Душанба, 25 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоя ва мафкура / Ғоя турлари

Умуминсоний ғоя

Категория: Миллий ғоя ва мафкура – Ғоя турлари;
Муаллиф: асс. Тоғаев Н ва асс. Рўзимуродов С.

Жаҳонда рўй бераётган ғоявий жараёнлар, мавжуд мафкура шакллари, уларнинг моҳияти, мақсадлари ва ўзаро муносабатлари билан боғлиқ ҳолат, хусусият ва фаолиятини яхлит тарзда акс эттирувчи тушунча.

Бугунги дунё яхлитликни ташкил этсада, ундаги минтақа ва давлатлар, миллат ва халқлар тарихий шарт-шароит, жўғрофий жойлашуви, геостратегик ҳолатига кўра турли мавқега эга. Ҳозирги давр – дунёда ғоявий қарама-қаршиликлар мураккаб тус олган, мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кучлироқ бўлиб бораётган давр. Шундай экан, уларнинг ўзига хос манфаатларини ифодалайдиган мафкуравий таъсир усуллари бўлиши шубҳасиз. Жаҳон сиёсий харитасида кўплаб давлатлар мавжуд бўлиб, уларда турли сиёсий кучлар, партиялар, дин ва диний оқимлар, мазҳаблар, гуруҳ ва қатламлар фаолият кўрсатмоқда. Улар ўзаро фарқланадиган, баъзан бир-бирига зид бўлган манфаатларга эга. Айнан мана шу манфаатлар ўзга халқлар, турли минтақалар, давлатларнинг аҳолиси ёки ижтимоий гуруҳлар онгига, турмуш тарзига таъсир ўтказиш, уларни бўйсундириш учун йўналтирилган мақсадларни шакллантиради. Бундан кўзланган асосий маддао эса муайян жойдаги кишиларга иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва диний қарашларни сингдириш орқали ўз манфаатларини таъминлашга интилишдир. Бундай таъсир ўтказишнинг тинч йўли кўзланган мақсадга олиб келмаганда бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашиш, мавжуд вазиятни атайлаб кескинлаштириш, куч ишлатиш йўли билан бўлса ҳам, ижтимоий беқарорликни юзага келтиришга ҳаракат қилинади. Бугунги дунёнинг мафкуравий манзарасига назар ташланса, аксарият илғор давлатларда умуминсоний қадриятлар ва демократик тамойилларга асосланган мафкуралар амал қилмоқда. Уларда тинчлик ва тараққиёт, инсон ва жамият камолотига хизмат қиладиган умуминсоний ғоялар устувордир.

Маълумки, кейинги йилларда ер юзида ниҳоятда мураккаб ва хавфли глобал жараёнлар вужудга келмокда. Бу жараёнларнинг асосий сабабларидан бири - жаҳон миқёсида умуминсоний ғоя ва мафкуранинг етарли даражада ривож топмаганлиги ва амал қилмаганлигидадир десак, ҳеч ҳам хато бўлмайди.

Кейинги етмиш йиллардан ҳам кўпроқ вақт давомида Ер юзида нафақат ҳеч қандай дунёвий умуминсоний ғоя ва мафкура амал қилмади, билъакс бу йиллар давомида икки бир-бирига зид бўлган социалистик ва капиталистик ижтимоий-сиёсий, иқтисодий тизимлар ўртасида «совуқ уруш» деб ном олган, мафкуравий-ғоявий кураш давом этди. Бу мафкуравий-ғоявий кураш одамзодга беадад мусибатлар келтирди, яъни қанчадан-қанча инсонлар беҳудага ҳаётдан кўз юмдилар, кўплаб моддий бойликлар сарф-ҳаражат қилинди, миллионлаб одамларнинг онги вайронкорлик ғоялари билан заҳарланди, дунё халқлари ўртасида душманлик ҳиссиёти уйғотилди, табиатда экологик бўҳрон кучайди ва бошқалар. «Совуқ уруш»нинг одамзодга келтирган моддий ва маънавий зарарини сўз билан ифодалаш ёки тасаввур қилиш қийин. Ана шу зарарнинг бири шуки, айни айтилган мафкуравий кураш давом этди ва кейинги йилларда ҳам ягона умуминсоний ғоя ва мафкуранинг юксалиши ва амалга ошиши жуда кўп йилларга кечикиб кетди. Бугунги кунда жаҳон миқёсида кузатилаётган хавфли воқеалар шубҳасиз ана шу мафкуравий тўқнашувларнинг ҳам натижасидир. Ҳозир Афғонистон наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича халқаро марказга айланиб қолганлиги ёки Ироқда давом этаётган қон тўкилишлар шунга мисол бўла олади.

Бу фикрлардан келиб чиқиб шуни аниқ айтиш мумкинки, бугунги кунда тобора кескинлашиб кетаётган глобал жараёнларни сусайтириш ва йўқ қилиш учун, жаҳон тараққийпарвар кучлари тезроқ умуминсоний ғоя ва мафкуранинг юксалиши ва амал қилишига ўз эътиборини кучайтириши зарур.

Маълумки, фақат ҳар тарафлама ривожланган мамлакатдагина барча ижтимоий-сиёсий кучлар ва этник бирликларининг вакиллари тинч-тотув бўлиб, фаровон ҳаёт кечиришлари мумкин бўлади. Ҳозир ҳам ер юзида бундай мамлакатларнинг сони унча кўп эмас. Бундай мамлакатларда турли ижтимоий-сиёсий куч ва этник бирликларнинг ҳар бири ўзига хос ғоя ва мафкурага эга бўлсада, бироқ уларда бутун халқни бирлаштирувчи ва жамиятни юксакликка етакловчи ягона ғоя ва мафкура ҳам мавжуддир. Масалан, Япония давлатида ҳукмрон бўлган шундай мафкуранинг айрим ғоялари қуйидагилардан иборат, яъни «миллий давлатчилик тизими» (кокутай), «фуқаролик бурчи», «япон руҳи», «тадбиркорлик», «умуммиллийлик», «фидойилик», «ватанпарварлик», «патернализм», «жамоага садоқат», «модернизация» ва бошқалар[1].

Ҳозир Ўзбекистон Республикаси айни шундай бир тарихий даврни босиб ўтмоқдаки, унинг мустақиллиги янада мустаҳкамланиши ва у буюк келажак сари тобора тезроқ тараққий этиб бориши учун, ундаги барча ижтимоий-сиёсий қатлам ва этник бирлик вакиллари миллий ғояси ва мафкурасини ўз онги ва қалбига жо этиб, шунга мувофиқ амал қилиб яшаши зарур.

Оламдаги инсонларнинг яшаш жойлари, ўтмиш авлодларининг ҳоки яширинган замин, ўзи туғилган юрти билан боғлиқ умуминсониятга хос бокира туйғулари бор. Бу туйғулар туғилган уйдан, маҳалла, қишлоқ, шаҳар кўчасидан тарбиялана бошлайди, киши мансуб бўлган тарихий бирлик, унинг ўтмиши билан боғланган ижтимоий ҳудудга нисбатан муносабатда намоён бўлади. Киши Ер сайёрасиннинг фарзанди эканини, ўз учун суюкли ҳудуд сайёранинг таркибий қисми бўлган ватан эканлигини англаганида, ундаги бу туйғу умуминсонийликнинг талабига мос келадиган даражага кўтарилади. Сайёрамиз кишилари учун ундаги тирикликнинг вужудга келиши, ривожланиши, одам зотининг онгли фаолияти, меҳнати, маданий ва маънавий камолотга эришиш босқичлари, табиат ва жамиятда амалга оширган ишлари билан боғлиқ жараёнларни ифодалайдиган тарих ҳам ўз аҳамияти ва қадрига эга. Тарих – одам зотининг илк вужудга келган давридан, бизнинг кунларимизгача яратган моддий бойликларини, инсоният ҳаётида рўй берган ўзгаришларни келажакка етказиб берадиган «қадриятлар сандиғи»дир. Зеро, ўтмишдаги воқеаларни ўрганиш ва келажакнинг режаларини тузиш жараёнида ривожланишнинг аниқ йўл ва усуллари танлаб олинаётган даврларда қадриятлар янгиланади.



[1] Қаранг: «Миллий истикдол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар. -Т.: Ўзбекистон. 2000. – Б. 14-15.

Киритилди: 2020-05-25 12:07:59; Ўқилди: 983 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!