Пайшанба, 2 апрель 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоя ва демократия / Фуқаролик жамияти

Нодавлат-нотижорат ташкилотлар

Категория: Миллий ғоя ва демократия – Фуқаролик жамияти;
Муаллиф: Яхшиликов Ж. Я.

Нодавлат- нотижорат ташкилотлар дастлаб ўзини-ўзи бошқарилиши асосида, яъни фуқаролик жамиятини мустақил ижтимоий бирлик сифатида яшашни таъминлаш эҳтиёжлари ва манфаатлари асосида пайдо бўлди. ХХ асрга келиб, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар фуқаролик жамиятининг муҳим ҳамда асосий институтларидан бирига айланди.

Ўзюекистон Республикаси адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижоратташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи нортматив-ҳуқуқийҳужжатлар тўпламида таъкидланишича, “Нодавлат нотижорат ташкилоти – жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини-ўзи бошқариш ташкилотидир” . [1]Дарҳақиқат, нодавлат ташкилотида мулк давлатга мансуб эмас. Давлатга мулк мансуб бўлмаганлиги учун нодавлат ташкилоти деб юритилади. Шу билан биргаликда нотижорат ташкилотида олинган даромад (фойда)ни иштрокчилар ўртасида тақсимлайди.

Бу ташкилотлар ўзини-ўзи бошқаради, лекин ўз фаолиятини қонун доирасида амалга оширади. Ўзини-ўзи бошқаришда ўзлари ишлаб чиқарган низом ва қонунга асосланиб ўз фаолиятини амалга оширади.

Масалан, масъулияти чекланган жамиятда ишторокчилари (таъсисчи) ўртасида бўлинади, нотижорат ташкилотларида эса олинган фойда таъсисчилар ўртасида бўлинмайди. Улар фақат маош олиб ишлайдилар, юзага келган фойдани ўзларининг функциясини бажаришга ишлатади. Масалан, саломатлик маркази ўзининг олиб борган фаолиятида юзага келган фойдани таъсисчилар ўртасида бўлмасдан, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга мўлжалланган ўз функциясини бажаришга ишлатади.

Дарҳақиқат, нодавлат нотижорат ташкилотлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, бошқа демократик қадриятларни ҳимоя қилиши, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш. Маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларни қондириш, хайрия фаолиятини амалга ошириш учун ҳамда бошқа ижтимоий фойдали мақсадларда тузилади. Чунончи, фуқаролик жамиятининг асоси- жомоат ташкилотлари ҳисобланади. Фуқаролик жамиятининг ривожланишида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни беқиёс ҳисобланади. Юртбошимиз И.А.Каримов таъкидлаганидек, “Бугунги кунда мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида 5100 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда ва бу кўрсаткич 2000 йилга қараганда 2,5 баробар кўпдир. Фуқаролик йиғинлари ва ўзини-ўзи бошқариш органлари маҳаллалар сони 10 мингдан ортиқ ташкил этади. Булар қаторида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси”, “Соғлом авлод ассоциацияси” ва бошқа жамоат ташкилотларини санаб ўтиш мумкин. Бундай ташкилотларнинг обрўси ошиб, мустаҳкамланиб борган сари фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назорати амалга оширишдаги роли тобора ошиб бормоқда” . [2]

Шу билан бир қаторда фуқаролик жамиятининг ўзига хос хусусияларидан бири – бу нодавлат тизимдаги барча жамоат ташкилотларига аъзоликнинг ихтиёрий шаклда бўлишидир. Бу қоида, биринчидан, шу жамиятдаги демократиянинг юқори даражасини намоён қилса, иккинчидан, жамият аъзоларининг ижтимоий онги ва фаолликлари юксаклигини билдиради. Энг муҳими, ҳар бир фуқаро ўзи кирмоқчи бўлган ташкилот фаолитида ўзининг манфаатлари ва эҳтиёжларига мос мақсадларга эришишга ишонч ҳосил қилгандан сўнггина шу ташкилотга ихтиёрий равишда аъзо

бўла олади. Шу билан бир қаторда, ҳар бир инсон жамиятдаги ўз ўрнини билиши, ўзини жамиятнинг ажралмас қисми деб билиши лозим.

Нодавлат ташкилотлари кўнглли асосдатузилганлиги, мавжуд қонунлар ва ўз низом қоидаларига кўра мустақил фаолият кўрсатиши ва ўзини-ўзи маблағ билан таъминлаши билан ажралиб туради.

Фуқаролик жамияти ҳар доим у ёки бу мақсад ва ғоялар учун аҳолини жипслаштириб, бирлаштириб келган. Фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида нодавлат ва жамоат ташкилотларини ривожлантиришдан мақсад ҳам жамият аъзолари манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ва ҳимоя қилишдан иборат. Шунинг учун ҳам нодавлат, нотижорат ташкилотлари Юртбошимиз И.А.Каримов таъкидлаганларидек, “Фақат хайрия ва мурувват масалаларига айланиб қолмай, яна бош вазифа – энг аввало демократик қадриятларни, кишиларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдан” [3]иборатдир деб уқтирди.

Нодавлат ва нотижорат ташкилотларининг ривожланган тизми жамиятда манфаатлар уйғунлигини қарор топтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим. Бу ўз йўли билан давлат тузилмалари фаолиятини ҳам муайян маънода тўлдириб,бутун жамиятда маълум бир мувозанатни таъминловчи восита сифатида ҳам бажаришга олиб келади.

Шундай қилиб, “Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғатида” ифодаланишича, нодавлат ташкилотлари давлатга қарашли бўлмаган, аммо маълум қонунлар ёки меъёрий ҳужатларга бўйсунган ҳолда фаолият кўрсатадиган тузилма ҳисобланади. Ҳозирги кунда улар қуйидаги гуруҳларга бўлинади: 1. Аҳолининг айрим ёки муайян йирик тоифаларнинг ижтимоий манфаатларини кўзлаб ишлашга ихтисослашган,ҳукуматга қарашли бўлмаган умуммиллий ташкилотлар. Бундай ташкилотлар жумласига “Маҳалла”, “Нуроний”, жамғармалари, хотин-қизлар қўмитаси, ногиронлар уюшмаси, “Камолот”ёшлар ижтимоий ҳаракати киради. 2. Ихтисослашган миллий ва халқаро жамғармалар. Уларга “Экосан”, “Соғлом авлод учун”, “Амир Темур”, “Матбуотни демократлаштириш ва қўллаб қувватлаш”, “Оролни қутқариш” жамғармалари, “Марказий Осиё мамлакатлари маданият ва фан арбоблари анжумани” каби ташкилотлар киради. 3. Ҳукуматга қарашли бўлмаган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар. Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ҳуқуқни ўрганиш маркази, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жамияти кабилар ушбу гуруҳни ташкил этади.

4.Ижодкор зиёлиларнинг миллий жамоат ташкилотлари, масалан, ёзувчилар, рассомлар, бастакорлар, архитекторлар, киноматографчилар, шунингдек, судьялар ва адвакотларнинг жамоат ташкилотлари.

5. Миллий маданият марказлари. Улар Ўзбекистонда яшовчи миллий жамоалар вакилларининг маданияти, маънавияти, урф-одатларини сақлаб қолиш мақсадида тузилган ташкилотлар ҳисобланади.

6. Умуммиллий жамиятлар ва жамғармалар. Болалар, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш, талабалар жамғармалари шулар жумласидандир.

7. Ижтимоий аҳамият касб этадиган ва ижодий қизиқишлар билан боғлиқ, асосан, экология масалалари бўйича маҳаллий бирлашмалар, уларга сайёҳлик ва бадиий ҳаваскорлик клублари, ногирон болалар ота-оналарининг бирлашмалари киради.

8. Жамоат муассасалари. Бу гуруҳга “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази, журналистларни тайёрлаш халқаро жамоатчилик маркази каби ташкилотлар, шунингдек, Самарқанддаги мушкул вазиятларда аёллар ва ўсмирларга руҳий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи “Сабр” ишонч маркази каби ҳукуматга қарашли бўлмаган маҳаллий ижтимоий муассасалар киради. Қисман ҳукуматга қарашли ҳолда (давлатнинг ташкилий ва моддий-молиявий қўллаб қувватлаши ёрдамида) тузилган қатор жамғарма, марказ ва жамиятларнинг ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотларга айланишни тенденция сифатида эътироф этиш мумкин.[4]

Дарҳақиқат, “Раҳбаршунослик ва бошқарув фанлари. Замонавий менежмент: назария ва амалиёт” китобида нодавлат ташкилотларининг хусусиятларини қуйидагича ифодаланган: яъни нодавлат ташкилотлар – муайян ташкилий мақсадларни рўёбга ошириш ниятида дарҳол ўзаро алоқалар ўрнатувчи кишилар гуруҳидир. Унинг алоҳида хусусиятлари:

• Худди давлат ташкилотлари каби, нодавлат ташкилотлари ҳам муайян ташкилий мақсадларга эришиш ниятида шакллантирилади;

• Йирик ташкилотларнинг таркибида бир неча нодавлат ташкилотлар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси ягона тармоққа бирлаштирилади;

• Нодавлат ташкилотларда инсоний муносабатлар махсус қайд қилинган қонун-қоидаларга асосланади;

• Одамларни нодавлат ташкилотларга киришга ундовчи асосий сабаблар: биронта ижтимоий гуруҳга мансуб бўлиш эҳтиёжи, ўзаро ёрдам бериш,ижтимоий (касбий) жиҳатдан муҳофазаланиш, яқинроқ алоқалар ўрнатиш, кишиларнинг бир-бирини хуш кўриши.

Нодавлат ташкилотларнинг асосий белгилари.

• Ижтимоий назорат. Ушбу мақсад йўлидаги дастлабки қадам турли хил меъёрларнинг белгиланишида ўз ифодасини топади. Аниқ ижтимоий гуруҳга мансуб бўлишликни истаган кимса белгилаб қўйилган ижтимоимй меъёрларга амал қилиши лозим. Белгиланган меъёрларни менсимаслик салбий оқибатларга олиб келади.

• Ҳар қандай ўзгартиришларга қаршилик кўрсатиш. Ушбу ҳолатда кузатилади: ижтимоий гуруҳнинг мавжудлигига, ижтимоий эҳтиёжларнинг қондирилишига, умумий манфаатларга, ижобий ҳис туйғуларнинг ифодаланишига таҳдид туғдирса.

• Ташкилотлардаги нодавлат етакчи (лидер)лар. Икки хил функцияларни бажаради: ташкилий масалаларга эришишга ёрдам беради, ижтимоий алоқаларни таъминлаб туради [5]

Жамият тараққиётида нодавлат ташкилотларнинг салбий ва ижобий таъсири мавжуд.

Салбий таъсири:

• Нодавлат алоқа каналлари бўйлаб сохта маълумот (миш-миш)ларнинг тарқатилиши туфайли персоналнинг ташкилот раҳбариятига муносабати кескин тарзда салбий томонга ўзгариши мумкин.

• Ижтимоий гуруҳ доирасида қабул қилинган нормалар иш унумдорлигига салбий таъсир кўрасатиши мумкин.

• Ташкилий ўзгартиришларга нисбатан қаршилик кўрсатиш тамойили охир оқибатда инновацион жараёнларга жиддий тўсқинлик қилиши ҳеч гап эмас.

Ижобий таъсири

• Ижтимоий гуруҳга мансубликнинг шахс учун аҳамиятлилиги бора-бора ташкилотга нисбатан садоқат туйғусига айланиши мумкин;

• Нодавлат гуруҳларнингфаолият мақсадлари ташкилотнинг мақсадлари билан мос келиши, иқтисодий самарадорлик меъёрлари эса ташкилий самарадорлик меъёрларидан юқори бўлиши мумкин. Натижада иш унумдорлиги юксалади.

• Нодавлат ва давлат алоқа узатиш каналларининг ўзаро бирлаштирилиши коммуникация тизимининг фаолиятини юксалатириши мумкин. Нодавлат тузилмаларнинг фаолиятини бошқаришга оид айрим тавсиялар:

• Ташкилот доирасида амал қилувчи нодавлат тузилмаларнинг фаолиятини бўғишга уринмаслик керак, зеро, бундай ҳатти-ҳаракатлар давлат ташкилотининг ўзига ҳам зиён етказади.

• Нодавлат тузилма ва гуруҳларнинг фикр мулоҳазалари билан ҳисоблашмоқ лозим.

• Ташкилий бошқарув қарорларини тайёрлаш чоғида нодавлат тузилмаларнинг манфаатларини албатта инобатга олмоқ даркор.

Мамлакатда нодавлат нотижорат ташкилотлар мустақиллигини таъминлаш шунингдек, уларни фуқаролик жамиятининг муҳим институтига айланишини таъминлаш мақсадида давлатнинг “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концептуал сиёсий дастури қабул қилинди ва у мамалкатда жамиятни ривожлантиришнинг асосий тамойилига айланди. Жамият сиёсий тизимини янада эркинлаштириш, масалалари мазкур дастур қабул қилингандан кейин янада долзарбаҳамият касб эта бошлади.



[1] Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. Тошкент, “Адолат”, 2008- 73- бет

[2] Каримов И.А. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси. Т., “Ўзбекистон”, 2010 йил, 42-бет.

[3] Каримов И.А. Ўзбекистон ХХI асрга интилмоқда. Т., 1998 йил

[4] Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғати. Тошкент, Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2009 йил, 439-440 бетлар

[5]Раҳбаршунослик ва бошқарув фанлари. Замонавий менежмент: назария ва амалиёт. Тошкент, Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2009 йил, 121-бет

Киритилди: 2020-04-02 04:54:24; Ўқилди: 2581 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!