Шанба, 30 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоянинг ривожланиш босқичлари / Мустамлакачилик ва мустабидлик

Шўро

Категория: Миллий ғоянинг ривожланиш босқичлари – Мустамлакачилик ва мустабидлик;
Муаллиф: Ғайбуллаев О

Шўро – Совет ҳукумати (совет) нинг ХХ асрнинг 20-40 йилларигача ўзбек ва бошқа туркий тилларда ишлатилган номи. Кейинчалик Афғонистон ва бошқа Шарқ мамлакатлари халқлари ҳам совет ҳокимиятига нисбатан бу сўзни қўллаган. 1990 йиллар охирида ўзбек тилидаяна қўлланила бошлади.

Ҳар бир ижтимоий-сиёсий ва тарихий бирлик вакиллари қанча ўзларининг сиёсий, ҳуқуқий, маънавий ва миллий ўзлиги ва ижтимоий ҳаётни теранроқ ва атрофлича англай борсалар, шунча уларнинг сиёсий, ҳуқуқий, маънавий ва миллий онги ҳам ўсиб боради. Бу ҳолда улар ўзларининг мақсад ва манфаатларини ҳам теранроқ ва атрофлича англай бошлайдилар. Уларнинг онгидаги бундай ижобий ўзгаришлар, ўз навбатида уларнинг ғоя ва мафкураларининг ривож топишига олиб келади, чунки улар энди ўзларининг ғоя ва мафкураларида ўз мақсад ва манфаатларини тўлароқ ва яққолроқ ифода этишга эришадилар.

Жамиятнинг тараққий этиши авваламбор унинг иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маданий-маънавий юксалишига боғлиқ бўлади. Бу юксалишлар албатта жамиятдаги ижтимоий-сиёсий қатлам, миллат ва элатлар вакиллари мақсад ва манфаатларининг ўзгариши ва юксалишига олиб келади. Энди бу бирлик вакиллари ўз олдига улканроқ вазифалар қўядилар. Ушбу ўзгаришлар албатта жамиятдаги мавжуд ғоя ва мафкураларнинг ўзгариши ва юксалишига олиб келади.

Жамиятдаги қайси бир ижтимоий-сиёсий қатлам ёки этник гуруҳвакилларининг онги қанча кўпроқ умуминсоний маънавий қадриятлар ва жаҳон миқёсида эришилган фанютуқларини ўзида мужассам этса, шунча ушбу жамият аъзоларининг борлиқни тушуниш даражаси ҳам анча ошади ва бу даража асосида улар ўз мақсад ва манфаатларини ҳам тўғрироқ ва теранроқ англай бошлайдилар.

Ҳар қандай мафкура қанча ҳақиқатга яқинроқ бўлса, у шунча ривож топган бўлади ва унинг ҳаётийлиги ва амалга ошиш имкониятлари ҳам анча ошади.

Инсоният тарихида шундай мафкуралар амал қилганки, улар ҳақиқатдан анча узоқда бўлган. Масалан, коммунистик мафкура бўйича, худо мавжуд эмас, коммунистик жамиятда миллатлар йўқ бўлиб кетади ва жамият аъзолари ўз эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, мавжуд мол-мулк, ноз-неъмат ва бойликлардан истаганича фойдаланиши мумкин бўлади ва ҳоказолар. Бундай ғояларга асосланган мафкуранинг қанчалик ҳақиқатдан узоқ эканлигини, собиқсоветлар давлатининг фожиали хотимаси яққол кўрсатди.

Жамиятнинг иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, маданий-маънавий ва бошқа турдаги юксалишлари муқаррар равишда унинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий тизими ва структурасини ҳам ўзгартириб юборади. Жамиятдаги бундай ўзгаришлар, унда янги ижтимоий-сиёсий, турли тарихий бирликларнинг мақсадлари ва манфаатларини ифодаловчи юксалган ғоя ва мафкураларни ҳам вужудга келтиради

Кейинги етмиш йиллардан ҳам кўпроқ вақт давомида Ер юзида нафақат ҳеч қандай дунёвий умуминсоний ғоя ва мафкура амал қилмади, билъакс бу йиллар давомида икки бир-бирига зид бўлган социалистик ва капиталистик ижтимоий-сиёсий, иқтисодий тизимлар ўртасида «совуқ уруш» деб ном олган, мафкуравий-ғоявий кураш давом этди. Бу мафкуравий-ғоявий кураш одамзодга беадад мусибатлар келтирди, яъни қанчадан-қанча инсонлар беҳудага ҳаётдан кўз юмдилар, кўплаб моддий бойликлар сарф-ҳаражат қилинди, миллионлаб одамларнинг онги вайронкорлик ғоялари билан заҳарланди, дунё халқлари ўртасида душманлик ҳиссиёти уйғотилди, табиатда экологик бўҳрон кучайди ва бошқалар. «Совуқ уруш»нинг одамзодга келтирган моддий ва маънавий зарарини сўз билан ифодалаш ёки тасаввур қилиш қийин. Ана шу зарарнинг бири шуки, айни айтилган мафкуравий кураш давом этди ва кейинги йилларда ҳам ягона умуминсоний ғоя ва мафкуранинг юксалиши ва амалга ошиши жуда кўп йилларга кечикиб кетди. Бугунги кунда жаҳон миқёсида кузатилаётган хавфли воқеалар шубҳасиз ана шу мафкуравий тўқнашувларнинг ҳам натижасидир. Ҳозир Афғонистон наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича халқаро марказга айланиб қолганлиги ёки Ироқда давом этаётган қон тўкилишлар шунга мисол бўла олади.

Бу фикрлардан келиб чиқиб шуни аниқ айтиш мумкинки, бугунги кунда тобора кескинлашиб кетаётган глобал жараёнларни сусайтириш ва йўққилиш учун, жаҳон тараққийпарвар кучлари тезроқ умуминсоний ғоя ва мафкуранинг юксалиши ва амал қилишига ўз эътиборини кучайтириши зарур.

Маълумки, фақат ҳар тарафлама ривожланган мамлакатдагина барча ижтимоий-сиёсий кучлар ва этник бирликларининг вакиллари тинч-тотув бўлиб, фаровон ҳаёт кечиришлари мумкин бўлади. Ҳозир ҳам ер юзида бундай мамлакатларнинг сони унча кўп эмас. Бундай мамлакатларда турли ижтимоий-сиёсий куч ва этник бирликларнинг ҳар бири ўзига хос ғоя ва мафкурага эга бўлсада, бироқ уларда бутун халқни бирлаштирувчи ва жамиятни юксакликка етакловчи ягона ғоя ва мафкура ҳам мавжуддир. Масалан, Япония давлатида ҳукмрон бўлган шундай мафкуранинг айрим ғоялари қуйидагилардан иборат, яъни «миллий давлатчилик тизими» (кокутай), «фуқаролик бурчи», «япон руҳи», «тадбиркорлик», «умуммиллийлик», «фидойилик», «ватанпарварлик», «патернализм», «жамоага садоқат», «модернизация» ва бошқалар<1.>Ҳозир Ўзбекистон Республикаси айни шундай бир тарихий даврнибосиб ўтмоқдаки, унинг мустақиллиги янада мустаҳкамланиши ва у буюк келажак сари тобора тезроқ тараққий этиб бориши учун, ундаги барча ижтимоий-сиёсий қатлам ва этник бирлик вакиллари миллий ғояси ва мафкурасини ўз онги ва қалбига жо этиб, шунга мувофиқ амал қилиб яшаши зарур.

Қадимдан бери инсоният тарихида амал қилиб келган ва ҳозир ҳам айрим давлатлараро муносабатларда ёки бир давлат доирасида учраб турмоқда. Уларда авваламбор, бир ҳукмрон миллат бошқа миллатларни таъқиб ва қувғин қилиши, эзиши ва уларга жабр-зулм ўтказиши, уларга нисбатан жамиятда миллий нафрат уйғотиши, кам сонли миллатлар йўққилиниб юборилиши ва ҳоказолар кўзда тутилган бўлади. Бундай мафкуравий кўринишларда бир миллатнинг бошқа миллатларга нисбатан устунлиги, буюклиги тарғиб қилинади. Президент Ислом Каримоз бундай мафкура собиқ советлар давлатида ҳам амал қилганини шундай ифодалайди: “ … ўлкамиз узоқ вақт давомида ҳукмрон шовинистик ва агрессив миллатчилик ғояларининг бутун жафоларини тортиб келди”[2]Буюк давлатчилик шовинизми мафкураси бўйича, бир миллат бошқа миллатлар устидан ўзининг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, маданий, маънавий ва бошқа ҳукмронлигини ўрнатиши мумкин. Бундай мафкура собиқ советлар давлатида амал қилгани бунга ёрқин мисол бўла олади. Буюк давлатчилик шовинизми мафкураси Ўзбекистонда коммунистик ва совет мафкураси билан чамбарчас қўшилишиб, биргалиқда амал қилган эди. Ҳозирги кунда бу мафкуралар пансоветизм деб номланиб, собиқ советлар республикаларида тарқатилмоқда. Пансоветизм мафкурасида, собиқ советлар давлати даврида одамлар бир мунча яхши яшаганлиги ва иқтисодий тенглиги, турли саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари маълум даражада арзон бўлганлиги, ўқиш ва даволанишнинг бепуллиги, ўғрилик, наркомания ва бошқа жиноятларнинг камлиги каби омилва жараёнлар бўрттирилиб кўрсатилади. Пансоветизм мафкурасининг мақсадисобиқ советлар давлатини тиклаш ёки мустақил давлатларда беқарорликни келтириб чиқаришдан иборатдир.

Собиқ советлар давлати даврида халқимизнинг онгига коммунистик ғоялар анча сингдирилган эди. ХХ асрнинг 90-йиллари бошида халқимиз мустақилликка эришгач, биз бу ғоялардан очикдан-очиқ воз кечганимиз билан, тезда уларнинг ўрнини тўлалигича миллий ғоя ва мафкурамиз эгаллай олмади. Бундай мафкуравий вазиятдан ҳам, ташқи сиёсий кучлар, фурсатни бой бермасдан, фойдаланиб қолишга киришиб кетдилар. Уларнинг уринишлари беҳуда кетмади. Масалан, ёшларимизнинг бир қисми миллий урф-одатларимизга бефарққарайдиган бўлиб қолдилар, наркотик моддалар истеъмол қилувчиларнинг сони кўпайди, жамоада сўкиниш, оилага юзаки қараш, ўз вақтида оила қурмаслик, ёлғон гапириш, алдаш, бошқаларга зўравонлик ўтказиш, бадиий китобларни кам ўқиш, яхши ўқимаслик, чет мамлакатларга кетиб қолиш, ўғирлик қилиш ва бошқа иллат ва қусурлар анча кўпайди. Коммунистик ғоя жамиятнинг барча сохаларига чуқур сингдирилди.

Коммунистик (лотинча соmmunis - умумий, ялпи) мафкураси ҳам сохта ғояларга асосланган мустабидчилик мафкураларининг бир кўринишидир. Бу мафкурага XIX асрда яшаб ўтган немис файласуфлари К. Маркс ва Ф. Энгельс асос солган эди. Бир кўринишда, бу мафкурада байналминаллик ғоялари қабул қилинган бўлсада, бироқ унда халқларнинг миллий ўзлиги, миллий ғурури ва умуман олганда, ҳар бир миллатга хос бўлган унинг маданий-маънавий хусусиятлари камситилади ва уларнинг йўқ бўлиб кетиши кўзда тутилади.

Бу сохта ва ўта баттол мафкура тарафдорлари, ўзларининг ёвуз мақсад-муддаоларига эришиш йўлида, уни барча жамият аъзоларининг онги ва қалбига турли усуллар билан сингдиришга ва марксистик ғояларига асосланган дунёқарашни бутун давлат миқёсида якка-ягона ҳукмрон мафкуравий асос бўлиб қолишига жон-жаҳди билан интиладилар. Давлат таянчига айланган бундай мутлақлаштирилган яккаҳоким мафкура ҳукмронлик қилган жамиятда бошқа барча мафкуравий кўринишлар қораланади, сўз ва шахс эркинлиги таъқиқланади, жамият давлатлашади, яъни мустақил бўлган жамоат ташкилотлари ва нодавлат тузилмалари йўқотилади, марказий ва маҳаллий ҳокимият қонун билан чекланмайдиган ва аслида қонунга бўйсунмайдиган кучга айланади. Шу билан бирга, қабул қилинган ҳуқуқий қонунларнинг роли (мақоми) камситилади, шунинг учун ҳам жамиятнинг барча жабҳаларида зўравонлик ҳукм сура бошлайди, инсонларнинг эркинлиги ва ҳар қандай миллийликнинг кўринишлари поймол қилинади,марказий ва жойлардаги ҳокимият битта сиёсий партия қўлига ўтиб қолади ва бошқа мафкуравий ғояларга асосланган партиялар мутлақо таъқиқланади.

Маълумки, ўзбек халқи мустақилликка эришмасдан олдин, етмиш йилдан ҳам кўпроқ вақт давомида шундай сиёсий ва мафкуравий зўравонликларга асосланган жамиятда яшаб келди, шу сабабли у беҳисоб моддий ва маънавий зарар кўрди, не-не азоб-уқубатларни бошдан кечирди, халқимизнинг қанчадан-қанча асл фарзандлари маҳв ва қатағон этилди. Президент Ислом Каримов бу қаттол тузум ва ҳалқимизга етказилган мафкуравий зўравонликлар тўғрисида шундай фикр билдиради: «Биз зўравонликка, коммунистик ақидапарастликка асосланган етмиш йиллик даврни бошимиздан кечирдик» ва «....бу тизимнинг ягона мақсади-шу режимга керак бўлган мафкурани кишилар онгига зўрлик билан сингдириш эди»[3]Бундай мафкурани ўзига қурол қилиб олган манфур кучлар ҳеч бир халқнинг манфаати, бахт-саодати, жамиятнинг ривож топиши тўғрисида қайғурмайдилар.

Бошқа бузғунчилик ғояси ва мафкуралар тарафдорларига нисбатан ҳам шунга ўхшаш сўзларни қўллаш мумкин. Масалан, Ўзбекистонда маълум файласуф М. Нурматовнинг фикрича : «...қизил мафкурада имон, инсоф, диёнат, андиша, ҳамият сингари тушунчалар мутлақо йўқ эди»[4]Айтиш мумкинки, бундай ғайриинсоний ғоя ва мафкуралар жамият тараққиётига ҳам бавосита ва ҳам бевосита салбий таъсир ўтказиши мумкин.

1. Бузғунчилик ғоя ва мафкураларининг жамият ривожига бевосита салбий таъсир қилганини Афғонистон давлати мисолида яққол кўришимиз мумкин. Маълумки, сўнгги ўттиз йилдан ҳам кўпроқ вақт мобайнида, бу давлатда қонли воқеалар тинимсиз давом этиб келмоқда[5]Аввало, собиқ советлар давлати раҳбарияти мустабидчилик «қизил» мафкурага асосланиб ушбу давлатни очиқдан-очиқ истило қилишга киришган эди. Бошқа буюк давлатлар, ўзларининг манфаатларидан келиб чиқиб, бунга йўл қўймадилар. Собиқ Иттифоқжангчилари Афғонистондан мажбуран чиқиб кетиши биланоқ, у ерда бир неча давлатларнинг манфаатларини ифодаловчи мафкуралар кураши бошланиб кетди. Бу курашлар натижасида, Афғонистонда диний ақидапарастлик мафкурасига асосланган «Толибон» ҳаракати ва «Ал Қоида» каби халқаро террористик ва диний экстремистик кучлар ўрнашиб олдилар. Бу кучлар Афғонистонни халқаро терроризм ва кўп миқдорда наркотик моддалари ишлаб чиқариладиган марказга айлантирдилар. Шу билан бирга, Афғонистон дунё миқёсида жаҳолатпарастлик, зўравонлик ва қонунсизлик энг авжга чиққан мамлакатга ҳам айланиб қолган эди. Масалан, кейинги йилларда бу давлатда аёлларнинг маърифий-маданий фаолияти деярли таъқиқланди, майда миллатлар таъқиб ва қатағон қилинди, буддавийлик динига мансуб бўлганқадимий ёдгорликлар йўққилинди, фан ва маърифат ўчоқлари сўндирилди, мактаблар хонавайрон этилди ва ҳоказо. Бундай шароитда, жамиятнинг ривожланиши тўғрисида эмас, балки унинг анча орқага тисарилганлиги тўғрисида гапириш ўринли бўлади.

2. Собиқ советлар империяси даврида коммунистик мафкура, мамлакатимиз ривожига кўпроқ бевосита эмас, балки бавосита салбий таъсир кўрсатган эди. «Қизил» мафкуранинг асосий мақсади миллатимизни мафкуравий жиҳатдан тобе қилиш ва шу билан миллатимизни пароканда этиш, ўзининг миллий тарихий хотирасидан, миллий онги ва миллий ғоялари - ўзлигидан жудо қилишдан иборат эди. Одатда, ўзлигидан жудо бўлган миллат оломонга айланиб, албатта бошқа миллатларнинг ихтиёрий хизматкорига айланади. Сир эмас, ўша даврда, халқимизнинг маълум қисми шундай манқуртларга айланиб қолган ҳам эди. Масалан, ҳозиргача ҳам айрим ўзбек оила аъзолари бир-бири билан, она тилини билмаганлиги туфайли, факат рус тилида гаплашадилар. Ўрта ҳисобда ўттиз-қирқ ёшли айрим ўзбек ўғил-қизлари ўзбек тилини билмайдилар ва хусусан, Алишер Навоий асарларини муттасил ўқиб бориб, улардан баҳраманд бўлаётган фуқароларимизнинг камлиги ҳам ҳаммага маълум ва ҳоказо.

Юқорида айтганимиздек, халқимиз етмиш йилдан ҳам кўпроқ вақт давомида мустамлака шароитида «қизил» мафкура тазйиқи остида яшаб келди. Айтиш мумкинки, хақиқатан ҳам халқимиз шу даврда ўзининг тақдири ва ихтиёрини мажбуран унга ёт бўлган кучларга бериб қўйган эди. Шу йиллар давомида, халқимиз ўзининг миллий онги ва миллий мафкурасини унита бошлади ва шунинг учун ҳам, бир ҳисобда, жамиятимизнинг ривожи секин кечган эди. Алқисса, халқимиз мустақилликка эришганидан бери ўзининг бой маданий-маънавий қадриятларига таяниб, тобора ўзлигини теран англаб, миллий ғоя ва миллий мафкура унинг эътиқодини эгаллаб бориши натижасида, жамиятимизнинг ривожи кундан-кунга тезлашиб бориши кузатилмоқда.

Дарҳақиқат, табиатнинг ҳар бир гўша, жой ва қисмида, албатта доимо нимадир мавжуд бўлишлигини рад этиб бўлмайдиган далилдир. Бироқ, жамиятда айрим ижтимоий-сиёсий ва маънавий вазиятлар вужудга келган даврда, одамларнинг онгида мафкуравий бўшлиқ келиб чиқиши кузатилади. Ҳар қандай жамиятнинг тарихий тараққиёти даврида шундай сиёсий, маънавий-маданий ва бошқа ўзгаришлар содир бўлиши мумкинки, айни шу ўзгаришлар туфайли, одамлар ўзларининг уларга ҳеч ҳам маъқул бўлмай қолган ёки маъқул бўлмаган мафкуравий қарашларини рад этиб, ўрнига янги шароит билан боғлиқ бўлган мафкурани ўзлаштириб олишга улгуролмаслиги мумкин. Мана шундай ҳолат Ўзбекистонда 1990 йилнинг бошида вужудга келган эди. Бунинг асосий сабаби - собиқ советлар давлати даврида халқимизнинг миллий руҳи ва маънавий эҳтиёжларига ёт бўлган, 70 йилдан ҳам кўпроқ вақт давомида жамиятимизда зўрлик ва ёлғон-яшиқ билан амалга оширилган коммунистик ва советлар мафкураси, XX асрнинг 80-чи йилларида таназзулга юз тутиб ўз умрини ўтаб бўлганлигидир.

Бўшлиқ соҳасида, жамият табиатдан шу билан фарққиладики, табиатда қандай туб ўзгаришлар ва ларзалар бўлиб ўтмасин, бари бир унинг катта ёки кичик қисмида ҳеч қандай бўшлиқҳосил бўлмайди. Жамиятда эса, унинг маълум даражада кескин ва туб ўзгариши натижасида, жамият аъзоларининг онгида мафкуравий бўшлиқ вужудга келиши заруриятга айланиши мумкин.

Жамият аъзоларининг онгида қай даражадаги ва қандай мафкуравий бўшлиқ вужудга келишини олдиндан пайқаш ва уни ўз вақтида айни улар учун маъқул бўлган мафкура билан тўлдириш доимо долзарб муаммо бўлиб келган. Шунга эътибор бериш керакки, ҳар қандай мафкуравий бўшлиқнинг ўзига хос хусусиятлари бўлиши мумкин, чунки табиатда мутлақо бўшлиқ бўлмаганидек, ҳеч кимнинг онгида ҳам мутлақо мафкуравий бўшлиқ бўлиши мумкин эмас. Зеро, ҳар қандай жамиятда истиқомат қилувчи этник вакилларининг онгидаги миллийлик, тезда ўзгариб, йўқ бўлиб кетади десак, ҳақиқатга тўғри келмайди.

Республикамиз эндигина мустақилликка эришган йилларда, фуқароларимиз рад этган сохта коммунистик мафкураси ўрнини миллий мафкура эгаллаши зарур эди. Бироқ бу жараён объектив ва субъектив сабаблар туфайли анча кечикиб кетди. Бу сабаблар тўғрисида «Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар» номли китобда батафсил ёзилган[6]Советлар давлати даврида, миллатлараро тотувлик ғояси интернационализм тушунчаси билан алмаштирилиб, миллатлараро муносабатлар совет ва марксистик мафкура нуқтаи-назаридан, ҳукмрон миллат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда тушунтирилар эди. Бу давлатдаги барча миллат ва элатларнинг бирлиги ва тотувлиги “совет халқи” деган ном билан айтилиб, унинг мазмунида ҳеч қандай миллий маъноси (унсури) мавжуд бўлмаган. Шунинг учун ҳам Ватанимизда истиқомат қилиб келаётган юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари 70 - йилдан ҳам кўпроқ вақт давомида ҳақиқий миллатлараро тотувлик ғояси руҳида тарбия олмади. Бизнингча, бунинг салбий оқибатлари ҳозиргача жамиятимизнинг маданий ва маънавий ҳаётида намоён бўлмоқда.

Маълумки, собиқ советлар давлати фашистлар Германияси устидан, ниҳоятда кўп фуқароларнинг нобуд бўлиши, совет раҳбариятининг “қаттиқ” қўллиги, одамларнинг фашизмга бўлган нафрати ва бошқа омиллар ҳисобига ғалаба қозонган эди. Немис фашистларининг энг катта хатоларидан бири шундан иборат эдики, улар дунёдаги барча миллат ва элатларни иккинчи даражали (тубан) халқлар ва уларнинг кўпчилиги йўққилиниши ва қолганлари эса уларнинг қулига айланиши зарур, деб очиқдан-очиқ эълон қилганидир. Хусусан, немис фашистлар ғалаба қозонган тақдирда Марказий Осиё ҳудудидаги Гростуркистан рейхскомиссариатини тузишни кўзда тутган эди. Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистоннинг маҳаллий халқини қириб ташлаш ва Фарғона водийсини «тозалаб», бу жойга европалик аҳолини кўчириш режаси бўлган[7]Шуниси диққатга сазоворки, шунга ўхшаш режаларни ўз вақтида Александр Македонский ҳам ўзининг “Васиятнома”сида баён этган эди.

Фахр билан таъкидлашимиз керакки, ҳозир диёримизда миллатлараро тотувлик ғояси миллий ғоянинг асосий ғояларидан бири сифатида давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда, ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида тўлақонли амал қилиши учун керакли бўлган қонун-қоидалар қабул қилинмоқда ва ҳоказо.

Ўзбекистонда собиқ совет тузуми ўрнатилиши билан коммунистик мафкура жамиятда ягона мафкура сифатида амал қила бошлади. Унинг мазмуни «адолат», «тенглик», «эркинлик», «тинчлик», «дўстлик», «байналминаллик» ва шу каби олижаноб ғоялар билан бойитилган бўлсада, аслида у вайронкор истилочилар мафкураси эди. Тарихчи олима Дилором Алимованинг фикрича, коммунистик мафкура халқимизнинг «...эркин фикрларини бўғиб ташлади»[8]ва унинг ўзлиги, миллий ғоя ва мафкураси мутлақо йўққилинишига қаратилганлиги, бу мафкуранинг моҳиятини ташкил қилган эди.

Ҳозирги кунда ҳам мустақил Ўзбекистонда ғоявий кураш давом этмоқда. Собиқ советлар давридан қолган коммунистик мафкура, халқаро терроризм, сиёсий ва диний экстремизм, бошқа ғоя ва мафкураларҳамдамустақилликни мустаҳкамлашга қаратилган миллий ғоя ва мафкура ўртасидаги тинимсиз кураш тўхтаган эмас.

Совет мустабид тузуми даврида бу мафкура сиёсий ақидалар исканжасига олинди ва расмий ҳокимият томонидан рад этилди, унинг гўё реакцион эканлигини «исботлаш»га ҳаракат қилинди. Мустабид тузум даврида миллий мафкура сиёсий тазйиқлар остида бўлсада яшаб қолди, у йўқолмади. Бошқача айтганда, бу даврда икки мафкуравий муҳит юзага келди. Биринчиси, расмий мафкура бўлиб, у коммунистик дунёқарашни акс эттирар, иккинчиси эса, расмий ҳокимиятнинг чеклашларига қарамасдан мавжуд эди ва норасмий равишда ўзбек халқининг миллий қарашларни ташкил этарди.

Мустақиллик йилларида совет мустабид тузуми даврида топталган ва йўқотишга маҳкум этилган миллий мафкура тиклана борди. У мустақиллик, миллий тикланиш ғоялари асосида янги сифатлар билан бойитилди. Чунки, ҳар бир ижтимоий-сиёсий тузумга унинг моҳиятидан келиб чиқадиган ғоявий-мафкуравий қарашлар мос бўлади. Шу билан бирга ғоявий-мафкуравий қарашлар ворислик тамойилига эга бўлганлиги учун ҳам улар янги мазмун ва сифатлар билан такрорланиши мумкин.

Ҳақиқатан ҳам цивилизациялар тарихи, бу инсоният ва унинг ғоялари тарихидир. Маълумки, цивилизация айрим ҳудудий, бир-бири билан боғланмаган цивилизация масканлари ёки ўчоқлари сифатида шакллана бошлаб (масалан, Қадимги Миср цивилизацияси, Қадимги Бобил цивилизацияси, Қадимги Ҳинд цивилизацияси, Ўрта Ерденгизи цивилизацияси ва ш.к.), бозор иқтисодиёти муносабатлари ва иқтисоди ҳукмронлиги даврида (XVI - XX асрлар) умумжаҳон цивилизациясига айланади.

Таъкидлаш керакки, цивилизациянинг тарихи урушлар ва диний жаҳолатпарастликка қарши, дунёвий жамият учун кураш тарихидир.XX асрнинг иккинчи ярмига келиб илғор фан-техника ва технология асосида иш кўриб, ўзларида демократик, инсонпарвар жамият ва ҳуқуқий давлат қурган мамлакатларгина ҳақиқий цивилизация йўлига чиқмоқдалар. Цивилизация инсоният тараққиётининг махсулидир. У инсоният жамиятининг ниҳоятда нозик ҳолати бўлиб, вақт жиҳатидан беш миллион йиллик инсоният тарихининг бор-йўғи 0,1 фоизини ташкил қилади, яъни инсоният ўзининг босиб ўтган йўлининг 99,9 фоизи давомида ёввойилик ва ваҳшийлик даражасида ҳаёт кечирган[9].

Умуман, цивилизациялар тарихида ғоя ва мафкураларнинг ўрни беқиёс. Бошқача айтганда, цивилизацияларнинг пайдо бўлиши ва шаклланиш жараёнининг ўзи ҳам ғоя ва мафкураларнинг мавжудлиги асосида юз берган. Цивилизациялар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Бу жараён прогрессив ҳолатнинг реакцион, ижобийнинг салбий, яхшининг ёмон, бунёдкорликнинг вайронкорлик билан ўзаро курашлари асосида юзага келган.

Ўзбекистондаги узоқ даврлар мобайнида шаклланган ижтимоий-сиёсий, маданий меросга эътибор бериладиган бўлса унда инсон ва жамиятни эзгулик ва яхшиликка ундовчи ғоялар ҳамиша устувор аҳамият касб этганлигини кўришимиз мумкин. Аммо, миллий маданий меросимиздаги барча қадриятлар ҳам ўзгармас, деган хулоса келиб чиқмаслиги лозим.

Масалан, миллий меросимизда инсонни фақат сабр-қаноатга ундовчи, ундаги яратиш, бунёд этишга рағбатлантирувчи ғояларнинг юзага келишига монеълик қилувчи қадриятларимиз ҳам борлигини унутмаслик керак. Бу ғоялар ҳозирги шароитда замонга, дунёда содир бўлаётган ўзгаришларга мос равишда янги сифатлар билан бойиб боришига эришиш муҳимдир.

Қолаверса, масаланинг яна бошқача жиҳати ҳам бор. У ҳам бўлса, миллий ғоявий-мафкуравий меросни идеаллаштиришга бўлган уринишлардир. Албатта, бундай мерос билан биз фахрланамиз. Аммо, айни пайтда, уни мутлақлаштириш ҳам яхши натижаларга олиб келавермайди. «Ота-боболаримиз шуҳратининг соясига маҳлиё бўлиб юрадиган даврлар энди ўтди. Бугун жаҳон биздан ўз сўзимизни айтишимизни, ўз тафаккуримизни намоён этишимизни талаб қилмоқда. Бошқа халқлар, бошқа миллатлар бизга ётсираб - беписанд қарамаслиги, балки бизни эътироф этиши, бизни эҳтиром этиши керак. Биз ана шу юксак муносабат ва ҳурматга лойиқ бўлишимиз даркор»[10]Миллий ғоянинг туб мазмун-моҳиятини аниқлашда ғоя ва мафкуралар шаклланиб, ривожланишининг тарихий давр ва босқичларини таҳлил қилиш муҳимдир. Гап шундаки, совет мустабид тизими даврида ғоя ва мафкуралар ривожланиш тарихини даврлаштириш тарихни даврлаштириш билан бир хил амалга оширилди. Бунда формацион ёндошувга амал қилинди.

Маълумки, формацион ёндошув асосида инсоният тарихи: ибтидоий жамоа, қулдорлик, феодализм, капитализм ва коммунизм формацияларидан иборат, деган ақидага амал қилинди. Бу ёндошувнинг хато жиҳатлари эса қуйидагилардан иборат эди:

1. Ҳар бир даврни ўрганиш синфийлик, партиявийлик тамойиллари асосида олиб борилди.

2. Цивилизацион ёндошув мутлақо инкор этилди.

3. Тарихни даврлаштиришда ҳукмрон сиёсий-мафкуравий куч манфаатлари ҳимоя қилинди. Мазкур ҳолатга биноан совет мафкураси формацион ёндошув асосидагина ўзининг яшовчанлигини таъминлаши мумкин эди. Шу ўринда И.Каримовнинг қуйидаги фикрлари жуда ўринлидир: «Шўро даврининг мафкураси, коммунистик дунёқараш, агарки аслини суриштирсангиз, моҳият эътиборига кўра, бизнинг турмуш тарзимизга, халқимизнинг табиатига тамоман бегона эди. Шунга қарамасдан, кишиларнинг онгига мажбуран сингдирилган бу сохта таълимотнинг салбий таъсири ҳануз сезилиб туради. Афсуски, биз бу сарқитлардан ҳали буткул халос бўла олганимиз йўқ»[11]Демак, умуман тарихни, шу жумладан ғоя ва мафкуралар тарихини давлатлаштиришда умумийлик мавжуд. Ҳозирги кунда тарихни синфийлик, партиявийлик каби тамойиллар асосида ўрганиш ва даврлаштириш инкор этилгани каби, уларни цивилизацион ёндашув асосида ўрганиш ҳам аниқ бўлиб қолди. Цивилизацион ҳодисаларни коплекс- тизимли ёндашув асосида ўрганиш бизга ғоя ва мафкураларнинг ривожланиш тарихини даврлаштиришда тўғри йўл танлашга имкон бермоқда.

Агар масалага шу асосда ёндашадиган бўлсак, унда Ўзбекистонда ғоя ва мафкуралар ривожланишини қуйидаги цивилизацион ёндашув асосида ўрганиш мумкин:

1. Ибтидоий жамият ;

2. Ўрта асрлар даври;

3. Хонликлар даври;

4. Чор Россияси мустамлакачилиги даври;

5. Совет мустабид тизими даври;

6. Миллий мустақиллик даври.

Таъкидлаш лозимки, ҳар бир даврнинг ўзига хос ижтимоий тараққиётининг ўша босқичини ўзида мужассам этган ғоялари мавжуд бўлган. Масалан, ибтидоий жамиятда инсон ёввойиликдан маданийлашишга ўта бошлади, табиат сирларини ўрганиб ўзининг инсон эканлигини ҳис этиш билан боғлиқ ғоялар юзага кела бошлади.

Мустамлакачилик ва совет мустабид тизими давридаги норасмий ғоя ва мафкураларнинг мазмунини асосан мустақиллик ғояси, Ўзбекистонни том маънода истиқлолга эришишга йўналтирувчи ғоялар ташкил этганлигини ҳам қайд этиш лозим. Умуман, ғоя ва мафкуралар ривожланишининг тарихий босқичларини ёритишда цивилизацион ёндашиш миллий ғоянинг мазмун-моҳиятини тўғри англаб етишга имкон беради.

Ўзбекистонда барпо этилаётган жамият ҳусусида, унинг ғоявий-мафкуравий асослари тўғрисида фикрлашдан аввал мустақилликкача бўлган даврдаги ижтимоий-сиёсий тузум ҳақида айрим хулосаларни билдириш мақсадга мувофиқдир. Масалага бундай ёндашишнинг сабаби шундаки, совет мустабид тузими даврида Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга қўшилиш, ижтимоий тараққиётда умумжаҳон эътироф этган умумбашарий қадриятларга амал қилиш имкониятидан маҳрум бўлди.

Совет мустабид тузумининг ўзига хос ғоявий-мафкуравий асоси мавжуд бўлиб, унинг мазмун ва моҳиятини коммунистик мафкура ташкил этарди. Бундай мафкура ҳам ижтимоий-сиёсий, ҳам маънавий-мафкуравий, ҳам иқтисодий жиҳатдан жиддий чекланган эди. Унда демократия, инсон манфаатларини ҳурмат қилиш, фуқаро ҳуқуқларини ҳимоя этиш, ҳурфикрликнинг ривожланиши кабиумумбашарий қадриятларга асосланган ғоялар сохталаштирилган эди.

Инсон манфаатларига мутлақо зид бўлган бундай мафкура бир неча ўн йиллар мобайнида дунёнинг кўплаб мамлакатларида ноинсоний тажрибалар ўтказди. Ўша даврда «совет маданиятини яратиш», «шаклан миллий, мазмунан социалистик, руҳан байналминал маданият барпо этиш», «кишиларнинг янги тарихий бирлиги - совет кишисини тарбиялаш», «социализм ривожланиб боргани сари синфий курашнинг кучайиб бориши» тўғрисидаги ғайриилмий хулосалар совет турмуш тарзининг ғоявий- мафкуравий асослари эди.

Жамиятда содир бўлаётган ҳар бир ижтимоий ҳодиса, воқеага синфийлик ва партиявийлик нуқтаи назаридан муносабатда бўлиш туфайли собиқ СССРдаги барча республикалар қатори Ўзбекистон ҳам жаҳон ҳамжамиятидан ажралиб қолди. Натижада мамлакатда коммунистик мафкуранинг якка ҳокимлик тизими юзага келди. Фикрий ривожланишда ғоявий-мафкуравий боқимандалик авж олди, ҳурфикрликка «сиёсий саводсизлик», «ғоявий камбағаллик», «миллатчилик» сингари ёрлиқлар билан зарба берилди.

Табиийки, 70 йилдан ортиқ давр мобайнида олиб борилган бундай ишлар ўзининг натижасини кўрсатмай қолмайди. Жамиятда ижтимоий барқарорлик, воқеа-ҳодисаларга нисбатан бефарқлик, лоқайдлик юзага келди. Одамларда эртанги кунга ишонч йўқолди. Айниқса, ўтган асрнинг 80-йилларидаги «қайта қуриш» давридан бошлаб ҳар қандай «изм» ларга кишиларда ишонч йўқола борди. Ғоявий-мафкуравий субитсизлик эса ғоявий-мафкуравий бўшлиқнинг юзага келишига сабаб бўлди. «Шўро даврининг мафкураси, коммунистик дунёқараш, - деган эди Ислом Каримов, - агарки аслини суриштирсангиз, моҳият эътиборига кўра, бизнинг турмуш тарзимизга халқимизнинг табиатига тамоман бегона эди. Шунга қарамасдан, кишиларнинг онгига мажбурий сингдирилган бу сохта таълимотнинг салбий таъсири ҳануз сезилиб туради. Афсуски, биз бу сарқитлардан ҳали буткул ҳалос бўла олганимиз йўқ»[12]Ўзбекистонда янги барпо этиладиган жамият олдида шу эскича кайфият ва дунёқарашни бекор қилиш вазифаси турар эди. Янги жамият барпо этиш, шак-шубҳасиз, Ислом Каримов номи билан боғлиқдир. Бундай жамият барпо этишнинг концепцияси бирданига юзага келгани йўқ. Янги жамиятни қуриш назарияси ва амалиёти изчил равишда, тадрижий ҳолатда, миллий хусусиятларга ҳамда жаҳон амалиётидаги илғор тажрибага асосланган вазиятда пайдо бўлди. «Бугун биз янги давлат, янги жамият қураётган эканмиз, - дейди И.Каримов, - бу тизимда ижтимоий - сиёсий муносабатлар, одамларнинг онги ва тафаккури ҳам ўзига хос, шу билан бирга, мутлақо янгича маъно касб этиши шубҳасиз. Аввало, шахс билан давлат, инсон билан жамият муносабатлари батамом янгича мазмун ва шакл топиши, янги хусусиятлар, янги тамойилларга асосланиши керак»[13]Ислом Каримовнинг асарлари, нутқларида миллий тикланиш масаласига концептуал-назарий жиҳатдан тамомила янгича тарзда муносабатда бўлинди. Таъкидлаш лозимки, Президентнинг бу борадаги концепцияси собиқ совет мустабид тизими ва унинг мафкурасининг сиёсий-ғоявий жиҳатдан чекланганлик моҳиятини очиб беришдан бошланди.

Айниқса, И.Каримовнинг совет мустабид тизими давридаги ҳукмрон мафкура ва таълим тизими тўғрисида фикрларини англаб етиш ўша даврнинг моҳиятини билиш учун жуда керак эди. «Бизга мерос бўлиб қолган таълим-тарбия тизимининг маълум бир маъқул жиҳатлари билан бир қаторда унинг энг номақбул томони шундан иборат эдики, - дейди И.Каримов, - ўқув жараёнида ўқувчи ва талабаларни мустақил ва эркин фикрлашга йўл қўймаслик, ҳар қайси ўқув юртини битирувчиларнинг билимига қараб эмас, аввало, уларнинг собиқ совет тузумига ва сохта ғояларга садоқатини ҳисобга олиб баҳолаш ва ҳаётга йўллаш тамойили асосий ўринни эгаллар эди. Кўп жойларда сифат ўрнига сон кетидан қувиш устунлик қиларди. Кўпчилик ҳақиқий билим ёки малака орттириш мақсадида эмас, амал-тақал қилиб дипломли бўлиб олиш илинжида техникум ёки институтларга кирар эди. Бу тузумдан бизга қолган мерослар ичидаги шунга ўхшаган салбий асоратларни, афсуски, ҳозир ҳам сезиб турибмиз»[14]Дарҳақиқат, совет мафкураси манфаати учун мустақил фикрлайдиган, сиёсий онги ва маданияти кучли шахснинг кераги йўқ эди. Чунки бундай шахс ғоявий-мафкуравий жиҳатдан боқимандалика маҳкум этилган бўлиб, уни бошқариш осон бўларди. И.Каримов томонидан совет мустабид тизими мафкураси мазмун-моҳиятининг очиб берилиши шу нуқтаи назардан ғоят муҳимдир.

И.Каримовнинг бу масалаларга доир назариясининг икки жиҳати бор: 1. Тарихни билмасдан юксак маънавиятга эришиш мумкин эмас. 2. Маънавий жиҳатдан суст одамда тарихни ўрганишга эҳтиёж бўлмайди. Бундан ташқари, инсондаги барча яхши сифатлар, айниқса унинг иродаси тарих орқалигина шаклланиши мумкинлигига кенг эътибор берилди. Шунингдек, тарих инсонни тарбиялайди, уни ҳушёрликка чақиради, «жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ўтмишини яхши билса, бундай одамларни йўлдан уриш, ҳар хил ақидалар таъсирига олиш мумкин эмас. Тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка ўргатади, иродасини мустаҳкамлайди»[15]Ислом Каримовнинг миллий тикланиш концепциясида жамият ижтимоий тараққиётига таҳдид солаётган ғоялар, мафкуралар, уларга қарши курашиш зарурлиги кўрсатиб берилган. 80-йилларнинг охирида Ўзбекистонга кириб кела бошлаган ва мамлакатимизга ўзини «дўст», «диндош», «миллатдош» сифатида кўрсатганларнинг ҳақиқий ғоявий-мафкуравий қиёфасини кўрсатиб, уларга қарши жиддий курашиш лозимлигини алоҳида таъкидлаган.

Шундай қилиб, И.Каримов Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётига ХХ асрнинг 90-йилларидажадал кириб келган диний фундаментализм, экстремизм ва халқаро терроризмнинг мазмун-моҳиятини очиб берди. Айни пайтда ушбу концепцияда мазкур масаланинг икки томонига эътибор берилди. Биринчиси, диний фундаментализм, ақидапарастлик ва халқаро терроризм фақат ислом динига тааллуқли эмас. Бундай салбий ҳолатлар бошқа динларга ҳам тегишли эканлиги қайд этилди. Бу билан ислом динининг софлиги сақланди. Иккинчи томондан, бундай салбий ҳолатларга қарши курашишнинг ягона йўли - фуқароларда ғоявий иммунитетни шакллантириш ва у орқали одамларни ғоявий, маънавий-руҳий тарбиялаш, уларни миллий ғояга ишонтириш, уюштириш ва сафарбар этиш зарурияти ҳамда йўл-йўриқлари кўрсатилди.

И.Каримовнинг бу борадаги назарий қарашларида диний экстремизм, фундаментализм ва халқаро терроризмга қарши курашишда кишиларнинг иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш, мустақил фикрга эга бўлган баркамол авлодни тарбиялаш, миллий-маданий меросни асраш ва амалий фаолиятда унга суяниш кабилар ўз аксини топди.

И.Каримовнинг миллий тикланиш концепциясида миллий ва умуминсоний манфаатлар уйғунлигини қарор топтиришга алоҳида аҳамият берилди. Дарҳақиқат, ижтимоий ривожланишнинг асоси миллий ва умуминсоний манфаатлар уйғунлигидадир. Хоҳ ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий, хоҳ маънавий-маърифий соҳада бўлсин, И.Каримов мазкур манфаатлар нисбатини тўғри олишга ҳаракат қилган.

Масалан, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар истиқомат қилаётган бўлса, 100 дан ортиқ миллиймаданий марказлар фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида қўлга киритилган энг катта ютуқ ҳам жамиятда миллатлараро муносабатларда барқарорликни таъминлаш бўлди. Барча миллат ва элат вакилларининг тенг ҳақ-ҳуқуқ ва имтиёзларга эга бўлиши, улар манфаатларининг Конституцион асосда муҳофаза этилиши мамлакат тараққиётида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Юртимизда шаклланиб, ривожланаётган миллий ғоя барча миллатларнинг манфаатларига мос. Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик Ўзбекистондаги барча миллат ва элат вакилларининг ғояси бўлиб қолмоқда.

И.Каримовнинг миллий тикланиш концепциясида, бир томондан миллий, бошқа томондан умуминсоний манфаатларни ҳимоя қилишга эътиборнинг кўплиги Ўзбекистоннинг буюк келажагига ишорадир. Умуман, мазкур концепция иқтисодиётда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, сиёсий соҳада инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, ижтимоий соҳада инсон омилини кучайтириш, пировард мақсадда мустақилликни авайлаб-асрашнинг йўл-йўриқларини илмий жиҳатдан асослаб берганлиги учун ҳам қадрлидир.

Миллий ғоя эса ҳеч қачон Ватандан ташқарида илдиз отмайди ва ривожланмайди. Шу сабабли Ватаннинг равнақига хизмат қилмайдиган ғоя ҳеч қачон миллий ғоя бўлолмайди. У Ватан равнақини белгилаб берадиган тамойилларни ўзида акс эттирсагина куч-қудрат манбаига айланади.

Шўролар даврида «миллатчи», «аксилинқилобчи» деб аталган зиёлилар олиб борган ҳаракатлар ҳам миллий озодликни қўлга киритишга уриниш, адолат ва ҳақиқатга эришиш йўлида олиб борилган кураш десак тўғри бўлади. Бу курашларда халқимиз кўп жафо чекди, минглаб ватандошларимиз жаҳолат қурбонлари бўлди. Ўша даврда миллий манфаат ватанга, она заминга меҳр–муҳаббат деган ҳис – туйғулар аста – секин сўндирила бошлаган эди. «Ватан» тушунчаси эса мавҳум бир умумий ҳолга келиб қолганди. Ҳамма нарса – «Умумсовет» манфаатига қаратилганди. Ҳар бир миллат, халқ минг йиллардан буён яшаб келаётган ўз ватани учун қайғуришга ҳақли эмасди. Охир оқибат шунга етдики, собиқ Иттифоқ даврида бу мамлакатда яшаётган халқлар, шу жумладан ўзбеклар ҳам ўз ватанида беватан бўлиб яшашга мажбур бўлдилар.

Мустақиллик туфайли биз ўзимизнинг ҳақиқий ватанимизни топдик. Бу мустақилликнинг бизга берган олий неъматидир. Ватани мустақил халқнинг ўзи ҳам мустақил бўлади. Юрти озод ва эркин одамнинг тақдири ўз қўлида бўлади.



[1]Қаранг: «Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар. -Т.: Ўзбекистон. 2000. – Б. 14-15

[2]Каримов И.А. «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» -Т.: Ўзбекистон, 1997. – Б. 53.

[3]Каримов И.А Ҳушёрликка даъват. «Fidokor», 1999 йил 29 июнь.

[4]Нурматов М. Эзгулик ва гўзаллик салтанати «Халқ сўзи», 1999 йил 22 январ.

[5]Қаранг: Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш вакучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиз. «Халқ сўзи», 2010 йил 28 январь.

[6]Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар. –Т.: Янги аср авлоди, 2001. – Б. 78-81.

[7]Қаранг: Алимова Д., Голованов А. ХХ аср – муаррих нигоҳида. “Халқ сўзи”, 2002 йил 25 июнь.

[8]Қаранг: Алимова Д. Тарих миллат мураббийси. «Халқ сўзи», 2000 йил 9 ноябрь

[9]Қаранг: Мустақиллик изоҳли илмий-оммабоп луғат. –Т.:Ўзбекистон, 1998. –Б. 237.

[10]Каримов И. А. Жамиятимиз мафкураси халқни- халқ, миллатни- миллат қилишга хизмат қилсин. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. Т.: Ўзбекистон, 1999. –Б. 99.

[11]Каримов И.А. Жамиятимиз мафкураси халқни - халқ, миллатни – миллат қилишга хизмат этсин. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. Т.: Ўзбекистон, 1999. –Б. 89.

[12]Каримов И.А. Жамиятимиз мафкураси халқни-халқ, миллатни-миллат қилишга хизмат этсин. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. Т.: 1999. Б. 89..

[13]Каримов И. А. Миллий истиқлол мафкураси-халқ эътиқоди ва буюк келажакка ишончдир. –Озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. Т.8. Т.: Ўзбекистон, 2000. –Б. 489.

[14]Каримов И.А. Жамиятимиз мафкураси халқни - халқ, миллатни- миллат қилишга хизмат этсин. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. Т.: Ўзбекистон, 1999. –Б. 94. 8.

[15]Каримов И. Тарихий зотирасиз келажак йўқ. - Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. Т.: Ўзбекистон, 1999. –Б. 137.

Киритилди: 2020-05-30 18:05:40; Ўқилди: 4158 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!