Якшанба, 9 август 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоянинг илдизлари / Тарихий

Тарихий онг ва тарихий хотира

Категория: Миллий ғоянинг илдизлари – Тарихий;
Муаллиф:

Мустақиллик йилларида тарихий ҳақиқат, тарихий хотирани тиклашга имкон берилиши ва бунга шарт-шароит яратилиши туфайли халқнинг келажакга ишончи ошди. Бу эса,ўз навбатида, жамият тақдири ва тараққиётига даҳлдорлик ҳиссини кучайтирди-ижтимоий фаолликни оширди, инсон маънавий дунёсини бойитди, демократик-ҳуқуқий жамиятнинг муҳим элементи-эркин фикрлашни кучайтирди. “Бир сўз билан айтганда, деб хулоса чиқаради Ислом Каримов 2012-йил 9-майда Тошкентдаги Хотира майдонида,-халқимизнинг мустақил фикрлаши, маънавий олами, ижтимоий фаоллиги ўсиб бораётгани барча-барча ютуқларимизнинг пойдеворига , қуч-қувватимиз манбаига айланаётганини сезиш, кўриш қийин эмас.” Айни пайтда, тарихий ҳақиқатга асосланган тарихий хотиранинг тикланиши ва ундан озиқланган миллий ғоянинг яратилиши ҳамда инсон қадри ва манфаатлари устуворлигини таъминланиши инсон омилининг маънавий қудрат манбалари бўлиб, ўз фаолиятини бундай манбаларга асослантирувчи инсон-бунёдкор инсондир. Президентимиз таъкидлайдики, “юртимизда амадга оширилаётан улкан бунёдкорлик ишлари, эришилаётган ютуқларнинг негизида, аввало, инсон омили мужассам”[2]

Тарихий онг, унинг ўзаги тарихий хотира миллий ғояниниг тарихий ва замонавий илдизларидан биридир. Мустакиллик на фақат миллий ғояниниг мақсад-моҳиятини англашга, балки унинг тарихий илдизлари, жумладан тарихий онг, тарихий хотирани ўрганишга имкон яратди. «Мустакиллик йилларида ўзлигимизни англаш, тарихий – миллий қадриятларимизни тиклаш борасида нимаики иш қилаётган бўлсак, уларнинг барчасини ягона мақсад- кўп миллатли халқимизни бирлаштириш учун қилмоқдамиз»1 . Халк, мамлакат келажаги тарихий онгининг теранлиги, тарихий хотиранинг уйғоқлиги, тарихдан хулоса ва сабоқлар чиқариш билан боғлик. «Биз буюк давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз бунинг учун замонавий сиёсий, иқтисодий, илмий – техникавий, маънавий имконларимиз билан бир қаторда тарихий асосимиз ҳам бор»2. Тарихий онг ва тарихий хотира инсон, жамият маънавиятининг ажралмас қисми бўлиб, у қанчалик бой мазмунли бўлса, инсонда ўтмишдан фахрланиш туйгусини уйғотади, халқни уюштиради, уни тарихдан сабоқ чиқариб, улуғвор, бунёдкор ишларни бажаришга чорлайди. Шунинг учун ҳам тарихий онг ва тарихий хотира, миллий ғояниниг ҳам тарихий, ҳам замонавий асосларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг миллий ғоянинг тарихий илдизларини ўрганишда дастуриламал бўлиб хизмат қилувчи асарларидан бири - «Тарихий хотирасиз келажак йук» асарида ана шундай умумназарий ва умумамалий хулосалар чикарилган. Маънавият ва миллий ғоя жумладан, тарихий онг ва тарихий хотира масалаларига бағишланган асарларидан бири «Юксак маънавият - енгилмас куч» асарида Ислом Каримов таъкидлайдики, «Ҳар қайси халқ миллий қадриятларини ўз мақсад – муддаолари, шу билан бирга, умумбашарий тараққиёт ютуқлари асосида ривожлантириб, маънавий дунёсини юксалтириб боришга интилар экан, бу борада тарихий хотира масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Яъни тарихий хотира туйғуси тўлақонли равишда тикланган халқ босиб ўтган йўл ўзининг муваффақият ва зафарлари, йуқотиш ва қурбонлари, қувонч ва изтироблари билан холис ва ҳаққоний ўрганилган тақдирдагина чинакам тарих бўлади»[3].

Бу масалада мустақиллик йилларида илмий ёндашилди, тарихни ўрганишда ва баҳо беришда унинг барча даврлари ва жабҳалари эътиборга олинди ва шу асосда миллий ғоянинг тарихий илдизлари чуқур таҳлил қилинди, тарихий онг ва тарихий хотирани шакллантириш ва тарбиялашга алоҳида эътибор берилмокда.

Шуни таъкидлаш зарурки, тарихий онг ва тарихий хотиранинг илмий таҳлил қилишга Республикамизда катта эътибор берилмоқда. Тарихий онг ва тарихий хотиранинг мазмун – моҳиятини миллий ғояниниг тарихий илдизи сифатидаги аҳамияти, уни шахс фаолияти ва жамият ҳаётидаги, ижтимоий, жумладан миллий онг тизимидаги, дунёқарашни шакллантиришдаги ўрни ҳақида кўплаб фикрлар билдирилган. Шу масалалар буйича илмий ва илмий -оммабоп рисолалардан бири «Ёшлар дунёкараши шаклланишида тарихий онг ва тарихий хотира» китобидан муаллифларнинг чуқур таҳлилий хулосавий мулохазаларини укувчи диккатига хавола киламиз[2].

Ижтимоий онг шаклларидан бўлган тарихий онг ва тарихий хотира мураккаб ҳамда серқирра ҳодисадир. Тарихий онгга, шунингдек унинг таркибий қисми бўлган тарихий хотирага, уларнинг ўзаро ҳамда ижтимоий онгнинг бошқа шакллари билан алоқасига кўплаб таърифлар берилган.

«Тарихий онг, бу — ҳар қандай билимда бўладиган, ҳамма нарса, ҳатто маънавий борлиқ ҳам бўлиб ўтганлигини англашдир»[3].

«Тарихий онг ижтимоий онг шакли бўлиб, жамият томонидан ўзининг келиб чиқиши ва замондаги ўрни, ўтмиши, бугунги куни ва келажаги ўртасидаги алоқадорликнинг англаниши, ижтимоий воқеликнинг объектив идрок этилишидир»[1].

Тарихий онг «илгари содир бўлган тарихий воқеаларни ўзида акс эттирган турли-туман манбалар, ашёлар авлоддан-авлодга мерос сифатида ўтиб, тарихимиз, маданиятимизнинг узлуксизлигини таъминлайди»2.

«Илм-фанда тарихий онг деганда одатда ижтимоий гуруҳлар, синфлар, халқлар, миллатларда ўзининг келиб чиқиши, ўз тарихидаги муҳим воқеалар ва ўтмиш-даги буюк арбоблар ҳақида, ўз тарихининг бошқа кишилик жамоалари ва умуман башарият ҳамжамияти тарихи билан нисбати ҳақидаги қарашлар, анъаналар, удумлар, одатлар, концепциялар мужассами тушунилади»[3].

«Тарихий хотира селектив хусусиятга эгалиги туфайли уларни (тарихий онг элементларини) саралай олади, бир тизимга солишга хизмат қилади» ёки «тарихий хотирада санъат, урф-одат, маросимлар билан боғлиқ ахборотлар сараланган тарзда жамланади ва сакданади»[4].

«Тарихий хотира — аждодлар томонидан яратилган моддий ва маънавий бойликларнинг кишилар онги ва кундалик амалий фаолиятида қайта намоён бўлиши, эсланиши, қадрланиши»[5].

«Инсонни бутун инсоният яратган моддий ва маънавий бойликлар билан боғлаб турадиган, унинг онги ва кундалик амалий фаолиятига руҳий-маънавий озуқа берадиган қудрат тарихий хотирадир»1. Шунингдек, адабиётларда «тарихий онг ижтимоий хотиранинг таркибий қисми, унинг элементларидан биридир»2, деган фикр ҳам мавжуд. Тажрибадан кўринишича, «тарихий онг» тушунчаси ўз мазмунига кўра, «ижтимоий хотира» тушунчаси билан қиёслаганда, унга нисбатан анча кенг тушунчадир, чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, «хотира» тушунчаси ўзаро чам-барчас боғлиқ бўлган ва биргаликда тизим сифатидаги «онг»ни таркиб топтирадиган ўзаро боғланган кўплаб элементлардан, шу жумладан хотирадан ҳам иборат бўлган анча кенгроқ бўлган «онг» тушунчасининг муҳим, ҳатто марказий элементи ҳисобланади3. Бунда онг тизимидаги хотира — «кечинмалар онидан сўнг идрок этиш ва тасаввур этишни сақлаб қолиш қобилияти; хотира (образли ифодалаганда) сақловхонани ҳам билдиради»[4].

Юқорида баён этилганлардан ташқари, тарихий онг тизимида хотира «нафақат тарихий хотирани саклайди, балки инсон онгида шаклланган билим асосида ўтмишда рўи берган воқеаларни таҳлил этади, хулоса чиқаради, характерли томонларини қабул қилади, турмушга жорий этади ва жамиятнинг ҳозирги шароити билан солиштириб, қадрини белгилайди»5. Онг ва тафаккур — жараён, хотира эса қобилиятдир. Бинобарин, ижтимоий онгнинг барча шакллари ўзаро узвий боғланган, бир-бири билан муносабатда бўлади, бир-бирини ўзаро бойитади.

Демак, тарихий онг билимлар, тасаввурлар, қарашлар, анъаналар, маросимлар, урф-одатлар, ғоялар, концепциялар, фикрларнинг шундай йиғиндисини, мажмуини ташкил этадики, улар воситасида индивидларда, ижтимоий гурухдарда, халқларда, миллатларда ўзининг келиб чиқиши, ўз тарихидаги энг муҳим воқеалар ва ўтмишдаги буюк арбоблар тўғрисида, ўз тарихи билан кишиларнинг бошқа муштараклиги, шунингдек инсон социуми ва ўзининг ундаги ўрнининг нисбати тўғрисида муайян тасаввур пайдо бўлади.

Тарихий онг — ўтмишни унинг умуман жамиятга, хусусан турли ижтимоий - демографик, ижтимоий - профессионал, этноижтимоий, этноконфессионал гуруҳларга, шунингдек алоҳида индивидларга хос бўлган бутун ранг-баранглигини ҳисобга олган ҳолда баҳолаш ҳамдир. Тарихий онг жамият, унинг ижтимоий гуруҳлари ва индивидларнинг ўз ўтмиши ҳамда бутун инсоният ўтмиши ҳақидаги тасаввурлари йиғин-дисидир. Тарихий онгда ўтмиш, бугун ва келажак уйғунликда инъикос этади[1].

Ҳар қандай ижтимоий муштараклик ўзининг келиб чиқиши, ўз тарихидаги энг муҳим воқеалар, ўтмишдаги буюк (баъзан унчалик буюк бўлмаган) арбоблар тўғрисида, ўз тарихининг инсоният тарихидаги ўрни ҳақида, ўз тарихининг бошқа халқлар тарихи билан нисбати тўғрисида муайян тасаввурлар тизимига эга[2].

Тарихий онгни шакллантиришда миллий ғоя беқиёс ўринни эгаллайди. Бу аввалло миллий ғоянинг мазмун, моҳиятидан келиб чиқади. Миллий ғоя тарихий илдизларга асосланади, суянади. Миллий ғоя аждодлардан авлодларга ўтиб, асрлар давомида эъзозланиб келинаётган, шу юртда яшаётган ҳар бир инсон ва бутун ҳалқнинг қалбида чуқур илдиз отиб, унинг маънавий эҳтиёжи ва ҳаётий талабига айланиб кетган, таъбир жоиз бўлса, ҳар қайси миллатнинг энг эзгу орзу-интилиш ва умид мақсадларини3 ифодалайдиган тушунчадир. Ана шу таърифдан келиб чиқадиган бўлсак, миллий ғоя тарихий тараққиёт, тарихий хотира ва тарихий онг тушунчалар билан чамбарчас боғлиқлиги аниқ бўлади. Миллий истиқлол мафкурасининг асосий ғоялари ёки миллий ғоянинг асосий тамойиллари асрлар, минг йилликлар давомида тарихий онгга сингдирилади, шакллантирилади. Бу тамойиллар умуминсоний тамойиллар билан ҳамоҳанг, ҳозирги давр умуминсоний тарихий онг мазмунига ҳам мос келади. Агар ҳар қандай мафкуранинг умумбашарий инсоният тараққиётига хизмат қилувчи тамойиллари –қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва ҳурфикрлик, турли элат, миллат вакилларига ҳурмат ва баҳамжиҳат яшаш, диний бағрикенглик, дунёвий билимларга интилиш, маърифатпарварлик ва ҳоказолар узоқ тарихий тараққиёт жараёнлари синовларидан ўтиб, юксак сифат даражасига эришганини ҳисобга оладиган бўлсак, тарихий онг ҳам ижтимоий ва субъектив даражада бу маънавий-маърифий, мафкуравий ўзгаришларни ўзида акс эттириб келган. Ижтимиой амалиёт ва онгнинг ўзаро таъсири жамият манфаатларига хизмат қилган, ижтимоий тараққиёт талабларига ўзига хос жавоб бўлган.

Миллий мафкуранинг мақсад ва вазифаларидан бири ғоя орқали кишиларни маънавий-руҳий рағбатлантириш, тарбиялаш ва ғоявий иммунитетни шакллантиришдир. Бу вазифани бажариш тарихий хотираси мустаҳкам, тарихий онгининг илмий-назарий даражаси ривожланган кишиларда енгил кечади. Демак, тарихий онгнинг назарий-мафкуравий даражасини шакллантириш ва ривожлантиришда миллий мафкура ғоявий асос бўлиб хизмат қилади. Мустақилликнинг буюк неъматлиги шундаки, ўзликни англаш шарт-шароитларни яратиб, миллий ғоя орқали мозийга мурожаат қилиб, тарихий ҳақиқатни тиклашга имкон берди. Миллий мафкура ўтмишни келажак билан боғлайди, тарихий хотирани объективлик, холислик асосида тиклаш жараёнига ижобий таъсир кўрсатади.

Маълумки, миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири комил инсон бўлса,инсон баркамоллигининг мезонларидан бири эса унинг ривожланган тарихий онгга эгалигидир.

Мустақиллик ижтимоий онгнинг барча шаклларини, жумладан тарихий

онгни мустабид даври мафкурасидан тозалаш имконини берди. Тарихий онг янги сифат, янги мазмун билан бойимоқда. Унинг ижтимоий онг тизимидаги ўрни ўзгариб, маънавият асосларидан бирига айланмоқда.

Тарихий онг ижтимоий онг шаклларидан бири сифатида тарихий воқелик ҳодисалари, жараёнларини акс эттирувчи билимлар йигиндисидангина иборат деб тушуниш илмий ҳақиқатга тўла мос келмайди. Тарихий онг ана шу воқеалар, жараёнлар ўртасидаги ўзаро боглиқликни ҳамда бу боғлиқликнинг ҳозирги тарих ва келажак тарихга таъсирини ҳам акс эттиради. Шу нуқтаи назардан тарихнинг туб бурилиш паллаларида, айникса миллат, халқнинг мустақиллик, истиқлолга эришган даврларида тарихий онгнинг янгиланган мазмун-моҳиятини англаш ва уни шу давр талаблари асосида тарбиялаш эҳтиёжлари ошади.

Тарихий онг моддий ва маънавий маданият, уларнинг тараққиёт қонунларини, жумладан маънавий меросимизнинг ворислик, тарихий давомийлик қонунини акс эттирувчи онг шаклларидан биридир.

Тарихий онгнинг назарий даражаси тарихий тараққиётнинг энг умумий ва хусусий қонуниятларини, жумладан маданий, маънавий ҳаёт ривожланиши қонуниятларини, халқимизнинг ўтмиш, ҳозирги тарихга тааллуқли илмий тушунчалар, категориялар билан тарихий воқеа, ҳодиса, жараёнларининг диалектик алокадорликларини акс эттиради. Тарихийлик ва мантикийлик услубларини қўллаш, мозий воқелигининг ижобийлик, аҳамиятлилик хусусиятларини мустақиллик даврига кўчириш орқали тарихий онгни шакллантириш, тарбиялаш янада долзарблашмоқда.

Маълумки, маънавий бойлик комил инсоннинг асосий мезони ҳисобланади. Агар маънавиятнинг таркибий қисмларини илмий-фалсафий таҳлил нигоҳидан ўтказар эканмиз, тарихий онг, унинг мағзи-тарихий хотира бу тизимда марказий ўринлардан бирини эгаллаганлигини кўрамиз. Тарихий хотираси шаклланган инсонни юксак маънавиятли инсон деб баҳолаш мумкин. «Тарихий хотираси бор инсон-иродали инсон»[1] , деб таъкидлайди Ислом Каримов. Президентимиз инсон иродасини тарбиялашда тарихий хотиранинг жуда муҳим рол ўйнашини, демак баркамол инсон шаклланишида тарихий онгнинг эътиборли ўрин эгаллашини кўрсатмокда. Тарихни билиш, ундан руҳий қувват олиб, ўз маънавиятини мустаҳкамлаш ҳар бир инсоннинг бурчи, ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти қуриш талабларидан биридир. Шундай экан, давлатимиз раҳбарининг «..тарих-халқ маънавиятининг асосидир»2, деган лўнда хулосасининг назарий-тарбиявий, ижтимоий-сиёсий ва амалий аҳамияти ўз-ўзидан аён бўлиб қолади. Ўз Ватани, миллати, халқи тарихи ва келажак тақдирига лоқайд қарайдиган одамни баркамол инсон деб айтиб бўлмайди. Инсоннинг комиллиги мезонларига унинг нафақат ахлоқий поклиги, балки маърифатли, билимлилиги, жумладан тарихий билимларга эгалиги ҳамда бундай билимлар орқали тарихий воқеа, ҳодисаларга мустакил фикрли ёндаша билиш қобилияти ҳам киради.

Тарихий онгнинг энг асосий хусусиятларидан бири - шахсда мозий сарварақлари ва маънавий меросимиздаги комил инсон киёфасини англатади, ўз субъекти (тарихий онг эгаси) да комилликка интилиш туйғусини уйготади. Инсондаги баркамоллик мезонлари у ёки бу тарихий шахс, буюк алломалар, мутафаккирлар фаолиятини, уларнинг ақлий, ахлоқий жиҳатларини билиш орқали ўрганувчи (ўқувчи, талаба ва б.) нинг дунёкараши, онгида яхлит ҳолда ўз аксини топади. Бундай мезонлар илмий-амалий таълим-тарбия жараёнида шаклланади. Шу нуқтаи назардан, фикримизча, мактаб, лицей ва коллежларда Ўзбекистон тарихи, миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фанларига ажратилган дарс соатларининг бир қисмини очик кўчма дарслар сифатида буюк алломаларнинг қадамжолари, тарих ва ўлкашунослик музейлари ҳамда хотира майдонларида ўтиш катта самара беради, ўкувчи ёшларда комилликка интилиш туйғусини мустахкамлайди, уларнинг комил инсон хақида олган билимларини хаёт билан боғлиқлигини таъминлайди. Демак, маънавий тарбия, жумладан комил инсон тарбияси амалий асосларга суянсагина у янада таъсирчан бўлади.

Мамлакатимизда маънавий тикланиш ва юксалиш жараёнларининг таркибий қисми бу - тарихий хотирани шўролар даври мафкуравий сарқитларидан тозалаш ва миллий тарихий онгни шакллантириш ҳамда мутсақиллик даври тарихий онгини ижтимоий онгнинг ажралмас шаклларидан бирига, жамият маънавияти негизига айлантиришдир. Кенг миқёсли бу вазифани бажариш имкониятларини мустақиллик вужудга келтирди ва муайян ютуқларга эришилди яъни маънавий мерос тикланиб, тарихий хотира шўролар давр ғояларидан тозаланди. Аммо миллий тарихий онгни шакллантириш, уни кишилар, айникса ёшлар дунёкарашининг таркибий қисмига айлантириш машаққатли меҳнатни талаб қиладиган узок йилларни ўз ичига оладиган жараёндир.

Ўзбекистонда тарихий онг, хотирани шакллантириш миллий ва умуминсоний қадриятлар уйгунлиги, умуминсоний қадриятлар устуворлиги тамойилларини ҳисобга олган ҳолда олиб борилмокда. Тарихий онгни тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Дуне тажрибасида бу ноёб ҳодиса. Шунинг учун давлат шу соҳа тарбиявий жараёнларини жамият талаблари асосида бораётганлигини аниқлаш ва ундаги пайдо бўлувчи муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш йўлларини такомиллаштириш максадида социологик тадқикотлар ўтказиш, илмий тадқикотлар олиб боришни рағбатлантиради. Мактаблар, лицей ва коллежлар ҳамда олий ўкув юртларида асосан оғзаки-сўров усули ёрдамида олиб борилган социологик тадкиқотлар ва таълим-тарбия амалиёти даврида ўкувчи, талаба билим даражаси ва сифатининг таҳлили шуни кўрсатадики, уларнинг 30% га яқини тарихий воқеа, ҳодиса жараёнлар ҳақида кўпроқ миқдорий (саналарни ёдлаб олиш, воқеалараро боғликликни англамаслик) тасаввурларга эга. Ҳозирги даврда тарихий онгни шакллантириш мустақил фикрлашни тарбиялашни ҳам тақозо этишини ҳисобга оладиган бўлсак, ўкувчи, талаба томонидан нафақат ҳодиса, балки воқеа, жараёнлардаги моҳият, қонуният, муқаррарлик, аҳамиятлилик, ўзаро боғлиқлик ҳам англаниши зарур.

Тарихий ҳодисалар рўй берган жойлар, ёдгорликлар муҳитида талаба, ўқувчи томонидан назарий билимларни қабул қилиниши унда комилликнинг яна бир жиҳати - ватанпарварлик, миллатпарварлик, ўз халқи, Ватанига садоқат, аждодлар яратган бойликларни асраб-авайлаш, миллий ифтихор туйғуси - ўз халқининг бой тарихи, маданияти, маънавиятидан, унинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасидан ғурурланиш ҳиссини шаклланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Шуни таъкидлаш зарурки, республикамизда тарихий онг ва тарихий хотира тўғрисида махсус асарлар ёзилган эмас. Фақат газета, журнал материаллари мавжуд ва бу муаммога қисман тегишли илмий ишлар ёзилган, холос. Бу тадқиқотларнинг аксарияти тарих, хусусан Узбекистон тарихи нигоҳида баён қилинган. Тарих фалсафаси, социология фанлари мутахассислари ҳали ўз диққат-эътиборларини бу муаммога тўла қаратмаганлар. Тарихий онг, унинг даражалари (руҳий-ҳиссийлик ва назарий-мафкуравий), таркибий унсурлари, улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, тарихий хотиранинг ушбу онг таркибидаги ўрни, ривожланиш қонуниятлари чуқур таҳлил қилиниб, унинг хулосалари маънавият, маърифат, таълим-тарбия мутахассислари томонидан ўз вақтида қўлланилса баркамол инсонни ҳозирги давр талаблари негизида тарбиялаш жараёни янада самарали бўлар эди.



[1]Каримов И. А. Инсон хотираси-боқий, қадр-қиммати-улуғ. “Халқ сўзи ” газетаси, 2012-йил , 10-май.

[2]Каримов И. А. Инсон хотираси-боқий, қадр-қиммати-улуғ. “Халқ сўзи ” газетаси, 2012-йил , 10-май.

[1]Каримов И.А. Хотира чироғи ўчмайди. – Биз ўз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. – Т. «Ўзбекистон» 1999, 7 - том 410-бет.

[2]Каримов И. А. Тарихий хотирасиз келажак йук. – Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. – Т.: «Узбекистон» 1999 7-том. 154 бет.

[3]Каримов И.А. Юксак маънавият енгилмас куч. Тошкент: «Маънавият», 2008 97-бет.

[2]Рахмонов Р., Файзиев Ф. Ёшлар дунёкараши шаклланишида тарихий онг ва тарихий хотира: Тошкент. «Ўзбекистон» 2008, 16-18 бетлар.

[3]Философский энциклопедический словарь. —М.: Инфра, 1999. -С. 190.

[1]Абдуллажонова Д. Тарихий онг ва тарихий хотира. //Фалсафа ва хуқуқ. —Тошкент, 2004. —№ 2,

2 Туленов Ж., Жабборов И. Тарихий онгни ривожлантириш — давр талаби. — Т.: Меҳнат, 2000, 7-бет.

[3]Абдуллаев Р. Тарихий онг ва Ўзбекистоннинг замонавий тарих фани. //Тарих ва ўзликни англаш II: Ўзбекистон ва Германия XX асрда. —Тошкент, 2007, 6—12-бетлар

[4]Абдуллажонова Д. Тарихий онг ва тарихий хотира. //Фалсафа ва хуқуқ. —Тошкент, 2004. —№ 2., 82-бет.

[5]Фалсафа. Қомусий луғат. —Т.:Шарқ, 2004, 389-бет.

[3]Рахмонов Р., Файзиев Ф. Ёшлар дунёкараши шаклланишида тарихий онг ва тарихий хотира: Тошкент. «Ўзбекистон» 2008, 17 бет.

[4]Философский энциклопедический словарь. —М.: Инфра, 1999. -С. 330.

[5]Самибоев X., Шириибоев Ш. Маҳалла — тарихий хотирани тарбиялаш маскани. //Мулоқот. —Тошкент, 2003. —№ 3, 10-бет.

[1]Рахмонов Р., Файзиев Ф. Ёшлар дунёкараши шаклланишида тарихий онг ва тарихий хотира: Тошкент. «Ўзбекистон» 2008, 18 - бет

[2]Рахмонов Р., Файзиев Ф. Ёшлар дунёкараши шаклланишида тарихий онг ва тарихий хотира: Тошкент. «Ўзбекистон» 2008, 18 – бет.

[3] Каримов И.А.. Юксак маънавият енгилмас куч. Т., «Маънавият», 2008, 71-бет.

[1] Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўк. - Биз келажагимизни ўз кўлимиз билан курамиз. 7-жилд, Т., 1999, 137-бет.

[2] Каримов И.А. Ўша аср, 146-6.

Киритилди: 2020-08-08 03:37:09; Ўқилди: 4720 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!