Шанба, 30 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоя ва мафкура / Миллий ғоя

Миллий ғоя – ўзликни англаш омили

Категория: Миллий ғоя ва мафкура – Миллий ғоя;
Муаллиф: СамДУ “Миллий ғоя ва фалсафа” кафедраси ассистенти Ш.Ш.Негматова

Инсоният тарихининг кўп асрлик тажрибаси бирон-бир жамият эзгу ғоялар ва мафкурасиз тараққий эта олмаслигини тасдиқлаб келмоқда. Зеро, одамнинг қалби, онги, руҳи ва шуури кўпдан-кўп саволларга жавоб бўладиган, доимий фаолиятга ундаб турадиган ҳаётбахш ғояга ҳамиша эҳтиёж сезиб яшайди.

Бу эса ўз навбатида, “...ўзининг миллий давлатини қуришга азму қарор қилган ҳар қайси халқ.... ўзига қўшимча куч-қувват ва мадад топишда умумий, ягона мақсад ва орзу-интилиш ифодаси бўлган миллий ғояни таянч ва суянч деб билади “– деган фикрнинг қанчалик ҳаётий эканлигини исботлайди[1].

Демак, миллий ғоянинг мазмун-моҳиятини бугун ҳар биримиз чуқур англашимиз баробарида, юксак эътиқод билан амалий фаолиятимиздаги ифодасини таъминлаб бера олишимиз зарур. Чунки ҳар бир миллат, давлат, жамият ва инсоннинг ўзлигини англаши ва тараққиётга эришиши миллий ғоянинг ҳаётийлиги ҳамда амалиётда тўлалигича акс этишига боғлиқ. Хўш, ўзлигимизни англашнинг ва тараққиётимизнинг кафолати ҳисобланадиган миллий ғоя ўзи нима? Ушбу саволга луғатларда шундай таърифлар келтирилган.

Миллий ғоя – миллатнинг ўтмиши, бугуни ва истиқболини ўзида мужассамлаштирган, унинг туб манфаатлари ва мақсадларини ифодалаб тараққиётга хизмат қиладиган ижтимоий ғоя шакли[2]. Миллий ғоя – муайян миллат ҳаётига мазмун бахш этадиган, уни эзгу мақсад сари етаклайдиган фикрлар мажмуи[3].

Миллий ғоя – миллатни, халқни эзгу мақсадлар сари етакловчи улуғвор фикрдир[4].

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ Президентимиз томонидан миллий ғоянинг асосий тушунча ва тамойиллари, мезон ва хусусиятлари белгилаб олинди. Хусусан, миллий ғояга Президент И.А Каримов қуйидагича таъриф беради: “Миллий ғоя деганда аждодлардан авлодларга ўтиб, асрлар давомида эъзозлаб келинаётган, шу юртда яшаётган ҳар бир инсон ва бутун халқнинг қалбида чуқур илдиз отиб, унинг маънавий эҳтиёжи ва ҳаёт талабига айланиб кетган таъбир жоиз бўлса, ҳар қайси миллатнинг энг эзгу орзу-интилиш ва умид-мақсадларини ўзимизга тасаввур қиладиган бўлсак, ўйлайманки, бундай кенг маъноли тушунчанинг мазмун-моҳиятини ифода қилган бўламиз”[5].

Ушбу таърифлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, миллий ғоя ўзликни англаш ва ижтимоий-сиёсий тараққиётни таъминловчи миллий омил сифатида намоён бўлади.

Ўзликни англашнинг энг муҳим омили миллий ғоя ҳисобланади. Ушбу фикримизни асослашдан олдин “ўзликни англаш” тушунчаси мазмунини билиб олиш зарур. Илмий адабиётларда “ўзликни англаш” тушунчасининг ҳам бир қанча талқини учрайди. Масалан ““ўзликни англаш – инсонинг ўзини алоҳида вужуд сифатида бутун борлиқдан ажрата билиши, баҳолаши ва қадрият сифатида англашини ифодаловчи тушунча. Ўзликни англаш жамият олдида турган вазифаларни тўғри англаш, ижтимоий тажрибалардан фойдаланиш қонуниятларини билиш, Ватан, миллат олдидаги масъулият туйғуси ҳамдир. Ўзликни англаш мудом тарихий ривожланиб борадиган шакл ва кўринишларда, турли даражаларда намоён бўлади. Унинг биринчи шаклида инсон ҳис этиш орқали ўзини табиатдан, теварак-атрофдаги нарса ва ҳодисалардан ажрата билади. Ўзликни анлашнинг иккинчи шакли янада юқори даражада намоён бўлиб, унда инсон ўзини бирор-бир жамоа, у ёки бу маданиятга тегишли эканлиги орқали англайди. Ва ниҳоят, учинчи, энг юқори даража – ўзини “мен” орқали бошқалар нуқтаи назаридан баҳолаши, эркинлигини ҳис этган ҳолда ҳар бир хатти-ҳаракатига бўлган масъулиятни ҳис этиши, ўзи қилаётган ишларининг тўғри-нотўғрилиги, ҳақ ёки ноҳақлигини назорат қила билишидир.”[6]

Сиёсий фанлар доктори В.Қўчқоров “ўзликни англаш” тушунчаси билан “миллий ўзликни англаш” тушунчаларининг маъно-мазмунини тақлил этади ва қуйидагича изоҳлайди: “Ўзликни англаш кишининг борлиқда ўз ўрнини билиши, ижтимоий муносабатларда ўз “мен”и ва ҳаётий мақсадларини бошқа “мен”лар ҳамда уларнинг ҳаётий мақсадлари билан муносабатида намоён бўладиган индивидуал жиҳатларининг идрок этилиши сифатида қаралади. Ўзликни англашнинг муайян даражаси миллий ўзликни англашдир. Миллий ўзликни англаш – миллат ва ҳар бир миллат вакилининг умумий маданий негизга, тил, маданият, тарихий мерос, руҳиятга, урф – одат ва анъаналарга мансублигини ва ўз ўрнини идрок этишдир[7].

Демак, ҳаётнинг маъно-мазмуни, мақсадини тушуниб етиш, ўзликни анлашдан бошланар экан. Бу ҳақда Президентимиз И.А.Каримов “Ўзликни англаш деганда мен тарихий хотирани тиклаш, насл-насабимиз ким эканини, кимларнинг вориси эканлигимизни англаб етишни, шундан келиб чиқиб, ўзимизга хос ва мос жамият барпо этишни тушунаман”, дейди[8].

Инсон ижтимоий мавжудот сифатида талқин этилганда, унинг мустақил тафаккурга, эътиқодга, бунёдкорлик қудратига, ўзгалар ва бутун борлиқ олдидаги масъулият туйғусига эга эканлиги назарда тутилади. “Мен кимман?”, “Бу ёруғ дунёга нима учун келдим?”, “Менга ато этилган буюк неъмат – ҳаётимни нималарга сафарбар этмоғим лозим?”. Инсон борки, эртами-кечми ана шу саволларга жавоб излай бошлайди, камолот сари йўл олади. Бу йўлни – ўзликни англаш деб айтиш мумкин. Ўзлигини англаган ёки англай бошлаган кишигина шахс даражасига кўтарилади. Демак, ўзликни англаш, аввало ҳар бир инсоннинг шахси, алоҳида “мен”и билан боғлиқ.

Ўзликни англаш масаласига фақат бугун эътибор қаратилаётгани йўқ. Бу борадаги қарашлар инсоният жамиятининг пайдо бўлишига бориб тақалади.

Дельфадаги апполон ибодатхонасининг деворларига ўйиб ёзилган ва анъана бўйича етти юнон донишмандларидан бири – спарталик Хилонга тегишли деб ҳисобланган “Ўзлигингни англа” шиори қадимги юнон фалсафасининг ўзак масаласи бўлиб қолди. Юнон мутафаккирларини бу борада изланишга даъват этди. Эрамиздан аввалги V асрда Протагор, “инсон бара нарсаларнинг ўлчовидир” деган фикрни илгари сурди.

Суқрот учун эса “ўзлигингни англа” ҳикмати донишмандликнинг қоидасига айланди. “Ўзини англаган инсон, – деган эди у, – ўзи учун нима фойдалилиги ва нималарга қодир эканлигини яхши тушунади. У қўлидан келадиган иш билан шуғулланиш асносида ўз эҳтиёжини қондиради ва саодатга эришади. Ҳар қандай хато ва бахтсизликлардан холи бўлади. Бунинг натижаси ўлароқ, у ўзга одамларни қадрлай олади ва улардан эзгулик йўлида фойдалана билади. Оқибатда ўзини кулфатлардан асрайди”[9].

Ислом дини ва тасаввуф таълимотларида ҳам ўзликни анлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. “Кимки ўзлигини таниса, роббини танийди”. Бу ҳадисда буюк ҳикмат яширинган. Уни бугунги кун муаммолари нуқтаи назаридан қуйидагича талқин этиш мумкин: ҳар бир инсон ўзи интилмаса, мақсадлар қанчалик улуғ бўлмасин, бирор-бир натижа бермайди. Шунинг учун ҳам Ислом аҳли, мутасаввуф алломалар инсонни “олам меҳвари” деб билганлар. Айни пайтда ушбу ҳадис тасаввуф таълимотида қуйидагича талқин этилади. “Инсон катта оламнинг кичрайтирилган нусхаси... Одам – илоҳий оламнинг ажралмас қисми, илоҳий оламдаги илм ва ҳикмат унда бор. Инсонни Илоҳ олами билан боғлайдиган жавҳар – руҳдир. Агар Илоҳ оламини билмоқчи бўлсангиз, инсонни, яъни ўзингизни ўрганинг, ўзингизни танинг. Демак, Худони англаш, таниш инсонни англаш ва таниш орқали кечади. Аммо ўзликни англаш, ўзини таниш руҳ ва қалбни поклаш, ақлу шуурни тоблаш, тақво ва тавба йўли орқали борилади”[10].

Тасаввуф ботин, яъни инсон ички олами ҳақидаги илмдир. Шу боис суфийлар бу илмни илми ҳол (руҳият илми) деб атаганлар. Алоҳида уқтириш жоизки, суфийлар шариатни асло инкор этмаганлар. Аммо тоату ибодатни адо этиш билан чекланмасдан, балки Аллоҳ каломининг мазмун-моҳиятига чуқурроқ кириб бориш, инсон ва Яратган орасидаги муносабатни теран англаш, Илоҳни чин дилдан севиш ва қалбни тозалаб, уни Худонинг уйига айлантиришни орзу қилганлар. Бундай ёндашув юзаки, чала диндорликни рад этиб, унинг ўрнига бутун вужуди билан Худога интилиб, аҳлоқий покланиб, инсон сифатида камол топиб, юксалишга, маънавий чиниқишга олиб келади. Ана шу ғоя замирида Комил инсон тушунчаси ривожлантирилган.

Тасаввуф таълимотида инсонниг ўзлигини англаши ана шундай гўзал аҳлоқ ва покликка, юксак маънавият ва комилликка асосланади.

Ислом ва тасаввуф таълимотида ихлос ўзликни англашнинг asosiy mezoni ҳисобланади. Ихлос (арабча – самимийлик, кўнгли очиқлик; берилганлик, мухлислик; эътиқод) Чин юракдан, ишонч билан берилиш; астойдил муҳаббат, меҳр[11].

Ўзликни англаш ҳар бир инсоннинг миллат руҳига садоқатида, ушбу садоқат эса унинг ихлосида намоён бўлади. Биз бу фикримизни таниқли олим А.Азизхўжаевнинг “Чин ўзбек иши” китобида келтирган мисолларига асосланиб баён этдик.

“2003 йилнинг 27 ноябри – Ийди Рамазоннинг учинчи куни. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Бухорои Шариф тупроғида қайта қад ростлаган икки муборак қадамжо – Абдухолиқ Ғиждувоний ва Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари зиёратига келиши кутилмоқда. Президент Ғиждувоний зиёратгоҳини кўриб, кейин Баҳоуддин Нақшбандга – асосий анжуман ўтадиган даргоҳга келади. Мамлакат раҳбари ташрифи учун ҳамма нарса тахт қилинган. Тошкентдан ва вилоятлардан борган уламолар, тарихчи ва тасаввуфшунос олимлар, хорижий меҳмонлар, Бухоро жамоатчилиги – ҳамма Баҳоуддин Балогардон ҳоки ётган тупроққа катта руҳий тадорик ва ихлос-ла қадам қўяди. Одамлар икки-учтадан бўлиб қадамжони зиёрат қилар эканлар, улар ўртасидаги суҳбат пироварди муштарак мавзуга тақалади: бундан бир-икки йилгина аввал бу жойлар қай аҳволда эди? Даҳрий шўро замонида-чи?

Бизнинг ҳамроҳимиз Жондор тумани ҳокими Холмурод Жумабоевнинг тўлқинланиб айтаётган гапларига қулоқ тутамиз:

– Мана шу турган жойимизда не воқеаларнинг гувоҳи бўлмадим. Шўро тузуми ўзини охирги кунларигача бизнинг руҳимизга эгалик қилишини қўймади. Шу Когон райони бошқарувида хизмат қиламан денг. Мана шунақа улуғ айём – ҳайит кунлари тўғридан-тўғри Масковнинг ўзидан келган топшириқни бажаришга сафарбар қилинамиз. У пайтда турфа ахмоқона топшириқлар кўп бўларди-ю, лекин буниси ҳаммасидан аввал юракка юк бўлиб тушарди. Яъни биз арафа куниёқ шу мозорот дарвозаси олдида қўриқчилик қилиб, зиёратга келаётган халқнинг йўлини тўсишимиз, одамларни худди қўйдек олдимизга солиб қувишимиз талаб қилинарди. Алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз – одамларга иложи борича қаттиқ гапирмасликка уринамиз, зиёратгоҳнинг ўзида эмас, нарироқда – тут пайкаллари орасига бориб, бировни кўзига кўринмасдан дуои фотиҳа қилиб кетаверишларини маслаҳат берамиз…

Яратганга шукрки, юртимизни мустақил кўрмоқ бизга насиб этди. Президентимиз бошқа зиёратгоҳлар қатори Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари хилхонасини обод қилиш ташвишига тушдилар. Шу жараёнда бўлиб ўтган бир воқеа ҳеч ёдимиздан чиқмайди.

1993 йилнинг сентябрь ойи эди. Президентимиз улуғвор ва гўзал бир қандилни Тошкентдан шу зиёратгоҳнинг энг муаззам гумбазига осиш учун юбордилар. Таъмир ишлари тугай деб қолган пайтда қандилни юқорига кўтара бошладик. Шу пайт унинг занжири бирдан узилди-ю маҳобатли қандил пастга қараб кетди. У билан бизларнинг ҳам юрагимиз қанчалар шувиллаб кетганини тасаввур қиларсиз. Буни қарангки, ҳов юқоридан тушаётган қандил хонақонинг тош полига 2-3 метр қолганда бир нозик электр симига илинганча осилиб, тўхтаб қолди...

Орадан уч кун ўтиб, таъмирлаш ишларининг боришини билиш мақсадида барча вилоятлар ҳокимларини ёнига олиб Президент келди. Ҳамма жойни синчиклаб кўрди, зарур кўрсатмалар берди, Қуръон ўқилиб фотиҳалар қилинди. Юртбошимиз хонақадан чиқиб кетаётган жойида бир қайрилиб гумбазга қараб қолди-ю, бизларга савол берди:

– Мен жўнатган қандилни нэга осмадинглар?

Ҳамма жавоб кутиб мэнга қаради. Мен ҳаяжондан зўрға ўзимни босиб:

– Гумбаз қандилни қабул қилмади, – деб жавоб бердим.

Президент бошқа гап айтмай, Баҳоуддин Нақшбанд масжидининг имом-хатиби Бобожон домланинг қўлтиғидан олиб ичкари кириб кетди ва ўша ерда икки ракат номоз ўқиб, узоқ дуо қилди.

Номоздан туриб чиқаркан, “Қани, энди яна бир ҳаракат қилиб кўринглар-чи”, дея биз билан хайрлашди.

Худонинг қудрати билан ўшандан кейин қандил осонгина масжид гумбазига ва ҳамон шу ерда нур сочиб турибди…”[12]

Китобда келтирилган ушбу воқеани нима учун эсладик? Чунки ўзликни англаш – қадриятларни англашдан бошланади ва бу borada Президентимизнинг амалга ошираётган ислоҳотлари таҳсинга сазовордир. Ислом дини ва тасаввуф илмининг эзгуликка йўғрилган ғоялари бугунги кунда ҳам ўз тарбиявий ҳамда амалий аҳамиятини йўқотмаган.

Биз “ўзликни англаш” ҳақидаги фикрларни кейинги даврларда яшаб ижод этган мутафаккирларимиз қарашларида ҳам кузатишимиз мумкин. Зеро, ўзликни англаш инсоният тараққиётининг энг муҳим мезонидир. Буни буюк ватандошимиз Абу Наср Форобий қарашларида ҳам кузатишимиз мумкин. Масалан, “Инсон бахт-саодатга эришишда олам асослари ҳақидаги илмни, табиий жисмларнинг тузилишини, осмон, жонли табиат – ўсимлик ва ҳайвонот олами тўғрисидаги барча билимларни ўзлаштириб олиши лозим. Шундан сўнг у инсонни ўрганишга киришиши ва унинг камолотга эришуви сабаблари бўлмиш хайр-эҳсонли ишлар, гўзал инсоний фазилатларга диққатни жалб этиш зарур"[13].

Худди шу даврда яшаб ижод этган Ибн Сино (980-1037)да ҳам мавзумизга оид фикрларни кузатишимиз мумкин. Воқеликни маънавий ўзлаштириш инсонга хослигини Ибн Сино алоҳида таъкидлайди. Инсоннинг аксарият ҳолларда ўзидан кучли бўлган ҳайвонлардан афзаллиги нимадан иборат? Ибн Синонинг фикрича, Аллоҳ инсонга шундай куч-қувват ато этганки, шу туфайли у эзгулик (“хайр”)ни ёмонлик (“шарр“)дан, интеллектуал етуклик, камолот (“рашод”)ни ёлғон-яшиқ, адашиш (“гумроҳи”)дан фарқ қилади. Инсон ақлли мавжудот эканлигидан табиатда муҳим ўрин эгаллайди, бошқа мавжудотлардан ажралиб туради. Ақл нуридан баҳрамандлиги сабабли табиатнинг кўр-кўрона тасодифий кучлари таъсиридан бирмунча озод шахсга айланади ҳамда ўзининг амалий ва назарий фаолиятини “донишмандлик тарозиси” – ақл мезони талабларига мослаштиради[14].

Президентимиз И.А Каримов ўзининг “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” асарида “Тарихий хотираси бор инсон – иродали инсон”. Тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка ўргатади. Ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади” деб таъкидлаганлар. Биз юртимизни узоқ ва ғоят мураккаб тарихига назар ташласак, бу жараённи аниқ ифодалайдиган тарихий манзараларга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Биргина А.Темур ва Темурийлар даври тарихи бунинг ёрқин исботи бўла олади. Темурийлар салтанати бир неча асрлар мобайнида гуллаб-яшнади, улуғ алломаларни дунёга келтирди, илм-фан, маданиятда етакчиликка эришди. Буни сабаби нимада эди? Жавоб битта: А.Темур мамлакат ижтимоий-сиёсий бўҳрон исканжасига тушиб қолган, феодал тарқоқлик ва ўзаро нифоқ авж олган бир шароитда халқни ўз ғоялари атрофида бирлаштира олди. “Мен ўз салтанатимни дини Ислом, тўра ва тузук асосида мустаҳкамладим,” – деган эди улуғ соҳибқирон, – салтанатни бошқаришда учраган ҳар қандай воқеа ва ишни тузук асосида бажардим”[15].

Миллий ғоя ўзликни англашда асосий мезон ҳисобланади. Жадид-маърифатпарварларимизнинг миллий озодлик йўлидаги фаолиятлари фикримизнинг далилидир. Биргина жадидчилик ҳаракатининг етук намоёндаларидан бири М.Беҳбудийнинг “Ҳақ олинур, берилмас!” деган даъватида миллий ўзликни англашнинг бетакрор ифодасини кўришимиз мумкин.

Собиқ мустабид даврида тарихимиз, тилимиз, динимиз, умуман олганда ўзлигимизни билишимиз, англашимиз масаласи эътибордан четда қолганлиги, тўғрироғи, ўзликни англашга бўлган ҳар қандай ҳаракат қатъий таъқиқланганлиги айни ҳақиқат.

Мустақиллик бизга бир қатор имкониятлар учун йўл очди, тарихимизни холисона ёритиш, азалий қадриятларимизни тиклаш, миллий ўзлигимизни англаш каби асрий орзуларимизни амалга ошиши – шулар жумласидандир.

Миллий ғоя халқнинг ишонч ва эътиқодига айланса, у ўзининг кутилган самарасини беради. Шунинг учун ҳам ишонч ва эътиқод масаласи миллий ғояда муҳим мезон ҳисобланади. Мамлакатимиз раҳбари «ФИДОКОР» газетаси муҳбирининг саволларига берган жавобларида «мафкура фақат бугун емас, балки ҳамма замонларда ҳам энг долзарб ижтимоий-сиёсий масала, ҳар қандай жамиятни соғлом, эзгу мақсадлар сари бирлаштириб, унинг ўз муддаоларига эришиши учун маънавий-руҳий куч-қувват берадиган пойдевор бўлиб келган» деб таъкидлайди. Ўзбекистоннинг ҳозирги давлат ҳудудида яшаган ҳалқларнинг уч минг йиллик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, аксарият ҳолларда босқинчилар зулми остида яшаганлигини кўрамиз. Дарҳақиқат, ерамиздан аввал VI асрда-ерон аҳамонийлари, IV асрда-Юнон босқинчиси Александр Македониский, ерамизнинг биринчи асрларида-хитойликлар, VII асрларда-араб бадавийлари, ХII асрларда-мўғил истилочилари, ХIХ асрдан бошлаб, аввал Чор Россияси, кейин «+изил империя» исканжасида эзилиб яшаганлигига кўҳна тарихимиз гувоҳ бўлган.

Шулардан келиб чиқиб фикр қиладиган бўлсак, табиий равишда, нэга халқимиз бунча эзилиб яшаган, сабаби нима, дэган савол туғилади. Унинг турли сабаблари файласуфлар, тарихчилар, сиёсацҳунослар томонидан у ёки бу тарда изоҳланган. Лекин узоқ давом етган бу миллий фожеанинг асосий сабаби-миллатнинг ғоявий тарқоқлиги, парокандалигидир. Зеро, миллий тарихимиз озодлик, мустақиллик учун курашиб ёрқин из қолдирган: Широқ, Тумарис, Спитамин, Муқанна, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Махмуд Таробий, Темур Малик ва бошқа буюк миллий қаҳрамонлар халқни озодлик, мустақиллик ғояларига собит эргаштиришга ҳаракат қилганлар. Миллий ғоянинг, жамият мафкурасининг халқ ишончи, мукаммал эътиқодига тўла айланмаганлиги сабабли мағлуб бўлганлар. Мамлакат ёвлар оёғи остида пайҳон бўлган, миллат ғурури, шаъни топталган.

1991 йил Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ўзбек халқи ўз мустақиллигини сақлаб қоладими ёки яна мустамлакачиликнинг янги кўринишларига хос ҳаёт кечирадими, дэган масалани кун тартибига қатъий қилиб қўйди.

Мустақилликка эришгандан кейин мустабид тизимнинг якка ҳукмрон бўлган коммунистик мафкурасидан безиб, зада бўлиб қолган ўзининг миллий ғояси негизлари бўлган маданий қадриятлар, урф-одат ва анъаналаридан бегоналаштирилган халқ жамиятнинг барча соҳаларини «мафкурадан ҳоли қилиш»ни қўллаб-қувватлади. Халқни бирлаштириш, мустақилликни мустаҳкамлашнинг бирдан бир йўли-ўзбек халқини уюштирувчи, янги жамият қуришга сафарбар етувчи миллий ғояни, жамият мафкурасини шакллантириб, халқ ишончи ва эътиқодига айлантириш билан боғлиқ эди. И.Каримов 1993 йил 6 май куни Олий Кэнгашнинг ХИИ сессиясида сўзлаган нутқида: «Олдимизда турган энг муҳим масала, бу-миллий истиқлол мафкурасини яратиш ва ҳаётимизга тадбиқ етишдир. Бизнинг энг улуғ мақсадимиз, энг улуғ ғоямиз, энг улуғ шиоримиз шуки, Ўзбекистоннинг битта йўли бор: мустақилликни мустаҳкамлаб, истиқлолни мустаҳкамлаб-олға юриш. Мафкурамиз, тутган йўлимиз, бор ғайратимиз ана шу улуғвор ниятга йўналтирилиши керак. Халқимизни, барча сиёсий кучларни, жамият ташкилотларини якдил, бир жон, бир тан қиладиган ғоя ҳам аслида шу», дэган эди.

Миллий ғоя-муайян ҳудудда яшаётган турли ижтимоий гуруҳ ва табақаларнинг, миллат ва элатларнинг, хилма-хил диний эътиқодли кишиларнинг манфаатларига мослигида, уларнинг дунёвий ва илоҳийлик хусусиятлари мутлақо шартли ҳамда нисбийдир. Аниқроқ қилиб айтганда, миллий ғоя халқнинг ишончи ва эътиқодини ифодалаганлиги учун, уларнинг мавжудлигини ҳамда ривожланиш истиқболларини намоён қилади. Шу нуқтаи назардан, миллий ғоя жамиятни ташкил қилган шахслар, индивидлар ва ижтимоий гуруҳларнинг сиёсий партияларга мансублигидан, қайси динларга эътиқод қилишидан, миллати ва ирқидан, ижтимоий мақсадидан қатъий назар, уларнинг манфаатларини интеграсиялаштирувчи ҳамда универсаллаштирувчи ижтимоий фаолият омили ҳисобланади. Жамиятнинг мафкураси, турли ижтимоий онг шакллари ва амалиёт йўналишлари: таълим-тарбия, фан ва илмий муассасалар, маданият ва маънавий-маърифат, адабиёт ва санъат, дин, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларида интеграсиялашган комплакс-системали фаолиятни тақозо қилади.

Бу вазифанинг мураккаблиги:

Биринчидан, узоқ тарихий даврларда давом етган мустамлакачилик сиёсати халқни тарихий хотирадан, миллий қадриятлардан маҳрум қилиш чэгарасига келтириб қўйган эди.

Иккинчидан, шу даврларда тоталитаризм, волюнтаризм сиёсатининг ташкилий-институсионал тизими халқ онгида мустамлакачиликка нисбатан «кўникиш эффектини» вужудга келтириб: бўйсунувчанлик, қуллик стереотипларини шакллантирган. Бошқача қилиб ай тганда, «узоқ йиллар давомида бу тузум фақат жамият унга зўрлаб бўйсундирилгани учунгина емас, балки жамият зўрлик йўли билан мафкуравий қолипга мослаштирилгани учун ҳам тоталитар деб аталиб келинди».

Учинчидан, янги вужудга келган мустақил давлатлар устидан ҳукмронлик қилишнинг мукаммал мафкуравий усулларидан, воситаларидан фойдаланишга тайёр турган давлатларнинг «ғоявий эмансипасияси», «мафкуравий агрессияси» кэнг миқиёсда ҳужум бошлаши билан характерланади.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин, миллий ғоя ва жамият мафкурасини шакллантириш, уларни халқ ишончи ва эътиқодига айлантиришнинг бир-бири билан боғлиқ икки вазифаси кун тартибига қўйилди. Уларни, шартли равишда, ижтимоий-сиёсий макон, тарихий замон нуқтаи назаридан ички ва ташқи йўналишларга ажратиш мақсадга мувофиқ.

Мамлакатимизнинг бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиши, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётини эркинлаштирмоқда. Маълумки, жамиятни ташкил қилган ижтимоий-сиёсий қатламларнинг манфаатларидаги хилма-хиллик қонуний тарзда улар ўртасидаги манфаатлар хилма-хиллигини намоён етиш билан бирга эркин ва муштарак мақсадларни ҳам келтириб чиқаради. Жоҳондаги ривожланган давлатларнинг тарихий тажрибалари шу манфаатлар муштараклигини ўз вақтида, оқилона ҳал қилишнинг йўлларини, воситаларини топиш жамиятнинг барқарор тараққиёти гарови эканлигини ва аксинча, мамлакатларнинг ғоявий ожизлиги, ношудлиги миллий парокандаликка олиб келди, халқни қулликка маҳкум қилишини қайта-қайта исботлаб берган. Ана шу ҳолатни олдини олишда мамлакат ичида халқнинг миллий ғояга бўлган ишонч ва эътиқоди уларни умуммиллий мақсад йўлида жипслаштиради.

Миллий ўзлигини англаш – бу ҳар бир миллат, халқ ўз-ўзини билишга, тушунишга қаратилган муҳим аҳамиятга эга бўлган ижтимоий жараёндир. Бу жараён бой мазмунга эга бўлиб ўта мураккабдир.

Ҳар бир миллат доимо ўзининг миллий ғоясига асосланган ғоя ҳам ўзлигини англашга интилиб яшайди. Бироқ бундай интилиш ҳамма вақт ҳам доимо ҳам амалга ошавермайд, чунки у турли жамиятдаги шароитларга ва обектив ва субектив омилларга боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам миллатлар бир-биридан, ўзларининг мустақил белгиси бўлган миллий ўзлигини қай даражадаанглаганлиги билан ҳам анча фарқ қилади.

Президент Ислом Каримов бу жараённинг моҳияти тўғрисида қуйидаги фикрларни билдирган, яъни: «Ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади». “Биз, - дейди И.А. Каримов. – ҳаққоний тарихимизни тиклашимиз, халқимизни, миллатимизни анна шу тарих билан қуроллантиришимиз зарур” ва “Ўзликни англаш дэганда мен тарихий хотирани тиклаш, насл-насабимиз Ким эканини, кимларнинг вориси эканлигимизни англаб етишни, шундан келиб чиқиб, ўзимизга хос вам ос жамият барпо этишни тушунаман”[16], дейди И.А. Каримов.

Президентимизнинг бу фикрларидан биз миллий ўзликни билишнинг муҳим жиҳатларини тушунишга эришдик. Шу фикрларни янада оддийлаштириш ва миллий ўзликнинг бошқа жиҳатларини ҳам кўриб чиқиш мақсадида, биз кетма-кет турли адабиётларда миллий ўзликка берилган айрим таърифларни келтирамиз.

Миллий ўз-ўзини англашнинг ўз мезонлари мавжуд бўлиб, улар асосан қуйидагилардан иборат:

а) ўзи туғилиб ўсган заминининг, юртининг, Ватанининг ягоналигини англаш;

б) ўз она тилини чуқур билиш ва уни ҳурмат қилиш;

в) ўз миллий маданиятини ва маънавий меросини ҳар томонлама ўзлаштириш ва сақлаш;

г) ўз тарихини мунтазам ўрганиб бориш[17].

2. Миллий ўзликни англаш бу –

а) халқнинг ўтмиши;

б) унинг босиб ўтган шонли йўли;

в) ўзига хос маданияти;

г) тил бирлиги;

д) урф-одат ва анъаналари;

е) тарихан ортирган бой ҳаётий тажрибаси;

ё) диний қадриятларни англаш ва қадрлашдир[18].

3. Миллий ўзини-ўзи англаш бу –

а) халқнинг, миллатнинг ўтмиш тарихий тараққиёт йўлини тушуниш;

б) ота-боболари, насл-насаби, авлоду аждодларининг ким бўлганлиги

в) уларнинг жаҳон илм-фани, маданият тараққиётига қўшган буюк ҳиссаларини билиб олинди ва шу билан бирга берилган вакиларни уларнинг уларнинг манфаатлари ва еҳтиёжларининг умумийлигини тушуниб етишдир.

4. Ҳар бир миллат вакили учун миллий ўзликни англаш бу –

а) қандай миллат фарзанди эканини билиш;

б) шахснинг ўз миллий мансублигини еъзозлаши;

в) ундан ғурурланиши;

г) ўз миллат манфаатлари, еҳтиёжлари ва мақсадларидан келиб чиқиб фикри ва фаолиятини бошқаришдир[19].

5. Миллий ўзликни англаш бу –

а) жамият аъзолари мустақиллик миллат учун улуғ нэъмат ва эканлигини ва унинг ҳаётида нақадар муҳим аҳамият касб этшини англаш;

б) миллатнинг туб манфаатларини ва у ҳар бир шахс, маҳаллийчилик манфаатларидан устун туришини англаб етиш ва шу билан бирга

в) миллат ўзининг шаъни, қадр-қиммати, ор-номуси тўғрисида қайғуриши;

г) милилй ғурур ва ифтихор туйғусини маълум даражада ҳис этшидир.

6. Миллий ўзликни англаш натижасида миллат вакилларининг миллийлиги, миллий хусусиятлари жонланади ва кучаяди, уларнинг миллат тақдири ва келажаги тўғрисидаги ғамхўрлиги тобора ошади ва бутун миллат дарди билан яшаш улар ҳаётининг мазмунига айланиб боради.

Миллий ўзликни англашнинг миллат учун энг аҳамиятли жиҳатлари шундан иборатки, миллат вакиллари ўзлигини қанча тэран англай борсалар, шунча мустақиллик улар учун улуғ нэъмат эканлигини ва миллат манфаатлари ҳар қандай шахсий манфаатлардан устун туришини англай бошлайдилар.

Умуман олганда, миллий ўзликни англаш ҳар бир миллатнинг ҳаётида ниҳоятда катта ўрин эгаллайди, чунки у ўзининг ўтмишини тэран англаш асосида бугунини ҳам тўғри ва атрофлича билиб олишга эришади ва шу билан биргаликда ўз келажагини аниқ белгилаб ривожланиш йўлига ўтиб олади.

Хулоса сифатида, миллий ўзликни англаш давлат, жамият ва халқ учун қанчалик аҳамиятли ва муҳим эканлиги тўғрисидаги сўзларимизни Президентимиз Ислом Каримовнинг қуйидаги фикри билан якунлаймиз, яъни: “Миллат ўзлигини тўла англаган тақдирдагина буюк ўзгаришлар қилишга қодир бўлади”[20]

2. Миллий ғоя – ўзликни англаш ва тараққиёт омили.

Миллий ғоялар келиб чиқиш асослари миллатнинг қадимдан то ҳозиргача бўлган тарихида мужассам етилган бўлсада, бироқ уларни миллат вакиллари асосан миллий онг ва миллий ўзликни англаш орқали билиб олишга эришади ва бойитиб борадилар.

Маълумки, миллий ғоя билан миллий ўзликни англаш бевосита ўзига хос бирлик сифатида боғлиқ бўлади ва уларнинг бир-бирига бўлган таъсири ўзгариб боради. Бу бирлик томонларининг бир-бирига нисбатан бўлган устунлиги тарихий вазиятлар ўзгариши билан алмашиб туради. Масалан, халқимиз мустамлакачилик оқибатларини (зулми) ўз бошидан кечирган даврларда, унинг миллий ғояси ва миллий ўзликни англаш жараёни сўниб борсада, бироқ миллий ғоя миллий ўзликни англаш жараёнига нисбатан устун бўлиб турди ва бу жараённинг мутлақо ўниб кетишига йўл қўймади. Хусусан, собиқ советлар давлати даврида миллий ўзликни англаш жараёни салкам тўхтаб қолишига оз қолган бўлсада, бироқ милилй ғоя халқимиз мустақиллика эришишига асос бўлган эди. Халқимиз мустақилликка эришган даврда эса миллий ўзликни англаш жараёнини кэнг доирада камол топтириш ва жадаллаштириш, давлат сиёсати даражасига кўтарилди, чунки миллий истиқлол ғоясини яратиш ва уни янги ғоялар билан бойитиб бориш, бу даврнинг энг долзарб муаммосига айланиб қолди. Бизнингча, бугунги кунгача бу жараён тобора кучайиб бормоқда ва шунинг асосида миллий истиқлол ғоясининг яратилиши ва у янги-янги ғоялар билан бойиб бориши ҳам давом этмоқда.

Миллий ғоя билан миллий ўзликни англаш жараёнининг ўзаро боғлиқлиги анча мураккаб бўлиб, у алоҳида ўрганишни талаб қилади.

Миллий ғоя ва миллий ўзликни англаш жараёнининг жонланиши ва жамият талаби даражасида ривожланиб бориши, доимо мустақилликка боғлиқ бўлади. Шу фикрдан келиб чиқиб, биз миллий ғоянинг миллий ўзликни англаш жараёнига таъсир етишининг айрим жиҳатларини кўриб чиқамиз:

1. Энг аввал шунга алоҳида таъкидлаш жоизки, миллий ўзликни англаш жараёнининг равнақ топиши учун давлат, халқ ва миллат мустақил бўлиши шарт, мустақилликни қўлга киритиш ва уни мустаҳкамлаш еса, миллий ғоянинг энг муҳим вазифаси ва унинг жамиятда қай даражада ролининг ошганлигига боғлиқдир. Бошқача айтганда миллий ғоянинг жамиятдаги роли ошиб бориши билан миллий ўзликни англаш жараёни ҳам жонланади ва равнақ топади.

2. Миллий ғояда доимо давлат, халқ ва миллатнинг туб манфаатлари, мақсадлари, еҳтиёж ва интилишлари ифодалангани туфайли, унда миллий ўзликни англашга нисбатан тарихий воқеалар атрофлича тэранроқ ва умумлаштирилган ҳолда ифодаланади ва шу билан ўзликни англаш жараёнига (методологик) умумий ва тўғри йўналиш берилади.

3. Маълумки, миллий ғоянинг энг муҳим вазифаларидан бири бу – миллатнинг ҳар бир вакилида Ватан туйғусини тарбиялашдан иборатдир. Бу фикрни тэранроқ талқин қилсак, унда биз миллий ғоя миллий ўзликни англашнинг бош мақсадини белгилаб берганини билиб оламиз, яъни тарихни билишда ўтмишнинг барча даврларида халқ, миллат вакилларининг ўз Ватанининг ерки, тинчлиги ва фаровонлиги учун олиб борган кураши, уларнинг бу йўлда кўрсатган қаҳрамонликлари, чэкан азоблари, тортган уқубатлари, билдирган меҳр-садоқат, фидойилиги ва шу кабиларни тэран ёритиш бош обектлари (муаммолар) бўлиши керак.

4. Миллий ғоя халқ, миллатнинг моддий ва маънавий кучага айланиб бориши натижасида миллий ўзликни англаш жараёни юқори поғоналарга ўтиб боради ва шу билан бу жараён ўтмишнинг янги жиҳатларини билиб олишга ва воқеаларини тэранроқ талқин қилишга янги имкониятлар вужудга келади.

5. Миллий ғоя бугунги куннинг энг долзарб муаммолари ва халқ миллатнинг туб манфаатлари ва мақсадларидан келиб чиқиб миллий ўзликни англашга маълум даражада йўналиш (кўрсатиш) беради, яъни унга қадимда, Ватанимизда ҳозирги муаммолар каби муаммолар бўлганлигини ва улар қандай ҳал қилинганлиги кабиларни аниқлаш вазифалари юкланади.

6. Фикрларимизни якунлаб айтишимиз мумкинки, миллий ғоя ва миллий ўзликни англаш жараёнининг муносабатини мантиқийлик билан тарихийликнинг ўзаро муносабати билан қиёслашни ўринли деб ҳисоблаймиз. Шу фикрдан келиб чиқиб шуни таъкидлаш жоизки, миллий ғоя ижтимоий ҳаётнинг моҳияти ва муайян қонуниятлари ифодалаш билан миллий ўзликни англашда аниқлик киритиб боради.

3. Миллий ўзликни англаш тарихий эътиқодни тиклаш омили.

Маълумки эътиқодсизлик хурофотга (ирим-чиримга бидъат, ишониш), хурофот жаҳолатга (илмсизлик, маданияцизлик, ёввоийлик), жаҳолат еса ҳалокатга олиб келади (ўлим, бахцизик).

Тарихий эътиқод дэганда аввалам бор қадимда ҳалқ, миллат вакиллари муайян миллий ғояга эга бўлган ҳолда, бахтли ҳаёт кечириш учун интилиб яшаганлиги, миллий қадрият ва бошқа барча миллий хусусиятларини еъзозлагани, ўз шахсий ва миллий қард-қимматини топталишига йўл қўймаганлиги, ўзларининг ерки, тинчлиги, фаровон ҳаёти ва порлоқ истиқболи асосини миллий бирликда ва эзгу ишлар қилишда деб ҳисобланганлиги ва шу бирликни мустаҳкам сақлаб, жамиятда эзгулик ҳукмрон бўлишига астойдил ишонганлиги тушунишимиз керак. Шу ишонч-эътиқод, уларни мустамлакачилик зулмини энгишга, ёвуз босқични кучлар билан қаҳрамонларча курашишга, Ватан учун жонини ҳам аямасликка ва миллий бирликни сақлашга ундаган.

Ҳозирги кунда миллий ўзликни англаш орқали халқ, миллат вакиллари қанча ўз тарихини тэранроқ ва атрофлича билиб олишга эришсалар, шунча улар кўпроқ мозийда бўлиб ўтган тарихни воқеаларининг қатнашчиларига айланиб борадилар ва шу асосда улар сезиларли даражда ўз халқининг ўтмишдаги ютуқларидан суюнадилар ва мағлубиятларидан куйинадилар. Бундай ҳолатга эришган замондошларимизнинг ҳиссиёти, онги ва қалбига ўтмишдаги ватандошларимизнинг ҳис-туйғулари, ўйлари ва интилишлари жо бўла бошлайди. Енди бу миллат вакиллари бугунги кундаги ижтимоий воқеаларини ўтмишда яшаган ватандошларимизнинг кўзи билан ҳам кўра бошлайдилар ва юраги билан ҳис қиладилар.

Хулоса қилиб, шуни айтишимиз мумкинки, миллий ўзликни англаш орқали, ўтмишда халқимиз дуч келган муаммоларни ва уларнинг қандай ҳал қилинганлиги билиб олиш, шубҳасиз бугунги кундаги муаммоларни тўғри ва тезроқ ҳал қилинишига ёрдам беради ва жамиятимизнинг тараққиётини тезлаштиради.



[1] Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008. 71-б.

[2] Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғати. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2009. 410-б.

[3] Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғати. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2009. 410-б.

[4] Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар. – Т.: ЎФМЖ, 2004. 188-б.

[5] Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008. 71-б.

[6] Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғати. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2009. 704-б.

[7] Қўчқоров В. “Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётининг демократиялашиши жараёнида миллий ўзликни англаш муаммоси” сиёсий-фалсафий таҳлил Сиёсий фанлар доктори илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация автореферати. – Т.: 2009. 12-б.

[8] Каримов И.А. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. 11-жилд. – Т.: Ўзбекистон, 2003. 34-б.

[9] Ҳақиқат манзаралари. 96 мумтоз файласуф. – Т.: Янги аср авлоди, 2011. 63-б.

[10] Комилов Н. Тасаввуф. Тавҳид асрори. – Т.: Ўзбекистон, 1999. 17-б.

[11] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 2-жилд. – Т.: ЎМЭДИН, 2010. 246-б.

[12] А.Азизхўжаев “Чин ўзбек иши” – Т.: Ўзбекистон, 2011. 415-417-бет.

[13] Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғати. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2009. 592-б.

[14] Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғати. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2009. 181-б.

[15] Амир Темур ўгитлари. – Т.: Наврўз, 1992. 19-б.

[16] И.А. Каримов. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. “Мулоқот” журнали. 1998 йил. 5-сони

[17] М. Алимова, М. Тюменова, Ж. Ҳасанов. Миллий ўзликни англаш жараёнида ижтимоий фаоллик – “Ёшлар онги, қалби ва дунёқарашини шакллантириш ҳозирги куннинг долзарб масаласи”, Гулистон, 2006, 106-бет.

[18] И.Р. Хўжамуродов. Истиқлол ва ўзликни англаш. – Миллий истиқлол мафкураси ва унинг таълим-тарбиядаги ўрни. С., 1995, 34-бет.

[19] З. Ҳамидов. “Миллий ўзликни англашда мафкуранинг роли” – Миллий истиқлол мафкураси ва унинг таълим-тарбиядаги ўрни. Самарқанд, 1995, 38- бет. Акмал Саидов. Миллий ғурур бош қонунимизнинг асосидир. “Туркистон”. 2005 йил 12 феврал.

[20] И.А. Каримов. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт-пировард мақсадимиз. – Т.: Ўзбекистон, 2000, 465-бет.

Киритилди: 2020-05-30 18:29:25; Ўқилди: 8548 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!