Шанба, 30 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоянинг ривожланиш босқичлари / Мустамлакачилик ва мустабидлик

Чоризм

Категория: Миллий ғоянинг ривожланиш босқичлари – Мустамлакачилик ва мустабидлик;
Муаллиф: Ғайбуллаев О

Чоризм – чор Россияси томонидан Марказий Осиёга бостириб кирган 1850 йиллардан 1920 йилларгача бўлган даврнинг номланиши.

Тарихимизнинг холис талқини боболаримизнинг буюк давлатларни барпо қилганларини, юксак маънавият, маданият, тараққиёт саҳифаларини очиб беради. Ички низо ва адоватлар, фақат ўз қобиғига, умрини ўтаб бўлган ақидаларга ўралашиб яшаб, оғир аҳволга тушиб қолган даврларимизни ҳам. Натижада бизнинг кейинги олти аждодимиз озодлик армонларида ўтди. Не бахтки, бу кунга етиш бизга насиб этди.

«Айниқса, темурийлар ҳукмронлигидан сўнг яъни, XVII асрдан ХХ асрнинг бошларигача бўлган даврда Туркистон замини сиёсий парокандалик, жаҳолот ва қолоқликка юз тутди. Уч хонликка бўлиниб кетган минтақа узоқ муддат ўзаро зиддият ва қарама-қаршиликлар, уруш-жанжаллар гирдобида қолиб кетгани нафақат иқтисодий, молиявий ва ҳарбий салоҳият нуқтаи назаридан, балки ижтимоий-маънавий фикр ривожида ҳам кўп салбий оқибатларни келтириб чиқаргани барчамизга яхши маълум».

Ҳа, ўша даврларда юртимизнинг айрим ҳукмдорлари ва амалдорлари ўз манфаатларини уларга ишонган халқ манфаатларидан устун қўйиб, жаҳолат ва ғафлатга ботиб қолдилар. Эл-улус бирлигини сақлаб, ягона Ватан ҳимояси йўлида қаттиқ тура олмадилар. Ғафлат минтақамизни умумбашарий тараққиёт жараёнларидан узиб, орқада олиб қолди.

ХIХ асрдаги чоризим истилосининг сабаблари нималар эди? Авваламбор, сиёсий бошбошдоқлик, узоқни кўролмаслик, маънавий заифлик. Оқибат – минтақамиз озодлигидан жудо бўлди. Буни «Юксак маданият - енгилмас куч» китоби тарихий мисоллар билан исботлаб беради. Китобда айтилганидек. «Бу аччиқ ҳақиқат барчамизга, айниқса, бугун ҳаётга катта умид ва ишонч билан кириб келаётган ёшларимизга доимо сабоқ бўлиши лозим». Бу ўгитни ёшларимиз юракларига ёзиб-ёзиб олмоқдалар.

Ундан кейинги, қизил қон ёмғир остида ўтган 70 йил. Халқимиз коммунистик террор қатағонлар, камбағалликда ҳаммани тенглаштириш, динсизлик, тилсизлик – комплекс ҳақсизлик салтанатида яшади. Бу зинҳор муболаға эмас. Бугун ўша кунларни эсламасак, шукронамиз қабул бўлмас.

1994 йил 22 сентабрь. Муҳтарам Президентимизнинг парламент минбаридан берган саволлари шўролар халқимиз устига ёпган «Бахтлисан қардошлик оиласида!» деган мафкуравий пардани олиб ташлади. «Тақдиримиз жар ёқасида турган машъум кунлар, миллатимизнинг қадр – қиммати, шаъни ва номуси поймол қилингани, кўхна тарихимиз ва муқаддас қадриятларимиз топталгани» ҳақида изтиробли фикр ва саволлар миллат олдига гўё бир улкан томоша қўйиб ўзимизни ўзимзига кўрсатди. Унда биз аслида қандай буюк мамлакат ва аждодларнинг болалари эканлигимизни кўрдик. Ўзлигимизни англадик, ориятимиз уйғонди, кўзларимизда ёш қалқди:

«Ўзингиз ўйлаб кўринглар, азиз дўстлар, мустабид тузум, мустамлакачилик даврида биз ким эдик?

- Тақдиримиз, эркимиз кимларнинг қўлида эди?

- Каъба деб қаерга сиғинар эдик? Ҳар тонг «Ассалом!» деган мадҳия оҳанглари остида кимларга қуллиқ қилиб уйғонардик?

_ Тилимиз, динимиз қай аҳволда эди? Имом Бухорий, Имом Термизий, Хожа Баҳоуддин Нақшбандларнинг муқаддас хокларига эътибор бормиди? Амир Темур, Бобур Мирзо ва бошқа улуғ бобокалонларимизнинг буюк номлари қайси тупроқларда қоришиб ётган эди?

- Миллий ғуруримиз, инсонлик шаънимиз, урф-одатларимиз қандай тушунчаларга алмаштирилган эди?

- Хўш, ўзимиз-чи? Ўзимиз ўзлигиизни билармидик? Қандай мўътабар замин, улуғ аждодларимизнинг ўлмас мерослари билан озиқланган элнинг фарзандлари эканимизни англармидик?

- Айтинглар, ўша кезлари Ўзбекистонни дунёда биров билармиди? Биров биз билан ҳисоблашармиди?

- Юртимиз қандай ва қанча беқиёс бойликлар хазинаси эканидан қай биримиз хабардор эдик?

- Гўё миллий ифтихор бўлмиш пахта, ҳақиқатда миллий ғурур ўрнига бўйинтуруқ бўлиб, халқимизни ялангоёқ қилишдан, бошимизга азоб-уқубат, таъна-маломатдан бошқа нима келтирарди?

Дарҳақиқат, яқин тарихда халқимиз ўз бошидан бундай азоб-уқубатларни, тақдирмиз жар ёқасида турган машъум кунларни унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ»[1]Ҳа, миллатнинг ўша машъум йилларда чалинган дардлари кўп эди. Уларга дармон керак эди. Дармондан ҳам олдин «шамолга қараб» иш қилмайдиган, ўзимиздаги эски тузум тарафдорларининг қаршилигини енгишга қодир «миллат дарди – менинг дардим», деб майдонга чиқадиган жасоратли раҳнамо керак эди. Чунки бугун биз юқорида афсус билан айтилганидек, миллатнинг бу дардларига сабаб – айрим ҳукмдор ва амалдорларнинг ҳал қилувчи пайтларда раҳнамо бўла олмаганида, озодлик учун жасоратли қадам қўя олмаганида эканлигини билдик.

Шунинг учун ҳам XIX асрнинг охирлари ва XX асрнинг бошларида жадидчилик ҳаракат аъзолари чоризм истибдодига, унинг мафкурасига қарши миллий озодлик ҳаракати мафкурасини ишлаб чиқдилар ва уни амалга ошириш учун кураш олиб бордилар.

Агарда бир халқнинг миллий онги яхши шаклланмаган, юксалмаган бўлса, унда бундай халқнинг миллий ғоя ва миллий мафкураси ҳам теран маъно-мазмунга эга бўлмайди. Бундай халқ ўзининг мустақиллигини таъминлаши, унинг учун бирлашиб жонини ҳам аямасдан курашиши, унга фидойи бўлиб қолиши пировардида эркин ва бахтли ҳаёт кечириши саробга айланади.

Бир халқнинг миллий ғоя ва миллий мафкурасини зўравонлик ёки қарор билан бекор қилиш ёки ўзгартириш мумкин эмас. Ҳар қандай халқнинг миллий онгини сусайтириб, йўқ қилиб юбориш учун, аста-секинлик билан, авваламбор унинг тилини, маънавий қадриятларини, урф-одатларини, маданиятини, динини ва ҳоказоларини йўқ қилиб бориш керак бўлади. Бундай дунёқараш чоризм истилоси даврида амалга оширилди. Буни яхши билган «оқ» ва «қизил» империялари мафкурачилари, ўзбек халқининг миллий онгига нисбатан шундай йўл тутган эди. Масалан, ҳақиқий тарихимизни ўрганишга йўл қўйилмаган, миллий қаҳрамонларимизни улуғлаш, уларнинг миллат олдидаги хизматлари кўрсатилиши мумкин бўлмаган, аслида динимиз таъқиқланган, миллий тилимиз ва қадриятларимиз буткул йўқотиб юборилиши кўзда тутилган эди ва ҳоказолар. Бу фикрларни тасдиқлаш учун юзлаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, 1868 йилда рус қўшини Самарқандни забт этишда, чор Россияси генерали Фон Кауфманнинг буйруғи бўйича, ўзининг маҳобати ва бетакрор санъати билан бутун дунёда машҳур бўлган «Бибихоним» мадраса – мачитига қараб замбараклардан ўқлар уздирилган ва вайрона ҳолга келтирилган эди[2] . Яна бир мисол, Россия халқ таълими вазири Д.А.Толстов: «Россия ҳудудида яшовчи руслардан бошқа халқлар талабаларига нисбатан таълимнинг пировард мақсади, албатта, уларни руслаштириш ва рус халқи билан қўшиб юборишга қаратилиши керак», деб таъкидлаган эди[3] . Мана шу даврда, ўзбек халқининг миллий онги, миллий ғоя ва миллий мафкураси тўғрисида гап очиш, фикр юритиш сал кам жиноят ҳисобланган. Халқимиз 1991 йилда мустақилликка эришганида, унинг миллий онги, миллий ғоя ва миллий мафкураси яна қайтадан жонланди.

Алқисса, миллий онг, миллий ғоя ва миллий мафкура бир-бири билан боғланган яхлит маданий-маънавий тизимдир.

Миллий ғоя миллий онг негизида келиб чиқиб, шакллансада, бироқ у ўз навбатида миллий онгнинг мазмунини бойитади ва унга ўзининг салмоқли таъсирини ўтказиб боради.

Миллий онг умуминсоний билимларни ўзида мужассам этиб, миллий ғоя ва миллий мафкуранинг илмий-назарий савиясини юксалтиради, уларнинг моҳиятини теранроқ англашга ёрдам беради.

Халқни фаоллаштириб, уни улуғ мақсадлар сари йўналтириш учун, унинг тарихий хотирасини тиклаш, маъжозий тарзда айтганда, халқни уйғотиш учун унинг тарихини ўрганиш зарур бўлади. Ҳар бир халқ ўзлигини, ўзининг ўтмишини, миллий онгини теран англаб олгандагина аниқ ва равшан миллий ғоя ва мафкурага эга бўлиши мумкин. Бежиз ҳам, Президент Ислом Каримов: «Ана шу миллий онг, ана шу миллий ғурур бугунги истиқлолимизнинг олтин пойдеворидир»[4]деб айтмаган.

Бу тўғрида батафсилроқ республикамизда маълум олим Н.Жўраев шундай фикр билдиради: «Зотан, ўтмишни англагач, уни тўғри тушуниш орқали киши руҳиятида жиддий ўзгаришлар ясаш, шу орқали ҳаётни, турмуш тарзини, охир-оқибатда эса жамиятни маънавий ислоҳ қилишга эришилади» ва «истиқлол ғоялари асосида ... одамлар онги ва тафаккурида туб бурилиш ясалишига эришиш мумкин бўлади»[5] . Умуман олганда, ўз миллий онгини теран англамаган миллат ўзининг ҳақиқий миллий ғоя ва мафкурасига ҳам эга бўла олмайди. Нарзулла Жўраевнинг фикрларига асосланиб айтиш мумкинки, миллий ғоя ва миллий мафкура асосида миллий онгни ҳам маълум даражада ўзгартириш мумкин бўлади.

Миллий онгни «уйғотишда», уни янги ғоялар билан бойитишда санъат ва адабиётнинг роли беқиёсдир, чунки миллий мусиқа ва шеър билан одамларнинг миллий ҳис-туйғуларига жиддий таъсир ўтказиш мумкин. Шу билан бирга радио, телевидение, матбуот ва бошқа воситалардан мукаммал даражада фойдаланиб миллий ғоя ва миллий мафкурани фуқароларнинг онгига сингдириш айни муддаодир. Зотан, Президент Ислом Каримовнинг фикрича: «Онгни, тафаккурни ўзгартирмасдан туриб эса биз кўзлаган олий мақсад-озод ва обод жамиятни барпо этиб бўлмайди»[6]Президентимизнинг бу фикридан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ватанимиз тез суръатлар билан равнақ топиши учун, халқимизнинг ҳозирги вақтгача шаклланган миллий онгини янада ривожланиш лозим. Бунинг учун халкимизнинг миллий онгини бозор иқтисодиёти, демократик давлат ва фуқаролик жамияти талабларидан келиб чиқиб юксалтириш зарур. Шу билан бирга, миллий онгнинг муҳим унсурлари бўлмиш - миллатнинг руҳи, ифтихори, нафсонияти, қадр-қиммати, ҳис-туйғулари ва бошқаларни маълум даражада кучайтириш замонамизнинг ўта муҳим муаммоларидан биридир. Айни миллий ғоя ва миллий мафкура орқали халқимизнинг миллий онгини жонлантириш, янги ғоялар билан бойитиш ва уни фақат эзгулик сари йўналтиришга эришиш мумкин бўлади.

Дунёнинг энг халқпарвар кишилари миллийлик, маънавиятни асраш ҳақида қайғуриб келишган. Шу ўринда атоқли инглиз олими Жон Леббокнинг «Миллатнинг ҳақиқий шарафи ҳудудининг бепоёнлигида ҳам, ерининг унумдорлигида ҳам, табиатининг гўзаллигида ҳам эмас, балки халқнинг ғоявий ва ахлоқий баркамолигига боғлиқ», деган сўзлари ёдга тушади. Ана шундай маърифатпарварлардан бири В.Белинский: «Милийликсиз инсоният мантиқий мавҳумликка, мазмуни йўқ сўзга, маъноси йўқ товушга айланиб қолади», деган эди.

Маънавий қашшоқ миллат ҳеч қачон иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий тараққиётга эриша олмаган. Маънавият қанча юксак бўлса, миллий тикланишнинг Инсон омили кучаяди. Унинг иш самарадорлиги, баракаси шунча юксак бўлади. Юксак маънавиятли киши ёмон ишлаши, ёмон фуқаро бўлиши, бировга ёмонлик исташи мумкин эмас. Чунки у ўзини бошқаларга, мамлакат ҳаётига, тақдирига дахлдор деб билади. Ўз меҳнати билан нафақат даромад олаётганини, балки миллий тикланишимизга ҳисса қўшаётганини билади. Бундан мамнун, бардам юради. Шу маънода юксак маънавият Ўзбекистоннинг енгилмас кучига айланаётир. Миллий тикланишимизга суръат ва қувват бераётир. Бундан эса Президентимиз томонидан маънавиятни ислоҳ қилиш нега биринчи даражали вазифа сифатида кун тартибига қўйилганининг ҳикмати тобора равшан бўла бормоқда.

Туркистон чор Россияси тамонидан босиб олинган пайтданоқ мустамлака мамлакат сифатида Россиянинг тайёр хом ошё базасига айланди. Чор Россияси ўлкани идора қилишда уни губерналарга бўлиб, асосий бошқарув вазифаларига рус, яҳудий кишилардан раҳбарлар тайинлагани тарихдан маьлум. Келгиндилар ўлкани босиб олиш ва талон – тарож қилиш билан кифояданмай, маҳаллий аҳолини менсимасдан уларга паст назар билан қараган, маҳаллий халқнинг ҳақ – ҳуқуқларини истаганча поймол этишга интилганлар. “Бир қатор манбаларда, - деб ёзади Р. Шарипов, чор амалдорлари чексиз ҳақ – ҳуқуқларга эга эканликларини намойиш қилиш мақсадида масжидга ҳам ит билан кирганлиги баён этилган. Ҳатто Тошкент кўчаларида шу ерлик аҳолининг миллий либосда юриши таьқиқланиб, ўша вақтдаги йўловчи ташиш транспортида руслар билан ёнма – ён ўтирмаслиги учун алоҳида ўриндиқсиз жой ажратилган”.

Ўз фаолиятини маьрифатпарварлик ғоялари билан бошлаган жадидлар мустамлакачиларнинг ўлкада олиб бораётган сииёсатининг таб моҳиятини англаган ҳолда ва атрофда содир бўлаётган ижтимоий – сиёсий воқеалар таьсири остида ғоявий улғайиб боришди ҳамда ўлка ҳаёти билан боғлиқ ижтимоий – сиёсий жараёнга ҳам ўз нуқтаи – назарларини билдира бошладилар. Шунингдек, жадидлар дунёнинг бир қатор мамлакатларида юз бераётган инқилобий ўзгаришлардан хабардор бўлиш билан бирга улардан таьсирландилар ва ўз ватанларида ҳам шундай ўзгаришлар ясашга интилдилар. Шу мақсадда мамлакат тарихида илк бор ўша давр руҳи, мамлакат тақдири, ўлка ҳаёти билан боғлиқ ижтимоий – сиёсий муоммолар акс этган мақолаларниниг муаллифлари сифатида матбуот саҳифаларида чиқа бошладилар. XX аср бошларига келганда дунёга янгича қараш, демократик эркинликларни амалга ошириш, миллий мустақиллик, мустамлакачилар қўлидан ватанни озод этиш сингари буюк ғоялар энди жадидлар тамонидан илгари сурилаётган ғояларга айланди.

Жадидлар ўз мақолаларида мамлакат тақдирини ўзгартирмоқ учун барча мусулмонларни бирликка, аҳилликка ва фаол ҳаракатга чорладилар. М.Беҳбудийнинг 1906 йил 11 октябрда “Хуршид” газетасида чор этилган мақоласида ҳам ана шу ҳолатнинг илк дебочасини кўришимиз мумкин. У ҳатто бу мақоласида барча мусулмонларни ўз атрофига бирлаштирган мусулмон партияси тузиш ва Бутунроссия мусулмонлар иттифоқига аьзо бўлиб кириш таклифи билан чиқади. Аммо бунга эришмоқ осон эмаслигини ҳам билардилар. М. Беҳбудий “Ҳақ олинур, берилмайдур” деркан, ҳар миллат ва мамлакат ўз ҳуқуқи ва эрки учун курашиш зарурлиги, агар шулар бировлар қўлида бўлса унга курашиб етишиш кераклигини уқтириб ўтса, М. Қори: “Ҳуррият берилмас, олинур. Ҳеч нарса ила олуб бўлмас, қон ва қурбон илагина олуб бўлур ”, - дея халқни очиқдан – очиқ озодлик учун курашга чорлайди ва: “ҳазрати одамдан шу вақтгача ҳеч бир давлат ва мамлакатда ҳурриятнинг берилгани, қон ва қурбонсиз берилгани тарихларда кўрилмайдур, ”- дея мантиқан тўғри хулосага келади.

Мамлакатда мавжуд мустамлакачиликка қарши кураш XIX аср иккинчи ярмидан бошланган бўлса, бу курашда озодлик курашчилари ўлка ҳаётида янги дунё яратмоқ, озод ва обод Ватан барпо этиш ғоясини илгари сурар эканлар, ўз навбатида улар орасида бу мақсадга етиб боришнинг турли йўллари ҳақидаги қарашларни учратиш мумкин. Тарихга “панисломизм” номи билан кирган Ғарб жаҳонгирлигига қарши кураш ҳаракати юзага келди. Бошқалари мазлум халқларни этник жиҳатдан жипслаштириб, миллий – озодлик йўлига кирмоқчи бўлдилар. Ғарбда “пантуркизм” деб аталувчи туркчилик ғояси, маьлум даражада шу тарзда пайдо бўлди. Яна бирлари эса, мақсад фақат Ғарб жаҳонгирларининг истибдод занжирларини парчалаб ташлашгина эмас, балки, ўрта асрчилик жаҳолатидан қутилиш, ҳар жиҳатдан тараққий топган давлатлар қаторига чиқиб олиш ҳам дилдаги орзу бўлиши лозимлигини яхши англадилар. Булар ижтимоий ҳаётнинг барча соҳасидаги янги давр талабига жавоб бераолмай қолган узвларни ислоҳ этиш керак деб ҳисобладилар, бундай кишилар жамиятнинг қайси табақасига мансуб бўлишидан қатьий назар, янгилик, тараққиёт, маьрифатва маданият тарафдорлари бўлиб чиқдилар.

Агар уларнинг қарашларини маьлум бир тизимга солиб қарасак, у бир неча қарашлардан иборат эканлигини кўришимиз мумкин:

1. Русияга тобеликдан зўрлик йўли билан қутилиш, куч билан истиқлол олиш (Дукчи эшон қўзғалони, 1916 йилги воқеалар, “босмачилик”);

2. Муроса йўли. Руслар ёрдамида маьрифатга эришиш. Маьрифат масалаларида ҳақ – ҳуқуқ олиш, миллий хусусиятларни тиклаш ( Исмоил Гаспирали, Маҳмудхўжа Беҳбудий);

3. Ҳамкорлик йўли. Чор маьмурлари, сўнг эса шўро ҳукумати билан бирга уларнинг дастурларида қатнашиш ва имкон бўлиши билан мустақилликни қўлга олиш. Бунинг учун маьлум тайёргарлик кўриб бориш ( Мунавварқори, Ҳамза, Авлоний).

Чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсатига қарши ғоявий курашчи сифатида демократик ғояларни илгари сурган М. Беҳбудий ўзининг “Баёни ҳақиқат” номли мақоласида Туркистон мухторияти масаласини кўтариб чиқади мухторият масаласини кўтариб чиқиб, Туркистон ўлкасининг ўз қонунчилик ҳокимияти миллий парламенти бўлиши кераклиги ҳақидаги қарашларини баён этади.

1914 йилда бошланган биринчи жаҳон уруши ва Руссиянинг унга қўшилиши Туркистоннинг ўз мустақиллигини қўлга олишига маълум умида ва имкон тўғдирди. Бироқ Чор ҳукумати бунга қаттиқ туриб олди. Улкада «Тартиб сақланиши»га алоҳида аҳамият берди. 1914 йил 24 июлда подшонинг шахсий фармони билан, Туркистон ўлкасида «Фавқўлодда қўриқланадиган» ҳолат эълон қилинди1. Губернатор ва уезд бошлиқларига аҳолининг ўй - фикрини кўзатиб бориш «озгина бўлса ҳам душманлик ниятида бош кўтариладиган бўлса», «ғоят шафқатсизлик билан дарҳол бостириш ҳақида кўрсатма берилди»2. Николой 2 Туркистонликларни урушга олмади уларга ишонмади.

Иккинчидан русия ҳукумати улардаги наслий жангавор руҳни сундириш, минг йиллар Оша етиб келган аскарлик тарбиясини издан чиқариш ниятида эди. 1916 йилнинг 25 июнида «Империядаги ғайри урус аҳолининг эркакларини ҳаракатдаги армия турган районларда мудоваа иншоотларини қўриш ишларига сафарбар этиш тўғрисидаги» фармон чиқарилган эди. Бу биринчи томондан миллатнинг шанини ерга урувчи иккинчи томондан халқ норозилигини кўчайишига сабаб бўлди. 1916 йилнинг июлида бутун Туркистонни «Мардикорлик воқеалари» номи билан тарихга кирган Миллий озодлик ҳакатлари чулғаб олди «Мардикорлик ари уясига чуп сиққандек бўлди. Туркистонда бамисли ер ларзага келди»3, 1916 йилнинг 9 августида Тошкентга келган «Вақт» мухбири Шаҳид Муҳаммадиёров. Сидқий хондалиқийнинг «Руссия инқилоби» (Т 1917) каби асрларида ҳам мардикорлик воқеалари тасвирланади.

Туркистон истиқлоли ва тараққиёти ғояси жадид тараққийпарварлари фаолиятининг асосий ва бош мақсади бўлиб бу йўлда ватанимизда XX аср бошларида, аниқроғи дастлабки чорагида, ва, айниқса, 1916 – 1924 йилларда олиб борилган оммавий халқ ҳаракатларидан уларнинг четда турмаганликлари, шубҳасиздир. Жадидларнинг, дастлаб, маърифатпарварлик йўналишида бошланиб тоборо сиёсий тус олиб борган фаолиятларида Туркистон халқдарининг умуммиллий ҳуқуқлари учун кўраш масалалари тоборо аниқ намаён бўлиб, пировардида, олий мақсадга айланди. Бу жараённи Туркистонда сиёсий, миллий ҳуқуқлар учун курашлар йил сайин, ой сайин ва кун сайин кескинлашиб борган 1916-1920 йиллардаги воқеалар ҳамда уларда жадид тараққийпарварларининг тутган ўрни ва роли мисолида кўрсатиш мумкин.

Бу даврда Туркистон мустақиллиги учун олиб борилган кўрашларнинг дастлабки энг йирик тўлқини – 1916 йил қўзғолони эди. Россия империясининг мустамлакачилик истибдодига қарши Туркистон халқларининг энг кескин ва оммавий қаршилиги бўлган бу қўзғолонда қарийб ярим аср мобойнида эзилиб ҳурланиб, таҳқирланиб келган аҳоли қудратли туфондек кўтарилиб бутун ўлкани ларзага келтирди.

Қўдратли туфондек кўтарилган бу қузғолондан халқ манфаатлари йўлида фидоийларча қайғуриб юрган жадидлар четта турмагани, шубҳасиз. Туркистонда 1916 йил қўзғолони ва Совет ҳокимиятига қарши курашларда фаол иштирок этган, 20 – йиллар бошида мустабид ҳукуматнинг тазийқ ва тақибларидан қочиб, улкани тарк этган мухожир ватандошимиз Абдулла Ражаб Бойсуннинг гувоҳлик беришича, Россия императорининг Мардикорликка сафарбар этиш ҳақидаги фармонидан хабар топган жадидлар Самарқандда Махмудҳўжа Бехбудийнинг хузурида тўпланганлар. Жадидларнинг энг фаол ва таниқли вакиллари Мунавварқори Абдурашидхонов, Пахловон Ниёз, Усмон хўжа, Қори Комил, Обиджон Маҳмуд иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда аҳолини мардикорликка олишга қаршилик кўрсатиш ва қўзғолон уюштириш, Туркистон учун хуррият талаб этишга қарор қилинган. Жадидларнинг 1916 йил қўзғолони давомидаги фаолиятини чуқур ўрганиш ушбу муаммо тарихшунослиги олдида турган мухим вазифалардан бири эканлигини таъкидлаш билан бирга, совет адабиётларида бу масала мутлақо нотўғри талқин этилганлигини, жадидлар «Хоинлик»да, фармон ижросида мустабит ҳукуматига ёрдамлашганликда айбланганлигини кўрсатиб ўтиш лозим.

Ана шундай оғир ва фожияли дамларда ҳалқ билан бирга бўлган унинг манфаатларини ҳимоя қилган фидоий кишилар орасида жадид тараққийпарварлари алоҳида ажралиб турган. Шу пайтга қадар, халқни маърифат орқали ўйғотиш, тарбиялаш тараққиётга етаклаш мақсадида фаол саъйи - ҳаракатлар олиб борган жадидлар 1916 йил қўзғолони мисолида халқ қудратини унинг иродасини ва кўраш лаёқатини англаб етиш билан бирга, бу халқни озодликка олиб чиқиш, хурриятга эришиш учун курашиш зарурлигини англаб етдилар. 1916 йил қўзғолонидан кейин бир неча ой ўтгач Мунавварқори Абдурашидхоновнинг ушбу тарихий воқеага бағишлаб матбуотда чоп этган мақоласида «Хақ олинур, … курашиб, қон тукиб олинур …» деган хулосага келди, ҳуррият, озодлик ва миллий ҳуқуқлар учун курашиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек жадидлар хурриятга эришиш учун халқни сиёсий жиҳатдан тарбиялаш ва миллий истиқлол учун кўраш йўлида уюштириш заруриятини ҳам чуқр англаб етдилар. Туркистонда 1917 йилдан бошлаб кескин ривожланиб кетган ижтимоий сиёсий жараёнлар, кўрашлар тўлқинида тобланиб борган жадидларнинг янги мустабит тузум – совет ҳокимиятига қарши ўлкада олиб борилган курашлардаги ўрни ва роли, уларнинг бу йўлдаги фаолияти айнан шу мақсадларга буйсундирилган эди.

Маьлумот ўрнида шуни айтиш керакки, мухториятчилик ғояси фақат Туркистонгагина хос эмас, бу ғоя дастлаб Қозон ва Бошқирд татарлари орасида кенг ёйилди. Бошқирд зиёлилари Туркистон зиёлилари билан бирлашиш ғоясини кўтариб чиқишди. Агар Туркистонда Мухторият 1917 йилнинг 26 ноябрида эьлон қилинган бўлса, бошқирдликлар ўз Мухториятини 1018 йил 29 ноябрида эьлон қилади. Бу даврда фақат Туркистон ва Бошқирдистонда эмас, Қрим, Озарбайжон, Алаш Ўрда Мухториятлари ҳам олдинма – кейин эьлон қилинган. Чунки бу ўлкалар халқининг ҳаёти ўхшаш, тақдири ўхшаш эдики, чор Россияси мустамлакачилари зулмига қарши курашда ҳам илгари сурган ғоялари ҳам бир – бирига ҳамоҳанг, миллий истиқлолчилик ғояси эди.шунинг учун бу минтақат миллий истиқлолчилари босқинчиларга қарши курашда бир – бирлари билан иттифоқда бўлишга интилдилар, бир – бирларига талпиниб яшадилар.

Мамлакат ижтимоий – сиёсий ҳаётини ислоҳ этиш ғоясини деярли барча жадид маьрифатпарварлар қарашларида учратамиз. Барпо этилажак мустақил мамлакатни ҳимоя қилиш ва мустақилликни мустаҳкамлаш учун миллий армияни ташкил этиш ҳақида “Аскарсиз миллат жонсиз гавда ҳукмидадир, - дейди Ҳ. Муин ўзининг “Аскарлик тўғрисида” мақоласида, - ўзининг ерлик халқидан аскари бўлмаган бир юрт қўриқчисиз бир истеҳком кабидир.

Жадидлар бутун фаолияти давомида ўзларининг ижтимоий – сиёсий мақсадларини тинч, эволюцион йўл билан амалга оширишга интилдилар. Нима учун? Нега улар мустамлака зулмига қарши бирдан қурол кучи билан эмас, айнан эволюцион йўлни танладилар? Балки ўша лаҳзада қурол кучидан фойдаланганда мағлуб бўлмасмиди, деган саволлар табиий, албатта.

Аммо жадидлар майдонга чиққан пайтда Туркистонда шундай бир тарихий шарт – шароит мавжуд эдики, улар балки шунинг учун ҳам эволюцион йўлни танлашга мажбур эди. Бунинг учун қуйидаги мулоҳазаларга эьтиборингизни қаратамиз: “Миллий – озодлик курашида қурол кучи билангина муваффақият қозониб бўлмасди. XIX аср охирида юз берган ва исён ва қўзғалон ( “вабо исёни”, ва Дукчи эшон қўзғалонлари назарда тутилияпти . муалл.) чор мустамлакачилари тамонидан шафқатсизларча бостирилди... Маьлум бўлдики, замонавий қуролга эга, мунтазам армияси бўлган, охранка, жандармерия каби този итдек ҳушёр қўриқчилар кечаю – кундуз хизматида тайёр турган, мазлум халқларнинг эрк, озодлик тўғрисидаги орзуларини энди бутунлай эсларидан сиқиб чиқариш учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган саноқсиз амалдор ва амалдорчалари бор чор Россиясидек мустабид ва маккор салтанатнинг исканжасидан қутилиш осон иш эмас экан. Бунинг устига, мустабидлар ишни шу даражада ишга солганки, маҳаллий аҳоли тилини, руҳиятини, динини яхши билган шарқшунослардан махсус гуруҳ тайёрланиб, ерли халқлар ичига киритилди, токим улар “оқ пошшо”нинг “меҳрибон” ва “одил”лигини тарғиб этсинлар, гўё император ҳазратларининг ҳеч бир эҳтиёжи бўлмаса-да, одамгарчилик нуқтаи назаридан яхштлик қилиш мақсадида Туркистонни ўз паноҳи остига олишга рози бўлганларини тушунтирсинлар..... ”

Жадидчиликнинг илк даврида жадидларнинг М. Қори айтганидек, эрк ва озодлик ғояси уларнинг тилагида бўлган, аммо улар қуролли кучга эга эмасдилар. Бунинг устига “замонавий қуролга эга, мунтазам армияси бўлган, охранка, жандармерия каби този итдек ҳушёр қўриқчилар”га эга чор ҳукуматини қулатиш осон эмасди. Халқни тилини, динини, ақлу шуурини жиловлаб, “оқ пошшо”нинг “меҳрибон” ва “одил”лигини ерли халқ онгига сингдириб юборган тарғиботчиларга қарши албатта кенг кўламда, пухта ишланган тушунтириш ишларини йўлга қўйиш ва йўлга қўйганда ҳам эринмасдан, сабр – тоқат билан иш олиб бориш керак эди. Буни эса фақат маьрифат йўли орқали, эволюцион йўл билан амалга ошириш мумкин эди. Шунинг учун ҳам жадидлар маьрифат йўлини танлашди, босқичма – босқич, тадрижий равишда кураш йўлини танладилар. Ислом динида эса беҳуда қон тўкиш, инсоннинг инсон тамонидан ўлдирилиши қаттиқ қораланади. Иймон – эьтиқоди ислом ғоялари билан шаклланган жадидлар тинчлик орқали буюк мақсадларга етишишни лозим кўрдилар.

Жадидлар жамиятни тўнтариш йўли билан эмас, ислоҳотлар йўли билан ривожлантаришни ўзларининг асосий мақсади деб белгиладилар. Улар инсониятни синфларга бўлиб ташлаш тарафдори эмас. Жадидчилар ҳатто қадимчилар билан ҳам иттифоқ тузиб, улар билан халқ ва келажак манфаати йўлида бақамти ишлаш, бугунги тил билан айтганда, турли сиёсий қарашларга эга бўлган халқ қатламлари билан тинч – тотув яшаши ва ишлаш ғоясини ўзларининг дастуриамали сифатида қўлладилар. Буни биз М. Беҳбудий илгари сурган “муттаҳид” фронти ғоясида илгари сурганидек: “ уломо ёки зиёли ва тараққийпарварларимиз бой ва авомимиз бирлашиб, дин ва миллат ва ватаннинг ривожи учун хизмат этсак”, деган эди.

Миллий армия масаласи жадидлар қарашларидан илғор ғоя сифатида ўрин олган бўлса ҳам, аммо уни амалга ошириш учун етарли шарт - шароит бўлмади. Миллий армия тузиш, уни қуроллантириш масаласининг ўзи ҳали ҳамма миллий – озодлик курашчилари ўртасида тўлиқ ҳал этилмаган масала эди. Бу масалани ижобий ҳал этиш учун эса фақат ташкилотчиликдан ташқари моддий маблағ, қурол билан таьминлайоладиган манба зарур эди. Миллий – озодлик курашининг бошиданоқ маьрифатпарварлик, эволюцион йўлни танлаб олган жадидлар учун гарчи сиёсий онг даражаси ўсган бўлса-да, қуролли курашга амалий ўтиш осон эмасди. Ҳатто Туркистон Мухторияти ҳалокатга учраш арафасида ҳам миллий – озодлик курашчиларнинг ягона дастурга эга, марказлашган, замонавий қуролларга эга бўлган мунтаззам миллий армияси ташкил этилмаганди. Советлар тамонидан “босмачилар” дея ном олган қўрбошилар бошлиқ ҳарбий қисмлар эса замон талаблари асосида ташкил этилмаган ва замонавий қуролларга етарлича эга бўлмаган. Бунинг устига миллий – озодлик курашчи груҳлар ўртасидаги ўзаро ихтилофлар, уларнинг жадидлар билан ягона куч сифатида бирлашмаганликлари сабаб, ўлкада бошланган миллий – озодлик ҳаракатининг қуролли кучлари ҳам ғалабага эришаолмадилар. Бунга Фарғона водийсидаги қўрбошичилик ҳаракати қатнашчилари ўртасидаги ўзаро муносабат билан боғлиқ ҳолатлар ва ҳаракатнинг йирик номаёндаси Мадаминбек тақдирини мисол келтиришимиз мумкин. Фалсафа фанлари доктори, профессор, таниқли олим И. Каримов ўзининг “Мадаминбек” асарида юксак маҳорат билан ўша давр руҳини акс эттириб берган.

Жадидлар қарашларида ҳарбий қурол - яроғ ишлаб чиқариш, бунинг учун ҳарбий билимлардан хабардор бўлиши зарур, деган ғоя муҳим ўринга эга. Масалан, Абдурауф Фитрат фаранги образи орқали ҳарбий ислоҳатчилик ғоясини илгари суриб: “Насроний давлатлар ишлатаётган қурол – яроғлари одамнинг бир неча минг йиллик илм ва ижтиҳодининг натижасидир. Асрлар ўтмоқдаки, ҳанус бирор нафар мусулмон улардан бирон намунасини ясаганни эшитмадик. Магар вақти етдики, ҳозирги кунда таҳсил билан умумни комилликка еткизса”.

Фаранги тили билан айтган Фурқатнинг ушбу сўзлари ўша давр Туркистон ҳарбий аҳволининг яққол ифодасидир. Мустамлака ўлкасида оддий кун кечириш халқ оммасининг аксарият қисми учун аянчли ҳол бўлиб турганда миллий армия тузмоқ ва уни қуроллантиришдан маьсулиятли вазифа қаердан ҳам амалга ошсин. Ахир Туркистон Мухториятининг заволига сабаб бўлган омиллардан бири ҳам мухториятчиларнинг ана шу замонавий қуролларга эга эмаслиги, ўлкада миллий – истиқлолчилар шарафини ҳимоя қилувчи мунтазам армиянинг йўқлиги эмасмиди?

Жадидларнинг нияти холис эди. Жадидлар олға сурган ғояларида ҳам, олиб борган фаолияти давомида ҳам бирор бир мамлакатга тажаввуз қилиш, ҳатто ўзга давлат ишига аралашиш ҳолларини учратмаймиз. Яьни жадидлар маьрифатпарварлари ўзлари истаганидек, “... Биз мусулмонлар, хусусан, Туркистон мусулмонлари, истаймизки, ҳеч бир киши бизнинг дин ва миллатимизга зулм таҳдид қилмасун ва бизни ҳам бошқаларга таҳдид қилмоққа асло фикр ва ниятимиз йўқ”.

Советларнинг ҳокимият тепасига келишидан жадид зиёлилари ундан кўпгина яхшиликларни кутганди. Айниқса, Шўролар ҳукумати ўрнатилган йилларнинг дастлабки кунларида ҳукумат берган қуюқ ваьдалар бутун бир халқнинг руҳини кўтаргани каби кўпчилик жадид маьрифатпарварларнинг ҳам қалбида янги ҳукуматга нисбатан илиқ туйғуларнинг пайдо бўлишига, эрк ва озодликка бўлган умид учқунларининг кучайишига олиб келган эди. Шунинг учун шу йилларда жадид маьрифатпарварлари ўз асарларида миллий - мустақил жамият қуриш ҳақидаги ғоясини илгари сурдилар. 1917 йил 28 ноябрда эьлон қилинган Туркистон мухторияти жадидлар олдига қўйган миллий давлатчилик ғоясининг илк куртаклари бўлди. Советлар тамонидан эьлон қилинган “ҳар миллатларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликлари таьминланиши” тамойилига асосланиб, туркистонликлар ишонч билан ўз мухториятига асос солдилар. Мухторият Фарғона, Самарқанд вилоятларини ўз ичига олган бўлиб, Мухториятни эьлон қилган қурултой қарорларида Туркистонда яшаётган майда миллатларнинг ҳуқуқлар ҳар тамонлама ҳимоя қилиниши баён этиб қўйилганди. Ўз Мухториятининг илк тамал тошини қўйган туркистонликлар 1917 йилги воқеалардан катта умидларни кутган ва ўз мустақиллигини тиклашга ишонган эдилар. Ҳатто кундан – кунга ўз мавқеини тиклаб бораётган Совет ҳукумати ва унинг олиб бориётган маьнавий – маьрифий соҳалардаги ислоҳатларига нисбатан хайрихохлик, мақтов ва рағбат кайфияти баьзи жадид ижодкорлар асарларида уфуриб турарди. Масалан, шундай маьрифатпарвар Ҳ. Муин ўзининг “Болалар боғчаси” мақоласида советлар тамонидан ташкил этилаётган дастлабки болалар боғчалари ҳақида фикр юритиб, унинг тартиби ва фаолияти тўғрисида маьлумотлар берар экан, “болалар боғчаси” нинг тараққий этган мамлакатларда аллақачонлардан мавжуд эканлигини эьтироф этгани ҳолда: “Ва болалар мактабдан бурун у ердан тарбия олалар. Шўролар ҳукумати соясинда болалар боғчаси Туркистонда ҳам кўпаймоқдадир,”- дея ўз хурсандчилигини билдиради.

Аммо советлар ҳукумати айрим жадид номаёндалари кутган ҳукумат бўлиб чиқмади. Турли ҳийла – найранглар, зўравонлигу қирғинлар билан ҳокимият тепасига келиб олган большевиклар ерли халқ манфаатларини ҳимоя қилиш у ёқда турсин, ўз ғалабасининг дастлабки кунлариданоқ уларга шовинизм нуқтаи назари билан қаради. Масалан, Октябрь инқилабидан кейин Туркистонда тузилган биринчи совет ҳукумати таркибида маҳаллий миллат вакилларига ҳаддан ортиқ кам ўрин ажратилиши уларнинг маҳаллий миллат вакилларига менсимаслик кайфиятидаги фаолияти дейиш мумкин. 1917 йилги Туркистон Мухторияти, 1920 йилдаги Бухоро ва Хоразм жумҳуриятлари жадидларнинг фаолияти самараси сифатида советларнинг ана шу менсимаслик муносабатига қарши вужудга келди, десак хато қилмаган бўламиз. Кейинчалик бу маҳаллий ҳокимятларнинг бирин – кетин йўқ қилиниши ҳам айнан большевикларнинг иккиюзламачилик сиёсатининг ифодаси бўлди.

Ана ёлғончилигу, халқни алдаш! Ҳатто большевик раҳбарлардан бирининг ерли халқни менсимай “сиз ҳали давлат бошқарувига тайёр эмассиз” деганлари-чи? Давлатчиликда бир пайтлар алоҳида илм яратган А. Темурдек ҳукумдорлар ўтган халқ давлат бошқарувини билмас эмиш. Йўқ, бу халқни менсимаслик, унинг тарихини менсимаслик, иқтидорли вакилларига йўл бермаслик ва шу орқали халқнинг шижоатини кесишга интилишдан ўзга нарса эмас…

Бир асрга яқин мустамлака зулмида ушлаб келган мустамлакачилар Туркитстонда ўз сиёсатини, ўз мафкурасини маҳаллий халқ манфаатларидан мудом устувор қўйиб келди. Шунинг учун ерли миллат вакилларининг ҳар қандай миллий қарашлари мустамлакачилар тамонидан қаршиликка усраши табиийдир. Шу сабаб, ўлка ҳукумронлигини ўз илкига олган большевиклар ҳам ўзларидан олдин ўтган аждодларининг меросхўрлари сифатида Туркистон халқининг ҳар қандай ҳуқуқини чеклашга, керак бўлса оёқ сти қилишдан манфаатдор эди ва буни ўзлари учун шараф деб биларди. Мана шундай ҳуқуқий камситишлар ерли халқ орасида турли норозиликларнинг вужудга келишига сабаб бўлди. Ерли халқ манфаатини ҳимоя қилиш учун эса ўша давр руҳидаги қонун ва тартиблардан хабардор, ҳуқуқий билим эгаси бўлиш керак эди.

Жадид маьрифатпарварлари орасида ерли халқ манфаатларини қонун йўли билан ҳимоя қилиб чиққан кишилар бўлиб, уларнинг қарашларида ерли халқ ҳуқуқи ижтимоий – сиёсий ғоя сифатида олға сурилади.. Улар мустамлакачилар тамонидан олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий – маьрифий сиёсатнинг туб моҳиятини англаб етдилар ва бу сиёсатнинг мустамлакачилик, зўравонлик ва талон – тарожлик ғояларига асосланганлигини илмий –назарий жиҳатдан асослаб бераолдилар. Аслида ҳар қандай билимли, тафаккури кенг кишилар Туркистондага ўша даврга хос аҳволни бир қарашда англаб олиши мумкин эди, аммо ҳуқушунос жадидлар бу аҳволни ҳуқуқий жиҳатдан теранроқ билан идрок этдилар, бунга қарши ўз фикр – мулоҳазаларини матбуот саҳифаларидаги мақолаларида баён этиб чиқдилар ва улар ўз фаолияти давомида халқнинг барча қатламларининг ҳақ – ҳуқуқларини адолатли ҳимоя қилдилар. ўз даврининг Шундай жадид ҳуқушунос номаёндаларидан бири, Саттархон. Абдуғаффоров XII асрда ёзилган ва мусулмон ҳуқуқшунослиги асосларига бағишланган “Ал-ҳидоя”ни рус тилига таржима қилишда фаол қатнашади. Айни пайтда унинг ўзи ҳуқушуносликка оид бир қатор асарлар яратади. Унинг “Қўқон хонлиги ички аҳволининг қисқача таҳлили”, “Мусулмон эшонлари”, “Билимни эгаллаш”, “Туркистонда эшонлар ва халқни ўз – ўзини бошқариши ҳақида мулоҳазалар”, ”Саттархон мактублари” асарлари шулар жумласидандир. Араб ва форс ҳамда рус тилларини мукаммал билган С. Абдуғаффоров бу асараларда суд, давлат тузилиши, шунингдек, порахўрлик, маҳаллийчилик, ички низоларни йўқотиш каби масалаларда ўзининг сиёсий – ҳуқуқий қарашларини тарихий давр тажрибалари асосида баён этади.

Маьлумки, большевиклар ҳокимият тепасига қадар Туркистон ўлкасида мавжуд қонунлар чор Россияси қонунлари ва шариат тартибларига асосланиб иш кўрган. Чор Россияси даврида маҳаллий бошқарув вазифалари, шунингдек, энг қуйи давлат органлари маҳаллий халқ вакиллари ихтиёрига берилган. Шу жумладан ўлкадаги қозилик ишларида ҳам чор ҳукумати буйруқларига сўзсиз итоат этувчи, ўз вазифасини суйистимол қилиш билан шахсий бойлигини кўпайтиришга ружьу қўйган кимсалар фаолият юритган. Аммо улар ўртасида ўлкада авж олган жаҳолат ва хурофат, порахўролик ва риёкорлик ҳолатларига қарамай ўз вазифасига виждонан ёндошадиган, ҳалол ва пок, иймон ва диёнатли инсонлар ҳам бор эди. Масалан, шундай инсонлардан умри давомида халқ орасида қозилик қилиб келган Исҳоқхон Ибрат ҳам ўзи яшаётган юрт халқининг ҳуқуқини адолат ва иймон мезонлари асосида ҳимоя қилиб келди. Ҳар қандай қаршиликларга қарамай чор ҳукуматининг риёкор сиёсатини танқид қилиб чиққан Ибрат рус ҳукумати тамонидан чиқарилган положениеларга танқидий фикр билдиради. У “Туркистон вилоятининг газети”да чоп этилган мақоласида билимдон, андишали, инсоф ва диёнатли инсонлар, шариат тартибларини яхши биладиган муллолар ўрнига положениеларда кўрсатилган етти кундан ортиқ ҳибсда бўлмаган, 30 сўмдан ортиқ жарима тўламаган, ёши 25 дан ошмаган кишининг қози бўлиши мумкинлигини рад этади. Ибрат рус положениесидаги бундай ҳолатнинг моҳиятини англаб етгани ҳолда “Андиша қиладурғон одамни одам ҳам ҳисоб қилмайдурлар”, “Уларга ким ва нима бўлиши ҳам даркор эмас экан” дея рус ҳукуматидан ўз норозилигини яширмайди.

Ҳуқуқ масаласи доирасида фикр юритган М. Беҳбудий ҳам ўзининг “Қонуни Оврупо”, “Ҳақ олинур, берилмас”, “Қози ва бийлар ҳақида лойиҳа”, “Лойиҳа” асарларида Туркистондаги мавжуд ҳуқуқий ҳолатлар ҳақида қимматли фикрларини баён этган. У ушбу асарлари орқали Туркистоннинг бошқарилиши гарчи Россия маьмурлари қўлида бўлса–да, уларнинг бепарволиги, қонунларнинг қўполлик билан бузилиши, маҳаллий амалдорларнинг ҳаддидан ошиб порахўрлик билан шуғулланишини кескин танқид қилади. Муаллиф, шунингдек, маҳаллий суд ишларининг ўлда – жўлда эканлиги, қозилар тамонидан мазлум халқнинг шахсий ҳуқуқлари паймол этилаётганлиги, мамлакатдаги сайлов тизимининг ҳеч бир адолатга тўғри келмаслиги ҳақида куйинчаклик билан ёзади.

М. Беҳбудий ўзининг ҳуқуқ масаласига доир мақолалари маҳаллий матбуотлардан ташқари чет эл матбуотида ҳам чиқиб турган. Унинг Татаристоннинг ўша даврда кўзга кўринган “Вақт” газетасида эьлон қилинган “Фарёди Туркистон” мақоласида XX асрнинг бошида Туркистонда мавжуд ижтимоий – ҳуқуқий аҳволга ўз муносабатини билдириб ўтади: ”Бир мадрасага 20 талаба гапи ила бир ноаҳл мударрис сайланур, бир волостда 40 нафар эл бошлариндан 21 нафарни савдоси ила бир жоҳил қози сайланур ва Русия маьмурларина-да маьқул ўлур. Бир минг фақирнинг радду мудохаласи мўьтабар ўлжаз ва сўзлари эшитилмас...” 1

Жадидчилик ҳаракати кенг маьнода маьрифатпарварлик ҳаракати эди. Аммо “... унинг иккинчи даврида Беҳбудий, Фитрат, Мунавварқори, С. Айний, Ҳамза, Ф. Хўжев сингари вакиллари фақат мактаб очиш, маьрифат тарқатиш, илм – фан ривожи учун қайғуриш билан чегараланмай, ўз фаолиятларининг сиёсий йўналиш касб этганини ҳам тушуниб етдилар. Жадидларнинг яширин ташкилотларининг тузилиши, матбуот органига эга бўлиши, ширкатлар ташкил этилиши уларниннг маьлум йўналишдаги, аниқ дастурга эга бўлган партия типидаги уюшма тузишга бўлган ҳаракатларини кўрсатади.



[1]Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. Т., Маънавият, 2008, 6-бет.

[2]Қаранг: Туленов Ж., Ғофуров З. Мустақиллик ва миллий тикланиш. -Т.: Ўзбекистон, 1996, – Б. 142.

[3]Қаранг: Алиҳожиев М. Ёлғон ва ҳақиқат. «Ozbekiston adabiyoti va sanati», 2001 йил 7 декабрь

[4]Каримов И.А. Миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура. -Т.: Ўзбекистон, 1993 йил, – Б. 1 03-104.

[5]Жўраев Н. Тарих фалсафаси: тушунча, моҳият ва сиёсат. «Fidokor», 1999 йил 11 май.

[6]Каримов И.А. Жамиятимиз мафкураси халқни-халқ, миллатни-миллат қилишга хизмат этсин. «Тафаккур» журнали, 1998. 2-сон. – Б. 3.

Киритилди: 2020-05-30 19:38:47; Ўқилди: 1453 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!