Шанба, 30 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоянинг илдизлари / Дунёвий

МАЪРИФИЙ ИЛДИЗЛАРИ

Категория: Миллий ғоянинг илдизлари – Дунёвий;
Муаллиф: Азизқулов А

Миллий ғоямизнинг маърифий асослари уч минг йиллий давлатчилигимиз билан бир вақтда шакллана бошлаган. «Авесто»да баён этилган маърифатпарварлик ғоялари бунинг исботидир. Ватанимизда милоддан аввалги VIII-VII асрларда бошланғич маданият марказлари вужудга келган, шаҳарлар ташкил топа бошлаган. Шаҳар маданиятининг энг асосий элементи бу маърифат масканлар, таълим тарбиядир. Бу даврда Марказий Осиёда кенг тарқалган Зардуштийлик фақат соф дингина бўлиб қолмасдан, балки ўз даври маънавиятининг, ўша даврдаги халқларнинг маданияти, маънавияти, урф - одати, ахлоқи каби масалаларни ўзида акс эттиради ва маънавий маърифий жараёнларга катта таъсир кўрсатади.

Қадимги давр маданияти, маънавияти, жумладан, ахлоқ, маърифат, таълим тарбия ҳақидаги фикрлар халқ оғзаки адабиётида, фольклорларда, турли халқ анъаналарида ҳам ўз аксини топиб келган. Гўрўғли, Алпомиш, Рустам ҳақидаги достонларда халқимизнинг урф одатлари, руҳияти, хулқ одобларининг ифодасини учратишимиз мумкин. Бундай маълумотлар қадимги суғд, манихей, хоразм, туркий ёзувлар наъмуналарида сақланиб қолган манбаларда ҳам учрайди.[1]VIII-XIIасрлар давомида Ватанимиз ҳудудида муҳум ўзгаришлар содир бўлади. Ўлкамизга ислом кириб келади. Бу даврда маънавиятда ҳурфикрлилик, ҳар қандай билим, илм-фанга ҳурмат, диний оқимлар эркинлиги устунлик қилади. Таълим тизими такомиллашади, илм даргоҳлари – мадрасалар олий ва ўрта тоифаларга ажралади. Шунингдек айрим мадрасаларда табиий ва аниқ фанларга кўпроқ эътибор берилса (Самарқандда Улуғбек мадрасаси), баъзиларида диний билимлар бериш устун характерга эга бўлган. Таълим тизимининг ҳатто энг олий босқичи, махсус тадқиқотлар лобароториясига эга бўлган академиялар ҳам фаолият олиб борган. Бағдоддаги Маъмун академияси ва Самарқанддаги Улуғбек академияси бунга мисолдир.

XI-XII асрларга келиб Ватанимиз ҳудудидаги Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош ва башқа шаҳарларда кўплаб илм маърифат масканлар имашҳур бўлган

Бу даврда Мовроуннаҳр ва Хуросонда бутун мусулмон дунёсига қатор қомусий алломаларани, илоҳиёт назариётчиларни, машҳур адиб ва шоирлар етишиб чиқадилар. Улар ўзларининг кашфиётлари яратган асарлари билан дунё илм фани ривожига улкан ҳисса қўшдилар. Дунё цивилизациясида Шарқ уйғониш даври деб аталадиган бу давр мўғиллар истилоси даврида турғун ҳолатга тушиб қолади, таълим тарбия, илм маърифат соҳида ҳам бу

ҳолат ўз таъсирини кўрсатади

XIV асрнинг иккинчи ярми — XV асрда Амир Темур ва Темурийлар Шоҳрух, Улуғбек, Хусайн Бойқаро даврларида Мовароуннаҳр ва Хуросон ислом доирасидаги мафкуравий эркинлик, маданиятга эътибор илм-фан, адабиёт, санъатнинг тез ривож топишига олиб келди. Самарқандда расадхона қурилиб, Улуғбек илмий мактаби шаклланди, аниқ фанлар ривожида катта ютуқлар қўлга киритилди. Қозизода Румий, Коший, Али Кушчи каби олимларнинг асарлари бутун мусулмон оламига машҳур бўлди. Гуманитар — ижтимоий фанлар ва рассомлик, хаттотлик олий чўққиларга кўтарилди. Жомий, Беҳзод, Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд, Хондамир каби маиқур адиб, рассом, тарихчиларнинг номлари бошқа ўлкаларда ҳам тез маълум бўлди.

Форс тили ўз мавқеини cақлаган ҳолда, адабиётда туркий тилнинг роли кучайиб кетди.Бу даврда туркий тилдаги шеърият султони Алишер Навоий ижод этиб, ўзининг достонлари, илмий-тарихий асарлари билан маданият тарихида ўчмас из қолдирди.

Бу давр мўғуллар истилоси натижасида узилиб қолган Уйғониш даври — Ренессанснинг тикланиши ва олий чўққиси эди. Уйғониш даври маънавий-маданий ҳаётида инсоний қадриятларнинг юксак хислатлари — илмга интилиш, билимни кучайтириш, ақлни улуғлаш, инсонийлик, руҳий покланиш, ахлоқий камолотга эришув, адолат, ижтимоий юксалиш, барча учун бахт-саодат, дўстлик-биродарлик, комил инсонни яратиш каби масалалар олға сурилди. Улар муҳим илмий тадқиқотлар, адабиёт, санъат, диний асарларнинг мазмунини ташкил этди. Бу даврдаги олим, мутафаккир, донишманд, санъаткорларнинг кўпчилиги шу мақсад йўлида ижод қилди. Бу давр маданиятининг ютуқлари халқимизнинг кейинги маданий ривожланишига катта замин яратди.

XVI-XIXаср биринчи ярми маданиятида илм-фан, хусусан табиий фанларнинг ўрни сусайганини, диний билимлар, диний тaaccyбликнинг роли кучая борганини кўрамиз. Ўзаро урушлар туфайли ташқи олам билан алоқалар, маънавий-маданий муносабатларнинг камайиб кетиши ҳам маданий ҳаётдаги маълум биқиқликка, янгиликлардан узилиб қолишга олиб келди. Илм-фан, маданият соҳасида олдинги эришиган ютуқлар ҳам ўз таъсирини йўқотиб, уларга мурожаат этиш ўрнига диний таълимотлар кучайганини кўрамиз. Натижада бу даврда анъанавий ислом, унинг қоидалари жамият ҳаётида ҳал этувчи ўринни эгаллаб, тасаввуф, хусусан, нақшбандия ҳам маънавий ҳаётдаги олдин таъсирини йўқота борди.

Шу билан бирга бу даврда туркий-ўзбек тилидаги бадиий адабий намуналарининг кўпая борганини, адабиёт, шеърият маънавий ҳаётнинг энг муҳим асосий соҳасига айланиб, анъанавий лирик асарлар билан бирга шоир, адиблар дунёвий ҳаёт қийинчиликлари, диний таассубликнинг кучайишига бўлган норозиликлари, сўфиёна фикрларини шеъри орқали ифода этишга интилганликларини кўрамиз.

Бу давр Махдуми Аъзам, Мирзо Ҳайдар, Абдулғозихон, Бухорий каби гуманитар илм вакиллари, Машраб, Турди, Нодира, Увайсий, Myнис Хоразмий каби машҳур шоирларни етиштирдики, улар асарларида замонасининг сабоқлари, истаклари, аламларини акс этдирдилар.

XIX асрнинг иккинчи ярмига келиб Туркистон ўз мустақиллигини йўқотди, рус чоризми томонидан босиб олинди.

Хонликлар ва ерли халқнинг кескин кураши, қаршилигига қарамай 1870-йилларга келиб Қўқон хонлиги тугатилди. Бухоро ва Хива хонликлари Россиянинг вассалига айланди: Туркистонда рус мустамлакачилик тузуми ўрнатилди, у рус генерал губернатори томонидан бошқарила бошланди. Рус чоризми Туркистонда ўз мустамлакачилик сиёсатини ўтказиш йўлида барча чораларни амалга ошириб, унинг бойликларидан имкони борича кенг фойдаланишга киришди. Жаҳон ва айниқса, Яқин Шарқ мамлакатларидаги ўзгариш ва Россиянинг янги мустамлакасига олиб келаётган Оврупо маданияти янгиликлари Туркистон маданиятида ерли халқнинг мустамлакачилик сиёсати, камситилишига қарши маърифатчилик ҳаракатини кучайтириб юборди. У асосан, халқни янги маданият, маърифатга чақиришга, миллатни уйғотишга, янгилаётган маънавиятни эгаллашга йўналтирилган эди. Аста-секин маьрифатчиликдан жадидчилик ўсиб чиқди ва у маълум даражада сиёсий масалаларни олға сура бошлади. Янги таълим - тарбия, янги мактаб, янги маориф, уни бошқариш, маданий тарғибот, ташкилотчилик масалалари асосий ўринга кўтарилди. Янгиликларга асосланган ҳолда ва эски феодал маорифидан фарқ қилувчи фикр-ғоялар олдинга сурилди улар ерли матбуот, турли китоблар орқали кенг тарғиб этилди. Бу - маданиятдаги мустамлакачиликка қарши курашда халқ онгини ошириш, ўз аҳволини яхшилашга интилишнинг кўринишларидан эди.

XIX асрнинг охири — XX аср бошида Туркистон маданияти қатор талантли олим, сайёҳ, шоир, педагог, журналистларни етиштириб чиқарди, улар халқимизнинг умумий маданий ривожланишига жуда катта таъсир кўрсатди.

Бу даврда Аҳмад Дониш, Бердақ, Феруз, Муқимий, Фурқат, Завқий, Баёний, Аваз Ўтар каби олим, шоирлар ўз даврининг муҳим масалаларини кўтариб чиқдилар ва халқни илм-фан, маьрифатни эгаллашга ундадилар.

Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Фитрат, Айний, Ҳамза каби талант эгалари жадидчилик ғояларини олға суриш ва тарғиб қилиш соҳасида байроқдор бўлиб танилдилар, Туркистоннинг ўз ривожланиш йўлиии тарғиб этишда жонбозлик кўрсатдилар.

Беҳбудий - XX аср бўсағасидаги Туркистон ижтимоий- сиёсий ҳаракатининг энг йирик намояндаси, янги давр ўзбек маданиятининг асосчисидир. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси, мустақил жумҳурият ғоясининг яловбардори, янги мактаб ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси, ўзбек драматургиясини бошлаб берган биринчи драматург, театрчи, ношир, журналист. У Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, бошлаб берувчиси эди.

1903—1904 йилларда Москва, Петербургга боради, 1907 йилда Қозон, Уфа, Нижний Новгородга бўлади. Нижний Новгородга 1907 йилнинг 23 августида Россия мусулмонларининг турмуш ва маданияти муаммоларига бағишланган қурултойи чақирилади. Беҳбудий туркистонликлар гуруҳини бошқаради ва катта нутқ сузлайди.

Маърифат учун биргина мактаб кифоя қилмайди. Замон ва дунё вокеалари билан танишиб бормоқ керак. Миллат ва Ватаннинг аҳволидан, кундалик ҳаётидан огоҳ бўлмоқ лозим. Миллат учун ойна керак, токи ундан ўз қабоҳатини ҳам, малоҳатини ҳам кўра олсин.

Мана шу эҳтиёж ва зарурат Беҳбудийни театр ва матбуотга бошлади. «Падаркуш» драмаси шу тариқа майдонга келди.

1913 йилдан Беҳбудий матбуот ишлари билан шуғулланди. Апрелдан «Самарқанд» газетасини чиқара бошлади. Газета туркий ва форсий тилларда, ҳафтада икки марта, дастлаб икки, сўнг тўрт саҳифада чоп этилган. Беҳбудий шу йилнинг 30 августидан «Ойна» журналини чиқара бошлайди. «Ойна» журнали маърифат ва маданият тарқатишда жуда катта хизмат қилди. Унда миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқи, тарихи, тил-адабиёт масалалари, дунё аҳволига доир қизиқарли мақолалар, баҳслар бериб борилган.

Жадидчилик ҳаракатининг йирик вакили, маърифатпарварлик ғоясининг толмас тарғиботчиси Мунавварқори Абдурашидхоновдир. У 1909 йил¬да бошқа маърифатпарвар жадидлар билан бирга «Жамияти хайрия» тузади. 1913 йилда «Турон» жамиятини таъсис этади. «Мактаб», «Нашриёт» каби ширкатлар очади. Жамиятнинг мақсади ерли мусулмон аҳолиси орасида маориф-маданиятга рағбат уйғотиш, уларга моддий-маънавий ёрдам бериш, улар учун саҳна асарлари тайёрлаш ва кўрсатиш эди. Мунавваркори ёшларни ривожланган мамлакатларда ўқитиш, шу оркали Миллат ва Ватанни фарзандларга танитиш, дунёни англатиш ишларига алоҳида эътибор берди. 1908 йилдан 1923 йилга қадар унинг ғайрат ва ташаббуси билан юздан ортиқ туркистонлик чет элда ўқиб келди.

1918 йилнинг баҳорида Туркистон халқ дорилфунунининг мусулмон бўлимини тузди. Шу йил¬нинг майидан декабрига қадар ушбу мусулмон халқ университетининг ректори вазифасини бажарди, тил билимидан дарс берди, улкан ташкилий ишлар олиб борди. Туркистондаги замонавий олий таълимнинг майдонга келишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.

XIX - аср охири XX - аср бошидаги ўзбек миллий маданиятининг машҳур вакилларидан бири — маърифатпарвар шоир, драматург, журналист, олим, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлонийдир.

1909 йилда мактаб-маориф ишларига ёрдам берувчи «Жамияти хайрия» очиб, етим болаларни ўқитди. «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» номли тўрт қисмдан иборат шеърий тўпламининг биринчи жузъини нашр қилдирди. «Тараққий», «Шуҳрат» (1907), «Осиё» (1908), «Турон» (1917) газеталарини чиқарди. 1918 йилда Туркистон Шўролар ҳукуматининг биринчи газетаси «Иштирокиюн»нинг ташкилотчиларидан ва унинг биринчи муҳаррирларидан булди. У турли масъулиятли лавозимларда хизмат қилди, қайси вазифада ишламасин илм-маърифат тарқатиш, таълим-тарбия масалалари билан шуғулланиб келди, билим юртларида, олий мактабларда ўқитувчилик қилди. 1930—34 йилларда Ўрта Осиё давлат университетида (ҳозирги ЎзМУ) кафедрани бошкарди.

Авлоний 1927 йилда «Меҳнат Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлди.

Унинг маданиятимиз тарихидаги ўрни ҳақида ran кетганда, икки жихатини алоҳида таъкидлаш зарур: педагогик фаолияти ва адабий- бадиий ижоди. Унинг педагогик фаолияти, таълим-тарбия ҳақидаги фикрлари XX асрнинг бошларида янги босқичга кўтарилган маърифатчиликнинг хусусиятларини белгилашда муҳим манбалардандир.

Авлоний мактаби гуманистик ва эркин тарбия асосига қурилган, дунёвий ва илғор илм-фанни болаларга ўргатишни ўз олдига асосий вазифа қилиб қўйган, ёшларни мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига аралаша олиш қобилиятига эга бўлишини таъминлайдиган ҳақиқий халқ мактаби бўлди.

Адиб бу мактаблар учун дарсликлар тузди. Унинг аввалги синф шогирдлари учун «Биринчи муаллим»и (1911) 4 марта, «Алифбедан сўнгги ўқув кито¬би»—«Иккинчи муаллим» (1912) 3 марта кайта нашр этилган. Ахлоқий-дидактик мазмундаги «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ» дарслиги (1913) XX аср бошлари ижтимоий-педагогик фикр тараққиётида алоҳида ўрин эгаллади. Унда тарбия ва ахлоқ масалалари биринчи маротаба XX асрнинг талаб ва эҳтиёжлари нуқтаи назаридан таҳлил килинган.

Фитрат XX аср ўзбек адабиёти, фани ва маданиятининг йирик вакили, қомусий билимга эга олим, адабиёт назариячиси, ўткир тилшунос, бетакрор драматург ва шоир, жанговар публицист, ношир ва журналист, талантли давлат ва жамоат арбоби.

Жадидлар маслаҳати ва ёрдами билан бир гурух ёшлар, жумладан, Фитрат Истамбулга ўқишга юборилади. У 1909—1913 йилларда Туркияда тахсил олди. Туркиядаги ҳаёти Фитратнинг дунёкараши, сиёсий онги ва адабий дидини ўзгартириб, ўстириб юборди. Туркистон халқи ҳаётига Туркиядаги ўзгаришлар (бу пайтда у ерда «Еш турклар инкилоби» вокеаси булган эди) ва илғор мамлакатлар нуқтаи назаридан карай бошлади: диний хурофотларни кескин танқид қилишга, ҳатто динни, мактаб-маорифни ва Туркистондаги идора усулини ислоҳ этиш ғояси билан нафас олди.

Фитратнинг «Сайёҳ ҳинди» («Ҳинд сайёҳининг қиссаси») насрий асари 1912 йилда босилди. Асарда жахон халқлари, илғор мамлакатлар фуқароси кузи билан Бухоро, умуман Туркистоннинг давлат тузумига, тартиб-коидасига, маорифига назар ташлаб, улардаги ибратли жиҳатларни қўллаб-қувватлаб, иллатларини эса беаёв фош этади. У ўзбекнинг ўзлигини таниши, ота-боболари каби улуғвор кашфиётлар қилишга, бирлашган, кучли, кудратли давлат тузишга ва дунёнинг илғор маданий мамлакатларига етиб олишга чақирди. Бутун ижодининг мохияти халқнинг қалб кўзини очишга ва меҳнат, яратиш, ўқиш, курашга даъватдан иборатдир.

Ватанимизда илм маърифатни тарғиб қилган жадидчиларимизнинг аксарияти қатоғон қурбонлари бўлдилар. Бугун улар муқаддас тутган юрт озод ва мустақил бўлди. Улар жон фидо этган истиқлол авлодларига насиб этди. Мил¬лат ва Ватан мустақиллиги йўлида фидо бўлганлар эса шу Миллат ва Ватан умри қадар боқийдирлар.

Истиқлолнинг дастлабки вақтлариданоқ Президентимиз шундай дейди.

“Жамият тараққиётининг асоси, уни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қоладиган ягона куч - маърифатдир. Асримиз бошида Туркистонда кечган воқеаларни бир эсланг. Нега бу ўлкада ўша йиллари маърифатчилик ҳаракати ҳар қачонгидан ҳам кучайиб кетди? Негаки, чор Россияси асоратига тушиб қолиб, буткул таназзулга юз тутган ўлкани уйғотишга, халқнинг кўзини очишга фақат маърифат орқалигина эришиш мумкин эди”[2]“Маърифатпарварлик биз учун бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ, йўқотмайди ҳам. Ақл - заковатли, юксак маънавиятли кишиларни тарбиялай олсаккина, олдимизга қўйган мақсадларга эриша оламиз, юртимизда фаровонлик ва тараққиёт қарор топади. Агар шу муаммони ечолмасак, барча тоат - ибодатларимиз бир пул: тараққиёт ҳам, келажак ҳам, фаровон ҳаёт ҳам бўлмайди!”[3]Мустақилликдан сўнг Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурини қабул қилиниши ва Таълим тўғрисидаги қонунларни мазмун ва моҳияти ҳам маърифатга қаратилган. Мамлакатимизда таълим тарбия соҳасига катта эътибор берилмоқда. 1 октябр “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” умухалқ байрами сифатида нишонланмоқда.

Шахс маънавиятини шаклланишида таълим тарбия ва мураббий узтозлар аҳамиятини Президентимиз ўуйидагича таъкидлайди. “Барчамизга аёнки, инсон қалбига йўл аввало таълим-тарбиядан бошланади. Шунинг учун қачонки бу ҳақда гап кетса, аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни эслаш билан бирга, ота-оналаримиз қатори биз учун энг яқин бўлган яна бир буюк зот — ўқитувчи ва мураббийларнинг олижаноб меҳнатини ҳурмат билан тилга оламиз.

Биз юртимизда янги авлод, янги тафаккур соҳибларини тарбиялашдек масъулиятли вазифани адо этишда биринчи галда ана шу машаққатли касб эгаларига суянамиз ва таянамиз, эртага ўрни-мизга келадиган ёшларнинг маънавий дунёсини шакллантиришда уларнинг хизмати нақадар беқиёс эканини ўзимизга яхши тасаввур қиламиз”[4]“Шу нуқтаи назардан қараганда, маърифатпарвар боболаримизнинг фикрини давом эттириб, агарки дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир, десак, ўйлайманки, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Чиндан ҳам, ўқитувчи наинки синф хонасига файз ва зиё олиб кирадиган, балки минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини бахш этадиган, ўз ўқувчиларига ҳақиқатан ҳам ҳаёт мактабини берадиган мўътабар зотдир. Она тилимизда «мактаб кўрган», «мактаб яратган» деган чуқур маъноли ибораларнинг мавжудлиги ҳам бу муқаддас даргоҳнинг, заҳматкаш ўқитувчи меҳнатининг давлат ва жамият ҳаётида қанчалик муҳим ўрин тутишидан далолат беради”[4]



[1]Маънавият юлдузлари Т.:2001 йил 6-бет.

[2]Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Т.; 1998., 7-бет.

[3]Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Т.; 1998., 7-бет.

[4]Каримов И.А.Юксак маънивият енгилмас куч. Т.; 2008., 130 – бет.

[5]Каримов И.А.Юксак маънивият енгилмас куч. Т.; 2008., 131 – бет.

Киритилди: 2020-05-29 14:41:39; Ўқилди: 2842 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!