Шанба, 30 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Мустақиллик ва миллий ғоя / Президентимиз И.А.Каримов

ИСЛОМ КАРИМОВ - ЎЗБЕКИСТОН МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ТАШАББУСКОРИ, ТАШКИЛОТЧИСИ ВА РАҲНАМОСИ

Категория: Мустақиллик ва миллий ғоя – Президентимиз И.А.Каримов;
Муаллиф: Тоғаев Н

Дарҳақиқат, тарихий давр ва ижтимоий вазиятнинг ўзи улкан фазилатларга эга бўлган буюк шахсни майдонга чиқаради. Буюк шахс эса, тасодиф эмас. У ўз халқининг мақсадларига, орзу-умидларига, интилишларига, севинчу изтиробларига, бахтли ва ситамли онларининг гувоҳи бўлиб, яхлит жамият маънавий-руҳий шароитда шаклланади, ривожланади, камолотга етади.

Атоқли немис олими Карл Ясперс ўз вақтида „Буюк шахслар бошқаларнинг эркинлиги ва озодлиги учун ўзининг мажбуриятини чуқур ҳис қилади" [1], деб таъкидлаган эди. Президент Ислом Каримов ҳам айни Ўзбекистонда мавжуд бўлган ижтимоий-сиёсий вазият оқимида шаклланди, тоталитар режимнинг бутун моҳиятини, ўзбек халқининг тарихий қадру қимматини чуқур англади. Натижада миллат шаънини тиклаш орзу-умиди билан яшади ва шаклланди.

Умуман олганда, буюк шахс замонавий билимлар савиясини эгаллаган, ҳар қандай шароитда тез ва тўғри қарорга кела оладиган кучли, ғайратли, қатъиятли, айни пайтда, жавобгарликни чуқур ҳис қила оладиган инсон сифатида ўзини намоён қила олади. Атрофидагиларнинг манфаатларини ўз ҳаётидан кўра баландроқ қўя олади. Ўзи қабул қилган қарорларни ва режаларни амалга ошириш учун ҳар қандай хавф-хатарни зиммасига олди.

Буюк шахс, энг аввало, миллий қадриятларни қадрлай олади, ҳурмат қила билади ва айни пайтда, ўзига нисбатан ҳурматни ҳам талаб қилади. Аниқ хулосага эга бўлмаган инсон ижтимоий ҳаётда аниқ ўринга эга бўлмайди. Бундай одамлар учун ижтимоий моҳиятга эга бўлиш, ижтимоий қадриятга айланиш ҳақида гапириш ўринсиз. Воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини билдира олмайдиган, бошқалар фикри билан яшайдиган, вазиятга қараб иш тутадиган, ўта юмшоқ ва ношуд инсон шахс бўлиб етиша олмайди.

Бошқача қилиб айтганда, ҳар қандай шахс ўз қиёфасига, ўз хулосасига, ҳар қандай вазиятдан чиқа олиш иқтидорига эга бўлади.

Шахснинг бутун кадриятини белгилайдиган омиллардан яна бири бу бевосита ўзининг ҳар бир фикри ва хатти-ҳаракати учун жавобгарликни чуқур ҳис килиш ва тушунишдадир. Айни ана шу фазилат шахснинг жамиятдаги ўрнини, мавқеини, обру-эътиборини белгилайди. Жавобгарлик ҳисси, даҳлдорлик туйғуси, миллат ва жамият олдидаги улкан мажбуриятни чуқур ҳис қилиш ва энг муҳими ушбу жавобгарлик ва мажбуриятни ижтимоий ҳаётнинг реал воқелигига айлантириш шахснинг бутун қадриятини белгилайдиган асосий омил ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг янги раҳбари — Ислом Абдуғаниевич Каримов қизил империя ва коммунистик партиянинг истиқболи йўқлигини, тажовуз ва ғоявий-мафкуравий зўравонликка асосланган „ҳарбий коммунизм" узоққа бормаслигини, собиқ Иттифоқ ҳудудида мавжуд ижтимоий-сиёсий жараёнлар анча кескинлашганини ўз сафдошлари ва елкадошларидан анча олдин чуқур тушунди. Бундай мураккаб вазиятдан таҳликага тушган коммунистик мафкура хоҳлайдими-йўқми, ўз ғояларини қисман ўзгартириши, иш услубининг янги шаклларини излаб топиши, қисқаси, империячилик сиёсатини ва мавжуд тузумни сақлаб қолиш учун қандайдир ўзгариш қилиши керак эди. Ана шу ҳаракатларнинг маҳсули сифатида Горбачевча „қайта қуриш" сиёсати дунёга келди.

Бир қарашда, қайта қуриш сиёсати совет иттифоқида демократик жараёнларни чуқурлаштириш, фуқароларнинг ҳақ-хуқуқлари ва эркинликларини кенгайтириш борасида маълум даражада ижобий силжишларга олиб келди. Бироқ, бу асл манзаранинг ташқи кўриниши эди, холос. Аслида эса қайта қуриш сиёсати ўзининг кўзлаган мақсадига, кутилган натижасига эриша олмади.

М.Горбачев бошчилигидаги Совет ҳукумати раҳбарияти номигагина эркинликка йўл бериб, инсон ҳуқуқлари хусусида кўпиртириб гапирсада, моҳиятан тоталитар тузум ва маъмурий-буйруқбозлик режимини сақлаб қолишдан манфаатдор эди. Зотан, улар ҳеч қачон СССРнинг тарқалиб кетишини назарда тутмаган ва буни кутмаган ҳам эди.

Жараёнлар шу даражада тезлашдики, охир-оқибатда нафақат М.Горбачевни, балки бутун Сиёсий Бюрони, партия Марказий Қўмитасини, ҳукуматни талвасага солиб қўйди. Натижада маъмурий органлар кучидан фойдаланиш йўли танланди. Турли шаҳарларда, минтақаларда, СССРнинг фаол ва демографик жиҳатдан мураккаб бўлган, геосиёсий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган нуқталарида беқарорликни вужудга келтириш орқали мамлакат аҳолисини четлашиш йўлига ўтилди.

Умуман олганда, Ислом Каримов республика раҳбарлигига сайланганиданоқ Марказ билан ўзига хос „муносабат"да бўлди. Очиқроқ айтганда, унинг ўта қатъиятлилиги, ўз фикрига ва хулосасига эгалиги ҳамда ўз йўлига собитлиги „улуғ оға"ларга унчалик ҳам ёқмасди. Иккинчидан, миллат манфаатига кўпроқ ён босгани, республика ички ҳаётидаги вазиятга чуқурроқ кириб боргани сайин КПСС Марказий Комитет Сиёсий Бюросида ҳам, СССР Олий Кенгаши ва Иттифоқ идораларида ҳам унга нисбатан муносабат кескинлаша бошлади. Айниқса, юртимизни абгор қилиб Марказга „қочиб" борган бир гуруҳ „собиқлар" бундай „қулай" фурсатдан фойдаланиб қолиш учун турли-туман ҳийлаю найрангларни ишга солишди. Қатор марказий нашрларда Ўзбекистан ва унинг раҳбариятига нисбатан иғвогарликлар уюштиришди. Бундай оғир, зиддиятли бир шароитда ишлаш давлат раҳбаридан алоҳида асаб, ниҳоятда вазминлик, пўлатдек мустаҳкам ирода талаб этади.

Ана шундай пайтда И.Каримов рақибларга ҳурмат билан қараш, уларнинг фикрини диққат билан эшитиш, зарур бўлса улардан ижобий хулосалар чиқариш, халқ ва мамлакат манфаати учун ҳар қандай иғвогарликлар, тазйиқлару зўравонликлар, қолаверса мақтовлару хушомадгўйликларга бир хилда муносабатда бўлиш, фақат ақл-идрокка таяниб иш тутиш намунасини кўрсатди.

Президент Ислом Каримов — эл-юрт учун фидойи, буюк азму шижоат, мустаҳкам ирода эгаси. У озгина адолатсизликка ҳам чидай олмайдиган, ҳақ ва ҳақиқатни бутун вужуди билан ҳимоя қиладиган сиёсатчи. Унинг ана шундай фазилати айниқса Республика раҳбарлигига сайланганидан сўнг яна ҳам ёрқинроқ кўзга ташлана бошлади. Чунончи, Фарғона воқеалари юз берган бир пайтда депутатлардан қонли тўқнашув сабабларини республика Олий Кенгаши сессиясида кенг муҳокама қилишни сўради. СССР Олий Кенгашидан бу фожиалар асосини чуқур ўрганиш ва ўз вақтида сиёсий баҳо беришни талаб қилди. Унинг бевосита ташаббуси билан фашизмга қарши уруш йилларида ватанидан қувиб чиқарилган қатор халқларга ўз юртига қайтишга ёрдам бериш тўғрисида декларация қабул қилинди ва СССР Олий Кенгашига тақдим этилди. Айтиш мумкинки, ўз вақтида катта сиёсий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган бундай ҳужжат фақат Ўзбекистонда қабул қилинди ва унинг раҳбарияти ҳамда халқи хоҳиш-иродасининг ифодаси сифатида бутун СССРда эълон қилинди.

Шундай қилиб, давлат раҳбари ҳаёти учун хатарли, аммо миллат ва юрт истиқболи учун шукуҳли бўлган дастлабки, залворли қадамлар қўйилди. Юртимизнинг халқ душмани сифатида қораланган миллий меросимиз ва қадриятларимизни асл фарзандларидан тортиб буюк алломаларимиз ҳаёти ва ижодини ўрганиш, ман этилган улуғ тарихимиз, миллий меросимиз ва қадриятларимизни — барча-барчасини тиклаш учун шароит туғилди. Халқимиз учун борган сари ўзлигини англашга, ўзлигини тиклашга, тарихий қадриятларини ўз вақтида баҳолашга замин яратилди. Хўш, буларнинг ҳаммасига қандай қилиб эришилди? Бундай имконият ўз-ўзидан юзага келдими? Йўқ, албатта!

Москвада ва Россиянинг бир қатор йирик шаҳарларида воқеалар шу даражада чувалашиб кетдики, унинг ечимини топишга энг юқори даражадаги раҳбарлар ҳам ожиз бўлиб қолишди. Горбачев ва унинг бир ҳовуч гумашталари сиёсий бўҳронларнинг шиддатли оқимида жон ҳолатда пўкакка осилишарди. Аммо, халқнинг қудратли тўлқини уларни тобора қирғоқда чиқариб ташлаётганидан тахликага тушиб қолишган эди. Аниқроғи, улар янгилик билан эскилик, истиқбол билан ўтмиш орасида муаллақ қолишган эди. Бу эса СССРнинг таназзул билан тугашидан далолат берарди. Ана шундай оғир, саросимали, таҳдид ва таҳликалар пайтида Ўзбекистонда Ислом Каримов халққа суянди. У билан тиллашди, дардлащди. Натижада халқ билан республика раҳбарияти ўртасида соғлом ўзаро ишончга асосланган самимий муносабат вужудга келди.

Президент Ислом Каримов одамлар билан юзма-юз туриб гаплашди. Халқ эса аччиқ бўлсада рост гапга муҳтож эди. Чунки халкимиз йиллар мобайнида ҳаёт ҳақиқатидан маҳрум этилган, уйдирмалар ва ҳавойи шиорлар гирдобига ғарқ этилган эди. Республика раҳбари сифатида Ислом Каримов халкнинг руҳини кўтаришга киришди. Халқ даҳосига, унинг яратувчилик қудратига ишонди, унга таянди.

Янги раҳбарнинг халқ билан очиқ, юзма-юз туриб гаплашиши жамиятда ижтимоий-сиёсий муҳитнинг бир мунча барқарорлашишига олиб келди. 1989-90-91-йиллар, айтиш мумкинки, бир неча минг йиллик тарихимизда Миллий Тикланиш, Миллий Уйғониш ва Миллий Тараққиёт даврининг муқаддимаси бўлди. Худди ана шу йиллларда Наврўз байрами миллий байрам сифатида қайта тикланиб, кенг нишонланди, бу оммавий байрамларда биринчи марта ҳукумат раҳбарлари ва шахсан Ислом Каримов халқ билан бирга иштирок этишди.

Бу воқеаларни бугун — орадан бирмунча вақт ўтгач хотиржам эслаш осон. Ўша пайтларда эса ҳар бир кишининг қалбида аллақандай ҳадик, ифодалаб бўлмас қўрқув, унга қоришиб кетган севинч ва ҳаяжон бор эди. Бу воқеаларни ҳар ким ўзича тушунди, ўзича талқин этди. Бироқ Ўзбекистон раҳбарияти ўз сўзида собит турди. Турли ҳийлаю найрангларни, иғво ва маломатларни қатьият ва амалий иш билан енгди. Охир-оқибатда эса Ўзбекистон яна бир бор ўз маънавий қудратини, сиёсий салоҳиятини ёрқин намойиш этди. 1991 йил 31 август куни иттифоқдош республикалар ичида биринчилардан бўлиб ўз мустақиллигини эълон қилди ва уни қонун билан мустаҳкамлаб қўйди. Бу сана тарих саҳифасида абадий қолади!

Президент Ислом Каримов сессияда мустақилликнинг моҳияти, унинг тарихий зарурат экани хусусида гапирар экан, мустамлакачилик асорати ва собиқ Иттифоқда қарор топган адолатсиз муҳитни рўй-рост очиб ташлади: „Мамлакат катта фалокат ёқасига, жар ёқасига келиб қолганини кўриб турибмиз. Халқ ўзининг эртанги кунига ишончини кундан-кунга йўқотяпти. Одамлар ўзининг, оиласининг, бола-чақасининг тинчлигига кафолат истайди. Улар тўкис, хотиржам ҳаёт талаб қиляпти. Бу истаклар, бу талаблар сафсатабозлик ва ваъдабозлик остида кўмилиб кетяпти.

Бизнинг халқимиз сабр-бардош, яхшилик, осойишталик, бошқа халқларга нисбатан хайрихоҳлик руҳида тарбияланган. Бу халқ бутун биздан ҳимоя талаб қилаяпти, тинч-тотув ҳаёт, оғир меҳнатига яраша турмуш шароитларини талаб қиляпти. Бу — ҳаққоний талабдир ...

Ўзбекистон раҳбарияти ҳеч қачон, қандай иттифоқ бўлмасин, ким билан иттифоқ бўлмасин, қандай шароит бўлмасин, иккинчи даражали ролга рози бўлмайди, бунга йўл ҳам қўймайди, тенглар ичра тенг бўлиш халқимизнинг асрий орзусидир"[2]Президент И. Каримов мустақиллик тўғрисида қонун қабул қилиш, энди СССР таркибида ортиқ қолиб бўлмаслигини, ундан чиқиб, чинакам миллий равнақ ва миллий тараққиётга замин яратишимиз зарурлигини уқтириб, „Бу қонунда қадимий ва янгиланаётган диёримизда истиқомат қилаётган барча кишиларнинг хоҳиш-иродаси ўз ифодасини топган. Халқимизнинг бу эзгу хоҳиш-иродаси эса биз учун муқаддасдир"[3]деб таъкидлади.

Ислом Каримов тасаввурида том маънодаги маънавият бу энг аввало Ватан туйғусидир. Ватан туйғуси ҳам миллий мансублик сингари ҳар бир шахснинг мавжудлиги билан боғлиқ бўлган мўьтабар ҳодисадир. Зеро, инсон қайси замон ва қайси маконда яшамасин, туғилган юртини ўзгартира олмайди, ундан тонолмайди. Ватан ва миллат туйғусининг мўътабарлиги, улуғлиги, муқаддаслиги ана шунда. Шунинг учун ҳам Президент энг аввало мустақилликни англаш учун миллатни англаш, ўзликни англаш, Ватан ва унинг буюк ўтмиши билан фахрлана олиш ҳиссини уйғотишга ҳаракат қилди. Айни пайтда мустақиллик йўли — ҳақиқат йўли, инсон ҳақ-ҳуқуқлари йўли, маънавий етуклик, сари ўзи танлаган йўлнинг тўғрилигига қатьий ишонди ва миллионлаб юртдошларимизни ҳам бунга ишонтира олди ва „Ортга қайтиш йўқ энди. Олдинда битта йўл бор: истиқлол йўли, мустақил давлатчилик ва тараққиёт йўли. Эски тузумга қайтиш, бўйнимизни яна ўша бўйинтуруқда тиқиб бериш, яна такрорлаб айтаман, минг йиллик тарихимизга, халқимизга хиёнат, келажак авлодларимиз асло кечирмайдиган гуноҳ бўлади!"[4]деб ўз мақсадларини қатьий ифода этди.

Бугунги Ўзбекистон — янгидан-янги имкониятларни намоён этаётган, кучга тўлиб, нуфузи ошиб бораётган мамлакат. Бугунги Ўзбекистон — барча қийинчиликларни енгиб, мустақиллик йўлидан ёруғ истиқбол сари дадил қадам ташлаётган, халкаро майдонда обруси ошиб бораётган давлат. Бу — халқ билан давлат бирлигидан, омма фикри билан давлат сиёсатининг муштараклигидан, Президент сиёсий йўлининг нақадар халқчиллигидан далолат беради.

Германия матбуоти Ислом Каримовни мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ „Ўрта Осиёдаги энг кучли Президент", Ўзбекистонни эса „Ҳамдўстлик мамлакатлари орасидаги энг тинч ва ривожланаётган мамлакат"

деб тан олган эди. Бу юксак бахт бугунги кунда ҳам ўз қийматини йўқотган эмас.

Президент Ислом Каримов ҳар кандай тайёр андозаларга ҳам танқидий қарайди. Жаҳон тажрибалари ва миллий эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, мавжуд ходисаларга ўзига хос ёндашади. Натижада сиёсат ва давлат арбоби сифатида ўзининг янгидан-янги имкониятларини тобора кўпроқ намоён этади. Бу билан жаҳон давлатчилиги тажрибаларини бойитиб бориб, новатор ислоҳотчи ва сиёсатчи сифатидаги ноёб башоратларини ва амалий фаолиятини ёрқинроқ кўрсата олади.

Бугунги кунда собиқ Иттифоқ доирасидан ажралиб чиққан мамлакатлар ўртасида Ўзбекистоннинг энг барқарор ривожланаётган мамлакатга айлангани жаҳон жамоатчилиги, сиёсатдонлари ва йирик давлат арбоблари томонидан зўр қизиқиш билан ўрганилаётганининг боиси Президент Ислом Каримовнинг ўз замондошлари ва сафдошларидан кескин фарқ қиладиган фазилатлари билан боғлиқ десак, муболаға бўлмайди. Хўш, бу жиҳатлар нималарда кўринади?

Биринчидан, бу фазилатлар мамлакат тараққиёти ва халқ манфаати учун зарур бўлган энг муҳим масалаларни улкан қалб ва тафаккур билан тез илғаб олиши ва уларни ўз вақтида қатъият ҳамда азму шижоат билан ҳал этишга киришишида ёрқин намоён бўлади.

Иккинчидан, мамлакат ва халқ манфаатига, адолат ва хақиқатга, мантиқда зид бўлган ҳар қандай ҳаракатларга ҳамда ҳодисаларга кескин қарши туришда кўринади.

Учинчидан, ҳар қандай конъюктуравий, сохта сиёсий ўйинларга ўз вақтида чек қўйиш, барқарорликни сақлаб туриш учун бутун имкониятни ишга солишда намоён бўлади.

Тўртинчидан, сиёсий етакчи сифатида ўзига хос тафаккур тарзини, ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг боришини олдиндан пайқаш, баҳолаш салоҳиятини ва энг муҳими, шахс сифатидаги сиёсий жасорат, сиёсий қатъият, мислсиз ирода ва юксак маданият фазилатларини ёрқин ва яққол намоён қила олишида кўринади.

И.А. Каримов воқеликка реал қарайди ва уни реал баҳолайди. Кутилмаганда ўта аниқлик билан иш юритади. Шунинг учун ҳам қисқа фурсатда халқнинг мислсиз ишончини қозонди. 1980-йилларнинг таҳлика ва умидсизликларини, тушкун кайфияти ва озурда муҳитида халкни тўда сафарбарликка, якдилликка йўналтира олди. Бу жаҳон тарихида камдан-кам юз берадиган ҳодисадир.

И.А. Каримов ўзининг чуқур асосланган фикрлари ва воқеликка салбий оқибатларнинг олдини олган ҳолда ёндашувлари билан коммунистик афсонанинг сароблигини исбот этди. Ўзбекистонни, қолаверса, барча иттифоқдош республикаларни ғоявий таназзул гирдобига тортган совет тоталитаризмига қарши тура олди ва уни қатъият билан енгди. Ҳарбий коммунизм ва фуқаролар социализмининг ленинча ғоялари уйдирмаларини фош этиш билан ўзининг ноёб мафкуравий ва сиёсий жиҳатдан бутунлай янги, тасаввуримизга сиғмайдиган дунёнинг кашф этувчиси сифатида кўрсата олди.

Бошқача қилиб айтганда, И.А. Каримов феномени хақидаги мулоҳазалар шахснинг тарихдаги ўрни тўғрисидаги фикргина эмас. Балки, тарихнинг шахс борасида тақдири ва қадрияти билан боғлиқлиги ҳамдир. Зотан, камдан кам тарихий шахслар тарихнинг туб бурилиш нуқтасини белгилаб берадилар, жараёнлар ва турмуш тарзининг бир ҳилдаги оқимини кескин ўзгартириб юборадилар. Бутунлай янги, ҳаётбахш ва ҳузурбахш турмуш кечириш, аниқроғи, Инсон ва Инсоният тақдиридаги мислсиз маънавий кўтарилишлар даврини бошлаб берадилар.

Ана шу нуқтаи назардан қараганда, И.А. Каримов шахси халқимизнинг тарихий тақдири, унинг кечинмалари, изтироб ва қувончлари сифатида вужудга келди. Бошқача қилиб айтганда, И.А. Каримов феномени ўзбек халқининг миллий қадриятлари ва руҳияти, миллат сифатидаги феномени орқали умуминсоний қадриятлар ва умумжахон сиёсати феноменига айланди.

Тарих ғилдирагининг бир текисдаги ҳаракатини, меъёрини бузиш ҳамма вақт ҳам қувончли бўлавермайди. Бу бир жиҳатдан ислоҳотчининг мўлжални қай даражада тўғри олгани билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, айни шу ҳаракатни ҳалокатларга йўл қўймасдан, синаб кўрилмаган, биров юрмаган хавфли-хатарли довонда ишончли давом эттиришни таъминлаш ҳамдир. Ана шу тарзда учинчи энг муҳим масала юзага келади. Бу бевосита шахс ҳаёти, тақдири билан боғлиқ бўлган ҳодиса. Қатъият, журъат, вазиятни ўз вақтида баҳолай билиш даркор, бошинг устида гурзи кўтариб турган одам билан тинимсиз курашаётиб ўзингни асраш ҳам керак. Ана шу мўлжал ва муносабатдаги энг кичик бир ҳато бутун ҳонумонингни куйдириб юбориши ҳеч гaп эмас.

Шахснинг жамият тараққиётида тутган роли бениҳоя катта. Ҳар қандай тузум мамлакат раҳбарининг шахси, унинг феъл-атвори, хатти-ҳаракати, ўзига хос фикрлаш тарзи, дунёқараши ва воқеа-ҳодисаларга муносабатига қараб у ёки бу тарзда шаклланади. Айрим пайтларда эса раҳбар — шахснинг феъл-атворига, маънавий ва сиёсий иродасига ва қобилиятига қараб, бутунлай, кутилмаган ҳодисалар юз берадики, улар жаҳон тараққиёти ва инсоният тақдирини ўзгартириб юборади, тарих саҳифаларида абадий қаралади.

Дейлик, Соҳибқирон Амир Темур туркий улусни ва Туркистонни бирлаштириш, яхлит давлатни вужудга келтириш орзу-истаги билан яшамаганида ёки унинг ўрнида бошқа бир одам тахт тепасига келганида ўз давридаги буюк силжишлар юз берармиди? Заҳириддин Муҳаммад Бобур „оёқ етганча кетгаймен" деб кўнглида фотон, дард ва ҳасрат билан „Ҳинд сари юзланди"-ю, турли дин, мазҳаб ва ақидалар билан яшаётган халқларни бирлаштириб, буюк Ҳиндистон давлатига асос солди. Бутун Ер шарининг улкан бир қисмида фан, маданият ва санъатни ривожлантириб, одамлар онги ва дунёқарашида тўнтариш ясади. Ана шу минтақа халқлари тақдирини бутунлай бошқа ўзанга буриб юборди.

Мана энди ҳақли савол туғилади. Мабодо сиёсий жазавалар авж олган, суронли даврда, ижтимоий ва иқтисодий таназзул ғоятда чуқурлашган бир шароитда Ислом Каримов ўрнида ҳокимият тепасига бошқа одам келганида нима бўлар эди? Албатта, ҳозирги тарздаги ижтимоий-сиёсий муҳит бўлмас эди! Ё „ўта демократлашган" хонавайронлик юз берарди-ю, минг-минглаб одамларнинг ёстиғи қурир эди, ё бу юксак лавозимнинг ниҳоятда оғир юкига, машаққат ва азоб тўла масъулиятига бардош беролмай Ўзбекистондай улкан имкониятлар мамлакати ҳам, унинг халқи ҳам бир ҳовуч енгилтак амалпарастларнинг қурбони бўлиб кетарди.

Дархақиқат, И.Каримов сиёсий, ташкилий, ғоявий, маъмурий ва бошқа жиҳатлардан жуда мустаҳкамланган, янгича яшашни мутлақо истамайдиган тузум томирлари чирмашиб кетган бир шароитда янгича тафаккур ва янгича яшаш тарафдори бўлиб майдонга чиқди. Эскилик билан тинмай курашиб, янгиликни аччиқ изтироб ва машаққат билан онгимизга сингдириб келмоқда. Унинг новаторлик кучи мамлакатни бир тузумдан иккинчи бир тузумга ўта ҳушёрлик, донолик билан олиб ўтишида, ўзи танлаган йўлнинг тўғрилигига қатъий ишонч билан, барча соҳадаги ислоҳотларни эпчиллик ва уддабуронлик билан жорий этишга интилишида намоён бўлмоқда.

Ўтган тарихан қисқа ва сермазмун давр мобайнида жаҳон сиёсатида, давлатчилик ва бошқарувчилик тажрибасида, айтиш мумкинки, Ислом Каримов мактаби вужудга келди. Бутун мамлакатимизда минг-минглаб турли тоифадаги раҳбарлар ана шу мактаб сабоғини олмоқда ва унда ишлаб чиқилган Концепциялар, сиёсий йўл-йўриқлар асосида иш олиб бормокда.

Президент Ислом Каримовнинг давлатчилик борасидаги фаолиятига назар ташлар эканмиз, беихтиёр кўз ўнгимизда турли даврларда фаолият кўрсатган сиёсат ва давлат арбоблари гавдаланади. Хусусан, Ер юзининг турли минтақаларида миллий озодлик ҳаракатларига бошчилик қилган, ўз Ватанини мустамлакачилик исканжасидан озод этиб, миллий давлатчилигига асос солган даҳолар диққатимизни тортади. Дарҳақиқат, ҳақиқий баҳо таққослаш орқали берилади. Тарихий жараён, воқеа ва ҳодисалар таҳлил этилаётганда, улар бир-бирига қиёсланганда ўзининг бутун салмоғи ва миқёси билан намоён бўлади. Ана шу жиҳатдан қараганда, миллий давлатчиликни барпо этиш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларни жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари тарихида кечган оламшумул жараёнларга қиёслаш мумкин.

Машҳур давлат арбоби Жорж Вашингтон Шимолий Америкадаги инглиз колонияларига қарши мустақиллик учун курашда фаол иштирок этган. Озодлик ҳаракатига қўмондонлик қилиб, саркардалик истеъдодини ёрқин намоён этган, Америка Қўшма Штатлари давлатининг асосчиси ҳамда унинг биринчи Президенти сифатида тарихда қолган сиймодир.

Иккинчи жахон урушидан кейин Францияни ривожланган ва демократик давлат қаторига олиб чиқишда Шарль Де Голль, урушдан батамом чарчаган Германия иқтисодиётини ҳамда унинг жаҳон ҳамжамиятида бадном бўлган обруйини қайта тиклаган Конрад Аденауэр ўз миллатлари ва халқлари хотирасида абадий жой олдилар. Бошқача қилиб айтганда бу ҳар икки буюк сиёсий арбобнинг тарихий хизмати бевосита бутунлай янги тарихий шароитларда ўз миллати ва давлатининг беқиёс тараққиётини таъминлагани, унинг буюк келажагига замин яратгани билан асосланади.

Ислом Каримовнинг Ўзбекистон ҳали СССР таркибида турган пайтдаёқ миллий озодлик учун бошлаган ҳаракати, мустамлакачиликка қарши курашиш, мустақилликка эришиш ва, ниҳоят, миллий давлатчиликка асос солиш борасидаги фаолияти юқорида тилга олинган, машҳур давлат ва сиёсат арбобларининг фаолиятини эслатади. И.Каримовнинг ўзбек халки учун тарихий хизмати шундаки, у бутунлай янги тарихий шароитда бутунлай янги ўзбек миллий давлатчилигига асос солди. Қолаверса, Ўзбекистон раҳбарининг жаҳон давлатчилиги қурилиши тажрибаларини бойитаётганлиги, унга янги мазмун, янги шакл ва жозиба бераётгани унинг ўзига ҳос даҳолик қудратидан далолат беради. Зеро, Ўзбекистондаги ислоҳотларни, дунёнинг энг илғор давлатчилик тажрибалари ва демократик тамойилларига мос келадиган, айни пайтда ниҳоятда миллий, таг заминли давлат қурилаётганлигини ҳорижий атоқли сиёсатдонлар тан олмоқдалар ва юқори баҳоламоқдалар.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар қандай давлатчилик фақат миллий асосда қурилгандагина, туб аҳоли маънавий-руҳий эҳтиёжларидан келиб чиқиб барпо этилган тақдирдагина яшовчан бўлади. Айни пайтда, у миллий равнақ учун кенг имкониятлар яратади. Чунки, ҳар бир халқ ўзининг бой ўтмишини, тарихини, анъаналарини ва, хуллас, ўзлигини бевосита давлат тимсолида қуриши керак. Бу ўзини билган, ўзини таниган халқ учун жуда катта маънавий-рухий эҳтиёж хисобланади.

Масаланинг яна бир эътиборли томони шундаки, жамиятни тубдан ислоҳ килиш жараёнлари, дейлик бутун бир маконни қулликдан озод этиш ҳоллари ҳамма вақт кучли пуртаналар, қарама-қаршиликлар, зиддиятлар ва тушунмовчиликлар тўқнашган мураккаб бир ҳолатга ўтади. Ана шундай маънавий-рухий ўзгаришлар, дунёқарашлардаги янгиланишлар ва сиёсий пуртаналар пайтида мамлакат аҳолисининг умумий сиёсий маданияти, унинг онглилик даражаси кўп нарсани ҳал этади. Бошқача қилиб айтганда, ислоҳатлар онг ва тафаккур кўзгуси орқали ўтганда, унинг бутун миқёси ҳамда кўлами, мазмуни ва моҳияти кенгаяди ҳамда самарали бўлади.

Ислоҳатлар даврида янгилик билан эскилик ўртасида ҳамма вақт кескин курашлар, зиддиятлар ва қарама-қаршиликлар бўлиб ўтади. Таассуфки, ҳаётда кўпинча янгиликдан кўра эскилик, яхшиликдан кўра ёмонлик, эзгуликдан кўра ёвузлик яшовчан бўлади. Ана шу ҳаётий фалсафадан келиб чиқиб айтиш мумкинки, турмуш тарзига айланган ва кундалик ҳаёт қобиғида ўралиб қолган дунёқарашларни ўзгартириш осон иш эмас. Бу вақт талаб этадиган ҳодиса. Айни пайтда, у сиёсий арбобдан ниҳоятда кучли ирода, мустаҳкам асаб, сабот ва матонат талаб этади. Бу интиҳосиз изтироблар, ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқасини эътиқод ва ғоя учун қурбон қилишдек фидойилик ҳамда олий даражадаги шахсий фазилат кўригидир.

Жамият ва одамлар ҳаётида юз берадиган ана шундай туб бурилишлар пайтида бош ислоҳотчи мураккаб маънавий-руҳий кечинмалар қуршовида қолади. Айни пайтда Ўзбекистон ана шундай жараённи бошидан кечирмоҳда. Ислом Каримов эса ислоҳатлар самараларини бевосита янгилик билан эскилик ўртасидаги жарликдан жамиятни бехатар олиб ўтиш, яъни энг аввало, одамлар онги ва дунёқарашида босқичма-босқич бурилиш ясаш, шу асосда янгича яшаш афзалликларини кўрсатиш йўлини тутди.

Юқорида тилга олинган давлат ва сиёсат арбоблари турли сиёсий гуруҳлар, мухолифлар ҳаракатлари билан бирга, бир-бирига зид қарашлар ва ғояларни ҳам енгиб ўтишган. Бир пайтнинг ўзида мамлакат аҳолиси онги ва қалбида беқиёс янгиланишни ҳам амалга оширишган. Бу жамият ҳаётидаги жиддий сифат ўзгаришидир.

Инсоният тарихи турли даврларда, турли шаклларда уйғониш ҳодисасини бошидан кечирган. Бир неча асрлик мустамлакачиликдан сўнг ёхуд миллий таназзул изтиробларидан кейин шундай ҳодисалар юз берадики, одамлар ўзларини англай бошлайдилар. Фикрий мудроқликка чек қўядилар. Ҳаётни, олам ранг-баранглигини англай бошлайдилар.

Мустақиллик пайтида инсон ҳаёти тобора чуқурроқ мазмун касб этади. Инсонийликни англаш, одам бўлиб тушиб одам каби яшаш зарурати миллий эҳтиёж даражасига кўтарилади. Натижада миллий равнақда, умумбашарий тараққиётга туртки бўладиган жиддий ўзгаришларга, умуминсоний қадриятларни янгидан-янги неъматлар билан бойитадиган туб бурилишлар вужудга келади.

Халқимиз ўзининг кўҳна тарихида уйғониш ҳодисасининг турли шаклларини кўрган. Жумладан, Абу Наср Форобий, ал-Хоразмий, ал-Беруний, Абу Али ибн Сино ва бошқа ўнлаб улуғ бобокалонларимиз номи билан боғлиқ бўлган IX-XII аср Уйғониш даври Туронзамин халқлари тарихидаги биринчи Ренессанс ҳодисаси бўлди.

Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар номи билан боғлиқ бўлган қарийб 500 йиллик давр туркийлар ҳаётидаги иккинчи Уйғониш даври, миллий тикланиш, миллий тараққиёт палласи бўлиб тарихда абадий қолди. Бу иккинчи Ренессанс ҳодисаси жаҳон фани, маданияти, умуминсоний қадриятларни олиймақом даражада ўзида мужассам этган миллий давлатчилик ва бошқарув тизимининг шаклланиши билан боғлиқ бўлган буюк воқеликдир.

XX асрнинг сўнгги йиллари ўзбек халқи тарихида бутунлай янги даврни бошлаб берди. Бу Мустакиллик, Миллат тушунчалари билан боғлиқ бўлган Миллий Уйғониш, бутунлай янги тарихий шароитларда бутунлай янги миллий давлатчиликка асос солиш сингари абадиятга дахлдор ҳодисадир. Ўзбекистон Республикаси ўзининг жуда катта ақлий ва жисмоний имкониятларини намоён этиб, жаҳон сиёсатига энг замонавий фикрлар билан кириб бораётган, ўзининг новаторлик кучини кўрсатаётган, давлат ҳаётида юз бераётгани сингари жаҳон ижтимоий-сиёсий жараёнларини дам тубдан ислоҳ қилишга таъсир киладиган янги имкониятларини кўрсатиб бормокда.

Миллий уйғониш, миллий ўзлигини англаш мустақиллик берган буюк неъматдир. Ана шулар туфайли ҳам миллат қаддини ростламоқда. Қадимий, асрлар мобайнида тўплаган нуфузини қайтадан тикламоқда. Дарҳақиқат, ҳамиша уйғоқ халқ яратувчиликка, бунёдкорликка қодир бўлади. У ўз имкониятларини тобора бойитиб боради.

Ана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, Мустақиллик, Миллат тушунчалари ва бевосита унинг ташаббускори Ислом Каримов номи билан боғлиқ бўлган учинчи Ренессанс даври бошланди.

Мустақиллик — ўзбек халқининг тарихий ва энг буюк ютуғи. Уни қўлга киритиш учун халкимиз ўта таҳликали ва таҳдидли, мураккаб ва машаққатли йўлни босиб ўтди. Асрлар оша халқимиз қалбида асраб-авайлаб келинган бу буюк орзуга кўплаб қурбонлар, таҳдидлар ва истироблар билан етишдик. Шу сабабли халқимиз бугунги тинч ва осойишта ҳаётга, тўкин ва фаровон дастурхонга, нурафшон орзулар ва режаларга буткул ҳақли ва муносибдир.

Бугунги кунда бизнинг энг буюк вазифамиз мустақилликни асраб-авайлаш, уни янада мустаҳкамлашдан иборатдир. Бу эса, аваламбор, эл-юрт осойишталиги, халқ фаровонлиги ва Ватан равнақи йўлида фидокорона меҳнатимиз, юртимиздаги бунёдкорликка ва халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётига турли ички ва ташқи таҳдидларга нисбатан муросасиз фуқаролик позициямиз билан амалга ошади, албатта.

Муҳтарам Юртбошимиз фарзандларимизни биздан билимлироқ, кучлироқ, ақллироқ, ва албатта бахтлироқ яшаши лозимлигини, Ўзбекистонимизнинг келажаги эса буюк бўлишини муқаррар билиб, бутун фаолиятлари ва барча орзу-умидларини шу юксак келажакка қаратганлар. Шундай экан, Ватанимизнинг мустақиллигини бундан кейин ҳам тобора мустаҳкамлашга интилиш, Ўзбекистоннинг буюк келажаги учун фидокорона, ташаббускорона ва тадбиркорона меҳнат қилиш, эл учун, юрт учун ёниб яшаш биз учун энг буюк ҳаёт йўли бўлмоғи даркордир.



[1] Гобозов ИЛ. Социальная философия. МГУ. М.: 2007. стр. 187.

[2]Ислом Каримов. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. - Т.: „Ўзбекистон" НМИУ, 2011. - 401 -402-бетлар.

[3]Ўша манба, 403-бет.

[4]Ислом Каримов. Биздан озод ва обод Ватан қолсин. — Т.: „Ўзбекистон". 1996. —229-бет.

Киритилди: 2020-05-30 16:37:50; Ўқилди: 2106 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!