Жума, 29 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоя ва маънавият / Қадриятлар

ҚАДРИЯТ

Категория: Миллий ғоя ва маънавият – Қадриятлар;
Муаллиф: Самадов А

Жамият тараққиётининг муайян босқичларида ижтимоий ҳодасиларга муносабат хилма-хил тарзда намоён бўлади. Хусусан, мустаққиллигимизнинг биринчи кунидан бошлаб, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида «қадриятлар», «миллий тикланиш», «миллий онг», «миллий ғурур», «миллий ифтихор» каби атамалар тез-тез ишлатиладиган бўлиб қолди. Бу бежиз эмас. Зотан, мустаққиллик Айни пайтда миллий тикланиш ҳамдир. Уни эса мазкур тушунчаларсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Аммо шуни таъкидлаш жоизки, қатағон сиёсати ва тузуми даврида бу атамаларни ишлатиш у ёқда турсин, уларни ҳатто ўзбекча луғат бойлигидан суриб чиқаришга ҳаракат қилган эди. Бунга далил сифатда 1988 йили ЎзСЭ Бош таҳририяти чоп этган 50 минг сўзлик «Ўзбекча-русча луғат»га ҳам «қадрият», «миллий тикланиш», «миллий онг», «миллий ифтихор» каби тушунчаларнинг киритмаганлигини кўрсатиш мумкин. Шунингдек, 1981 йили Москвада «Рус тили» нашриёти томонидан чоп этилган, 60 минг сўзни қамраб олган икки жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да ҳам бу сўзлар учрамайди. Шуниси борки, ҳатто баъзи русча – ўзбекча луғатларда ҳам «қадрият» сўзи қўлланилмаган. Жумладан, 1976 йили «Фан» нашриётида чоп этилган «ижтимоий – сиёсий терминлар луғатида» «ценность» сўзининг тўртта маъноси алоҳида луғат мақоласи тарзида белгилангани ҳолда уларнинг бирортаси «қадрият» маъноси ўз ифодасини топмаган. Лекин луғатларда «миллатчи», «миллатчилик» сўзлари бор.

Хўш, сабаби нимада? Бизни фикримизча, бундай вазият ўз-ўзидан ёки тасодифий туғилгани йўқ. Бу мустабит тузумнинг минтақамиз халқларини ўзларининг кўп асрлик тарихи, бой ва ноёб миллий мероси, қадриятлари, маънавиятидан жудо этиб, манқуртларга айлантиришга қаратилган сиёсати натижасидир.

Ҳукмрон сиёсат тарафдорлари «миллий истиқлол», «миллий ифтихор», «миллий ғурур» каби атамаларни кишида миллатчилик кайфиятини уйғотадагин тушунчалар деб баҳоладилар ва уларни ифода этувчи маҳаллий миллат вакиллари миллатчиликда айланиб, тазйиқ остига олинган. Шунинг учун миллий маънавият ва ҳурфикрлилигини мадҳ қиладиган тушунчалар кўп йиллар давомида ижтимоий – сиёсий, маънавий-мафкуравий ҳаётимизда ишлатилмай келинди. Ҳатто уларни миллий сўз бойлигимиздан чиқариб ташлаш хавфи туғилди.

Истиқлол халқимизга сўз ва фикр эркинлиги билан бир қаторда, илгари тақиқланиб келинган кўпгина миллий тушунчалар ҳам ҳаётимизга қайтарди. Эндиликда «қадриятлар», «мустаққиллик», «истиқлол», «миллий ифтихор» каби тушунчалар ўзининг асл мазмунига эга бўлмоқда.

Шуни мамнуният билан айтиш керакки, мазкур атамаларнинг ҳаётимизга кириб келиши ва қисқа вақт ичида теран илдиз отиб кетишида муҳтарам Президентимиз И.А.Каримовнинг хизматлари катта. Унинг асарлари ва нутқларида мустаққиллик туфайли ҳаётимизнинг барча соҳаларида рўй бераётган туб ўзгаришлар, жумладан миллий қадриятларимиз, маданиятимиз, урф-одат, анъаналаримизни тикланиши, миллий ғуруримиз, миллий ўзлигимизни англашимизнинг тикланиши ват обора юксалаётганлиги фахр-ифтихор билан қайд қилинади.

Хўш, қадриятлар тушунчасининг ўзи нима? Унинг моҳияти, асосий жиҳатлари нимадан иборат? Энг аввало шуни қайд этиш керакки, қадриятлар жуда сермазмун тушунчадир. Шунинг учун ҳам адабиётларда мазкур тушунчага турлича ёндашувларни учратишимиз мумкин. Масалан, «Файласуф энциклопедияси»нинг бешинчи жилдида қадриятлар қуйидагича тавсифланади:

«Қадриятлар фалсафий ва социологик тушунча. У биринчидан, бирор объектнинг ижобий ва салбий қимматини, иккинчидан, ижтимоий онгининг норматив белгиловчи – баҳоловчи жиҳати (субъектив қадриятлар ёки онг қадриятлари)ни ифода этади».

Шунга яқин нуқтаи назар Ўзбек Совет энциклопедиясида ҳам баён этилган: «Қадриятлар (фалсафа социологияда) – воқеликдаги муайян ходисаларнинг инсон, ижтимоий ва маданий аҳамиятини кўрсатиш учун қўлланиладиган тушунча».

Таниқли файласуф олим В.П. Тугариновнинг фикрича, «қадриятлар муайян жамият ва синфга мансуб кишилар турмуши ва маданиятининг ҳақиқий ёки идеал неъматлари бўлган табиат ва жамият ходисаларининг моҳияти ёки ҳодисанинг бир жиҳатидир. Бу неъматларнинг қадриятлар дейилишига сабаб – кишилар уларни қадрлайдилар, чунки бу қадриятлар уларнинг шахсий ва ижтимоий турмушини бойитади. Шунинг учун ҳам кишилар ўз тасарруфларидаги қадриятларни ҳимоя қиладилар ва ўзлари учун мақсад ёки идеал қадриятларни амалга оширишга интиладилар.

Қадриятлар ичида энг биринчи ва энг умумийси ҳаётнинг ўзидир, чунки ҳаётда муҳим бўлиш бошқа барча қадриятлардан фойдаланишни йўқққа чиқаради,… қолган қадриятлар, аслини олганда, ҳаёт неъматларининг моҳиятидир, маданий қадриятлардир».

Олим «қадрият» ва «баҳо» тушунчаларини бир-биридан фарқлаш зарурлигини ўқтиради. Қадрият реал ёки орзусидаги ҳодиса (бор нарса ёки идеал)дир, юаҳо эса шу ҳодисага муносабатни билдиради. У ёки бу ҳодисани қадриятларга мансуб ҳолда ҳисоблаш, яъни уни қадриятларга қўшиш ёки қўшмаслик ана шу муносабатга – ижобий ва салбий баҳога боғлиқ.

Дарҳақиқат, қадриятларнинг ҳаётдаги ўрни ва аҳамияти баҳолаш туфыайли белгиланади. Баҳолаш эса инсонларнинг эҳтиёжлари, манфаатлари, мақсадлари, қизиқишларидан келиб чиқади. Маълумки, жамият аъзоларининг эҳтиёжлари, манфаатлари, мақсадлари хилма-хил бўлиб, кўпинча улар бир-бирига зид келиши мумкин. Шунинг учун ҳам муайян ижтимоий гуруҳлар, миллатлар, синфлар учун олий қадрият бўлиб, ҳисобланиб келинган табиат ва жамият ҳодислаари бошқалар учун қадрият бўлмаслиги ҳам мумкин ва аксинча.

Миллат ва халқларнинг диний эътиқоди, маросим ва анъаналари миллий қадриятлар сифатида ўзининг асл ҳаётий сифатини тиклаб олмоқда.

Бундан шундай хулоса чиқариш мумкин: табиат ва жамият ходисаларини қадрият туркумига киритиш ва киритмаслик кишиларнинг эҳтиёжлари, манфаатлари, орзу-умидлари, мақсадлари билан белгиланади.

Демак, қадрият дейилганда инсон ва инсоният учун аҳамиятли бўлган миллат, элат ва ижтимоий гуруҳларнинг манфаатлари ва мақсадларига хизмат қиладиган ва шу туфайли улар томонидан баҳоланиб қадрланадиган табиат ва жамият неъматлари ходисалари тушунилмоғи лозим.

Мазкур таърифдан қуйидагича хулоса қилиш мумкин: биринчидан, қадриятлар, воқеликда мавжуд бўлган табиат ва жамият неъматлари, ҳодисаларни ифодалайди; иккинчидан, уларни қадрият туркумига киритиш ва киритмаслик эҳтиёжларини, манфаатлари, мақсадлари, орзу-умидлардан келиб чиқади; учинчидан, табиат ва жамият неъматлари, ҳодисаларнинг қадриятлар туркумига киритилишини асосий сабаби – уларни қадрлайдиган авайлаб –асрайдиган макон ва замон мавжуд бўлишидир

Қадриятлар ижтимоий хусусиятларга эга бўлиб, кишиларнинг амалий фаолияти жараёнида шаклланади ва ривожланади. Қадриятлар кишиларнинг турли соҳаларидаги, аввало, ишлаб чиқариш, меҳнат соҳасидаги фаолияти учун фойда келтирадиган нарса ва ҳодисалар мажмуи билан боғлиқ равишда юзага келади. Сўнгра аста-секин субъект фаоллигининг орта бориши оқибатида нисбий мустаққил соҳа тарзида амал қила бошлайди. Табиат ва жамият ҳодисалари инсон фаолияти натижасида қадрият сирасига киритилади. Инсоннинг манфаатлари, эҳтиёжларини қондира олмаган, орзу-истаклари, идеалларига мос келмайдиган табиат ва жамият ҳодисаларини қадрият деб баҳолаш ноўриндир. Масалан, табиатдаги қазилма бойликлар инсон эҳтиёжларини қондириш учун ишлатила бошлангандан кейингина қадриятга айланган. Шунгача уларни бойликлар деб ҳисоблашимиз лозим

Қадриятларнинг мамлакатмизда илмий тадқиқот мавзусига айланганига унга кўп бўлгани йўқ. Бу мавзу илгари фалсафий фанлар бўйича олиб борилган тадқиқотларда, китоблар, рисолалар ва дарсликларда алоҳида тилга олинмасди.

Фалсафа қомусий луғатда қадрият тушунчасига қуйидаги таъриф келтирилган. Қадрият – воқеликдаги муайян ҳодисаларнинг умуминсоний, ижтимоий – ахлоқий, маданий-маънавий аҳамиятини кўрсатиш учун қулланиладиган фалсафий – социологик ва аксеологик тушунча. Жамият, инсон ва инсоният учун аҳамиятли бўлган барча нарса, ҳодиса ва воқеалар: эркинлик, эзгулик, тенглик, тинчликтинчлик, ҳақиқат, маърифат, маданият, моддий ва маънавий бойликлар, обида- ёдгорлик, гўзаллик ахлоқий хислат ҳамда фазилатлар, анъана, урф-одат, удум ва бошқалар ҳисобланди[1]Қадриятлар умумбашарий, умуминсоний миллий, минтақавий шахсий бўлиши мумкин. Қадриятлар ижтимоий тарихий тараққиёт махсули сифатида, ўз тарихий илдизи, ривожи, ворислик жиҳатларига эга тушунча бўлиб, аввало ишлаб чиқариш, меҳнат соҳасидаги фаолият инсонлар ўртасидаги муносабатлар учун фойда келтирадиган нарсалар, ҳодисалар, хатти-ҳаракатлар мажмуаси сифатида юзага келиб, айрим кишилар, ижтимоий гуруҳлар фаолияти хатти-ҳаракатини маълум йўналишга бурадиган, тегишли меъёрга соладиган маънавий ҳодисага айланади ва айланмоқда.

Инсон бутун умри давомида сон – саноқсиз қадриятлар оламида яшайди. Инсониятни ураб турган борлиқ, табиий ва ижтимоий атроф – муҳим, тирик ва нотирик табиатнинг энг муҳим томонларини ифодалайдиган қадриятлар умумбашарият хусусиятга эгадир. Бундай қадриятлар жамият учун ҳеч қачон ўз аҳамиятини юқотмайдигон, абадий мулақ ва муқаддас қадриятдир.

Кадрият тушунчасининг ижтимоий фалсафа нуқтаи назаридан таърифлари купгина илмий адабиётларда турли хил ёндашувларнинг мавжудлигини, баъзан эса уларнинг бутунлай бир-бирини инкор этиш хрллари хам учрайди.

Қ.Назаров ўзининг бир қатор ишларида, ушбу муаммонинг ўта долзарблигини таъкидлаш билан бирга, унинг мазмуни, тузилиши, асосий шакллари, намоён булиш хусусиятлари ва умуминсоний к;адриятлар тизимидаги ўрни ва аҳамиятини илмий таҳлил килиш билан бир каторда мазкур масалаларга эътибор кам эканлигини курсатиб ўтган, қадрият тушунчасини - вокеликдаги муайян ҳодисаларнинг умумбашарий, умуминсоний, ижтимоий-ахлоқий, маданий-маънавий аҳамиятини кўрсатиш учун қўлланадиган фалсафий-социологик ва аксиологик тушунча, деб тушунтиради[2]

Т.Абдуллаев "Турмуш соҳасида миллий ва умуминсоний к;адриятларнинг диалектикаси" номли докторлик диссертациясида турмушдаги миллий ва байналминаллик муносабатларини, улар билан

боғлиқ к;адриятларни тахлил қилган[3]И.Саифназаров, Ф.Саифназаровалар фикрича, “миллий-маънавий қадриятлар - мураккаб ижтимоий-руҳий ҳодиса булиб, у миллатнинг тили, маданияти, тарихи, удумлари, жамики маънавий бойликларини қамраб олади”[4]Бизнинг фикримизча кадрият дейилганда, инсон, миллат жамият учун аҳамиятли булган, айрим шахс, миллат, элат ёки ижтимоий гуруҳларнинг маънавий-маданий эҳтиёжлари эволюцияси давомида вужудга келган, ўз манфаатлари ва мақсадлари учун хизмат қиладиган барча моддий ва маънавий бойликлар мажмуини тушунамиз.

Қадриятлар сермазмун ва куп қиррали тушунча булиб, уз ичига табиий, ижтимоий-сиёсий, хуқуқий, моддий, маънавий, диний, ахлоқий, бадиий-эстетик ва х.кларни олади. Ҳар кандай қадрият инсон фаолиятининг маҳсули, унинг атроф-муҳитга нисбатан булган муносабатининг ифодасидир. Қадрият жамият ижтимоий ва маънавий тараққиётининг зарурий махсулидир. Ҳар бир қадрият муайян бир даврнинг маънавий мағзи бўлиб, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий манзарасини акс эттиради.

Қадриятлар ижтимоий хусусиятга эга булиб, кишиларнинг амалий фаолияти жараёнида пайдо буладилар ва ривожланадилар. Инсон йуқ жойда бирон нарсанинг қадр-киммати булмайди. Қадриятлар инсоннинг турли соҳадаги, аввало, ишлаб чиқариш, меҳнат соҳасидаги фаолияти учун зарур булган ва фойда келтирадиган нарсалар, ҳодисалар ва маънавий жараёнлар

мажмуи билан боғлиқ равишда юзага келади.

Қадрият инсоннинг борлиғи ҳам жамиятнинг ахлоқий эстетик, ҳуқуқий саҳоларини ҳам, ижтимоий онг соҳасининг ҳам қамраб олган мураккаб жараёндир. Инсоннинг ўзлиги, менлиги борлиғининг асосий фундаменти қадрият билан бойитилади, тўлдирилади. Кишилар ўзларининг амалий фаолиятида ҳаёт учун зарур бўлган табиий талаб, эҳтиёжларини предметлар ва ҳодисаларнинг ҳосса –хусусиятиларидан фойдаланиб қондирадилар. Масалан, одамнинг чанқовини сув, очлик хиссини нон, кислород нафас олий орқали тананинг унга бўлган эҳтиёжини қондиради. Шунинг учун ҳам ҳам биз бу «неъматларни қадрлаймиз. Лекин шундай нарсалар ҳам борки, улар бизга ёқмайди, улар ҳаётимиз учун зарурдир. Қўполлик, беҳаёлик, ўғрилик, ёлғончилик, ифлослик ва ҳоказолар ана шундай ёқимсиз нарсалар бўлиб, биз улардан қўтилишга интиламиз.

Қадриятлар фалсафасининг тарихи ўзоқ бўлсада, бу тўғрисидаги фан аксеология ўтган асарнинг ўрталарида шаклланди. Бу атама илмий билимлар соҳасига ўтган асарнинг иккинчи ярмида немис аксеология Э. Гартман ва француз олими П.Папи томонидан киритилган. Аксеологияни қадриятлар тўғрисилаги фан ёки тўғридан-тўғри қадриятшунослик, деб аташ мумкин. Ҳар бир фанга ўз номини берган асосий тушунчаси ҳам қадриятшунос атамаси учун шундай асос ролини бажаради. Ғарбда бу атама грекча «axio» (қадрият), «logos» (фан, таълимот) тушунчаларига асосланади.

Ҳар қандай фанни илмий билимларнинг махсус соҳаси сифатида қараш ана шу фанга хос Мавзулар, функциялар, тушунчалар, қонунлар, категориялар борилигини ҳам эътироф этишни заруриятга айлантиради. Аксеологияни ижтимоий – фалсафий билимларнинг махсус соҳаси сифатида қараш ҳам бундан истисно эмас. Унда ҳам бу соҳадаги фанларга хос бўлган ҳамма хусусиятларни кузатиш мумкин. Қадриятшунослик аксеологик онг, қадрлаш туйғуси, аксеологик билиш, қадриятли ёндашув ва бошқалар асосида тўпланган қадриятлар тўғрисидаги билимлар системасидир. Тўғри бу билимлар эндигина муайян фан даражасига ётган илмий система сифатида, яхлит ҳолатда, махсус қўлланма ёки дарсликлар тарзида чоп этиш учун етарли бўлиб қолган. Маданиятшунослик, сиёсатшунослик каби фанлар ўз тадқиқот объекти, предмет ива вазифаларига эга бўлганича ҳам кўп бўлгани йўқ. Улар махсус тадқиқот объектига, илмий соҳага айланашига тўртки бўлган бу мустаққиллик ҳисобланади. Қадриятлар фалсафаси фаннинг ривожланиши, махсус мақомга (статусга) эга бўлиши ҳам ўз истиқлолимиз сабаби бўлди. Чўнки бу ўтиш даврида қадриятлар ҳам йўналишини, таркибини ўзгартириши табиий ҳолдир. Шундай экан, қадриятлар ҳақида фалсафий билимларнинг оширишимиз, ривожлантиришимиз давр талабидир. Тадқиқотлар орасида қадриятлар тўғрисидаги билимларга нисбатан турли муносабатни кузатиш мумкин. Бу муносабатни шу соҳада қўлланиладиган атамаларда ҳам намоён бўлмоқда. «Аксеология», «қадриятшунослик», «қадриятлар фалсафаси», «қадриятлар назарияси» каби атамаларда хилма-хил маъно ва мазмун ифодаланади. Масалан, «аксеология» ва «қадриятшунослик» атамалари муайян фан соҳаси ёки билимлар системасини ифодалайди, «қадриятлар фалсафаси» эса, қадр ва қадриятлар билан боғлиқ фалсафий йўналишни англатади, аммо бунеда алоҳида фан соҳаси тўғрисида гап бормайди. Қадриятлар назарияси кўпроқ собиқ совет иттифоқи даврида ишлатилган атама бўлиб, у қадриятлар соҳасидаги билимларни фалсафанинг ниҳоятда мўжаз қисми сифатида эътироф этишни англатар эди. Бунда аксеология кўпроқ бурунда фани сифатида танқид этилар эди. Чунки қадрият ҳақида сўз борганда аввало шахс, миллат, халқнинг энг юксак, олий қадриятлари бўлмиш эркинлик, озодлик, адолат, миллатчилик тушунчалари ҳақида гапирилар эди.

Қадр-қиммат шахснинг ҳурматлашиш, унинг ҳуқуқларини эътироф этишни ҳам қамраб олади. Қадр-қиммат шахснинг ижтимоий ва маънавий эркинлигини муҳим томони сифатида юзага келади.

Қадриятлар ижтимоий хусусиятга эга бўлиб, кишиларнинг амалий фаолияти жараёнида пайдо бўлади ва ривожланади. Миллий маданият ва қадриятларнинг тикланиши, жамиятимиз тараққиёти ва инсон шахсининг, маданий, маънавий, ахлоқий ривожланиши, келажакда буюк давлат эгаси бўладиган комил инсонни тарбиялаш, вояга етказишда кенг истиқлол йўлини очиб беради.

Қадриятлар халқимизнинг тенгсиз бойлигидир. Уни авайлаб-асараш, ривожлантириш, бойитиш муқаддас бурчимиздир. Шунинг учун ҳам бугунги кунда ҳур ва озод халқимиз барча халқлар ва давлатлар томонидан яратилган маърифатда фан ва техникада, маданият ва санъатда нимаики, янги ва илғор жиҳатлар бўлса, шунга дадиллик билан интилмоқда. Ўзбек диёрида, тарихда кўп марта бўладиган яна янгидан ўзимизни бетакрор ва илғор, иқтидорли ва энг муҳими инсонларга керакли қадриятларимиз тизими барпо этилмоқда.

Бугунги фан ва фалсафанинг тадқиқот предметида қадриятлар ибораси тез-тез учраб туради. Аммо, алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги йилларда қадрият иборасини жуда кенг маънода ишлатиш, айниқса, маданий-маънавий ҳодисалар, урф-одатлар, анъаналар ва бошқаларга нисбатан бу тушунчани умумий атама сифатида қўллаш ҳоллари кўп учрамоқда. Кундалик мулоқотда қадри бор нарса, воқеа, ҳодиса, хусусият ва бошқаларга нисбатан қадрият иборасини қўллашга кўпчилик кўникиб қолди. Аммо айнан шу кундалик ҳаётдаги маъноси илмий адабиётларга кўчиб қолаётганлиги кишини ачинтиради. Ҳамма тушунгани ўз жойига, ўз кўламига ишлатиш илмийлик талабларидан биридир. Қадриятлар ҳақидаги илмий баҳслар, фалсафий мулоҳазалар доим давом этаверади. Чунки жамиятининг маънавий-интелектуал тараққиёти, инсониятни эҳтиёжлари доимий ҳаракатдадир.



[1]Фалсафа. Қомусий луғат. 2004.

[2]Назаров Қ. Қадрият тизими: барқарорлик ва ўзгарувчанлик диалектикаси

(аксиологиянинг ижтимоий-фалсафий муаммолари): фалс..ф.д-ри дисс...-Т., 1996.-Б.105

[3]Абдуллаев Т. Турмуш соҳасида миллий ва умуминсоний қадриятларнинг

диалектикаси: фалс..ф.д-ри дисс...-Т.,1992.

[4]Саифназаров И., Саифназарова Ф. Маънавиятимизнинг умрбоқий сарчашмалари.-Т.:

Меҳнат, 1997.-Б.10

Киритилди: 2020-05-29 21:25:48; Ўқилди: 5924 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!