Пайшанба, 24 сентябрь 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоя ва мафкура / Ғоя турлари

илмий ғоя

Категория: Миллий ғоя ва мафкура – Ғоя турлари;
Муаллиф: Рўзимуродов С Айматов А

Инсон тафаккурининг маҳсули сифатида ғоя миллий-маданий меросни, умуминсоний қадриятларни, ижтимоий-маънавий ҳаётни, теварак оламни ўрганиш, билиш жараёнида вужудга келади. Ижтимоий онгнинг барча шакллари: илм-фан, фалсафа, дин, сиёсат, санъат ва бадиий адабиёт, ахлоқ ва ҳуқуқ муайян бир ғояларни яратади, уларга таянади ва уларни ривожлантиради. Профессор С.Мамашакировнинг фикрича, ғояларни шаклий, мазмуний, социал-этник, кўламий ва бошқа тамойиллар асосида қуйидагича туркумлаштириш мумкин:

-фан ғоялари (табиий-илмий ёки ижтимоий-гуманитар, асосланган ёки гипотетик, ҳақиқий ёки янглиш, нисбий ёки мутлақ ва ҳоказо);

-диний ғоялар (ваҳий ёки ваҳий бўлмаган, политеистик ёки монотеистик каби);

-фалсафий ғоялар (идеалистик ёки материалистик, теистик ёки атеистик, монистик ёки дуалистик, плюралистик каби);

-бадиий-нафосат ғоялари (гўзаллик ёки хунуклик, улуғворлик ёки тубанлик, фожиавийлик ёки кулгилилик каби);

-ахлоқий ғоялар (эзгулик ёки ёвузлик, яхшилик ёки ёмонлик каби);

-ҳуқуқий ғоялар (ҳақлик ёки ноҳақлик, тенглик ёки тенгсизлик каби);

-социал-сиёсий ғоялар (гуруҳий, табақавий, синфий, партиявий, миллий, умуминсоний каби);

-маҳаллий, минтақавий, умумбашарий ва бошқа ғоялар[1]

Илмий ғоялар – фан тараққиётининг самараси, илмий кашфиётларнинг натижаси сифатида пайдо бўладиган, турли фан соҳаларининг асосий тамойиллари, устивор қоидаларини ташкил қиладиган илмий фикрлардир.

Фан тараққиёти узлуксиз ва чексиз бўлиб, бу жараёнда амалиётда тасдиқланмаган, эскирган қарашлар янги илмий ғоялар билан ўрин алмашаверади. Қадимга юнон файласуфлари Левкип ва Демокрит жисмларнинг энг кичик бўлинмайдиган зарраси сифатида “атом” тушунчасини киритган эди. Птолемей ва Аристотел, Улуғбек астрономиясигача дунёнинг маркази ер деб ҳисоблаб келганлар. Евклид геометрияси, Ньютон механикаси, Дарвин таълимоти ҳам ўз даврининг энг илғор илмий ғояларига асосланган эди.

Бугунги илм-фан тараққиёти атомнинг майда заррачаларга бўлинишини, коинот маркази ер эмаслигини ҳам ишончли далиллар билан исботлади; квант механикаси, ирсият назарияси ва бошқа кўплаб кашфиётлар яратилди.

Ғоя категориясини фанда уч хил талқини бор. 1.талқин: турли фалсафий тизимларда кенг қўлланиладиган тушунчалардан бири. Ғоянинг мазмуни, келиб чиқиши, унинг воқеликка мос келиш ёки келмаслиги масаласи доимий баҳс мунозара объектига айланган. Ғоя тушунчаси аксарият фалсафий тизимларда руҳ ривожланишининг юксак тараққий қилган шаклига нисбатан ишлатилган. Хусусан, уни предметларнинг инъикоси натижасида шаклланган ҳиссий образ, объектив воқеликнинг субъектив инъикоси деб талқин қилиш мавжуд. Масалан Гегелда ғоя ҳамма нарсани мазмуни ва яратувчисидир. У ўз мантиқий ривожи давомида объектив, субъектив ва абсолют босқичларни босиб ўтади.

Ғоя Платон фалсафасини марказий категорияларидан бири эди. Унда ғоя ҳақиқий оламнинг трансцендент дунёсини ифдалайди. Шундай қилиб антик даврдан Уйғониш давригача Ғоя онтологик, янги даврдан эса инсоннинг оламни билишига хизмат қилувчи шаклларидан бири сифатида гноселогик талқин қилинган. Бундай баҳс-мнозара рационализм ва эмперизм ўртасидаги курашда ҳам намоён бўлди. ХХ аср фалсафасига келиб ғоянинг юқоридагидек талқинлари барҳам топиб, у асосан илмий билиш шакли, тушунчасининг сноними сифатида кенг қўлланила бошлади. Ғоя гносеология нуқтаи назаридан баҳоланар экан, қўйидаги маъноларни англатади:

биринчидан инсон онгининг ижодий, конструктив ва таркибий қисми сифатида;

иккинчидан, ташқи оламнинг субъект онгида акс этадиган образли инъикоси ва акси сифатида;

учинчидан, инсоннинг жамият ва табиатдаги воқеа ва ҳодисаларни англаш шакли сифатида;

тўртинчидан, инсон онгининг ташқи олам ва ҳаёт ҳодисаларига нисбатан акс таъсирининг намоён бўлиши сифатида;

бешинчидан, ғоя олдин мавжуд бўлмаган, ўзида янгиликни ташувчи фикр сифатида.

2-талқин: Ғоя-илмий билишни ўзига хос шакли. Ғоя илмий далил, муаммо, фараз, назария каби воқеликни акс эттириш шаклларидан бири. Ғояда шу воқелик бундан кейин қай йўналишда ўрганилиши зарурлиги ҳақидаги кўрсатма ботиний тарзда мавжул бўлади. Шундан бошлаб у йўналтирувчанлик хусусиятга эга бўлади. Масалан: атомларни мавжудлиги, атомларни бўлиниши, оламни асосини топиш, субстанцияни моҳиятини билишга бўлган ҳаракат...

Ғоя тараққиёт омилига айланиши учун маълум бир шарт-шароит-жамиятнинг умумий билим даражаси юзага келган, янги билимни қабул қилишга тайёр бўлиши, уни текшириб кўриш, тасдиқлаш ёки инкор этиш имконияти, қуроллари, воситалар, моддий-молиявий ресурсларга эга бўлиши лозим. Акс ҳолда у маълум маданий-маърифий ҳодиса сифатида қолиб кетади. Берунийнинг “Ғарбий ярим шарда қуруқлик бор” деган ғояси шундай бўлди. Жамиятни қабул қилиш даражаси тайёр эмаслиги шу аҳволга олиб келди.

3- талқин: Кенг маънода олдин мавжуд бўлмаган, ўзида янгиликни ташувчи фикр. Бу ҳал қилиниши зарур бўлган масалани ечишга интилиш натижасида пайдо бўлган яхлит хулоса – фикр. Бундай ҳолат “Менда бир ғоя пайдо бўлди” деган фикрда ёрқин ифодасини топади.

Ҳар қандай ғоя ижтимоий аҳамият касб этиб, одатда муайян ғоялар, алоҳида олинган шахслар онгида пайдо бўлади. Маълум бир муддатдан кейин эса жамиятнинг турли қатламларига тарқалади, турли элатлар ва миллатлар орасида ёйилади, янги авлод жамиятда мавжуд ғоялар таъсирида тарбияланади. Муайян қарашлар ва ғояларни ўз эътиқодига сингдиради, ўз навбатида янги ғояларни яратади ва тарғиб қилади. Ғоялар миллий-маданий меросни, умуминсоний қадриятларни, ижтимоий-маънавий ҳаётни, теварак оламни ўрганиш, билиш жараёнида дунёга келади. Ижтимоий онгнинг барча шакллари илм-фан, фалсафа, дин, санъат ва адабиёт, ахлоқ, сиёсат ва ҳуқуқ-муайян бир ғояларни яратади, уларга таянади ва уларни ривожлантиради.

Илмий ғоялар асосан табиат, жамият ва инсон тафаккури қонунлари, табиий ва ижтимоий жараёнлар, нарсаларнинг муҳим хосса ва хусусиятлари, мазмуни ва мохияти тўғрисидаги илмий фикрлардир. Илмий ғоялар бир-биридан ўзининг теранлиги ва умумийлиги билан фарқ қилади. Айрим илмий ғоялар нарсаларнинг моҳиятини ифодаласа, бошқалари эса уларнинг ташқи томонларини акс эттиради. Масалан, ўсимликлар генларининг ўзгариши ва уларнинг ранги тўғрисидаги ғоялар шундай ғояларга мисол бўла олади. Ҳар қандай илмий ғоянинг мазмуни ва моҳияти йилдан-йилга янги маълумотлар билан бойиб ва кенгайиб боради.

Масалан, Қуёш нури тўғрисидаги илмий ғоялар йилдан-йилга янги маълумотлар билан бойиб теранлашиб бормоқда. Мозийда файласуфлар комил инсон тўғрисида теран фикрлар билдирган бўлсада, бироқ ҳозир жаҳон фалсафасида ундан хам теранроқ ғоялар яратилмоқда. Одатда, илмий ғоялар илмий фараз ва тахминлар сифатида яратилади, тажрибаларда синаб кўрилгандан ва назарий жиҳатдан асослангандан кейин ҳақиқий илмий ғояга айланади.



[1]Мамашакиров.С, ва бошқалар. Миллий тараққиётнинг ғоявий-мафкуравий асослари. Ўқув қўлланма.Тошкент. 2010-42-б

Киритилди: 2020-09-24 02:09:16; Ўқилди: 1597 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!