (Беруний, Ёқут Румий, Яъқубий, Элиас Бар Шинойи, Ҳамза Исфаҳоний, ат-Табарий, ал-Масъудий ва б.) китобларида учрайди. Бундан кўринадики, Хоразмийнинг «Тарих»и ўз даврида машҳур бўлган ва кенг тарқалган. Асар уша даврнинг бошка тарихчилар ёзган китобларидан воқеаларни аниқ қайд этилиши билан ажралиб туради.

Президентимиз И.А.Каримов "Юксак маънавият енгимас куч" асарида қуйидаги фикрни билдиради: "Муҳаммад Мусо Хоразмийнинг ўнлик саноқ системасини, алгоритм ва алгебра тушунчаларини дунёда биринчи бўлиб илм-фан соҳасига жорий этгани ва шу асосда аниқ фанлар ривожи учун ўз вақтида мустаҳкам асос яратгани умуминсоний тараққиёт ривожида қандай катта аҳамиятга эга бўлганини барчамиз яхши биламиз. Бугунги кунда одамзотнинг илм-фан ва замонавий технологиялар борасида эришаётган улкан ютуқларини кўз олдимизга келтирар эканмиз, беихтиёр ана шу буюк бобомиз мисолида бундай юксак марраларга эришишда ўзбек халқининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигидан қалбимиз ифтихорга тўлади"[3].

Ўрта асрларда яшаган Марказий Осиёлик олимлар орасида Аҳмад ал -Фарғоний табииётшунос олим сифатида катта шуҳратга эга бўлган. Шаркда Ал-Фарғоний, Европада Alfraganus (Алфраганус) тахаллуслари билан машҳур бўлиб, илк ўрта аср фалакиёт, риёзиёт ва география илмлари йўналишида тадқиқотлар олиб бориб, табиий фанлар тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломадир.

Унинг асосий астрономик асари — «Китоб ал-ҳаракат ас-самовийа ва жавомиъ илм ан-нужум» («Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби»). Бу асар «Астрономия асослари ҳақидаги китоб» номи билан ҳам маълум бўлиб, 1145 ва 1175 йилларда Европада лотин тилига таржима этилади. Шундан сўнг Аҳмад ал-Фарғоний номи лотинлаштирилиб, «Алфраганус» шаклида Ғарбда шуҳрат топади. Унинг «Астрономия асослари ҳақидаги китоб» асаридан бир неча асрлар давомида Европа университетларида астрономия фани бўйича асосий дарслик сифатида фойдаланилган, чунки бу китоб замонасидаги астрономия ҳақидаги энг муҳим ва зарур бўлган билимларни ўз ичига олган. Унинг географияга оид бўлими Ер юзидаги мамлакатлар ва шаҳарлар ҳақидаги энг бошланғич ва зарурий билимларга бағишланган бўлиб, «Ердаги маълум мамлакатлар ва шаҳарларнинг номлари ва ҳар бир иклимдаги ҳодисалар ҳақида» деб аталади. Асарда фалакиёт ва геогр. илмларининг асосий мазмуни, вазифа-лари ва қисмлари тушунарли далиллар асосида содда қилиб баён этилади. Умуман Ахмад ал-Фарғонийнинг «Астрономия асослари ҳақидаги китоб» асари ўрта аср мусулмон Шарқи мамлакатларидаги, сўнг Испания орқали Европа мамлакатларидаги астрономия илмининг ривожини бошлаб берди.

832 — 833 й.ларда Аҳмад ал-Фарғоний Шом (Сурия) шимолидаги Синжор даштида Тадмур ва ар-Раққа оралигида ер меридиани бир даражасининг узунлигини ўлчашда қатнашди. Халифа буйруғига биноан Нил дарёсидаги сув сатҳини ўлчайдиган иншоот барпо этиш учун Мисрнинг Қоҳира яқинидаги Разво оролида нилометрни ясаган. Илмий-техник ва меъморий жиҳатдан ғоят улуғвор бу қурилма Нил дарёсининг Сайёлат ул-Род мавзесида ҳозирга қадар сақланиб қолган.

Оврўпа Уйғониш даврининг буюк намоёндалари унинг асарларидан яхши хабардор бўлган. Европа Уйғониш даврининг машҳур олими Региомонтан 15-а.да Австрия ва Италия университетларида астрономияга доир маърузаларини Аҳмад ал Фарғоний асарлари асосида ўқиган. Аҳмад ал-Фарғоний номи Данте (14-а.) ва Шиллер (18-а.) томонидан асарларида тилга олинади. Европа олимларидан Д’аламбер, Брокельман, X. Зутер, И. Ю. Крачковский, А. П. Юшкевич ва Б. А. Розенфельд Аҳмад ал-Фарғонийнинг ижодига ва қолдирган илмий меросига юқори баҳо берганлар.

Президентимиз Ислом Каримов Аҳмад Фарғоний ҳақида шундай дейди: "Яна бир улуғ аждодимиз — Аҳмад Фарғоний инсоният тарихидаги илк Уйғониш даврининг энг забардаст ва кучли намояндаси, ўз замонасининг фундаментал фан асосчиларидан бири сифатида башарият дунёқараши ва маънавиятининг ривожланишига беқиёс таъсир кўрсатди. Унинг бебаҳо мероси ўз даври олимлари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилгани тарихий манбалар орқали яхши маълум. Алломанинг «Астрономия асослари ҳақида китоб» номли асари ўн иккинчи асрдаёқ лотин ва иврит тилларига таржима этилгани ҳам бу фикрнинг далилидир.

Европада Аль-Фраганус номи билан машҳур бўлган бу алломанинг илм-фан ривожидаги нуфузи шу қадар юксак эдики, унинг исми шарифи ер куррасидагина эмас, балки самода ҳам шуҳрат топди. Ўн олтинчи асрда Ойдаги кратерлардан би-рига унинг номи берилгани бу фикрни исботлайди. Атоқли астроном Ян Гевелий томонидан 1647 йили нашр қилинган «Селенография» китобида Ойдаги кратерлардан иккитаси икки буюк ватандошимиз — Аҳмад Фарғоний ва Мирзо Улуғбек номи билан аталади"[4].

"Байт ул ҳикма" да фаолият олиб кўрсатган яна бир Марказий Осиёлик олим Ахмад ал Марвазийдир. У халифа ал Маъмун даврида олиб борган тажриба ва илмий тадқиқотларда энг фаол иштирок этган олимлардан бўлиб, 832-833 йилларда Синжор даштида Тадмур ва ар-Раққа оралигида ер меридиани бир даражасининг узунлигини ўлчаш ишларида қатнашган. Ал Марвазий фанга биринчи бўлиб, тангенс ва катангенс тушунчаларини ва уларнинг функциявий жадвалларини киритади.

Олимнинг асарларида баён қилинган тангенс, катангенс тушунчалари тригонометрия ривожига қўшган улкан ҳисса бўлди[5].

Бундан ташқари “Байтул ҳикма”да Яҳё ибн Абу Мансур, Ахмад ас-Сарахсий, Аббос ал-Жавхарий, Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркий, Ахмад ас-Сағонийлар фаолият олиб бориб, табиий ва ижтимоий-гуманитар фанлар тараққиётига улкан ҳисса қўшганлар. Масалан, Яҳё ибн Абу Мансур қаламига мансуб “Ал-Маъмуннинг текширилган зижи” – ўша даврда астрономиc тадқиқотларнинг ҳосиласидир. Унинг астрономияга оид кўплаб асарлар ёзгани қайд етилган.

Ахмад ас-Сарахсий эса фалсафа, астрономия, арифметика, мусиқа назарияси ва табобатга оид кўплаб асарлар битган.

Аббос ал-Жавҳарий буюк астроном бўлиб, баъзи сайёралар, Қуёш ва Ойнинг ўрнини аниқлаган мусулмон оламида биринчи бўлиб астрономиc кузатишлар олиб броган шахслардан биридир. Евклид геометрияси шарҳлаш билан бирга уни такомиллаштирган[6].

Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркий ҳам астрономияга оид кўплаб асарлар муаллифидир. Ахмад ас-Сағоний ҳам астрономия, геометрияга оид кўплаб асарлар ёзган.

Инсоният илм-фан ва маданияти тараққиётида улкан ҳисса қўшган қомусий олим Ибн Синодир. Тўлиқ исми Абу Али ал-Ҳу-сайн ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳасан ибн Али (980.8, Афшона қишлоғи — 1037.18.6, Ҳамадон ш., Эрон) Ғарбда Авиценна номи билан машҳур. Замондошлари Ибн Сино ни «Шайх ар-раис» («донишмандлар сардори, алломалар бошлиғи»); «Шараф ал-мулк» («ўлка, мамлакатнинг обрўси, шарафи»), «ҳужжат ал-ҳаққ» («ростликка далил»); «Ҳаким ал-вазир» («донишманд, тадбиркор вазир») деб атаганлар. Жаҳон фани тарихида Ибн Сино қомусий олим сифатида тан олинган, чунки у ўз давридаги мавжуд фанларнинг қарийб барчаси билан шуғулланган ва уларга оид асарлар ёзган. Турли манбаларда унинг 450 дан ортиқ асар ёзганлиги қайд этилган, лекин бизгача уларнинг 242 (160) таси етиб келган. Шулардан 80 таси фалсафага, 43 таси табобатга оид бўлиб, қолганлари мантиқ, психология, табииёт, астрономия, мат., мусиқа, кимё, ахлоқ, адабиёт ва тилшуносликка бағишланган. Лекин бу асарларнинг ҳаммаси ҳам олимлар томонидан бир хилда ўрганилган эмас. Ибн Сино нинг кўпроқ фалсафа ва тибга оид китоблари жахрннинг кўпгина тилларига таржима этилиб, асрлар давомида қайта-қайта нашр қилиб келинмоқда, лекин шу билан бир вақтда, бошқа кўп асарлари ҳали қўлёзма ҳолида ўз тадқиқотчиларини кутяпти.

" Ана шундай ноёб фазилатлар соҳиби бўлмиш машҳур аллома Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асари неча асрлар давомида Европанинг энг нуфузли олий ўқув юртларида асосий тиббиёт дарсликларидан бири сифатида ўқитиб келингани, дунё миқёсида «Медицина», «Соғлом турмуш тарзи» деган тушунчаларнинг фундамен-тал асоси бўлиб хизмат қилгани, албатта, чуқур ҳаётий ва илмий заминга эга. Аниқроқ қилиб айт-ганда, бу беназир алломанинг бутун илмий фао-лияти дунё тараққиётини инсонпарварлик ру-ҳида, яъни, маънавий негизда ривожлантиришга улкан таъсир ўтказди, деб айтишга барча асос-лар бор"[7].

Ибн Синоўз давридаги табиий фанларнинг ривожига ҳам улкан ҳисса қўшган олимдир. Унинг табиий-илмий қарашлари «Китоб аш-шифо» нинг табиий фанларга оид қисмида баён қилинган.

Ибн Синоёшлигидан астрономияга қизиққан ва бу қизиқиш умрининг охиригача сакланган. У 8 та мустақил рисола ҳамда «Китоб аш-шифо» ва «Донишнома» нинг риёзиёт қисмларида астрономияга алоҳида бобларни ба-ғишлаган. Птолемейнинг «Алмагест» ини қайта ишлаб, шунинг асосида амалий астрономия бўйича қўлланма яратган. Ибн СиноЖуржон шаҳрининг географик узунлигини ўз даври учун бутунлай янги бўлган усул — Ойнинг энг баланд нуктасини кузатиш opкали аниклаб берган. Беруний «Геодезия» асарида бу усулнинг тўғрилиги ҳақида гапириб, уни фақат Ибн Сино номи билан боғлайди. Бу усул Европада 500 йилдан кейин (1514 й.) астроном Вернер томонидан янгидан кашф қилинди.

Математика соҳасида Ибн СиноЕвклиднинг «Негизлар» китобини қайта ишлаб, унга шарҳ ва тўлдиришлар киритди, геометрик ўлчамларга арифметик терминология қўллади, «сон» тушунчаси доирасини «натурал сон» дан анча кенгайтирди.

Ибн Сино ўз давридаги илмлар таснифи масаласига ҳам жиддий эътибор б-н каради ва бу соқада «Ақсом ал-улум ал-ақлия» («Ақлий илмлар таснифи») номли асар езди. Унда олим аклий илмларни ҳикмат — фалсафа илмлари деб олиб, уларни назарий ва амалий қисмларга бўлди. Назарий илмлар ҳақиқатни билишга, амалий илмлар яхши иш-арни бажаришга қаратилган. Назарий фалсафа 3 га бўлинади: 1) қуйи даражадаги илм, яъни табиатшунослик (тиб, кимё, астрология ва б.); 2) ўрта даражадаги илм — мат. (геометрия, арифметика, астрономия, мусиқа); 3) олий даражадаги илм — метафизика (илоҳиёт). Амалий фалсафа ҳам уч кием (ахлоқ, иқтисод ва сиёсат) га бўлиниб, биринчисида битта шахе, унинг феъл-атвори қандай бўлиши ҳақида; иккинчисида инсонларнинг оилада, хўжалик ишларида бир-бири билан муносабатлари қандай бўлиши ва учинчисида шаҳар ёки ўлка миқёсида кишиларнинг бир-бири билан муносабати қандай бўлиши, давлатни идора қилиш ҳақида ran боради. Бу туркумлар ҳам майда тармоқларга бўлиниб кетади. Асарда 29 илм тармоғи тилга олинади

Уйғониш даври миниатюра ва суратларида Ибн Сино машҳур қадимги юнон олимлари Аристотель, Гален, Гиппократ, Птолемей, Эвклид билан бир қаторда тасвирланган. Ўсимликларнинг биринчи илмий таснифини яратган табиатшунос Карл Линней доимо яшил бўлиб турувчи бир ўсимликни Ибн Сино шарафига "Авицения" деб атади[8]. Бельгияда Ибн Сино хотирасига ҳайкал ўрнатилган. Бу ҳам Европа халқиннг Ибн Синога эҳтироми тимсолидир.

Ўрта асрнинг Марказий Осиёлик яна бир қомусий алломаси Абу Райҳон Беруний (973.4.9, қад. Кот (Кат) ш.— 1048.11.12. Ғазна (ҳоз. Афғонистонда)— ўз замонасининг ҳамма фанларини, биринчи навбатда фалакиёт (астрономия), физика, риёзиёт (мат.), маъданшунослик фанларини пухта эгаллаган. Бу фанлар тараққиётига қўшган ҳиссаси билан унинг номи дунё фанининг буюк сиймолари қаторидан жой олди. "Миллий тарихимизнинг яна бир ёрқин юлдузи Абу Райҳон Беруний фаолиятига ҳаққоний баҳо берар экан, америкалик фан тарихчиси Сартон XI асрни «Беруний асри» деб таърифлайди.Бундай юксак ва ҳақли баҳо аввало қомусий тафаккур соҳиби бўлмиш буюк ватандошимизнинг илм-фан тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси билан изоҳланади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Беруний илмий масалаларда ҳам, тарихий воқеа-ҳодисаларга, ўз замондошларига баҳо беришда ҳам ўта холислик ва ҳаққонийлик билан фикр юритган. Шу боис ҳам у ҳаётда кўп азиятлар чеккан, ҳатто умрининг охирида турмуш қийинчиликларига дучор бўлган, аммо ҳар қандай оғир шароитга қарамасдан, эътиқодидан қайтмагани унинг ўз маънавий идеалларига нақадар содиқ бўлганидан далолат беради"[9].

Беруний фаннинг ҳамма соҳаларида самарали ижод қилган эди. Унинг илмий мероси жуда кенг ва ранг-баранг. Б.нинг илмий иш соҳасидаги зўр қобилияти унинг кўпчилик замондошлари ва кейинги олимлар томонидан эътироф этилган. Унинг асарлари мавзу жиҳатдан турли-туман. Кўпчилик асарлари ўз замо-насида ўзига хос бир энциклопедия ҳисобланган. Асарларининг 70 таси фалакиёт, 20 таси риёзиёт, 12 таси геогр. ва геодезия, 3 таси маъданшу нослик, 4 таси харитаграфия, 3 таси иклимшунослик, бири физика, бири доришунослик, 15 таси тарих ва элшунослик, 4 таси фалсафа, 18 таси адабиёт ва б. фанларга оиддир. Б. турли тиллардан бир қанча илмий ва адабий асарларни таржима ҳам қилган. Афсуски, ҳозирча олимнинг фақат 28: асаригина маълум. Крлганлари бизгача етиб келмаган ёки ҳали топилгани-ча йўқ. Б. ижодини ўрганиш, унинг асарларини нашр этиш, бошқа тилларга таржима қилиш ишлари ўтган аср охир-»1-ларидан бошланди. Унинг «Кадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», «Ҳиндистон», «Геодезия», «Минералогия», «Масъуд қонуни», «Мунажжимлғ санъатидан бошланғич тушунчалар» ва б. асарларининг матни нашр этилд»: турли тилларга таржима қилинди. Танланган асарлари рус ва узбек тилларида чоп этилди.

Табиий фанлар тарихида Б.нинг абадий қоладиган хизмати шундаки, у ўзининг илмий тадқиқот ишларида ўзи ишлаб чиққан илмиц тадқиқот методига, тажриба ва кузатишларига суянди. Кузатиш ва тажриба методини мисли кўрилмаган даражада юқори кўтарди, бу унинг тажрибавий билимлар соҳасидаги зўр ютуғидир. Олим ўз олдига фанни аниқ маълумотлар билан бойитиш, назарияларини ишлаб чиқиш, янги усул ва қонунларини очиш вазифаларини қўйган.

Табиатшунослик ва астрономияга оид илмларни ривожи XII-XIII асрда Маҳмуд Чағмиёний номи билан боғлиқ. Астрономия соҳасида йирик кашфиётлар қилган. Унинг асарларида инсонни ўраб турган оламнинг умумий тузилиши, самовий сайёраларнинг ҳолати, Қуёш йилининг узунлиг ва шу каби муаммолар ўз ечимини топган.

Марказий Осиёда табиий фанлартараққиётининг навбатдаги босқичи темурийлар тарихи билан боғлиқ. Амир Темур илм-фан ривожи учун гамхурлик килиши туфайли Самарканд дунёнинг маърифий марказига айланди. Машхур олимлар Самаркандга келди. Масалан, Козизода Румий, табиб Хусомиддин Кермоний, фалакиётшунос Мавлоно Ахмад, Улугбек даврида турли мамлакатлардан келган 100 дан ортик олимлар илмий ва ижодий фаолият курсатган. Фалакиётшунослик фанида Улугбек, Козизода Румий, Гиёсиддин Жамшид ва Али Кушчилар янги кашфиётлар килди. Тарих илмида Шарофиддин Али Яздий, Хофизи Абру, Абдураззок Самаркандий, Мирхонд, Хондамир, Зайниддин Восифий ва бошкалар кимматли асарлар яратди. Мирзо Улугбек даврида Самаркандда биринчи Академияга асос солинди, ер куррасини улчаш ва фалакиётшунослик жадвалларини тузиш ишлари амалга оширилди. Самарканд расадхонасида Улугбек математика, геометрия, фалакиётшуносликда чукур билимлар сохиби эди. Али Кушчи, Мухаммад Хавофийлар унинг севимли шогирдлари булган. Мирзо Улугбек “Зич” асарида VIII-XI асрларда бошланган фалаккиёт илмига оид анъанани давом эттириб, юкори даражага кутаради. Математикага доир “бир даража синусни аниклаш хакида рисола”, Фалакиётшуносликка оид “Рисолаи Улугбек” ва “Мусика илми хакида рисола” кабиасарлар ёзди.

Мирзо Улугбек ва унинг илмий академияси фаолиятига Президентимиз Ислом Каримов қуйудагича таъриф беради: "Буюк Амир Темурнинг набираси, беназир аллома Мирзо Улуғбекнинг ўрта асрлар шарои-тида намоён этган илмий жасорати бугунги кун олимларини ҳам ҳайратга солмасдан қўймайди. Тақдир бу улуғ зотнинг зиммасига беҳад улкан ва машаққатли вазифалар юклади. Буюк саркар-да Амир Темур бунёд этган салтанатнинг вориси бўлишдек ўта масъулиятли вазифа айнан унга на-сиб этди. Мирзо Улуғбек қарийб қирқ йил мобайнида Мовароуннаҳр диёрининг донишманд ҳукмдори сифатида халқнинг азалий орзуси — тинчлик, тотувлик, илм-фан ва маданиятни тараққий топтириш йўлида улкан шижоат ва матонат кўрсатди.

Бу беназир аллома ўзида минглаб юлдузларнинг ҳаракатини жамлаган мукаммал астрономик жадвални яратди. Ушбу жадвалда зикр этилган илмий маълумотларнинг нақадар аниқ ва тўғри эканини бугунги энг замонавий асбоблар ҳам тасдиқлайди. Улуғбекнинг ҳаёти ва илмий фаолияти халқимиз маънавиятининг пойдеворига қўйилган тамал тошларидан бири бўлиб, юртимизда бундан неча замонлар олдин фундаментал фанларни ривожлантиришга қанчалик катта аҳамият берилганини кўрсатади. «Зижи жадиди Кўрагоний» деб номланган Улуғбек астрономик жадвали ўрта асрларда лотин тилига таржима қилиниб, Европа олимлари орасида кенг тарқалгани фикримизнинг яққол исботидир.

Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, беихтиёр 1996 йили Парижда ЮНЕСКОнинг ўша пайтдаги Бош котиби Федерико Майор жаноблари билан бўлган бир суҳбат ёдимга тушади. Ўшанда жаноб Майор Улуғбекнинг илмий меросини юксак баҳолаб, унинг юлдузлар ҳаракатига оид ҳисоб-китоблари бугунги кунда компьютер ёрдамида текшириб кўрилганда атиги бир неча дақиқага фарқ қилиши аниқланди, деган гапни айтиб қолди. Шунда мен унга жавобан, йўқ, жаноб Федерико Майор, Улуғбек хато қилган бўлиши мумкин эмас, балки компьютерлар хато қилган бўлиши мумкин, деган эдим. Гарчи бу гап дўстона лутф тариқасида айтилган бўлса-да, ўйлайманки, унинг замирида чуқур ҳақиқат мужассам"[10].

Ватанимиздан етишиб чиққан буюк қомусий олимлар табиий илмий фанлар Билан бир қаторда ижтимоий гуманитар билимлар соҳасида ҳам ката муваффақиятга эришадилар. Форобий, Замахшарий, Азизиддин Насафий,, Наршахий, Юсуф Хос Хожиб, маҳмуд Қошғарий, Лутфий, Сакокий,Навоий, Бобур шулар жумласидандир. Айниқса Фолробий таълимоти Дуне аҳамиятига молик бўлдган маънавий дурдонадир.

Форобий (тахаллуси; тўлиқ номи Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Узлуғ Тархон Форобий) (873, Фороб ш. — 950, Дамашқ) — Марказий Осиёнинг улуғ мутафаккири ва қомусий олими. Юнон фалсафасини чуқур билгани, унга шархлар битганлиги ва жаҳонга тарғиб қилгани ҳамда замонасининг илмларини пухта ўзлашти-риб, фанлар ривожига улкан ҳисса қўшгани учун «ал-Муаллим ас-соний» («Иккинчи муаллим», Аристотелдан кейин), «Шарқ Арастуси» номларига сазовор бўлди. Мавжуд маълумотларга қараганда, Форобий. 160 дан ортиқ асар ёзган. Лекин уларнинг аксарияти бизгача етиб келмаган. Шунга қарамай, мавжуд рисолаларининг ўзиёқ унинг буюк олим эканлигидан далолат беради.

Форобийнинг асосий асарлари: «Фалсафани ўрганишдан олдин нимани билиш кераклиги тўғрисида», «Фалсафий саволлар ва уларга жавоблар», «Энцик-лопедиядан мантиқ бўлимининг бир қисми», «Талиқот» (шарҳлар), «Инсон аъзолари ҳақида рисола», «Бўшлиқ ақида мақола», «Донолик асослари», «Фалсафанинг маъноси ва келиб чиқиши», «Ҳайвон аъзолари, функция-си ва потенцияси», «Мантиқ тўғри-сидаги рисолага муқаддима», «Мантиқ илмига кириш», «Илмларнинг келиб чиқиши ҳақида», «Мусиқа ҳақида катта китоб», «Бахт-саодатга эришув ҳақида», «Масалалар моҳияти», «Буюк кишиларнинг нақллари», «Иҳсо ал-улум», «Ҳикмат маънолари», «Ақл тўғрисида», «Илмлар ва санъатлар фазилати», «Қонунлар ҳақида китоб», «Субстанция ҳақида сўз», «Фалак ҳара-катининг доимийлиги ҳақида», «Шеър ва қофиялар ҳақида китоб», «Ҳажм ва миқдор ҳақида сўз», «Мусиқа ҳақида сўз», «Физика усуллари ҳақида китоб», «Фазилатли хулқлар», «Фозил шаҳар аҳолисининг фикрлари», «Жисмлар ва акциденция-ларнинг ибтидоси ҳақида», «Аристотель «Метафизика» китобининг мақсади тўғрисида» ва б.

Олимнинг илм-фан олдидаги хизматларидан бири унинг юнон мутафаккирлари асарларини шархлаганлиги ва уларни янги ғоялар билан бойитганлигидир. Аллома, энг аввало, Арасту асарларига шарҳлар битган, унинг натурфалсафий ғояларининг тарғиботчиси ва давомчиси сифатида танилган. Форобий шунингдек, Афлотун, Александр Афродизийский, Евклид, Птолемей, Порфирий асарларига ҳам шарҳлap ёзганлиги маълум. Булардан ташқари, Гиппократ, Эпикур, Анаксагор, Диоген, Хрисипп, Аристипп, Суқрот, Зенон асарларидан хабардор бўлган ҳамда эпикурчилар, стоиклар, пифагорчилар, киниклар мактабларини яхши билган. Форорбий ўрта асрда мукаммал ҳисобланган илмлар таснифини яратди. У «Илмларнинг келиб чиқиши ҳақида», «Илмларнинг таснифи ҳақида» номли рисолаларида ўша даврда маълум бўлган 30 га яқин илм соҳасининг тавсифи ва таф-силотини баён қилиб берди. Мутафаккир табиат ва инсон организмига хос бўлган табиий жараёнларни ўрганувчи илм соҳаларини биринчи ўринга қўйди. Форобий илмларни қуйидагича таснифлайди: 1) тил ҳақидаги илм (грамматика, орфография, шеърият, тўғри ёзув ва б.ни ўз ичига олади); 2) мантиқ (8 бўлимдан иборат бўлиб, тушунча, муҳокама, хулоса, силлогистика, диалектика, софистика ва б.ни ўз ичига олади); 3) математика. (арифметика, геометиря, астрономия, механика, оптика, сайёралар, мусиқа ва оғирлик ҳақидаги илмдан иборат); 4) табиий илмлар, ило-ҳий илмлар ёки метафизика; 5) шаҳар ҳақидаги илм (сиёсий илм, фиқҳ, пед., ахлоқшунослик ва калом киради).

Форбий дунёқарашида ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий фикрлар ҳам муҳим ўринни эгаллайди. Алломанинг «Бахт-саодатга эришув ҳақида», «Фозил шаҳар аҳолисининг фикрлари», «Буюк кишиларнинг нақллари», «Мусиқа ҳақида катта китоб», «Фуқаролик сиёсати» ва б. асарлари жамият ва уни бошқариш, ахлоқ-одоб ва таълим-тарбия масалаларига бағишланган.

Ф. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатла-ри файласуфлари орасида биринчи бўлиб, жамиятнинг келиб чиқиши, унинг мақсад ва вазифалари ҳақидаги таълимотни ишлаб чикди. Ўрта аср шароитида жамият табиий равишда келиб чиққанлигини, инсон фақат бошқалар ёрдамида ҳаёт қийинчиликларига қарши кураша олиши мумкинлигини асослаб берди. «Ҳар бир инсон, — дейди Ф., — ўз табиати биланн шундай тузилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоқ учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади, у бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди, уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади... Бундай жамоа аъзоларининг фаолияти бир бутун ҳолда уларнинг ҳар бирига яшаш ва етукликка эришув учун зарур бўлган нарсаларни етказиб беради. Шунинг учун инсонлар кўпайдилар ва ернинг аҳоли яшайдиган қисмига ўрнашдилар, натижада инсон жамоаси вужудга келди». Шаҳарлар, унинг фикрича, инсонларнинг жамоа бўлиб уюшишининг олий шакли бўлиб, унда инсоний баркамол бўлиб етишиши учун зарурий шароитлар бўлади. Ф. инсонлар табиий эҳтиёж натижасида ўзаро бирлашиб, жамоани ташкил қилганлигини ало-ҳида таъкидлайди.

Ф. улуғ гуманист, инсонпарвар фай-ласуф сифатида инсон қадр-қиммати-ни камситувчи ва ўзга мамлакатларни босиб олишга асосланган жамиятга қарши чиқади. Мутафаккир одамларни тинч-тотув ва ўзаро ҳамкорликда яшашга, инсонпарвар бўлишга даъват этади. «Одамларга нисбатан уларни бирлаштирувчи бошланғич асос инсо-нийликдир, шунинг учун одамлар инсоният туркумига кирганликлари учун ўзаро тинчликда яшамоклари лозим», — дейди мутафаккир.

Ф.нинг дунёқараши, унинг жамият ва ахлоқ тўғрисида яратган яхлит таълимоти илк ўрта асрлар ва кейинги даврларда ижтимоий-фалсафий, сиёсий ва ахлоқий фикр ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Унинг қарашлари Шарқ мамлакатларига кенг ёйилди. Ўрта аср мутафаккирлари Ибн Халликон, Ибн ал-Кифтий, Ибн Аби Усабиъа, Байҳақий, Ибн Сино, Ибн Божа, Умар Хайём, Беруний, Ибн Рушд, Ибн Халдун ва б. Форобийнинг таълимотини чуқур ўрганиб, уни янги ғоялар билан бойитганлар. Буюк мутафаккир ва шоирлар-дан Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий, Жалолиддин Давоний Ф.нинг ижтимоий-фалсафий, сиёсий ва ахло-қий таълимотидан баҳраманд бўлганлар.

Ф. илгари сурган фикрлар 16—20-асарда ҳам мусулмон мамлакатлари олимлари томонидан катта қизиқиш б-н ўрганилди. Мутафаккир қолдирган мерос фақат Шарқ мамлакатларида эмас, балки Европада ҳам тарқалди ва ижтимоий-фалсафий фикр тараққиётида сезиларли таъсир кўрсатди.

Замаҳшарий ҳам ижтимоий гуманитар фанлар соҳасида кўплаб илми ймерос қоллдирган. Президентимиз «… ўрта асрларда Хоразм диёридан олис Арабистонга бориб, араб тили грамматикасини мукаммал тарзда ишлаб чиққан, илм-фаннинг кўплаб бошқа соҳаларида ҳам шуҳрат қозонган Маҳмуд Замаҳшарий бобомизни эсга олайлик. Ўзининг жисмоний ногиронлигига қарамай, дунёнинг кўплаб мамлакатларига машаққатли сафарлар қилган, теран билими ва илмий салоҳи-яти билан бутун ислом оламини лол қолдирган бу зот, ҳеч шубҳасиз, халқимиз учун маънавий етуклик тимсоли бўлиб қолаверади»[11].

Тарих ва этнография соҳасида Наршахий, Шарофиддин Али Яздий, Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд, Хондамир сингари куплабсамарали ижодий фаолият олиб бордилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «Авесто»да ифодаланган фалсафий тамойиллар ва миллий ғоялар, эзгулик ва ёвўзлик уртасидаги кураш, олам ва одамнинг яралиши, инсон ва унинг камолоти хақидаги диний ва илмий карашлар, поклик, халоллик, мардлик каби комил инсон сифатлари бугунги дунёқараш шаклланишига самарали таъсир утказади. Буюк донишманд аждодларимизнинг озодлик тўғрисидаги ғоялари, бу борада нихоятда мухим ахамиятга молик. айникса, унлик санок системасини бутун инсоният учун энг кулай бўлган хисоблаш тизимига айлантирган, инсониятга «алгебра» фанини хадя этган, алгоритмик кетма-кетлик услуби хақидаги илк ғояни кашф килган хамда Мухаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг дунёвий кашфиётлари табиатшуносликка оид бир катор фанларни кашф этиб, том маънода шарк натурфалсафасининг отаси бўлган, Абу Райхон Берунийнинг ижтимоий-ахлокий карашлари бугунги кун учун хам мухим. Фалсафа тарихи, мантик, мусикашунослик, ахлок сингари сохалардан ташкари, социологияга оид илк фалсафий системани ишлаб чиккан Абу Наср Форобийнинг адолатли жамият хақидаги карашларининг ўз урни бор. Нафакат медицина фанининг асосчиларидан, балки мантик илмида хам мутафаккирлардан бири бўлган рационализм ва иррационализмни синтез килиш асосида инсон рухиятини нигилистик инкироздан асраб колган, ХХ аср Гагб файласуфлари, экзистенциалистлари томонидан Гарбий Эвропани маънавий тушкунликдан куткарилишида асос бўлган апа шу ғоя асосчиси - Абу Али ибн Синонинг таълимоти хам бунда ўз урнига эга. Мутафаккир шоир Алишэр Навоийнинг комил инсон хақидаги фалсафий мушохадалари, Бобур ва Машраб, Бедил ва Дониш хамда асримиз бошидаги маърифатпарвар зиёлиларнинг фаолияти хам миллий ғоя ва истиқлол мафкурасининг теран томирларидир.



[1]Хаитов Шавкат. Муроса ва Ўзбекистон фалсафаси тарихига кириш. Т.:Фалсафа ва ҳуқуқ институти. 2010й. 262 бет.

[2]Хаитов Шавкат. Муроса ва Ўзбекистон фалсафаси тарихига кириш. Т.:Фалсафа ва ҳуқуқ институти. 2010й. 266 бет.

[3]Каримов И.А. Юксак маънавият енгимас куч. Т.Маънавият, 2008. 41 бет

[4]Каримов И.А. Юксак маънавият енгимас куч. Т.Маънавият, 2008. 53- бет

[5]Маънавият юлдузлари. Т.,2001 йил.53-бет.

[6]Маънавият юлдузлари. Т.,2001 йил. 60-бет.

[7]Каримов И.А. Юксак маънавият енгимас куч. Т.Маънавият, 2008. 43- бет

[8]Маънавият юлдузлари. Т.,2001 йил. 103-бет.

[9]Каримов И.А. Юксак маънавият енгимас куч. Т.Маънавият, 2008. 43- бет

[10]Каримов И.А. Юксак маънавият енгимас куч. Т.Маънавият, 2008. 45-47 бетлар

[11]Каримов И.А. Юксак маънавият енгимас куч. Т.Маънавият, 2008. 43 бет

Киритилди: 2020-05-30 11:48:52; Ўқилди: 4952 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!