Душанба, 25 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоя ва демократия / Инсон ҳуқуқлари

Ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликлар тушунчаси ва ўзига хос хусусиятлари

Категория: Миллий ғоя ва демократия – Инсон ҳуқуқлари;
Муаллиф: Турсунова О

Ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқлар шахсга унинг жамиятда нормал ҳолатда яшаши, ижтимоий эҳтиёжларини қондириш учун зарурдир.

Хорижий мамлакатлар фуқароларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларни ўзида ифодалайди. Ушбу муносабатларда давлат манфаатлари билан шахс манфаатлари бирлиги акс эттирилади. Мавжуд ҳуқуқ ва эркинликлар тўғрисидаги қоидалар шахсни ҳар томонлама камол топишига, ишлаб чиқаришда, давлат ва жамият ҳаётида кенг ташаббус кўрсатишга меҳнатга онгли муносабатда бўлишга, инсонпарварлик, ахлоқий маънавий принципларга қатъий риоя этишига қаратилган. Ҳар бир мамлакат фуқароларининг ҳуқуқий ҳолати, уларнинг шу мамлакатга тегишли эканлиги билан белгиланади.

Ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқлар шахсга унинг жамиятда нормал ҳолатда яшаши, ижтимоий эҳтиёжларини қондириш учун зарурдир.

Ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликлар турли давлатларда турлича мустаҳкамланган.

Демак, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек ҳар бир мамлакат шахснинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликлари унинг жамиятда нормал ҳолатда ривожланиши ва эркин яшашини таъминлаш мақсадида эътироф этилади. Бу бевосита шахсларнинг ҳаётий манфаатларини ҳимоялаш ва уларни таъминлаш билан боғлиқдир. Давлат уларни амалга оширишга кўмаклашади, шароит яратади. Ҳар бир давлат ўз Конституциясида ўзининг асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш эканлигини белгилаб қўяди (Испания, Ҳиндистон, Нигерия, Филиппин давлатларининг Конституциялари шулар жумласидандир).

Хориж олимлари ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларни турлича туркумларга ажратишган. Хорижий мамлакатлар конституцияларида ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликлар кўлами ниҳоятда кенг бўлиб, ҳар бир мамлакат ўзининг ижтимоий потенциалидан келиб чиқиб ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларни жуда кўплаб турларини ажратиб кўрсатган. Хорижий мамлакатларнинг илмий адабиётларда улар қуйидагича туркумланади: мулкдор бўлиш ҳуқуқи, мерос олиш ҳуқуқи, меҳнат қилиш ҳуқуқи, турар-жойга эга бўлиш ҳуқуқи, ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи, дам олиш ҳуқуқи, иш ташлаш ҳуқуқи, соғлиқни сақлаш ҳуқуқи, таълим олиш ҳуқуқи, тоза атроф табиий муҳитга эга бўлиш, маданий бойликлардан фойдаланиш ҳуқуқи, ижод эркинлиги ва ҳоказолар киради.

2-§. Мулк ҳуқуқи ва меросга эга бўлиш

Ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликлар қаторида мулкдор бўлиш ва мерос қолдириш ҳуқуқи салмоқли ўринни эгаллайди. Сабаб ер юзидаги мавжуд бўлган давлатларнинг кўпчилиги иқтисодиётни сиёсатдан устунлигини тан олади ва ҳаммаси мавжуд тамойилларга риоя этишади.

Мулкчилик масалалари биринчи бўлиб, Инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги француз Декларациянинг 17-моддасида мулкнинг дахлсизлиги ва муқаддаслиги таъкидланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон Декларациясининг 17-моддасида: "Ҳар бир инсон якка ҳолда, шунингдек, бошқалар билан биргаликда мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким зўравонлик билан ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас".

Бу тамойилни БМТга аъзо бўлган ҳар бир давлат ўзининг Конституциясига дастуруламал қилиб олган. Болгария Конституциясининг 17-моддасида: "Хусусий мулк дахлсиздир" деб таъкидланган.

Конституцияларда хусусий мулкнинг муқаддаслиги ва унинг дахлсизлиги ва шулар билан бир қаторда хусусий мулкнинг мулкдорга мажбурият юкловчи функциялари тўғрисида ҳам эслатиб ўтилган (Бразилия, Германия, Италия, Португалия, Украина Конституциялари шулар жумласидандир). Масалан, Германия Асосий Қонунининг 14-моддасида мулкчилик тўғрисида гапирилиб, “мулк ва мерос олиш ҳуқуқи кафолатланади” - деб эслатиб ўтилган.

Мулкка эгалик қилиш маълум мажбуриятларни юклайди. Ундан фойдаланиш айни вақтда, фаровонликка хизмат қилиши лозим. Мол-мулкни мажбурий равишда мусодара қилишга фақат омманинг фаровонлиги мақсадида йўл қўйилади. Мол-мулкни мусодара қилиш фақат қонун билан ёки қонун асосида амалга оширилади.

Юқоридагилардан хулоса чиқариш мумкинки, хусусий мулк ҳам давлат томонидан фаровонлик учун олиб қўйилиши мумкин. Айрим тармоқлар национализация қилиниши мумкин (электроэнергетика, сув, газ, нефть, автомобиль заводлари). Бу жараён XX асрда Буюк Британия, Миср, Италия, Фанция, Мексикаларда содир бўлган. Ҳарбий ҳаракатлар даврида мулкдорнинг ҳуқуқлари чекланиши мумкин. Мулкдорнинг ҳуқуқлари фақат қонун асосида, умумий манфаатлар йўлида, фақат суднинг қарори асосида амалга оширилади. Шуни таъкидлаш лозимки, демократик мамлакатлар Конституцияларида мулкдор мол-мулкининг чегараси белгиланмаган. Мулкдор хоҳлаган миқдордаги мулкка фақат қонуний асослар бўйича эгалик қилиши мумкин.

Шунингдек, айрим мамлакатларда айрим объектлар истеъмолдан чиқарилган. Мўғулистонда ер чет эл фуқароларининг мулки бўла олмаслиги белгиланган. Классик мусулмон ҳуқуқига биноан тўртта нарса, яъни яйлов, сув, ҳаво ва олов хусусий шахсларнинг мулки бўла олмаслиги белгиланган ва улар умумистеъмолдаги умуммиллий бойлик деб эълон қилинган. Лекин ҳозирда кўпчилик мусулмон давлатларида бу анъанадан аллақачон четлашилган.

Мулкни ҳимоя қилиш ҳам ҳамма хориж мамлакамларида бир хил эмас. Социалистик давлатларда кўпинча давлат мулкига урғу берилади, яъни мулкларни ҳимоя қилишда тенглик ўрнатилмаган. Ҳозирги замонавий ривожланган ва ривожланаётган давлатларда ҳамма мулкнинг тенглиги эълон қилинган, шу жумладан хусусий мулкнинг ҳам. Баъзида эса интеллектуал мулк тўғрисида (ижодий меҳнат натижаси, муаллифлик ҳуқуқи) ҳам эслатиб ўтилади. Бу номоддий кўринишдаги мулк ҳисобланади .

Давлатнинг ҳозирги ривожланиш даврида унинг хусусий секторга аралашуви чекланмоқда. Шунингдек, бозорнинг ўзи тартибга солувчи субъект сифатида майдонга чиқиши натижаси ўлароқ, турли хил шаклдаги мулклар вужудга келяпти.

3-§. Меҳнат қилиш ва эркин касб танлаш ҳуқуқи

Меҳнат қилиш деганда, шахс ўз жисмоний ва ақлий қобилияти-ни ишга солиб, ўзининг моддий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириши тушунилади. Меҳнат қилиш бу бурч эмас, балки бу ҳуқуқдир. Бу ҳуқуқ шахсларга фойда келтирувчи, қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият билан шуғулланиш имкониятини беради. Тоталитар социалистик давлатларнинг Конституцияларида меҳнат ҳуқуқи тўғрисида ҳеч нима дейилмаган, сабаб уларда меҳнат қилиш ҳуқуқ эмас балки мажбурият ҳисобланади. Бундай тузимдаги давлатларда давлат ҳаммани иш билан таъминлашни, ҳатто ишсизликни тугатишни ҳам ўз зиммасига олади.

Аввало ҳар бир шахс қандай меҳнат билан шуғулланишни ўзи белгилайди, чунки, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш ва адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эгадир. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 23-моддасида юқоридаги тамойил мустаҳкамланган. Унга кўра:

ҳар бир инсон меҳнат қилиш, эркин иш танлаш, адолатли ва қулай иш шароитига эга бўлиш ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга;

ҳар бир инсон ҳеч бир камситишсиз тенг меҳнат учун тенг ҳақ олиш ҳуқуқига эга;

ҳар бир ишловчи киши ўзи ва оиласи учун инсонга муносиб яшашни таъминлайдиган адолатли ва қониқарли даромад олишга, зарур бўлганда, ижтимоий таъминотнинг бошқа воситалари билан тўлдирувчи даромад олиш ҳуқуқига эга;

ҳар бир инсон касаба уюшмалари тузиш ва ўзининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаларига кириш ҳуқуқига эгадир.

Бу декларация иккинчи жаҳон урушидан кейин қабул қилинган Конституцияларга асос бўлиб хизмат қилган. Шунингдек, бу Халқаро ҳужжатни ратификация қилган ҳар бир давлат бу тамойилларни ўз Конституциясида дастуруламал қилиб олган. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг капиталистик мамлакатларнинг Конституцияларида бу тўғридан-тўғри акс эттирилган. Шунингдек, декларацияга ишсизларга давлат томонидан ёрдам кўрсатилиши ҳам илова қилинган эди. Давлат ишсизларни иш билан таъминлаш чораларини кўради. Фавқулодда вазиятларда, ҳарбий хизматда ва суднинг қарорига кўрагина шахс мажбурий меҳнатга жалб қилиниши мумкин. Бунда шахснинг ўзи меҳнат турини эркин танлай олмайди. Бошқа ҳеч қандай ҳолларда шахс мажбурий меҳнатга жалб қилиниши мумкин эмас.

Германия Асосий Қонунининг 12-моддасида ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш ҳуқуқи белгиланган бўлиб: "Барча немислар ўзлари учун касб танлаш, иш жойини мустақил танлаш ҳуқуқига эгадирлар. Касб билан шуғулланиш қонун билан ёки қонун асосида тартибга солинади.

Ҳеч ким одатдаги умумий ва барчага тенг бўлган оммавий мажбуриятдан ташқари бирон бир муайян ишни бажаришга мажбур этилиши мумкин эмас. Фақат суднинг ҳукми бўйича озодликдан маҳрум этилган тақдирдагина, мажбурий меҳнатга йўл қўйилади".

Болгария Конституциясининг 16-моддасида “меҳнат қилиш ҳуқуқи кафолатланади ва қонун билан ҳимояланади” деб таъкидланган.

Испания конституциясининг 35-моддасида “ҳамма испанлар меҳнат қилиш ҳуқуқига эгадирлар” деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, мазкур асосий қонуннинг 37-моддасида ишчиларнинг иш ташлаш ҳуқуқига ҳам эга эканлиги белгиланган.

Греция Конституцияси биринчи бўлимининг 22-моддасида “ҳамма меҳнат қилувчилар ирқи ва бошқа фарқларидан қатъи назар бир хил иш учун бир хил ҳақ олиш ҳуқуқига эга эканлиги таъкидланган.

Меҳнат қилиш ҳуқуқи яна қуйидагиларни ўз ичига қамраб олади:

Адолатли меҳнат шароитларида ишлаш;

Эркин касб танлаш;

Иши учун ҳақ олиш (социалистик давлатларда меҳнат сифатидан қатъи назар ҳақ тўланиши белгилаб қўйилган).

Хорижий мамлакатларда минимал иш ҳақи белгилаб қўйилган. Минимал иш ҳақини белгилашдан мақсад шахснинг минимал яшашини таъминлашдир. Агар шахснинг яшаш шароити минимал даражадан пасайиб кетса, шахс нормал ҳолатда яшай олмаслиги мумкин. Хорижий мамлакатларда камбағаллик ҳолатини белгилаб берувчи қонунлар мавжуддир ва бу қонунларда даромаднинг минимал миқдори ҳам кўрсатиб ўтилган. Швецияда бу 8000 кронни ташкил этади. Агар аҳолининг даромади шундан кам бўлса демак, у камбағал ҳисобланади.

Ишсизларга давлат томонидан ёрдам кўрсатилади. Буни белгилаш мезони бўлиб ўртача ойлик даромадининг фоизи ҳисобланади. Буюк Британияда бу 50 - 60 фоиз, Германияда бу кўрсаткич 30 - 35% ни ташкил этса, Швецияда 80 % ни ташкил этади. Бир қатор давлатларда (Италия, Болгария каби) меҳнат қилиш ҳуқуқи конституциявий тарзда фақат иш жойи билан таъминлаш орқали кафолатланади.

Меҳнат қилиш ҳуқуқи тўғрисида гапирганда, тадбиркорлик фаолияти тўғрисида ҳам тўхталиб ўтиш лозимдир. Тадбиркорлик фаолияти – бу фуқароларнинг фойда олиш учун таваккалчилик асосида қонун билан тақиқланмаган фаолият билан шуғулланишидир. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун давлат рўйхатидан ўтиш, гувоҳнома (лицензия) олиш зарурдир. Давлат органлари унинг фаолиятига аралашишга ёки унга бошқача тарзда тазйиқ ўтказишга ҳаққи йўқдир. Кўпчилик хориж давлатларида монополистик ҳаракатларга йўл қўйилмайди. Монопол баҳони бозорда ўрнатиш ва рақобатчиларни обрўсизлантириш учун турли хил бирлашмаларга бирлашиш тақиқланади.

Дам олиш ҳуқуқи. Хорижий мамлакатларда ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлардан яна бири бу инсон ва фуқароларнинг дам олиш ҳуқуқидир. Дам олиш қонунлар асосида фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлайди. Болгария Конституциясининг 48-моддасида фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ва шароитда дам олиш ва таътилга чиқиш ҳуқуқига эгадирлар деб белгилаб қўйилган. Дам олиш вақти ходим меҳнат вазифаларини бажаришдан ҳоли бўлган ва бундан ўз ихтиёрига кўра, фойдаланиши мумкин бўлган вақтдир. Дам олиш иш куни давомида, кундалик дам олиш (сменалар оралиғида), ҳафталик дам олиш кунлари, байрам кунлари дам олиш ва йиллик таътилларидан иборатдир. Ёлланиб ишлаётган ҳар бир киши дам олиш ҳуқуқига эгадир. Дам олиш инсоннинг меҳнат қобилиятиин қайта тиклаш учун зарур. Дам олиш ҳам жисмоний дам олиш ва маънавий дам олишга бўлинади. Бу ҳуқуқ инсоннинг ажралмас ҳуқуқларидан бири бўлиб, унинг нормал ҳолатда яшашаига кўмак беради. Шунинг учун ҳам хорижий мамлакатларда кўпинча ҳафтанинг одатда, шанба ва якшанба кунлари дам олиш куни ҳисобланади. Ишчиларга бу кунлари учун ҳам тўлиқ иш ҳақи сақланиб қолгани ҳолда маош тўланади.

Саноати ривожланган кўплаб давлатларда бу йиллик таътил камида икки ҳафтани ташкил этади (Япония), уч ҳафта Германияда, тўрт ҳафта Италияда, беш ҳафта Испания ва Фрацияда йиллик дам олиш куни деб эълон қилинган. АҚШда бу йиллик таътил 23 кун қилиб белгиланган.

Лекин статистик маълумотларга қараганда, бу вақт узоқроқ давом этади. Масалан, Германиядаги ишчиларнинг учдан икки қисми байрамларни ҳам ҳисобга олганда, 36 кун дам олар эканлар. Ишчилар билан тузилган жамоа шартномаларига кўра, бу янада ўзайтирилиши мумкин. Жаҳон миқёсида олиб қарасак, энг қисқа таътил Япония давлатида белгиланган бўлиб йилига 6 – 7 кунни ташкил этади.

Иш ташлаш ҳуқуқи. Кўплаб хориж мамлакатларининг конституцияларида иш ташлаш ҳуқуқи ҳам мустаҳкамланган. 1995 йил 12 декабрда қабул қилинган Озарбойжон Республикаси конституциясининг 36-моддасида қуйидаги жумлалар мавжуд "Ҳар бир шахс мустақил ёки бошқалар билан биргаликда иш ташлаш ҳуқуқига эгадир. Булар қонунда кўрсатилган ҳоллардагина чекланиши мумкин”.

Иш ташлаш ҳуқуқини қайси ҳуқуқлар қаторига киритиш тўғрисида турли хил баҳслар мавжуд. Россия олимлари буни бевосита ижтимоий- иқтисодий ҳуқуқлар билан боғлаган ҳолда шулар қаторига киритишса, бошқа бир гуруҳ олимлар бу ҳуқуқни намойиш қилиш билан боғлаган ҳолда сиёсий ҳуқуқлар қаторига киритишади. Фикримизча иш ташлаш ҳуқуқи бевосита ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар билан боғлиқдир, сабаби бу ҳуқуқнинг замирида меҳнат билан боғлиқ ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ётади. Иш ташлашда ишчилар давлат ёки унинг юқори органларидан маълум бир талабларни амалга оширишни сўраб чиқишади. Иш ташлаш қонун асосида ва унинг доирасида амалга оширилади Иш ташлашда қуйидаги талаблар қўйилиши мумкин:

Иқтисодий талаблар (меҳнат шароитини яхшилаш, иш ҳақини ошириш )

Корхонани бошқариш билан боғлиқ бўлган талаблар

Иш ташлашда сиёсий талабларни қўйиш тақиқланади, шунингдек, жаҳон миқиёсида умумий иш ташлашлар, бирдамлик иш ташлашлари, корхоналарда ишлаш учун зарур бўлган нарсалар билан таъминлашни талаб қилувчи (масалан сув, электр энергияси, газ билан боғлиқ талаблар)иш ташлашлар ҳам тақиқланади. Шунингдек, транспорт воситаларида, темир йўлда, ҳаво ва бошқа траспорт воситаларида иш ташлашлар қатъиян тақиқланади. Шулар қаторида алоҳида турдаги касб ходимларига ҳам иш ташлаш тақиқланади: ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат хизматчилари, ҳаво диспетчерлари ва ҳоказолар. Озарбойжон Республикаси Конституциясининг 36-моддасида: "Қуролли кучларда ва бошқа ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар иш ташлаш ҳуқуқига эга эмас".

Тоталитар тўзумдаги давлатлар Конституцияларида иш ташлаш тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган, шундан хулоса чиқариш мумкинки, уларда иш ташлаш умуман тақиқланган. Айрим социалистик давлатларда ушбу ҳолат империализмга қарши кураш сифатида баҳоланиб, ҳукумат томонидан рағбатлантирилган. Ҳар қандай ҳарбий режим ўрнатилган давлатда иш ташлаш умуман тақиқланади.

4-§. Соф атроф-муҳитга эга бўлиш ва уни муҳофаза қилиш

ҳуқуқи

Атроф табиий муҳитни муҳофаза этиш муаммолари XX асрнинг иккинчи ярмида янги давр Конституцияларида ўз аксини топа бошлади. Ҳатто Словакия Республикасининг амалдаги Конституциясида экологияга бағишланган алоҳида боблар мавжуд. Социалистик мамлакатлар Конституциялари эса соф атроф-муҳитга эга бўлиш ва уни муҳофаза қилиш ҳуқуқини умуман кўрсатмайди (истисно тариқасида Въетнам Социалистик Республикаси Конституциясида ушбу ҳуқуқлар мустаҳкамланган).

Испания Конституциясининг 45-моддаси, 1 қисмига биноан “Барча, шахснинг тўлақонли ривожланиши йўлида атроф табиий муҳитдан фойдаланиш ҳуқуқига ва бир вақтнинг ўзида асраб авайлаш мажбуриятига эга”. Ушбу модданинг учинчи қисмида норма талабларини бажармаганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликнинг муқаррарлиги белгиланган.

5-§. Малакали тиббий ёрдам ва ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи

Ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар қаторига кирувчи муҳим ҳуқуқлардан бири бу малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқидир. Хорижий мамлакатлар Конституцияларининг деярли барчасида ҳар бир фуқаро малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.

Малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи шахснинг давлат томонидан таъминланадиган ва кафолатланадиган, тиббиёт соҳасида махсус билимларга эга бўлган махсус муассаса ва шахсларга тиббий ёрдам сўраб мурожаат этиш ва олиш имкониятидир.

Бу ҳуқуқни таъминлаш тор маънода тегишли ҳақ тўланадиган ва ҳақ тўланмайдиган шаклда шифокорлар ва тиббий муассасалар томонидан тегишли муолажалар билан хизмат кўрсатишни билдирса, кенг маънода ижтимоий иқтисодий жиҳатдан инсон соғлом бўлиши учун зарур тиббиёт соҳасини ривожлантириш, тиббий суғурталарни таъминлаш, экологик шароитларни яхшилаш каби комплекс чоралар асосида аҳоли саломатлигини таъминлаш тушунилади.

Малакали тиббий хизмат кўрсатишда махсус билимга эга бўлган ва тиббий ёрдамга муҳтожларга зарурий ёрдам кўрсатиш мажбурияти ҳақида шифокор қасамёдини қабул қилган шахслар томонидан амалга оширилади. Ҳар бир давлат қоида тариқасида малакага эга бўлмаган шахсларга тиббий хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишни тақиқлайди. Ҳозирда хориж мамлакатларида малакали тиббий ёрдам олишнинг ҳам икки тури мавжуд. Улар давлатга қарашли бўлган ва хусусий даволаш муассасаларидир. Хориж мамлакатларида хусусий тарзда тиббий хизмат кўрсатиш ўта ривожланган. Бир қанча хориж малакатларида, шу жумладан, АҚШда ҳам либерал система мавжуд. Бунга кўра, беморнинг ўзи ҳаммасига, яъни шифокор хизматига, дори-дармонлар ва бошқалар учун ўзи ҳақ тўлайди. Булардан ташқари хориж мамлакатларида маҳаллий миқёсда касалхоналар ҳам мавжуд бўлиб, улар бевосита аҳоли соғлиғини сақлашга хизмат қилади. Германия, Польша, Францияда социал медицина хизмати мавжуд. Бундай ҳолатда махсус умумдавлат соғлиқни сақлаш фонди ташкил қилинади ва бу давлат бюджетидан таъминланади.

Буюк Британия, Дания, Италияда ва айрим тоталитар давлатларда ҳам давлат томонидан таъминланадиган медицина хизмати мавжуд. Ҳар қандай чиқимлар бюджетдан қопланади. Бемор касалхонада даволангани учун ҳеч қандай ҳақ тўламайди. Айрим давлатларда давлат медицинаси ва амбулатория дорилари бепул бўлса, айрим давлатларда амбулатория касалхоналари пуллик. Лекин улар учун имтиёзлар ҳам мавжуд. Жарроҳлик ишлари пуллик амалга оширилади. Ҳозирда, бундай ташкилотлар унчалик кўп эмас. Давлат медицинаси тўғрисидаги қонун социал – демократлар ҳокимият тепасида турган пайтида, қабул қилинган, кўплаб давлатларда давлат медицинаси аҳолининг фақат камбағал қатлами учун сақланиб қолинган.

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси 25-моддасида: “Фуқаролар ўзлари учун мос бўлган шароит ва тартибда бепул тиббий хизматлар кўрсатувчи соғлиқни сақлаш муассасаларидан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар. Фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш давлат бюджети маблағларидан иш берувчилар томонидан ижтимоий суғурта бўйича шахсий ва жамоа бадаллари ҳисобидан ва қонунда белгиланган шароит ва тартибда бошқа манбалардан келган маблағлар билан таъминланади. Давлат фуқароларнинг соғлиғи ҳақида ғамхўрлик қилади, спорт ва туризмнинг ривожланишини рағбатлантиради. Ҳеч ким қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари даволанишга ва санатория чора-тадбирларини ўтказишга мажбур этилиши мумкин эмас.

Давлат барча тиббий муассасалар ишини шунингдек, дори-дармон воситалари, биологик препаратлар, тиббиёт асбоб ускуналари ишлаб чиқариш ва уларнинг сотилиши устидан назоратни амалга оширади.

Ҳар бир инсон ўзининг ҳамда оиласининг соғлиғи ва фаровонлигини таъминлаш учун зарур бўлган турмуш даражасига эга бўлиш жумладан, кийим-кечак, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва зарур ижтимий хизматга эга бўлишига ва ишсизлик, касаллик, ногиронлик, бевалик, қарилик унга боғлиқ бўлмаган шароитларга кўра тирикчилик учун маблағ бўлмай қолганда, таъминланиш ҳуқуқига эга”.

Италия Конституциясининг 32-моддасида давлат инсонларнинг соғлиқларини ҳимоя қилиши лозимлиги белгилаб қўйилган. Хитой Халқ Республикасининг конституциясида ўзгача бир ҳолат яъни 58-моддасида фуқаролар бепул тиббий ёрдам олишлари мумкин. Бу ҳуқуқ қуйидагилар орқали: бепул тиббий ёрдам, касалхона шахобчаларини, шу жумладан, саноторияларни ва бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларини кенгайтириш билан таъминланади.

Ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи. Иккинчи жаҳон урушидан кейин қабул қилинган Конституцияларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи тўғрисида гапириб ўтилган. Пенсиялар одатда меҳнат ва ижтимоий турларга бўлинади.

Меҳнат асосидаги пенсиялар (ёшга доир пенсиялар) икки ҳолатда тўланади: биринчидан давлат томонидан маълум бир ёшга етганда ва иккинчидан маълум бир меҳнат стажига эга бўлганидан кейин. Хорижда пенсия ёши эркаклар учун 60-65 ёш, аёллар учун 55-60 ёш қилиб белгиланган. Швецияда ҳамма учун 65 ёш, Данияда 67 ёш, иш стажи эса аёллар учун 20-25, эркаклар учун 25-30 ёш қилиб белгилаб қўйилган. Ривожланган давлатларда пенсиянинг миқдори иш ҳақининг 75 - 90% ташкил қилади. Давлатларда пенсия учун пенсия фондлари ташкил этилган.

Ижтимоий пенсиялар ногиронлик учун, боқувчисини йўқотганлик учун ва қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда берилади. Хорижий мамлакатларда давлат томонидан бериладиган пенсиялардан ташқари айрим турдаги шахсларга бериладиган маҳаллий пенсиялар ҳам белгиланган. Ривожланган мамлакатларда ишчиларга ўзларининг иш жойларидан қўшимча пенсия ҳақлари ҳам тўланади. Ижтимоий таъминот ҳуқуқи, шунингдек, бошқа ёрдамларни ҳам қамраб олади (уй билан таъминлаш, ногиронларга ёрдам ва ҳоказолар).

6-§. Уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи

Фуқаролар давлат томонидан бериладиган уй-жойларни олиш учун йиллар давомида рўйхатда туришган . Ҳозирги демократик Конституцияларда бу каби ҳуқуқлар атрофлича кўрсатиб ўтилмаган бўлса-да, бошқа қонун ҳужжатларида батафсил баён қилинган. Истисно тариқасида, Испания Конституциясининг 47-моддасида: “Барча испанлар эҳтиёжларига кўра, турар жойлардан фойдаланиш ҳуқуқларига эгадирлар” (лекин, ушбу ҳуқуқ ҳуқуқ ва эркинликлар бўлимида берилмаган).

7-§. Таълим олиш ҳуқуқи

Билим олиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тизимининг ажралмас қисмидир. Билим олиш ҳуқуқи инсон ижтимоий ҳуқуқларининг бири сифатида уни шахс сифатида ривожланишига, қолаверса бутун жамият тараққиёти учун замин яратади. Айнан таълимнинг ривожланганлигига қараб шахснинг ижтимоий равнақи ва жамиятда тутган мавқеи аниқланади.

Инсон ҳуқуқлар Умумжаҳон Декларациясининг 26-моддаси, 2-бандида “Таълим инсон шахсини тўла баркамол қилишга...барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар ўртасида бир-бирини тушуниш, тоқатлилик ва дўстликка хизмат қилиши керак”лиги белгиланган.

"Ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга. Таълим олишда ҳеч бўлмаганда, бошланғич ва умумий таълим бепул бўлиши лозим. Техник ва ҳунар таълими ҳамманинг қурби етадиган даражада бўлиши, олий таълим эса ҳар кимнинг қобилиятига асосан, ҳамма учун етарли имконият доирасида бўлмоғи керак.

Таълим барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар ўртасида бир-бирини тушунишга хайрихоҳлик ва дўстлик учун хизмат қилиши ва БМТнинг тинчликни сақлаш борасидаги фаолиятига ёрдам бермоғи лозим. Кичик ёшдаги болалар учун ота-оналар таълим турини танлашда имтиёз ҳуқуқига эгадирлар" (Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси 26-модда 1,3 бандлари).

Кўплаб ривожланган мамлакатларда, бошланғич таълим мажбурий ва бепул бўлиб ҳисобланади. Лекин бунга доимо амал қилинмайди (бунга сабаб қилиб кўпинча ўқитувчиларнинг етишмаслиги, моддий маблағлар сабаб қилиб кўрсатилади, айниқса, Африка давлатларида) Кўплаб ривожланган давлатларда мажбурий таълим 12 йил ҳисобланади. Постсоциалистик давлатларда мажбурий бепул таълим 8-9 йил қилиб белгилаб қўйилган.



Киритилди: 2020-05-25 10:33:39; Ўқилди: 2177 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!