Душанба, 25 май 2020 й. Ўзбекча | O‘zbekcha | Русский | English
Бош саҳифа / Миллий ғоянинг ривожланиш босқичлари / Темурийлар

МИРЗО УЛУҒБЕК ВА СЎФИЙЛИК ТАЪЛИМОТИ

Категория: Миллий ғоянинг ривожланиш босқичлари – Темурийлар;
Муаллиф: НЕЪМАТ УБАЙДОВ, А.Навоий номидаги СамДУ фалсафа кафедрасининг доценти, фалсафа фанлари номзоди

Диннинг юксак ролини эътироф этиш билан бирга, диний дунёқараш тафаккурининг: инсоннинг ўзини ўраб олган дунёга, ўзи каби одамларга муносабатининг ягона усули бўлмаганлигини таъкидлаш билан бирга ўзимизнинг соф дунёвий илмий меросимиз билан ёнма-ён тенг яшаш ҳуқуқига эга бўлган диний – фалсафий меросимиз бўлган инсон ўзлигини англашда муҳим аҳамиятга эга бўлган сўфийликдан ҳам ахлоқ-одоб, табиат ва жамиятга муносабатни, инсонни қадрлашни, қисқаси маънавий покланишни ўрганмоғимиз даркордир.

Ҳақиқатан ҳам президентимиз И.А.Каримов ёзганларидек, «инсон билан табиатнинг уйғун муносабатлари тўғрисидаги ана шу ғоялар Мовароуннаҳрда мусулмон уйғониш даврига жуда катта ҳисса қўшган Марказий Осиёдаги сўфийлик таълимотларида ҳам учраши тасодифий эмас» [1].

Уйғониш даври мутафаккирлари, буюк мутасаввуф олиму шоирларни илмий ва амалий фаолиятини давом эттириш А.Темур ва темурийлар зиммасига тушганда адабиёт ва илм-фаннинг тараққиётида бу даврда сўфийлик ижобий роль ўйнаб, кенг тан олинди. «Сўфизм, жумладан нақшбандийлик Темур ва темурийлар /М.Улуғбек – Н.У./ даврида маданиятнинг юксалиши учун ғоявий омил бўлган. Кўзга кўринган сўфийлар – Чархий, Порсо, Хўжа Ахрор, Маҳдуми Аъзам ва бошқалар мамлакатнинг маънавий хаётидагина эмас, балки маданият аҳллари манфаатлари ҳамда маънавият тараққиётининг тез-тез ёқлаб чиқиш билан давлатнинг ички сиёсий ҳаётида ҳам муҳим роль ўйнаганлар»[2], - деб академик М.М.Хайруллаев томонидан таъкидланса, бу даврдаги сўфийликни маънавий, диний тафаккурнинг ривожланишидаги аҳамияти Элёр Каримов томонидан қуйидагича таъкидланади: биринчидан – ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий вазият мустаҳкамланди ҳамда улар фаолияти жамият хаётининг юқори соҳасига кўчди; иккинчидан – сўфийлик ажойиб уйғониш даракчиси сифатида намоён бўлиб, Марказий Осиё сўфийлиги Темурийлар сулоласи даврида, XV асрда равнақ топди[3].

Демак, маънавий меросимизда чуқур из қолдирган темурийлар сулоласининг йирик вакили, дунёвий ва диний фанлар донишманди Мирзо Улуғбекнинг руҳий – маънавий покланишда муҳим аҳамият касб этган диний–фалсафий оқим – сўфийликка бўлган қарашларини таҳлил қилиш мақсадга мувофиқлик масаласи келиб чиқади.

Сўфийлик ислом дини асосида вужудга келиб, ўз таълимотини Қуръон ва Ҳадисларга асосланиб ривожлантирганини эътироф этган ҳолда, у ислом динига қадар бўлган эътиқодларнинг ҳамда бошқа динларнинг таъсирида ҳам бўлган. Шарқнинг буюк мутафаккири жавонмардлик тариқатининг асосчиси Хусайн Воиз Кошифий қуйидаги маълумотни ёзади: «…маълум бўлишича, «тасаввуф» сўзи исломдан олдинги замонда ҳам бўлган экан. «Унсул сўфия» китобида биринчи бўлиб «сўфий» деган номни олган Одам ато фарзандларидан бири – Шиш эди деб нақл қилинади. Унинг либослари яшил суфдан /суф – жун мато экан ва Шишдан кейин жун матодан кийим кийиб юрувчиларни «суфий»дейдиган бўлдилар»[4].

Сўфий калимасининг берилиши тўғрисида Туркия мамлакатидаги Арзирум университетида тасаввуфдан сабоқ берувчи Усмон Турар – юнонча «ҳикмат /фалсафа/ маъносида билдирадиган» софос – софиа» дан олинган деб ватандоши Исмоил Ҳақиқий Измирлининг қуйидаги далилларини келтиради: «зохидлик йўлига сулук /таркидунё – Н.У./ қилинган кишиларнинг «суфия» исми билан машҳур бўлишлари, юнонча асарларнинг таржима қилиниши ва фалсафанинг мусулмонлар орасида тарқалишидан аввал содир бўлган… Илк бор сўфий исми билан аталган зот 150 х. – 767 м. йилда вафот этган Абу Хошимдир»[5]. Юқорида номланган манбада А.Жомийнинг «Нафахотул - унс» асарига асосланиб қуйидаги далил келтирилади: «Суфий» лақаби билан танилган илк зот куфалик Абу Хошим ас-Суфий / 767 й. в. э./ эди. Тасаввуф тарихида биринчи тақя – хонақох эса бир насроний амир томонидан Рамла шаҳрида Абу Хошим учун қурилган эди[6].

Усмон Турар фикрини давом эттириб, суфия калимаси жун, юнг маъносидаги «суф» сўзидан олинган бўлиб, рангсиз, дағал жундан тикилган либос киймоқ у даврларда гуноҳдан пушаймон бўлишнинг аломати бўлган деб ёзади. Анас ибн Моликдан ривоят қилишларича, «Пайғамбар алайхиссалом бир кишининг даъватига ижобат қилиб, эшагига минар ва жунли кийим кийиб борар эдилар. Суфийлар ҳам жунли кийим – пайғамбарларнинг кийими ва тавозе /камтарлик – Н.У./ белгиси бўлганидан жунли либос киярдилар. Оқ ранг жунли кийим кийиш хижрий III асрдан эътиборан суфийлар томонидан расмий либос сифатида мақбул кўрилган»[7].

Воиз Кошифий хирқа ва аҳли фақрнинг кийимлари, уни кийиш, кийдириш ва муридларга хирқа етказиш ва бунинг шартлари, одобу аркони баёнида хирқа кийган хазрати Одам бўлиб, ундан мақсад ва асл муддао шулки, хирқа ошнолик тўнидир, деб ёзади. Ва шу билан биргаликда сўфийларнинг хирқа ранглари баёнида унинг ранглари хилма-хил бўлиб, ҳар бири бир холатга ишорадир деб қуйидагини ёзади: «Агар оқ ранг қайси тоифаники, деб сўрасалар, жавоб бергилки, оқ ранг кундузнинг рангидир ва дили равшан жамоаникидир ва уларнинг кўкси қудрат, кина ва ғубордан покдир. Кимки оқ ранг хирқа кийса, субҳи содиқ каби бўлади ва кундуз мисоли барчага равшанлик бағишлайди»[8]. Шунинг билан биргаликда адиб яшил, зангори ҳамда тупроқ рангли хирқаларга тавсиф бериб, уларнинг қайси матодан тикилиши баёнида ҳам уларни тавсифлаб, биринчиси – жундан, иккинчиси – пахтадан, учинчиси – палосдан ва тўртинчиси – теридан иборат деб, унинг одоблари, яъни хирқани кийишни қобилиятли муридга кийгизиш, муридни хирқа кийиш шартлари билан таништириш, такбир ва таҳлил юбориш билан биргаликда ўтган пирлар ва аждодлар руҳини хотирлаш одоби ҳақида ёзади.

Таниқли турк тасаввуфшунос олими Усмон Турар хирқа тариқат аҳли киядиган либос эканлигини таъкидлаган ҳолда «хирқа кийиш анъанаси ҳазрати Иброҳимга бориб тақалади. Нақл қилишларича, ҳазрати Иброҳимни гулханга ташлаганларида Жаброил а.с. жаннатдан ипак кўйлак олиб келиб унга кийдирган ва ҳазрати Иброҳим унинг баракоти туфайли оловдан қутилган. Ушбу кўйлакни сақлаб қўйиб, хазрати Исмоилга қурбон қилмоқчи бўлганида кийдирган. Бу кўйлак хазрати Исмоилдан хазрати Исхоққа, ундан Якубга, ундан Юсуф а.с. га қадар келган ва унинг қудуқдан қутилишига, ҳазрати Яъкубнинг эса кўзларининг очилишига восита бўлган. Сўфийлар хирқада бу кўйлакнинг сиррини кўриб, унга маънавий бир аҳамият берганлар»[9].

Юқорида келтирилган манбалар таҳлили шуни англатадики ошнолик тўнини ёки хирқани ранглари турли хил бўлиши билан биргаликда бу либоснинг матолари жун, пахта, шолча, тери ва ипаклардан иборат эканлиги келиб чиқади. Демак, ҳар бир даврда тариқат аҳллари юқорида номланган матолардан тикилган турли хил ранглардаги либослар, нафсни ўлдириш ва қалбни ислоҳ этиш ниятида киймоқ даркорлиги нуқтаи назаридан маънавий аҳамият касб этгандир.

Тасаввуф футувватдан юксак ғояларнинг амалий-ижтимоий татбиқини кўрган бўлса, футувват тасаввуфда назарий-эътиқодий такзаминини топган /Н.Комилов/ лигини асослаб берган. Воиз Кошифий XIV-XV асрларда сўфийлар ва футувват аҳли киядиган либосларни ҳар бири маълум тоифага мансублиги ва улар ўн тўрт хилдир деб қуйидагини: «минг чокли, тўрт чокли, икки чокли, ялк, оламдор, курсили, ёқали, енги чопли, шуша, косимий, қурайший, салимий, мафтуний, капанак /жун матодан тикилган дарвешларнинг уст кийими – Н.У. /»[10], - деб ёзади.

Юқорида келтирилган манбада инсон ахлоқни поклаш, меҳру-шафқат, ҳиммат ва мардлик кўрсатишни тарғиб қилиш ва шунга ўхшаш масалаларда футувват ва тасаввуф ғоялари бир-бирига мувофиқ келишини назарда тутсак ва ундаги сўфийлар ва дарвешларнинг бош кийимлари, қулоқлари, либослари ва ранглари ҳақидаги мулоҳазалар ўрта аср уйғониш даврида хаётида муҳим аҳамият касб этган тасаввуф аҳли ва унинг йирик намояндалари учун ҳам ўринли бўлган. Демак, ҳар бир тариқат ўзига хос қиёфа кийимга эга бўлиб, бу қиёфалардан ва улар кийган либослар рангидан уларнинг қайси тариқатга мансублиги маълум бўлади. Шуни айтиш керакки, деб ёзади Усмон Турар, даврлар ўтиб, баъзи тариқатлар турли хил маросим ва моддий унсурларга кўпроқ аҳамият бериб, тариқат ва тасаввуфнинг асл ғояси «Аввало қалбингни покла, кейин нима хохласанг киявер!» дан узоқлашдилар. Барча бу шаклий ва моддий унсурларга аслида бир восита деб қараш керак»[11].

Тарихий манбалар таҳлилида ҳам биринчи суфий сифатидаги кишиларни ҳам турлича баён қилинади. Шеърият султони А.Навоийнинг «Насойимул муҳаббат» асарида биринчи суфий сифатида хазрати Пайғамбарларимизнинг замондоши ва мухиби Увайс Караний, А.Жомийнинг «Нафахотул - унс» асарида Абул Хошим Куфий бўлиб, у атоқли дарвеш Сўфиёни Саврий билан замондош бўлган, Сайид Содиқ Гухарин «Шархи истилохоти тасаввуф» да Абухошим билан биргаликда Жобир бин Хаён / 822 й. вафот этган/ ва Абдак Суфий /821 й. в.э./ларни тилга олади. Шунинг билан бирга деб фикрини давом эттиради тасаввуфшунос олим Н.Комилов» тасаввуф аҳли чориёри узом ва Расуллоҳнинг яқин саҳобаларидан Салмон Форсий билан Имом Жаъфари Содиқни суфийлик ва валийлик хислати кўринган улуғ инсонлар сифатида эҳтиром билан тилга оладилар. Бежиз эмаски, кўп сўфийлар ўз шажараларини шу уч зотга ёхуд буларнинг бирови воситасида Муҳаммад саллолоҳу алайхи васалламга олиб бориб боғлайдилар»[12].

Буюк аллома Воиз Кошифий бу соҳадаги фикрини давом эттириб, ўзини шу тоифага мансуб деб биладиганларни тасаввуф аҳли деб юритиб, уларни уч тоифага: биринчиси – мустасуф, иккинчисини мутасуф ва учинчиси – суфийларга ажратади. Ўз навбатида суфийларни ҳам уч гуруҳга: муоширлар, мутарасмлар ва мухақиқларга бўлади. Ва шу билан биргаликда суфий тушунчасини маъносини беш талқинини ифодалаб, жумладан «учинчиси суфий сири /қалби/ мусаффо, ақли муалло, фазли дарё, кўнгли муҳаббат аҳди билан тўлган одамдир» деб ёзади мазкур тоифани нега «суфий» атайдилар деб, унинг ҳам бешта жавобини баён қилади: «Бешинчидан, уларни суфий дейишларига сабаб шуки, суф /суфий/ деб луғатда жунни атайдилар ва улар аксар жун чакмон кийиб юрганлари учун суфи дейилган. Ушбу сўз /яъни суф/ араб лисонга мувофиқдир, чунки «суф» сўзидан суфий сўзи хосил бўлиши мумкин».

«Агар «суф» сўзидан «суфий» ясалган бўлса, ўз навбатида «суфий»дан «тасаввуф», «мустасуф», «мутасаввуф» сўзлари ҳосил бўлган, - деб ёзади Н.Комилов. Мустасуф ўзини суфиларга ўхшатиб, тақлид қилиб юрадиган, аммо асл мақсади амал-мансаб, молу-мулкка интилиш бўлган кишиларга нисбатан ишлатилган сўз бўлса, мутасуф тариқат ва ҳақиқатда муайян манзилларни эгаллаган, бироқ суфий даражасига кўтарила олмаган кишидир.

Мутасаввуф – қалбан суфиёна ғояларга мойил, тасаввуфни эътиқод – маслак қилиб олган, лекин тариқат амалиётини ўтамаган, расман суфий бўлмаган одам»[13] бўлиб суфийликнинг муайян бир йўлидан фарқланади.

Навоийшунос олим Абдумалик Ориф фикрича, «суфий ёки дарвеш муайян бир ташкилот – тариқатга мансуб бўлиб, сулук йўлида ҳақиқатга эришишни ўзига мақсад қилиб қўяди. Бу йўлда унга махсус устод – муршид, пир, шайх раҳбарлик қилади. Мутасаввифлар тоифасига билим эгалари – тасаввуф таълимини қабул қилган, унинг фалсафий ғоялари ва ахлоқий қоидаларини ўз ижодларига татбиқ этган мутафаккир олимлар, ёзувчи – шоирлар мансубдир»[14].

Тасаввуфнинг тарихий шаклланиш жараёнини таҳлил қилган турк олими Усмон Турар фикрича Нақшбандия силсиласи даврида зохирий илмлар уламоси томонидан мутасаввуфларга ҳужум қилина бошлаган давр бўлиб, «мутасаввуфлар – тасаввуф илмини ўрганиш, Аллоҳнинг ер юзидаги гўзалликларини кўриб, ибрат олиш учун саёҳат қилишни фойдали деб билганлар. Ибрат учун коинотни тадқиқ этиб, у ҳақда фикрламоқ, турли оятлар орқали тавсия қилинган… Хуллас, суфийлар учун» саёхатдан мақсад – ахлуллох топиш, олиму ориф ва солиқларга яқинлашиб, байтул харом, байтул мақдус ва такя хонақохларни зиёрат қилишдир…[15]

Инсоният маънавий меросида, фалсафа ва адабиёт тарихида муносиб ўрин тутган суфийлик бирданига юзага келган ҳаракат бўлмай, у узоқ тадрижий тарихга эга. Суфишунослар бу диний оқимни дастлаб, уч даврга: зохидлик, орифлик ва ошиқликка ажратадилар. Улар суфийларнинг ўзини ҳам ориф суфийлар, зохид суфийлар, фақир суфийлар, файласуф суфийларга ажратадилар[16].

Шарқшунос олим А.Ўринбоев Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаъи саъдайн ва мажмаъи бахрайн» асарининг хали ўзбек тилида нашр этилмаган қисмларида 1449 йил воқеаларини баёнида Мирзо Улуғбекнинг илмий ва амалий фаолияти ҳақида қуйидаги маълумотларни келтиради: «У ўз сезгир табиатининг қуввати туфайли турли-туман фанлар ҳа хилма-хил илмлар фахмлаб олар ва ўткир зеҳни туфайи маоний /мантиқ – Н.У./ /илми/ нозикларини очиб ихтиро қилар, эрта тонгдан то кеч киргунча тил таги билан мамлакат манфаатларига оид ишлар эшикларини очар ва кун ботишидан то тонг отгунча химмат денгизидан қиммабахо дурларни чиқарар эди. Шу тарзда у ҳикмат /донишмандлик – Н.У./ /илми/ нинг назарий ва амалий қисмларини бутунлай эгаллаб ўзлаштиргач, риёзий илмларнинг турлари унинг нурли замиридан балқиди»[17].

Назарий ёки ақлий фалсафа табиатшунослик фанлари билан биргаликда илохиёт фанлари: фаросат, тахвид, пайғамбарлар, имомат баҳси, бу ва у дунё ҳақидаги бахсларни ўз ичига олади. Амалий фалсафа шахс ахлоқининг тарбияси, унинг уй ичларидаги ва жамият хаётидаги ҳатти-ҳаракати тахқиқ қилинади. Ана шу нуқтаи назардан қараганда фалсафий адабиётда ҳикмат илм маъносида, гоҳида диний илмлар ва гоҳида фалсафий илмлар маъносида келади.

Абдураззоқ Самарқандийнинг фалакиёт султони фалсафани ҳам назарий ҳам амалий қисмларини ўзлаштирганлигини ва шу билан бирга ўрта асрларда Шарқ мутафаккирларининг фалсафий қарашлари амалий фалсафа билан чамбарчас боғлиқлигини олиб қарасак, Мирзо Улуғбек ўша даврдаги бу таълимот билан боғлиқ диний-фалсафй ғояларга нисбатан ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилгандир. Чунки, ўша даврда жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этган ислом дини ва уни ўзида акс эттирувчи тасаввуф фалсафасидаги нақшбандия тариқати ҳукмрон мафкура эди.

Тасаввуф диний – фалсафий таълимотининг амалий томони кўпроқ суфийларнинг диний-ахлоқий мажбуриятларини бажаришда намоён бўлиб, уларга худога эътиқод қилиш, ҳаётда ортиқчалик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик, бирон кишига ёмонликни раво кўрмаслик, теварак-атрофдагилар билан тинч-тотув яшаш, сабр-қаноатли, хушмуомала, софдил бўлиш ва шунга ўхшашлар киради[18], - деб ёзадилар М.М.Хайруллаев ва Х. Алиқулов.

Бу баён этилган амаллар ва расм-русмлар белгиланган жойларда ўтказилиш билан биргаликда, Самарқандда диний ва дунёвий илмлар донишманди М.Улуғбек томонидан бизгача етиб келмаган четдан келган олим ва шоирлар яшовчи мусофирхона ва суфийлар зикр тушадиган жой сифатида хонақох қурилган[19].

Мусулмон Шарқининг бутун қадимий марказларида қурилган бу кўп хонали хонақох бевосита шох саройи яқинига қурилган бўлиб, унда узоқдан келган суфий ва дарвешлар қўнганлар. Унда суфийлар жамоа – тоифа бўлиб яшаб, пиру-муридлик одобини сақлаб тонготар суҳбатлар қуриш ва илоҳиёт асрори ҳақидаги бахсу мунозара билан биргаликда йирик ижтимоий-сиёсий молик бўлган масалалар ҳам ҳал қилинган.

Шунинг билан биргаликда буюк алломанинг суфийларга, умуман аҳли динга муносабати собиқ коммунистик мафкура асосида баён қилинган адабиётларда инкор қилинган. Ушбу холат совет адабиётлари асосида ёзилган баъзи шарқшунос олимлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Француз шарқшунос олими Т.Заркон М.Улуғбекни таржимаи холини ёзувчилар хотирасида суфийларнинг душмани сифатида сақланиб қолган деб қуйидагини ёзади: «Суфийликка муносабатида отасидан фарқ қилсада, Улуғбекнинг отаси билан ўхшаш ва уларни бошқа темурий ҳукмдорлардан фарқли томони, уларнинг исломга, унинг китобларга илохиётчиларга бўлган самимий садоқатидир. Сўфийлар билан мухорабасида Улуғбек уларга доимо диний қонунни дастлабки ўринга қўйиб, уларни адаштиришга уринар эди»[20]. Бу ердан хулоса қилиб айтиш мумкинки, М.Улуғбек ҳеч вақт ҳақиқат аҳлини йўлдан оздиришга ҳаракат қилмаган, аслида унинг акси бўлган.

Т.Заркон мақоласининг якуний қисмида Улуғбекни суфийлик душмани деб шубҳа қилинишининг сабаби сулукларда унинг душманлари бўлган бўлиши мумкин. Манбалар ушбу фикрни тасдиқлайди. Шунинг билан биргаликда Т.Заркон Улуғбекни суфийдан кўра шоир, ижодкорга кўпроқ мафтун бўлган деган фикрига ҳам қўшилиб бўлмайди. Биринчидан, бу ердаги бадиий адабиёт, фалсафа ва бошқа фанларнинг ҳаммаси тасаввуфий ғояларни ўз ичига олган эди. Бунга ўша давр йирик олиму шоирларнинг маънавий меросимизга қолдирган ҳикматлари ва ғазалларини келтириш мумкин. Иккинчидан, ушбу фикрни инкорини суфий ва шоир Қосими Анвор билан қомусий олим Мирзо Улуғбек орасидаги муносабат тимсолида кўришимиз мумкин. Самарқанд илмий муҳитининг эътиборига сазовор бўлган Шохрух Мирзога суиқасд уюштирганлар ичида шубҳа қилинган Саййид Қосим Анвар 1428 йил Хиротдан сургун қилинади. Суфий шоир Самарқандга келгач, Мирзо Улуғбек бу улуғ зот билан учрашиб, мавлононинг ниҳоятда донишманд, оддий ва олийжаноб инсон эканлигига ишонч ҳосил қилгач ул зотни ўзига устоз деб қабул қилади. Ижодий фаолиятини давом эттириш учун Шохмалик мадрасасида алоҳида хужра ажратиб беради ва улар орасида устозу шогирд муносабатида пайдо бўлди[21]. Қолаверса Мирзо Улуғбекнинг ўзи ҳам баъзан шеър ёзиб туришини бунга илова қилсак, аллома суфийга ҳам шоирларга ҳам яхши муносабатда бўлиб, ўзи бу даврда яшаб, ижод қилган ирфон аҳлига ўзининг меҳр-мурувватини дариғ тутмаган.

Мирзо Улуғбек ўзининг тарихга оид асарида Одам алайҳиссаломнинг ерга нозил бўлишларидан соҳибқирон бобоси Амир Темурнинг ҳокимият тепасига келишигача бўлган даврдаги ходисаларни баёнида ўзидан олдин ўтган олимларнинг фикрига таяниб «Одам алайҳиссаломнинг ерга нозил бўлишидан Нух алайҳиссаломнинг Тўфон кунигача 2242 йил ўтган…Хомнинг «Жаҳоннамо» рисоласида Тўфон бошланиши жумъасидан то хижратнинг пайшанбасигача Абурайхон /Беруний – Н.У./ ва унинг шогирдлари тахқиқотига кўра, 3725 йилу 38 кун ўтгани кўрилган»[22], - деб ёзади.

Ўрта аср Шарқини ўрганувчи тарихчилар учун Берунийнинг «Осорул боқия»…/ «Ўтмиш авлодларидан қолган ёдгорликлар»/ номли асари ҳамма вақт қўлланма бўлган. Бу асарда халқларнинг қандай ҳаёт кечирганликлари, уларнинг қонун-қоидалари, турмуш тарзи ва урф-одатлари тўғрисида энг мукаммал маълумотлар сақланиб қолган. Жумладан, Беруний Муқанна ҳаракатига тўхталиб, уларнинг Мовароуннаҳрдаги тобелари кўринишда ислом динида бўлсалар ҳам яширин равишда унга амал қилувчилардан сўфийлар йўлини тутганлар ҳақида фикр юритиб, сўфий сўзи юнонча «суф», яъни файласуф сўзининг охирги қисмидан ясалган деб кўрсатади[23].

Одам алайхиссалом ўғли қайнон ибн Ануш ибн Шис ибн Одам алайҳиссаломни ўзига васий халифа қилиб тайинлагани ҳақида М.Улуғбек қуйдагини ёзади: «…Унинг /Шис-ҳазрати Одамнинг ўғли, пахтачиларнинг пири – Н.У./ умри бир юз элликка етганда унга ваҳий / худо томонидан юборилган ва унинг хоҳиш-иродасини ифодалайдиган ҳақиқатларни одамларга мўъжизавий йўллар билан билдирувчи йўл – Н.У./ нозил бўлди: у ҳикматдан таълим ва илмлардан дарс олган дастлабки одамдир… Ўз ота-онаси учун намоз ўқиган дастлабки одамдир ва ўз отаси амру васиятларини адо этишга бел боғлагандир. Одамлар уни фарзандлари орасида хат ёзиш таълими, хаётлик ва карбос / пахтадан тўқилган дағал мато, суф – Н.У./ кийишни одат қилган биринчи одамдир, дейишади. Бандилик ва бандалик / ботинан барча алоқалардан тозаланган ва жисм танини илоҳ тоатига бағишлашни – Н.У./ расмини жорий қилган биринчи одам ҳам шудир. Худо йўлида жиҳод қилмоқни касб айлаган биринчи одамдир… Ул соҳибу саодатга қарашли одамларни кеча-кундуз соатларини ибодатга ўтказишни /таъкидлайди/. Унинг шариат отасининг шариати эди»[24]. Бу ерда ҳар бир тариқатларнинг валий пири бўлганидек, тасаввуф билан тавхид илмининг бир бўлаги бўлган футувват, жавонмардлар ташкилотида ҳам маслак арбобларининг пайғамбарларидан иборат бир пири хазрати Одам – деҳқонлар пирининг ўғли хазрати Шис ҳақида боради. Баён этилган мулоҳазада тасаввуф таълимотидаги шайхларинг муҳим жиҳати ҳисобланган кашфу кароматлари ва илоҳий қудрат орқали содир қилаоладиган ғайритабиий мўъжизалари ҳақида сўз юритилади. Юқорида баён этилган фикрга мустақиллик жарчиси Жалолиддин Мангубердининг мўғулларга қарши ҳаракати «…ривоят қилишича тасаввуф аҳлининг либосини кийиб сайёҳатни ихтиёр қилган ва сулук/тариқат – Н.У./ йўли бўйича нажот йўлини топишга мажбур бўлган»[25], илова қилинса биринчидан, М.Улуғбек ҳам ўз даврининг мутафаккири, қомусий олими сифатида сўфийлик сифатига молик бўлган кишилар оқ рангли дағал пахта матосидан либос кийишлари, иккинчидан Мирзо Улуғбек ўзининг асарида Абу Райхон Берунийнинг «Осорул боқия» асарларидан фойдалангани эҳтимолдан холимас. Қолган асарларини истилох қилгани илмий жамоатчилик томонидан тасдиқланган ўша давр маънавий меросини пухта ўзлаштирган аллома сўфийлик фалсафий тизимидаги мақомлар ҳамда намуналар ҳақида фикр юритиб, ўша замондаги кишилар маънавий-руҳий холатини, уларнинг намоён бўлиши, ҳамда сўфийликнинг бешинчи даври тавҳид /вахдат/ хусусида сўз юритиб, суфий барча холларда худони ҳис қилишига даъват қилади деб М.Улуғбек қуйидагини ёзади: «…Қорахон ҳукмронлиги ва жахондорлиги даврида мансабдор бир хотундан бир ўғил туғилди. У ғоятда чиройли ва мўйлари ёқимли. Аммо, уч кеча-кундуз онаси сутини олмади. Ҳар куни ул хотун /куюнарди/, оқибат бахтли бир кечада туш кўрадики, /тушида/ гўдак деди: «Эй она, то сен мусулмон бўлмас экансан ва худойи таоло ягоналигига имон келтирмас экансан, мен сенинг сутингни эммасман». Тўғри йўлни кўрсатган бу саодатни туш иқрор қилгандан кейин хотири майли худопарастлик сари тортди ва тавхид / худонинг бирлигига эътиқод қилиш – Н.У./сахбоси/шароби – Н.У./лиммо-лим соғар /қадах/ - Н.У./ни идишида тартиб кўрди. Аамо эридан қўрққанидан ботини / ўз ичида – Н.У./ да ўз имонини беркитди, зохир / очиқчаси – Н.У./ га хилоф тарзда ўз имони изхорини айта олмади. Ва лекин, ҳуфия / яширин – Н.У./ да худопарастлик йўли нақшларига интилди. Ўша дамда ул гўдак унинг кўкрагини эма бошлади. Туғилганидан бир неча кун ўтгач ва умри муддати бир ёшга етганда ғоят хушсурат бўлди. Чунки, унинг зохирий хусни ботиний жамоли каби камолот авжи даражасини эгаллади»[26]. Алломанинг сўфийлари ҳақиқатга етишиши, руҳининг илоҳий руҳ билан қўшилиб кетиши, яъни худога етишиш чоғидаги кайфиятининг ифодаланишидан хулоса қилиб айтиш мумкинки, борлиқлар орасида Аллоҳни идрок этиш қобилияти фақат ва фақат ижтимоий борлиқнинг олий неъмати инсонга берилганлиги таъкидланиб, инсон дунёда қилган ибодати, зикри ва бошқа амаллари билан руҳини моддий оламнинг таъсиридан қутқариб, бу қобилиятини юзага чиқаради. Инсон руҳидаги бу маънавий сафарга суфийлик таълимотида инсоннинг зохирий ҳусни ботиний жамоли орқали комиллик даражасига эришганлигига асосланади. Қисқа қилиб айтганда тасаввуф – фалсафий тизимининг асосий ғояси инсон руҳидаги маънавий камолотни юксалтириш эканлиги баён қилинади.

Юқорида баён этилган манбаларда мантиқий таҳлили шуни англатадики, XIY-XY асрларда ҳам ислом фақат диний эътиқодларнигина эмас, балки умуман мусулмон жамият кишиларининг турмуш тарзи, руҳияти, қадриятлари, шуури ва тафаккури, ҳуқуқий-ахлоқий муносабатларининг мажмуаси сифатида ўзининг жуда кенг ижтимоий, илмий, тарбиявий, ахлоқий, маданий-коммуникатив функцияларини бажарган бўлиб, ўша давр фарзанди сифатида Мирзо Улуғбек ҳам исломнинг ғоявий-гносологик тамойилларига амал қилган деб қуйидаги хулосаларни ифодалашимиз мумкин: биринчидан, - хурфикрлиликнинг муайян ғоявий оқими сифатида суфийлик тасаввуф таълимотидан фарқланади;

иккинчидан, - тасаввуфнинг тарихий шаклланиш жараёни суфийликнинг шаклланиш жараёнида фарқланади;

учинчидан, - шаклий мантиқ нуқтаи назаридан тасаввуф тушунчаси ўз таркибига суфий тушунчасини қамраб олиб, мазмун жиҳатдан катта эканлиги аниқланди;

тўртинчидан, - суфийлар либосларининг қиёфалари ва рангларига қараб, қайси тариқатга мансуб бўлишлиги аниқланди;

бешинчидан, - суфийлар либосларининг қиёфалари, рангларидан қатъий назар уларнинг турли даврларда ҳар хил матолардан кийим-кечак кийганлари аниқланди;

олтинчидан, - тариқат либосини дунёвий манфаат қозониш учун восита қилишдан сақланиш, уни нафсни ўлдириш ва қалбни пок этиш учун кийганлари аниқланди;

еттинчидан, - қайд этилган хулосалар асосида юзага келган жузъий фикр бўлиб, М.Улуғбек томонидан баён қилинган «карбос/пахтадан тўқилган дағал мато, суф – Н.У./кийишни одат қилган биринчи одам «хамда» тасаввуф аҳлининг либосини кийиб сайёҳатни ихтиёр қилган»жумлалари биргаликда олиб қаралса, ундан оқ рангли пахтадан тўқилган либосни кийган киши дастлабки суфийлик сифатига эга хазрати Шис ҳам бўлган деб айтиш мумкин;

саккизинчидан, - тасаввуфнинг диний-фалсафий ва ахлоқий қоидаларини ўз ижодларига татбиқ этган мутафаккир ва олимлар, билим эгалари мутасаввуфлар тоифасига мансублигини хисобга олсак, диний ва дунёвий илмлар донишманди, қомусий олим ва буюк мутафаккир Мирзо Улуғбекни шу тоифанинг намояндаси дейишимизга имкон беради деб ҳисоблаймиз.



[1] И.А.Каримов. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. – Тошкент: «Ўзбекистон», 1997. – 146 б.

[2] М.М.Хайруллаев. Темур ва темурийлар даврида маданият гуллаб-яшнашнинг асосий омиллари. – «Амир Темур ва унинг жаҳон тарихидаги ўрни» мавзусидаги халқаро конференция тезислари. – Тошкент: «Ўзбекистон», 1996. – 52 б.

[3] Э.Каримов. Темур ва темурийлар даврида маънавий, диний тафаккурнинг ривожланиши. – «Амир Темур ва унинг жаҳон тарихидаги ўрни» мавзусидаги халқаро конференция тезислари. – Тошкент: «Ўзбекистон», 1996. – 76 б.

[4] Хусайн Воиз Кошифий. Футувватномаи султоний ёхуд жавонмардлик тариқати. Форс- тожик тилидан Н.Комилов таржимаси. – Тошкент. А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1994. – 18 б.

[5] Усмон Турар. Тасаввуф тарихи. Турк тилидан Нодирхон Дадахон таржимаси. – Тошкент, «Истиқлол», 1999. – 22 б.

[6] Н.Комилов. Тасаввуф ёки комил инсон ахлоқи. Биринчи китоб. – Тошкент:, «Ёзувчи», 1996. – 49 б.

[7] Н.Комилов. Тасаввуф. – Ғойиблар хайлидан ёнган чироқлар /тўплам/. – Тошкент:, «Ўзбекистон», 1994. – 22 б.

[8] Хусайн Воиз Кошифий. Футувватномаи султоний ёхуд жавонмардлик тариқати. Форс – тожик тилидан Н.Комилов таржимаси. – Тошкент. А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1994. – 43-45 бб.

[9] Усмон Турар. Тасаввуф тарихи. Турк тилидан Нодирхон Дадахон таржимаси. – Тошкент, «Истиқлол», 1999. – 101 б.

[10] Хусайн Воиз Кошифий. Футувватномаи султоний ёхуд жавонмардлик тариқати. Форс-тожик тилидан Н.Комилов таржимаси. – Тошкент. А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1994. – 45 б.

[11] Усмон Турар. Тасаввуф тарихи. Турк тилидан Нодирхон Дадахон таржимаси. – Тошкент, «Истиқлол», 1999. – 103 б.

[12] Н.Комилов. Тасаввуф ёки комил инсон ахлоқи. Биринчи китоб. – Тошкент:, «Ёзувчи», 1996. – 16 б.

[13] Н.Комилов. Тасаввуф. – Ғойиблар хайлидан ёнган чироқлар /тўплам/. – Тошкент:, «Ўзбекистон», 1994. – 17 б.

[14] Абдумалик Ориф. Навоий суфийми ёки мутасаввуфми? – Ғойиблар хайлидан ёнган чироқлар/тўплам/. – Тошкент:, «Ўзбекистон», 1994. – 223 б.

[15] Усмон Турар. Тасаввуф тарихи. Турк тилидан Нодирхон Дадахон таржимаси. – Тошкент, «Истиқлол», 1999. – 89 б.

[16] Мустақиллик изоҳли илмий-оммабоп луғат. А.Жалолов ва К.Хоназаров тахрири остида. Тошкент: «Шарқ», 1998. – 202 б.

[17] Абдураззоқ Самарқандий. Матлаъи саъдайн ва мажмаъи бахрайн. – Темурийлар бунёдкорлиги давр манбаларида (тўплам). Тошкент: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти. 1997. – 157 б.

[18] М.М.Хайруллаев, Х.Алиқулов. Амир Темур ва темурийлар даври маданияти. – Темурийлар бунёдкорлиги давр манбаларида. – Тошкент: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1997. – 13 б.

[19] Г.П.Пугаченкова. Меъморчилик. – Темур ва Улуғбек даври тарихи. – Тошкент, «Қомус», 1996. – 180 б.

[20] Т.Заркон. Темурийлар даврида/1370-1500/суфийлик. – Улуғбек астрономия султони. Француз тилида. Париж, 1994. – 55 б.

[21] Б.Валихўжаев. Хожа Аҳрор Валий. – Самарқанд. «Суғдиёна», 1993. – 52-53 бб.

[22] М.Улуғбек. Тўрт улус тарихи. – Тошкент: «Чўлпон», 1994. – 30 б.

[23] Абу Райхон Беруний. Осорул боқия. Танланган асарлар. 1-том, Тошкент, «Фан», 1968. – 243 б.

[24] М.Улуғбек. Тўрт улус тарихи. – Тошкент: «Чўлпон», 1994. – 23 б.

[25] М.Улуғбек. Тўрт улус тарихи. – Тошкент: «Чўлпон», 1994. – 22-23 бб.

[26] М.Улуғбек. Тўрт улус тарихи. – Тошкент: «Чўлпон», 1994. – 42-43 бб.

Киритилди: 2020-05-24 06:22:17; Ўқилди: 4339 марта;

 

©: 2012 – 2020. Самарқанд Давлат Университети.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!