Душанба, 25 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоя ва демократия / Фуқаролик жамияти

Ўз-ўзини бошқариш органлари

Категория: Миллий ғоя ва демократия – Фуқаролик жамияти;
Муаллиф: Яхшиликов Ж. Я.

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгандан сўнг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли – фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан боришни бош вазифа қилиб қўйди.

Чунки фуқаролик жамиятини барпо этиш, биринчи навбатда, кенг халқ оммасида ўз ҳақ-ҳуқуқларини танийдиган, ўз куч ва имкониятларига таянадиган, атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мустақил муносабат билан ёндаша оладиган интеллектуал қобилият, фазилатларни шакллантиришни тақозо этади. Шунинг учун ҳам И.А.Каримов таъкидлаганидек, “Ислоҳотларнинг муваффақияти, авваламбор, мамлакатимизни янада демократлаштириш ва либераллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз суръатига, фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигига, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятининг юксаклигига ... биринчи навбатда етуклик даражасига, уларнинг Ўзбекистонимиз тақдири ва келажагига дахлдор бундай улкан маъсулиятли ваколатларни ўз зиммасига олишга қай даражада тайёр эканига бевосита боғлиқдир[1]

Дарҳақиқат, мустақиллик асосида қўйилган мақсадлар амалга оширилиб борилмоқда. Мустақиллик деганда инсоннинг маълум ҳудудда ҳуқуқий томондан ҳимоя қилинган, эркин, озод, бирон-бир тазйиқсиз ҳолда яшашини тасаввур этиш лозим. Шу нуқтаи назардан қаралганда, қурилаётган фуқаролик жамиятининг моҳият-мазмунини мустақиллик маънавияти ташкил этади.

Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида унинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маънавий асосларини эътиборга олишни ҳаётнинг ўзи тақозо этади. Унинг иқтисодий замини бозор муносабатларига ўтилиши муносабати билан моддий ноз-неъматлар ишлаб чиқарилаётган саноат корхоналари давлат тасарруфидан чиқарилиб хусусийлаштирилганлиги, нодавлат ташкилотлар тузилганлиги, акционерлик, кооператив ва бошқа шунга ўхшаш уюшмаларнинг вужудга келиши натижасида одамлар ўртасидаги муносабатлар тизимида ўзгаришлар юз берди. Чунки, бозор муносабатларига ўтишдан кўзланган мақсад – иқтисодий ислоҳотларни ўтказиш бўлибгина қолмай, балки шу билан бир қаторда янги қадриятларни шакллантириш, одамлар фаравонлигини сифат жиҳатдан тубдан юқори даражасига эриштиришдир. Инсонга муносиб ҳаёт шароитини, унинг ўзини намоён қила олиши учун барча имкониятларни яратиш иқтисодиётнинг ва фуқаролик жамиятининг олий мақсадидир.

Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини барпо этишнинг ижтимоий асоси бевосита инсон эркинлигини, озодлигини таминлайдиган моддий-иқтисодий, ижтимоий турмуш тарзлари юксак даражада ривожланган бўлиши билан бевосита боғлиқдир. Гарчи фуқаролик жамиятида инсон ўзи онгли бошқарувни амалга оширса ҳам унинг жамият олдидаги маъсулиятини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Маъсулият, биринчидан, жамият аъзоларининг ўз фаолияти устидан онгли равишда назорат қилиб бориши, иккинчидан, фуқаронинг самарали фаолият юритишга замин ҳозирлаш маъносини англатади. Фуқаронинг тўлақонли озодлиги, эркинлиги унинг ижтимоий турмушдаги ҳуқуқий асослари батамом ўзгариши, ижтимоий муносабатларнинг эса умуминсоний қадриятлар асосида такомиллашиши билан боғлиқдир. Ижтимоий ҳаётда тўлақонли турмуш тарзи барпо этилгандагина фуқаролик жамият аъзоларининг эркин ривожланиши учун замин яратилган бўлади.

Италиялик жамиятшунос олим Роберт Патман олиб борган социологик тадқиқотларини умумлаштириб, ижтимоий ҳаётни демократлаштиришнинг ҳал қилувчи омили “Фуқаролик маданияти” эканлигини таъкидлаш билан бир қаторда, “қайси ерда тўлақонли ижтимоий ҳаёт бўлса, ўша ерда улар қўллаб-қувватланади”[2]- деган ғояни илгари суради. Бу – фуқаролик жамиятининг ижтимоий асосини ташкил этувчи объектив реалликдир.

Фуқаро жамиятнинг ижтимоий субъекти сифатида фаолият кўрсатар экан, у сиёсий ҳаётдан четда тура олмайди. Ҳар бир индивид келажакда фуқаролик жамиятининг ижтимоий организми сифатида яшаб фаолият кўрсатар экан, маълум ижтимоий гуруҳнинг сиёсий йўналиши қайси томонга бораётганлигини тўғри англаш лозим. Агар сиёсий йўналиш умуммиллий, умуминсоний қадриятларни ўз ичига қамраб олса, унда у фуқаролик жамиятининг мазмуни-моҳиятига тўғри келади. Ҳар бир индивид ёки шахс қайси ижтимоий гуруҳга мансуб бўлмасин, умуминсоний қадриятларни эъзозловчи ўз-ўзини бошқарувини амалга оширгандагина фуқаролик жамияти мазмунига мос келади. Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини барпо этишнинг маънавий асослари дейилганда, маънавият соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлар негизида мавжуд ҳурфикрлилик, ўзликни англаш, юксак ахлоқийлик, ватанпарварлик сингари фазилатларни англамоқ лозим.

Дарҳақиқат, фуқаролик жамияти қуришдек улкан вазифани амалга ошириш учун биринчи навбатда халқнинг маънавий, маърифий савиясини юксак даражага кўтаришни ҳаётнинг ўзи тақозо қилади. Президент И.А.Каримов таъкидлаб ўтганидек, “Халқимизнинг келажаги, энг аввало, унинг ўзига, маънавий қудратига ва миллий онгнинг ижодий кучига боғлиқдир. Маънавийлик ва маърифийлик халқимизнинг кўп асрлик тарихи давомида доимо унинг энг кучли, ўзига хос хусусияти бўлиб қолди”[3]Демак, фуқаролик жамияти қуришни юксак маънавиятсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Фуқаролик жамиятини қуриш жараёнида фуқароларнинг ижтимоий бурчни ҳис эта оладиган даражада бўлишини ҳаёт тақозо этади. Бундай фуқаролик маъсулиятини шакллантирмай туриб келажакда адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам адолатли фуқаролик жамияти қуриш стратегияси инсон ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олувчи комплекс вазифаларни бажариш мустақил Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий бурчлари бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини барпо этишда инсон омили ролини янада кўтариш, унинг фаоллигини ошириш бевосита ўз-ўзини англаш ва онгли бошқариш интизомини, қонунчиликни мустаҳкамлашга боғлиқдир. Ўз-ўзини англаш ва ижтимоий бурчни ҳис этиш интизоми яхши йўлга қўйилган жамоаларда меҳнат унумдорлиги ошиб боради, соғлом ахлоқий-руҳий муҳит қарор топади, фуқаронинг фаоллиги ошиб, ижобий томонга қараб тараққий этиб бораверади. Фуқаро ижтимоий мавжудот сифатида жамиятда яшаб меҳнат қилар экан, у албатта тенгликка, эркинликка, адолат ўлчовига риоя қилган ҳолда моддий ва маънавий бойликларни бунёд этишга интилади. Бунда ижтимоий-иқтисодий фаоллик фуқаролик жамияти мазмунига мос келади.

Ўз даврида соҳибқирон Амир Темур “Камар бар миён ва сано бар забон” (“Белда камар ва тилда сано”) деганда биринчидан, иш ва сўз бирлиги, иккинчидан, адолатли ижтимоий ҳаёт қарор топиши мумкинлигини эътироф этган. Шунингдек, буюк аллома Баҳовуддин Нақшбанднинг “Дил ба ёру, даст ба кор” (“Қалб маъшуққа, қўл ишга”) деган ҳикматли фикри муҳим аҳамиятга эга. Бунда фуқаро жисмонан ҳалол меҳнат билан шуғуллангандагина турмуш тарзи барқарор равишда ривожланиб фаолият кўрсатиб бораверади.

Худди шундай ижтимоий-тарихий, маънавий ворисийлик асосида Ўзбекистонда XX асрга келиб фуқаролик жамиятини қуриш ғоялари шакллана бошлади. Бундай ғоянинг келиб чиқиши асослари шундан иборатки, манфаатлар гуруҳлари ўз аъзоларининг истак ва эҳтиёжларини ифода этиши учун ихтиёрий равишда тузиладиган ташкилотларга айлана бошлади.

Мустақиликка эришилганидан кейин халқнинг ўзини-ўзи бошқариш ҳуқуқларини кафолатлаш борасида бир неча қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йилда қабул қилинган янги таҳрирда “Фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қарори бунга яққол мисол бўла олади. Шу қарорда белгиланганидек, маҳаллаларда ўтказилаётган фуқаролар йиғилишлари асосида кам таъминланган оилаларда моддий ёрдам кўрсатиш, кўп болали оилаларга нафақа тайинлаш масалаларини ижобий ҳал этишда кўмаклашиш, оилаларини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратилган маблағлар ўз ўрнида фойдаланилиб келинмоқда.

Ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий соҳаларда фаолият кўрсатаётган нодавлат ва нотижорат ташкилотлари мажмуаси шаклланди. “Бугунги кунда мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларда 5100 зиёд нодавлат ва нотижират ташкилотлари фаолият юритмоқда”[4]Давлат мулкини хусусийлаштириш ижобий натижа бермоқда, чунки мазкур ташкилотларнинг фаолияти орқали аҳолининг эҳтиёжаларини, талабларини қондириш соҳасида ижобий натижаларга эришилмоқда.

Юртбошимиз давлат қурилиши ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнини эркинлаштириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаганидек, “Бу борадаги асосий вазифалар ҳокимият барча тармоқларининг бир-биридан мустақил ҳолда иш юритиш тамойилларини мустаҳкамлаш, ҳокимият ваколатларини нодавлат ва жамоат ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич ўтказа бориш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза этишни кучайтиришдан иборат”[5]

Фуқаролик жамиятини бошқариш жараёнида сиёсий интизом муҳим аҳамиятга эгадир. Сиёсий тартиб ва унинг умри адолатли қонун- қоидаларнинг маъно мақсадига, унинг адолатли ёки адолатсиз руҳига бевосита боғлиқдир. Бундай қонунлар бошқарувнинг, сиёсатнинг адолатли расм- русмлар ва тартиб- қоидаларнинг моҳиятини очиб беради.

Жамиятда яшаб фаолият кўрсатаётган ҳар бир фуқаро мавжуд қонунлар доирасида ўз шахсий хулосалари, хатти-ҳаракатини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга бўлади. Буни фуқаролик жамияти моҳиятидан келиб чиқадиган фуқаролик эркинлиги дейилади. Сиёсий эркинлик фуқароларнинг давлат бошқарувида у ёки бу даражада иштирок этиши билан белгиланади. Фуқаролик жамиятини шакллантиришда сиёсий партияларнинг ўрнини белгилашни эътироф этишни талаб қилади. Кўппартиявийликка асосланган ижтимоий-сиёсий муносабатлар мажмуасигина фуқаролик жамияти қуриш учун шарт-шароитлар яратади. Ҳар бир мамлакатдаги давлат, ҳукумат ва парламентни шакллантиришда сиёсий партияларнинг қандай мавқега эгалиги, бу жараёнлардаги иштирокининг фаоллик даражаси айни пайтда демократия меъёрларини белгилаб бермоқда. Шунингдек, фуқаролик жамиятига хос бўлган плюралистик дунёқарашни шакллантиришда хилма-хил мафкуралар ва маданиятнинг ролини эътибордан четда қолдирмаслик керак.

Ҳозирги фуқаролик жамиятини қуриш шароитини кўп фикрлиликка, ҳурфикрлиликка асосланган мафкура асосида Ўзбекистон фуқаролари эркин, озод фаолият олиб бормоқдалар. Хулоса қилиб айтганда, фуқаролик жамиятини барпо этишнинг асосий йўналиши ва тамойиллари дейилганда фуқароларнинг эркинлигини, тенглигини, фаровонлигини таъминловчи шарт-шароитларни яратиб берувчи объектив омиллар, унинг ижтимоий, сиёсий ва маънавий асослари деганда, ўзликни англаш, ўзини-ўзи бошқариш, нодавлат, нотижорат, жамоат ташкилотларини фаолият олиб бориши каби ижтимоий-сиёсий қадриятлардан иборат эканлигини эътироф этиш керак. Юртбошимиз такидлаганидек, “Фуқаролик жамиятини мустаҳкам асосларини барпо этиш йўлидаги ишларимизнинг мазмун-моҳиятини айнан мана шу масала ташкил этади”

[6]Фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнида ўз бошқариш ва жамоат ташкилотларининг фаолият кўрсатиш ҳар бир фуқаронинг хоҳлаган гапни гапириш, хаёлига келган ишни қилавериш маъносини англатмайди. Чинакам демократияга асосланган фуқаролик жамиятида ҳар бир фуқаро ўзликни англаган ҳолда, ақл-идрок, бой маънавий савия, маданий-ахлоқий кўникмаларга эга бўлишини талаб этади. Бундай ижтимоий жараённинг боришида Шарк билан Ғарбнинг ўзига хос хусусиятларига эга эканлиги эътироф этишини ҳаёт тақозо этади. Чунки ҳар бир халқнинг фикрлаш даражаси, воқеа ва ҳодисаларга муносабати, уни баҳолаш мезони ўзининг тархий келиб чиқиши, қадимий анъаналар асосида шаклланган турмуш тарзи ва табиати билан белгиланади. Масалан, Ғарб демократиясида очиқдан-очиқ муносабат бўлса, Шарқ демократиясида эса аксинча – андишалилик, босиқлик мавжуд. Ғарбда ота-онасини сансираш бўлса, Шарқда ўзидан катталарга, раҳбарларга нисбатан ҳурмат, эҳтиром билан қараш, муносабатда бўлиш, Ғарбда у ёки бу масала юзасидан фикр юритишда юз хотир қилмай гапириш, Шарқда эса мулоҳаза юритиш жараёнида иймон, ақл заковот билан иш тутиш анъаналари мавжуд. Демак, ҳар бир халқнинг ўз қадриятлари, эзозлайдиган ўзлигини белгилайдиган мезонлари бор. Худди ана шу қадриятлар ва мезонларни эътиборга олган ҳолда фуқаролик жамиятини барпо этиш жамият тараққиётининг объектив қонунларидан келиб чиқадиган ҳақиқатдир. Жамиятшунос олим Н.Жўраевнинг тўғри қайд қилганидек, “Ўз миллий давлатчилик тажрибаларимиз ва анъаналаримизга таъниб ҳар қандай шароитда ҳам босиқлик ва ақл-идрок билан иш тутиш – президент И.Каримов сиёсий йўлининг, иш услубининг бош концепцияси ҳисобланади”[7]

Ўзбекистонда демократик, эркин, фуқаровий жамият қуришнинг президент И.Каримов томонидан ишлаб чиққан беш тамойили ҳам м аданий давлат барпо этишнинг моҳият ва мазмунини ташкил этади. Улар қуйидагалардан иборат:

биринчидан, Иқтисодий ислоҳотлар ҳеч қачон сиёсат орқасида қолмаслиги керак, у бирор мафкурага бўй сўндирилиш мумкин эмас. Бунинг маъноси шуки, иқтисодиёт сиёсатдан устун туриши керак. Ҳам ички, ҳам ташқи иқтисодий муносабатларни мафкурадан холи қилиш керак;

иккинчидан, давлат бош ислдоҳотчи бўлиши керак. У ислоҳотларнинг устивор йўналишларини белгилаб бериш, ўзгаришлар сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни изчиллик билан ўтказиш, жаҳолатпарастлар ва консерваторлар қаршилиги бартараф этилиши шарт;

учинчидан, қонун, қонунларга риоя этиш устувор бўлиши лозим. Буни маъноси шуки, демократик йўл билан қабул қилинган янги конститутция ва қонунларни ҳеч истисносиз ҳамма ҳурмат қилиши ва уларга оғишмай риоя этиши лозим;

тўртинчидан, аҳлининг демографик таркибини ҳисобга олган ҳолда кучли ижтимоий сиёсатни ўтказиш. Бозор муносабатларини жорий этиш билан бир вақтда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш юзасидан олдиндан таъсирчан чоралар кўрилиши лозим. Бу бозор иқтисодиёти йўлидаги энг долзарб вазифа бўлиб қолди ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Бешинчидан, бозор иқтисодиётига ўтиш объектив иқтисодий қонунларнинг талабларини ҳисобга олган ҳолда, “ўтмишдги инқилобий сакраш”ларсиз, яъни тадрижий йўл билан, пухта ўйлаб, босқичма-босқич амалга ошириш керак.

Бу ўтиш даврининг беш тамойили И.А.Каримовнинг “Ўзбекистоннинг ўз истиқлоли ва тараққиётининг ўзига хос йўли” (Т., 1992 й) асарида ўз аксини топган бўлиб фуқаролик жамиятини барпо этишда асосий негиз бўлиб хизмат қилади.

Ўтиш даврининг дастлабки босқичларида демократик ва сиёсий ислоҳотларнинг боришини умумий баҳолаб, айтиш мумкинки, Ўзбекистон бу масалага алоҳида ёндашмоқда. Давлат барпо этишдаги бизнинг ўзига хос йўлимиз ҳудудимизда тарихан таркиб топган кўп миллатли жамият тизимини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш ҳамда ана шу омилдан демократик, ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти барпо этишдан иборат пировард мақсадни кўзловчи вазифаларни амалга ошириш ғоясига асосланган.

Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини барпо этиш фақатгина сиёсий, ҳуқуқий ёки ижтимоий ҳаётни эркинлаштириш билан чегараланиб қолмай, балки у маънавий ахлоқий баркамолликни ҳам ўз ичига қамраб олади. Чунки эркинлик, озодлик, адолатли ҳаёт кенг маънодаги тушунча эканлигини англаш биринчи навбатда ахлоқли, одобли, маънавий баркамол бўлишлик асосида ўзликни англаш деган маънони англатади. Фуқаролик жамияти ҳаммани бўйсундирмаслик, ҳаммани забт этмаслик, ўз ҳолига ташлаб қўйиш деган бошқарув бўлмасдан, балки у ақл-идрокка бош эгиши инсоний қадр қиммат, ахлоқий-маънавий қадриятларга умуминсоний мезони асосида муносабатда бўлишни ҳаёт тақозо этади. Ана шундан келиб чиққан ҳолда энг аввало фуқароларни соғлом фикрлар ва шаклланган ақл-идрокли бўлиши учун замин ҳозирлашимиз лозим. Ўзбекистондаги турли халқлар ва миллатларнинг умумий ғоя ва истиқлол мафкураси атрофида бирлашиш ниҳоятда катта аҳамият касб этади ва Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси томон ривожланишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Миллийлик, умуминсонийлик ғояларини уйғунлаштириш ва янада такомиллаштириш муайян халқларга тегишли маданиятнинг ўзига хослигини сақлайди.

Фуқаролик жамияти шаклланиши ва ривожланишини тадқиқ қилиш ҳозирги даврнинг ғоят долзарб масаласи ҳисобланади. Юртбошимиз томонидан илгари сурилган “Кучли давлатдан, кучли фуқаролик жамияти сари” ғояси муҳим назарий методологик асос бўлиб хизмат қилади.

Фуқаролик жамияти шундай жамиятки, унда аҳолининг бирон-бир гуруҳи бошқа бир гуруҳни ўзига бўйсундира олмайди, шунингдек, эркаклар билан аёлларни бир-бири билан боғлаб турувчи кўплаб ижтимоий, фуқаровий, диний, иқтисодий, маданий алоқа ва муносабатлар янада ривожланади. Фалсафа энциклопедик луғатда таъкидланишича, “Фуқаролик жамияти – конституциявий ҳуқуқ назариясида ва демократияга асосланган ижтимоий ҳаётнинг зарур оқилона усули: инсонга унинг иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаёти шаклларини эркин танлаш кафолатланадиган, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари қарор топадиган, кўп партиявийлик, сиёсий институтлар, мафкура ва фикрлар хилма-хиллиги таъминланадиган ҳамда ўзини-ўзи бошқариш органларининг мавқеи баланд бўлган ижтимоий тузумдир”[8] Луғатда берилган бу таъриф кенг бўлиб, фуқаролик жамиятининг ҳамма жабхаларини қамраб олган. Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғатида, “фуқаролик жамияти – жамият тараққиётининг аввалги босқичларида давлат ҳокимияти органлари бажариб келган талай вазифаларнинг жамоат ташкилотлари зиммасига ўтиши, давлат фаолияти устидан ижтимоий назорат ўрнатилиши”дир.[9]Дарҳақиқат, бу таъриф мантиқан тўғри бўлиб, фуқаролик жамияти ривожланган сари давлат ўзининг функцияларини қуйи жамоат ташкилотларига берилиб борилади.

Фуқаролик жамияти жамиятнинг энг юқори шакли ҳисобланиб у ўз ичига турли “уюшмалар”нинг таркибий қисмларининг (оила, корпарация кабилар) қамраб олади. Улар ўз моҳиятига кўра жамиятдаги адолатлилик тамойилига асосланган ҳамжамият бўлишини ифода этади. Бу жамиятда ҳар бир киши ўзи учун олий фаровонлик топиши мумкин. Фуқаролик жамияти инсонни ва унинг улуғворлигини юксакликка кўтаради.

“фуқаролик жамияти” ва “жамият” тушунчалари айнан эмас. Жамият –бу кишилар умумийлиги, давлатнинг бутун белгиларини ўз ичига оладиган бирлигидир. Ўтмиш тарихнинг гувоҳлик беришича, фуқаролик жамияти давлатнинг вужудга келиши билан юзага келади ва шаклланади. Унинг мавқеи ва мазмун –моҳияти демократия даражасига мувофиқ белгиланади. Демократик жамият тузуми ва фаолиятида демократик тамойиллар ва меъёрлар қанчалик тўла ва чуқур мужассам бўлса фуқаролик жамиятининг фаолияти ҳам шунчалик кенг, унинг давлат билан алоқалари хилма-хил бўлади. Агар давлат фуқаролик жамияти манфаатларидан узилиб қолса, унда албатта инқирозга учрайди ва бора-бора йўқолади. Ҳар бир давлатда демократия ва фуқаролар жамиятининг тенглик даражаси фуқароларнинг сиёсий ва жамият ташкилотларининг таъсири ва тараққиёти даражаси билан белгиланади.

Демократик тузум фуқаролик жамиятининг биринчи босқичи бўлиб, ҳисобланади. Чунки демократияни Президент ёки ҳукумат бирор фармон ё қарор билан, парламент бирор қонун билан ўрнатиб бермайди. Уни худди фуқаролик жамиятидай халқ ўзига ақл-идрок билан яратади. Демократияни англаш – шахснинг ҳамма учун бирдай зарур бўлган қонунларга тўла риоя этиши, аниқ тартиб интизомга таяниб яшаш салоҳияти. Демократия бизга инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган, умумхалқ ва умумдавлат манфаатларини асрайдиган барча қонунларга бўйсуниб яшашни ўргатади.

Фуқаролик жамияти инсонни юксак улуғворлигини эъзозлаш муносабати билан ажралиб туради:

- шахс аҳолининг алоҳида гуруҳлари ва давлатдан мустақиллиги;

- ташкилий яхлитлик, бир бутунлик;

- двлат томонидан ҳимоя қилинадиган ҳуқуқларга асосланган “корпаративлик”;

- лебераллашиш билан боғлиқ жараён ёки ҳодиса;

- демократик натижалари асосида иш тутиш;

Ғарб олими Майкл Волзер фуқаролик жамияти билан демократиянинг ўзаро алоқадорлигини санъаткорона ифодаланган эди: “фақат демократик давлатгина демократик фуқаролик жамиятини тузишга қодирдир”. “Фуқаролик жамияти” тушунчасининг илк илдизлари Аристотель ва Цицерон сингари кўҳна дунё файласуфларининг изланишларига бориб тақалади. Бу мутафаккирлар даврида “фуқаролик жамияти” тушунчаси “сиёсий жамият”нинг муқобили сифатида ҳам ишлатилган. Зеро қадим юнон ўлкасида оила, эътиқод, маърифат, маданият санъат, умуман ҳаётнинг барча қирралари сиёсийлаштирилган эди. Бунинг устига, алоҳида олинган шахс ўзини жамиятдан айрим ҳолда ҳис қилаолмас эди. Тарихда бундай қарашлар узоқ вақт яшаб келган. Европада фуқаролик жамияти тўғрисидаги илк ғоялар XVIII аср ўрталарида Т.Гоббснинг “Табиий ва сиёсий қонунлар унсурлари”, “фуқаро ҳақида”, шунингдек давлат ва ҳокимият ҳақидаги бошқа асарларида (“Левиафан”) ўз ифодасини топганидан кейин пайдо бўлди. Шу даврдан бошлаб фуқаролик жамияти долзарб ижтимоий-сиёсий тушунча сифатида такомиллашиб борди.

Т.Гоббс даставвал инсондаги табиийликни унинг ижтимоий сифатларига қарама-қарши қўяди. Бу пайтдаги қарашларда бошқариш бўлмайдиган, носиёсий, шу сабабли ижтимоийлашмаган жамият ва давлат қонунларига ёки ҳокимият, шунинингдек, сиёсатга бўйсунувчи ижтимоий борлиқдан айрим кенгликлар ҳам борлиги жой олган.

Фуқаролик жамияти тўғрисидаги янги қарашларнинг дастлабки муаммоларидан бири-уни табиийликдан ижтимоий-сиёсий асослаб беришга ўтишдан иборат бўлди. Бу даврда инсоннинг ўзини икки хил табиий ва ижтимоий келиб чиқиши тўғрисидаги қарашлар пайдо бўлган. Унга биноан, жамият, давлат ва унинг сиёсати табиийлик касб этиш лозим эди. Жамиятнинг ана шундай табиий бошланишини цивилизацияга эришганлик деб баҳолаш расм бўлди. Натижада цивитас – шаҳар, цивилатас – бошқарув, фуқаролик, давлат, сиёсат, фуқаролик жамияти (қадимги Римдагидек) тушунчасига ўтиш бошланди.

Фуқаролик жамияти ва давлат муносабатларини жуда мукаммал ишлаб чиққан сиёсатшунослардан кўзга кўринарлиси В.Гегелдир.

“Фуқаролик жамияти, - деб таъриф беради Гегель, - фаолияти қонун билан бошқариладиган шахслар, синфлар, гуруҳлар ва бошқа институтларнинг мажмуаси бўлиб, бу мажмуа тўғрисдан – тўғри сиёсий давлат бошқарувига боғлиқ эмас”. Гегель биринчилардан бўлиб, “давлат” ва “фуқаролик жамияти” ўртасида тафовутлар ва ўзаро боғлиқликлар мавжудлигини таъкидлаб, фуқаролик жамиятини инсон ўз меҳнати роҳатини ўзи топадиган жой, деб қарайди. Шунингдек, давлат инсонга бундай жамият қуриш имкониятини очиб беради, деган фикрни илгари суради. ХХ асрнинг 70 йилларидан бошлаб “фуқаролик жамияти” тушунчаси ер юзи бўйлаб кенг тарқалди. Ҳозирги даврда “сиёсий жамият” ва “фуқаролик жамияти” тушунчалари олимлар ва сиёсий арбоблар томонидан бир-бирига қарама-қарши қўйилишига зўр берилаётган бўлсада, улар этимологик жиҳатдан синоним бўлган тушунчалар ҳақида фикр юритаётгандек кўринади.

Ҳозирги замон илғор мамлакатларида барпо этилган фуқаролик жамиятлари тўғрисидаги тасаввурлардан келиб чиқадиган бўлсак, у ҳолда фуқаролик жамияти бу;

биринчидан, жамият ҳаёти фаолиятининг иқтисодий, ижтимоий ва маънавий соҳаларида ихтиёрий равишда шаклланган, бошланғич нодавлат тизимларини ўз ичига қамраб олган инсоний бирликлар;

иккинчидан, жамиятдаги иқтисодий, ижтимоий, оилавий, миллий, маънавий, ахлоқий, диний, ишлаб-чиқариш, шахсий ва нодавлат муносабатлар мажмуасидир.

Учинчидан, эркин индивидлар, ихтиёрий равишда шаклланган ташкилотлар ва фуқароларнинг турли органлар тазйиқлари, аралашишлари ёки бир қолипга солишларидан қонунлар воситасида ҳимояланган жамияти бўлиб, унда улар ўзлигини намоён қила олишлари учун имкониятларга эга бўладилар. Шу билан бир қаторда, ҳозирги даврда фуқаролик жамиятининг асосий белгилари шаклланди. Булар асосан қуйидагилардан иборат:

1. Иқтисодий соҳада: а) нодавлат ташкилотлар; б) копператив ширкатлар; в) ижара жамолари; г) акциядорлик жамиятлари; д) турли уюшмалар; е) корпарацияларнинг мавжудлиги.

2. Ижтимоий соҳада: а) оила; б) патиялар, жамоат ташкилотлари ва ҳаракатлар; в) иш ва яшаш жойларидаги ўз-ўзини бошқариш органлари; г) нодавлат оммавий ахборот воситалари; д) жамоатчилик фикрини аниқлаш, шакллантириш ва ифода этишнинг маданийлашган тартиботлари; е) ижтимоий ихтлофларни куч ишлатмасдан, тазйиқсиз, қонунлар доирасида ҳал қилиш амалиётининг мавжудлигидир.

3. Маънавий соҳада: а) сўз, виждон ва фикрлар эркинлиги; б) ўз фикрини очиқ билдира олишининг реал имкониятлари; в) Ижодий, илмий ва бошқа уюшмалар мусатақиллигининг ҳам қонуний, ҳам амалий жиҳатлардан таъминланганлиги.

Фуқаролик жамиятининг асоси-жамоат ташкилотлари ҳисобланади. Фуқарлик жамиятининг ривожланишида нодавлат нотижорат ташкилотларини ўрни беқиёс ҳисобланади. Юртбошимиз И.А.Каримов таъкидлаганидек “Бугунги кунда мамлакатимизда жамият ҳаётнинг турли соҳаларида 5100 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда ва бу кўрсаткич 2000 йилга қараганда 2,5 баробар кўпдир. Фуқаролар йиғинлари ва ўзини ўзи бошқариш органлари маҳаллалар сони 10 мингдан ортиқ ташкил этади. Булар қаторида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси”, “Соғлом авлод ассоциацияси” ва бошқа жамоат ташкилотларини санаб ўтиш мумкин. Бундай ташкилотларнинг обрўси ошиб, мустаҳкамланиб борган сари фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги роли тобора ортиб бормоқда”[10]Шу билан бир қаторда фуқаролик жамиятининг ўзига хос хусусиятларидан бири – бу нодавлат тизимдаги барча жамоат ташкилотларига аъзоликнинг ихтиёрий шаклда бўлишидир. Бу қоида, биринчидан, шу жамиятдаги демократиянинг юқори даражасини намоён қилса, иккинчидан, жамият аъзоларининг ижтимоий онги ва фаолликлари юксаклигини билдиради. Энг муҳими, ҳар бир фуқаро ўзи кирмоқчи бўлган ташкилот фаолиятида ўзининг манфаатлари ва эҳтиёжларига мос мақсадларга эришишига ишонч ҳосил қилгандан сўнггина шу ташкилотга ихтиёрий равишда аъзо бўла олади. Шу билан бир қаторда, ҳар бир инсон жамиятдаги ўз ўрнини билиши, ўзини жамиятнинг ажралмас қисми деб билиши лозим.

Фуқаролик жамияти ҳар доим у ёки бу мақсад ва ғоялар учун аҳолини жипслаштириб, бирлаштириб келган. Фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида нодавлат ва жамоат ташкилотларини ривожлантиришдан мақсад ҳам жамият аъзолари манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ва ҳимоя қилишдан иборат. Шунинг учун ҳам нодавлат, нотижорат ташкилотлари Юртбошимиз И.А.Каримов таъкидлаганларидек, “фақат хайрия ва мурувват масалаларига айланиб қолмай, яна бош вазифа – энг аввало, демократик қадриятларни, кишиларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдан”[11]иборатдир.

Хуллас, нодавлат ва жамоат ташкилотларининг ривожланган тизими жамиятда манфаатлар уйғунлигини қарор топтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилиш лозим. Бу ўз йўли билан давлат тузилмалари фаолиятини ҳам муайян маънода тўлдириб, бутун жамиятда маълум бир мувозанатни таъминловчи восита сифатида ҳам бажаришга олиб келади. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “фуқаролик жамиятининг мустаҳкамлаш асосларини барпо этиш йўлидаги ишларимизнинг мазмун-моҳиятини ҳам айнан мана шу масала ташкил этади”[12]Фуқаролик жамияти қуришдек улкан вазифани муваффақият билан амалга ошириш учун биринчи навбатда халқимиз истиқлол мафкурасини, маънавий, маърифий савиясини юксак даражада кўтариш зарур. Юртбошимиз И.А.Каримов “Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” асарида таъкидлаганидек, “Халқимизнинг келажаги, энг аввало, унинг ўзига, маънавий қудратига ва миллий онгнинг ижодий кучига боғлиқдир... Маънавийлик ва маърифийлик халқимизнинг кўп асрлик тарихи давомида доимо унинг энг кучли, ўзига хос хусусияти бўлиб қолди”[13]Демак, фуқаролик жамияти қуришни баркамол интеллектуал маънавиятсиз тасаввур қилиб бўлмайди. ХХI асрда Ўзбекистон Республикаси давлати, ҳукумати ва халқи илғор, ривожланган мамлакатларда фуқароларга эркинлик бағишланган, шахснинг эркин камол топиши учун барча шарт-шароитларни яратган, жамиятнинг ҳамма жабхаларини демократлаштиришга қаратилган фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан дадил қадам ташлаб бормоқда.



[1] Каримов. И.А. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси. Тошкент, “Ўзбекистон”, 2010 йил, 15-бет.

[2] Қирғизбоев М. Фуқаролик жамияти: сиёсий партиялар, мафкуралар, маданиятлар.Тошкент, “Шарқ”,1998, 11-бет.

[3] Каримов И.А. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. Тошкент, “Ўзбекистон”, 1997 йил, 151-бет.

[4] Қаранг: Каримов. И.А. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси. Тошкент, “Ўзбекистон”, 2010 йил, 42-бет.

[5] Каримов И.А. Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. Тошкент, “Ўзбекистон” 1997, 17- бет.

[6] Каримов И.А. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. Тошкент, “Ўзбекистон” 2000, 16- бет.

[7] Жўраев Н. Агар огоҳ сен....Т., Шарқ нашриёти. 1998, 55-б

[8] Фалсафа. Энциклопедик луғат. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Т., 2004 288-б

[9] Маънавият изоҳли луғати “Ғафур Ғулом номидаги матбаа ижодий уйи” Т., 2009, 596-б

[10] Каримов И.А. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси. Т., “Ўзбекистон” 2010, 42 б

[11] Каримов И.А. Ўзбекистон ХХI асрга интилмоқда. Т., 1998, 22-б

[12] Каримов И.А Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – провард мақсадимиз. Т., 1995, 16 б

[13] “Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. Т., “Ўзбекистон”, 1997, 151-б

Киритилди: 2020-05-25 13:13:17; Ўқилди: 3413 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!